Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي جَعَلَ النِّسَاءَ شَقَائِقَ الرِّجَالِ، وَأَكْرَمَهُنَّ أَفْضَلَ الْإِكْرَامِ فِي الْحَالِ وَالْمَآلِ، وَصَلَّى اللهُ وَسَلَّمَ عَلَيَ  مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ ذَوِي الْفَضْلِ وَالْإِجْلَالِ، أَمَّا بَعْدُ

ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА МУНОСАБАТ

Муҳтарам жамоат! Динимизда ҳар бир инсоннинг у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин жамиятда ўзига яраша ўрни ва ҳурмати бор. Аллоҳ таоло ҳар бир жинс вакилига унинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий ҳолатига мос, адолатли мартаба ато этган. Ўрни келганда шариатимиз манбаларида аёлга бўлган муносабат қандай эканлигини ўрганиб чиқиш фойдадан холи эмас. Чунки мусулмонлар ичида аёлларни қадрлайдиган, ҳурматини жойига қўядиганлар кўп бўлгани каби, гоҳида уларнинг заифалигини суиистеъмол қиладиган ва ҳақларини поймол қиладиганлар ҳам учраб туради.

Ислом тарихига назар солсак, жоҳилиятда аёлларнинг деярли ҳуқуқлари бўлмаган. Улар нафақат меросдан маҳрум қилинган, балки ўзлари бир буюм сифатида меросхўрлар ўртасида тақсимланган. Ҳатто келажакда қўлига қурол олиб жанг қила олмайди, асирга тушиб бизни номусимизни ерга уради, камбағалликка сабаб бўлади, деб қиз чақалоқларни тириклай кўмиш тез-тез учраб турар эди. Инсониятни залолатдан ҳидоятга олиб чиққан динимиз, бу масалани ҳам адолатли ҳал қилди.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча инсонлар, жинсидан қатъий назар, тенг эканини ва уларни бир жондан яратганини баён қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً...

яъни: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!... ” (Нисо сураси 1-оят)

Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланади. Улар мерос олади ва мерос қолдиради, никоҳда розилиги сўралади. Улар доим эркак қариндошлари таъминоти остида бўлишади. Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларга тегишли ҳукмлар мавжуд. Ҳатто улар ҳақида “Нисо” (“Аёллар”) деб номланган сура ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси Ислом динида аёлларга бўлган юксак эътибордир.

Аллоҳ таоло инсонни яратди ва бошқа жонзотлардан мукаррам қилди. Бу мукаррамликда аёл ҳам эркакка шерикдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ ...

яъни:Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро сураси 70-оят).

Баъзи шаръий истисноларни ҳисобга олмаганда аёл киши эркаклар билан баробар динга амал қилади. У ҳам намоз ўқийди, рўза тутади, бой бўлса, закот беради, имкон топса, ҳаж қилади.

Аёллар турли ибодат ва яхшиликлар учун савоб олишда ҳам эркакларга тенгдирлар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

وَعَدَ اللَّهُ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَمَسَاكِنَ طَيِّبَةً فِي جَنَّاتِ عَدْنٍ

яъни: “Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди” (Тавба сураси 72-оят).

Аёл кишига Аллоҳ таоло икки масалада масъулият юклайди, бири – жуфти учун руҳий, маънавий хотиржамлик, сукунат бўлиш, иккинчиси – фарзанд дунёга келтириш ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатлари. Шариатимизда шу залворли машаққатлар муқобилига бир нечта масалаларда аёлларнинг руҳий, жисмоний ҳолати эътиборга олиниб, уларга икром кўрсатилган, енгиллик берилган:

  1. Ҳаётнинг турли жабҳаларидаги жавобгарлик масъулияти эркакка юклатилди, бу машаққатлардан аёллар озод қилиндилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ...

яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо сураси 34-оят).

  1. Ислом аёллардан урушда қатнашиш мажбуриятини олиб ташлади.
  2. Ислом аёлларни жума намози ва жамоатга ҳозир бўлишга буюрмади.
  3. Гувоҳлик бериш масъулияти ҳам аёллар учун эркакларникидан икки баробар енгил қилинди. Қасос ва жиноятларда гувоҳлик бериш масъулиятини улардан соқит қилди. Лекин аёлларга хос масалаларда уларнинг гувоҳлиги комил ҳисобланади ва бу шариатимизнинг уларга катта ишонч билдиришидир.
  4. Аёл киши рўзғорига харажат қилишга мажбур эмас. Бу тўлиғича эрнинг вазифаси. Эр хотиннинг мулкига дахл қилмасдан маҳр беради, тўй қилади, уй-жой билан таъминлайди, хотин бола-чақасини парвариш қилади. Бу ҳолат аёл учун молиявий имтиёздир.
  5. Агар ҳамроҳ бўладиган маҳрами бўлмаса, аёлларга ҳаж фарз қилинмади.
  6. Исломда ким аёлга зино билан туҳмат қилса, унга жазо тайинланади.
  7. Исломда, агар эр зулм қилса, хотинга хулуъ – талоқ (ажрашиш)ни талаб қилишга рухсат берилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни камситишга чек қўйиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини англатиш учун умматларга етарлича кўрсатмалар берганлар. У Зот алайҳиссалом яратилиш жиҳатидан эркак ва аёлнинг асли бирлиги ҳақида шундай дейдилар:

إِنَّمَا النِّسَاءُ شَقَائِقُ الرِّجَالِ

(رواه الامام أبو داود عن عائشة رضي الله عنها)

яъни: “Албатта, аёллар – эркакларнинг туғишганлари” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Афсуски, ҳозиргача қиз фарзанд дунёга келса, хафа бўлиш, ўғил туғмадинг, деб хотинига зуғум ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга қиз фарзандларни чиройли таъминот қилиш, тарбиялаб, турмушга узатиш жаннатдаги олий мартабаларга сабаб бўлишини уқтирадилар:

مَنْ عَالَ ابْنَتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا، أَوْ أُخْتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا، حَتَّى يَبِنَّ أَوْ يَمُوتَ عَنْهُنَّ كُنْتُ أَنَا وَهُوَ فِي الْجَنَّةِ كَهَاتَيْنِ - وَأَشَارَ بِاِصْبَعِهِ الْوُسْطَى وَالَّتِي تَلِيْهَا

رواه الامام ابن ماجه عن أنس ـرضي الله عنه

яъни: “Ким икки-уч қиз ёки сингилни (ғамхўрлик қилиб) тарбияласа ва улар ундан ажралсалар (яъни, турмушга чиқиб кетсалар) ёки ўша кишининг ўзи вафот этса, мен ва у жаннатда мана шундай бўламиз (деб, ўрта ва кўрсатгич бармоқларига ишора қилдилар)” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

    Аёллардаги жисмоний заифлик қораланмайди. Чунки улар бунга айбдор эмас. Қалбларининг нозиклиги, ҳис-туйғуларининг кучлилиги эса, мўтадил бўлса, мақтовга лойиқдир. Бу нарса улардаги латофат ва гўзалликни зиёда қилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёллардаги мана шу заифликни доим эътиборга олар ва уларни ҳимоя қилишга ҳарис эдилар. Ҳатто видолашув ҳажларидаги машҳур хутбада ҳам, аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. У Зот алайҳиссалом бирорта аёлларига қўл кўтармадилар, уларга яхшилик қилишда умматга ибрат бўлдилар ва шу ишга тарғиб қилдилар:

خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ، وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي (رواه  الامام الترمذي عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما)

яъни: “Яхшиларингиз – оила аҳлига яхши бўлганидир. Мен – аҳли аёлига энг яхшингизман” (Имом Термизий ривоятлари).

Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Қуръонда Қиёматгача келадиган мўминларнинг онаси, деб эълон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида, деб эътиборга олинди. Ҳатто ҳадиси шарифларда яхшилик қилишни онадан бошлаш тавсия қилинди.

Кунларнинг бирида Муовия ибн Жоҳима ас-Суламий разияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурига келиб: “Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилмоқчиман”, – деб рухсат сўрайди. Пайғамбаримиз алайҳисалом унинг онаси тириклигини билиб, онасига хизмат қилишни буюрадилар. Яна рухсат сўрайвергач, У Зот: “Барака топгур, волидангизнинг оёғига маҳкам ёпишинг, ўша ерда жаннат бор!” –  дейдилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кишилар жиддий бир сабабсиз ўз аёлини нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб йўлини очади. Бу билан эр Аллоҳ таолонинг бир қанча (оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби) катта неъматларига ношукрлик қилган бўлади.

Баъзи номардлар очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.

Баъзи ҳолатларда узоқ муддат чет элларда юрадиган кишилар, у ерларда фаҳш ишларга ўралашиб, касбининг баракасини қочириб, турли касалликларни юқтириб келмоқдалар. Гоҳида бедаво касалликларни уларни кутиб турган пок аёлларига юқтириб, ўзларига ҳам, жуфтларига ҳам жабр қилишмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга гўзал муомалада бўлишга тарғиб қилиб, уларга зарар бериш мақсадида ушлаб туришдан қайтарди. Бу ишни “ҳаддан ошиш” ва “зулм” деб атади. Талоқ масаласи Аллоҳ таолонинг оятларидандир. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилган:

وَإِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَبَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَأَمْسِكُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ أَوْ سَرِّحُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا...

яъни: “Хотинларни талоқ қилганингизда (улар идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан жавобларини берингиз. Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!...” (Бақара сураси 231-оят).

Муҳтарам жамоат! Ҳозирги вақтда динимиз душманлари Ислом динини ёмон кўрсатиш мақсадида аёл-қизлардан қурол сифатида фойдаланмоқда. Дарҳақиқат, айрим низо ўчоқларида бўлаётгани каби аёлларга зуғум ўтказиш, уларни қул қилиб сотиш, жангариларнинг жинсий ҳирсини қондиришни “никоҳ жиҳоди”, деб ниқоблашмоқда. Уларнинг қўлларига қурол бериб жангга йўллаш, ўзини портлатиш каби ишларга йўналтириш, тинч  исломобод юртидан эрининг рухсатисиз, ота-онаси ва фарзандларини қон қақшатиб ташлаб чиқиб кетиш ва бу разолатини “ҳижрат” деб аташ, бошида эри бўла туриб сохта мужоҳидга эрга тегиш кабилар муқаддас динимизда мутлақо ҳаром амаллардан саналади.

Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суиистеъмол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак.

Юртимизда аёлларни ҳар жиҳатдан қадрлаш, ижтимоий-ҳуқуқий томондан ҳимоя қилиш давлат томонидан амалга оширилади. Аёллар ҳамма соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқлилик асосида фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг ичида раҳбар ходимлар ҳам бор.

2019 йил 9 сентябрда бир йўла иккита Ўзбекистон Республикасининг Қонуни эълон қилинди.

  1. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”. Ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда мазкур қонуннинг мазмун моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб берадилар...)

  1. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”. Ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда мазкур қонуннинг мазмун моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб берадилар...)

Бунинг устига юртимизда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Оила марказлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда хотин-қизларнинг маънавий-маърифий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир маҳаллада малакали отинойилар хизмат қилиб турибдилар.

Хулоса қилиб айтамизки, динимизда аёлларни қадрлаш, уларни асраб-авайлаш қаттиқ тарғиб қилинган амалдир. Чунки улар – оналаримиз, жуфтларимиз ва сингилларимиздир. Қадимдан Ислом динига амал қилиб келган халқимизнинг миллий қадриятларида аёл зоти эъзозланади. Давлатимиз томонидан ҳам аёлларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатилиб, уларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиб келинмоқда.  

Аллоҳ таоло барчамизга шариатимиз кўрсатганидек, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам намуна бўлганларидек аёлларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва чиройли муомала қилиш бахтини насиб  қилсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК” мавзусида бўлади.

6298 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top