Жума мавъизалари

 بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الذِّي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي قَالَ: "إيَّاكُمْ وَالفُرْقَةَ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أَمَّا بَعْدُ

ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР – БИРДАМЛИК РАМЗИ

Муҳтарам жамоат! “Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зот алайҳиссаломнинг ўзлари кўрсатар эдилар. Саҳобаи киромлар эса, У Зот алайҳиссаломдан содир бўлган ҳар бир гап ва ишларни катта эътибор билан қабул қилиб, ўз ҳаётларига тадбиқ қилардилар. Баъзан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишга буюрсалар саҳобаи киромлар уни турлича тушуниб, ўзаро фикр мулоҳаза қилар эдилар. Бунга мисол, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шундай дедилар:

"لَا يُصَلِّيَنَّ أَحَدٌ الْعَصْرَ إِلاَ فِي بَنِي قُرَيْظَةَ" (رواه الإمامُ البخاري عن ابن عمرَ رضي الله عنهما)

яъни: “Бирор киши аср намозини Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!” (Имом Бухорий ривоятлари). Шунда баъзи саҳобалар: “Аср намозини фақат, Бану Қурайзада ўқиймиз”, – деб аср намози вақти кирган бўлса ҳам уни ўқимасдан йўлда давом этдилар. Баъзи саҳобалар эса: “Расулуллоҳ бу гаплари билан бизни тез юришга ундадилар, асрни ўқиб олиб, тез юриб кетаверсак зарари йўқ” , – деб йўлда асрни ўқиб олдилар. Кейин Расулулллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга икки томоннинг ҳам ишлари баён қилинганда, иккиси ҳам тўғрилигини айтдилар. 

Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик даврлариданоқ саҳобаи киромлар баъзи масалаларда ўзлари ижтиҳод қилиб, фикрларини билдирганлар  (“ижтиҳод” – деб фақиҳ киши шаръий ҳукмларни билишга бор кучини сарфлашига айтилади).  

Иккинчи мисол, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал  разияллоҳу анҳуни яманликларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўхтатиб шундай деганлар:

"‏ كَيْفَ تَقْضِي إِذَا عَرَضَ لَكَ قَضَاءٌ‏"‏‏ قَالَ: "أَقْضِي بِكِتَابِ اللَّهِ" ‏ قَالَ: ‏"‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏"‏ قَالَ: "فَبِسُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم"‏ قَالَ: ‏"‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَلاَ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏"‏‏ قَالَ: "أَجْتَهِدُ رَأْيِي وَلاَ آلُو" فَضَرَبَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم صَدْرَهُ وَقَالَ: ‏"‏الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللَّهِ لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللَّهِ"‏ (رَوَاهُ الإِمَامُ أبو داود والإِمَامُ الترمذي)

 яъни: “)У ерда сизга( бирор масала дуч келса, қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу “Аллоҳнинг китоби ила”, – деб жавоб бердилар. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг китобидан топа олмасангизчи?” – деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳнинг ҳадислари билан”, – деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасангизчи?” деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу: “Қараб турмасдан, фикрим ила ижтиҳод қиламан”, –дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин шариатга боғлиқ барча масалалар саҳобалардан сўралди. Ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар аввал мусулмон бўлган саҳобалардан ўзлари тушунмаган турли масалалар ечимини сўрардилар.

Имом ибн Аҳмад аш-Шаъроний (ваф. 973/1565) ўзларининг “Ал-Мийзан аш-шаърония” асарида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган: “Аслида саҳоба ва тобеинлар даврларида мазҳабларнинг сони ўн саккизта бўлган. Уларнинг барчаси ўз вақтида амалда бўлган. Лекин вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ажралиб чиқди. Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”. 

Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни  турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган.

 Тўрт мазҳаб соҳиблари шаръий ҳукмларни чиқаришда ўзларига тўртта манбани асосий далил қилиб олганлар:

Биринчиси: Қуръони Карим. Мазҳаббошилар Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлсалар, аввало Қуръонга мурожаат қилишган. Агар Қуръонда ечим топилса, ҳеч қандай иккиланишсиз уни қабул қилишган.

Иккинчиси: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, ҳадисга мурожаат қилган. Агар ҳадисда ечим топилса, ҳеч қандай иккиланишсиз уни қабул қилган.

Учинчиси: Ижмоъ. Ижмоъ бу - бир даврдаги ижтиҳод аҳли бўлган уламолар бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга буйруқ бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Демак, бу иш ижмоъ (келишув) орқали амалга ошди.

Тўртинчи: Қиёс. Қиёс бу – юқоридаги манбаларда ҳукми келмаган нарсани, умумий ўхшашлик бўлгани учун манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш. Мисол учун, Қуръонда ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам ҳаром деб атаганлар.

Демак, мазҳаббошиларнинг ҳукм чиқариш йўллари юқоридаги ҳадисда мақталган Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу тутган услубда бўлган. Бу зотлар тутган йўлни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадисларида мақтаганлар.

"إذا حَكَمَ الحاكِمُ فاجْتَهَدَ ثُمَّ أصابَ فَلَهُ أجْرانِ، وإذا حَكَمَ فاجْتَهَدَ ثُمَّ أخْطَأَ فَلَهُ أجْرٌ" 

(رَوَاهُ الإِمَامُ البخاري عن عمرٍو بن العاصِ رضي الله عنه)

яъни: “Қачон ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр берилади. Қачон ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, хато қилса, унга битта ажр берилади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Шуни унутмаслик керакки, ижтиҳод қилувчи киши бир қанча илмларни пухта билиши талаб қилинади. Жумладан, оятларни носих ва мансухи, мутлақ ва муқайяди, сабаби нузулига доир барча илмлардан хабардор бўлиши керак. Шунингдек, ҳадисларни қайси бири саҳиҳ, ҳасан, заифлигини ва ҳадисни ривоят қилувчи зотларнинг тарихини ҳамда носих ва мансух ҳадисларни билиши шарт ҳисобланади. Шу билан бирга ижтиҳод қилгувчи шахс араб тили қоидаларини, балоғат, маъоний ва баён илмлари ва усулул фиқҳ каби илмларни билиши лозим. Чунки мазкур илмларни пухта мужассам қилмаган киши оят ва ҳадислардаги мақсадларни мукаммал тушуниб етмайди. Натижада хато ҳукм чиқаради. Доктор Муҳаммад Ҳасан бундай деганлар: “Ким араб тилини билмаса, у туя игнанинг тешигидан ўтганида ҳам, (яъни, ҳеч қачон) мужтаҳид бўла олмайди”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, Расулуллоҳга ёки бир-бирларига эргашганлар”. 

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор:

  "فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоатни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари). Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашиш вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас. Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар. 

Афсуслар бўлсинки, мана шундай бутун уммат эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, ўзларича бир нечта ҳадисни маъносини билиб олиб: “Мен ўзим Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламан, мен мазҳабга эргашмайман, мен ҳадисга амал қиламан”, – деб, катта даъво ва хато қилмоқдалар. Билмайдиларки, ҳадис илмининг султонлари бўлган ва минглаб ҳадисларни ўрганиб, уларни жамлаб, ҳадис китобларини ёзган буюк муҳаддислар ҳам мазҳабда юрганлар. Хатоларининг асосий сабаби улар мазҳаб ўзи нима, мазҳаб асосчилари қанақа мартабадаги зотлар эканини билмасликларидир. 

Масалан, имом Молик раҳматуллоҳи алайҳни олайлик. У киши ўз даврининг энг йирик муҳаддиси эдилар. У зотнинг “Муватто” китоблари “Сиҳоҳи ситта”нинг бири бўлишга номзод, агар шундай бўлса, Бухорий ва Муслимларнинг китобларидан кейинги учинчи китоб бўлиши муқаррар. Лекин шундай буюк муҳаддис ҳам ҳадис туриб, фиқҳнинг нима кераги бор, демай, эътироф қилинган тўрт фиқҳий мазҳаблардан бири бўлмиш Моликий мазҳабига асос солдилар. 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса ҳадис илмининг уммони бўлганлар. У кишининг ҳадисдаги “Муснад” китоблари энг мўътабар китоблардан ҳисобланади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Мен муҳаддисман, етти юз эллик минг ҳадисни яхшилаб ўрганиб чиқдим. Ичидан қирқ мингини танлаб олиб, “Муснад” китобимни туздим. Энди менга фиқҳнинг кераги йўқ”, деб, қайсарлик қилмадилар. Аксинча, фиқҳнинг ашаддий тарафдорларидан бўлиб, тўрт фиқҳий мазҳабдан бири бўлмиш  Ҳанбалий мазҳабига асос солдилар.

Машҳур тўрт фиқҳий мазҳаблардан яна бирининг соҳиблари Имом Шофеъий ҳам ўткир муҳаддис бўлганлар.  У кишининг ҳадис илмида “Муснад” номли китоблари бор. Бу зот ҳам: “Мен муҳаддисман, “Муснад” китобини туздим. Энди менга фиқҳнинг кераги йўқ”, демадилар. Аксинча, тўрт фиқҳий мазҳабдан бири бўлмиш  Шофеъий мазҳабига асос солдилар.

Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ муҳаддислик бобида энг олий даражалардан бўлмиш ҳофизлик мақомига етган зот эдилар. Ҳофиз юз минг ҳадиснинг матни ва иснодини ёддан билган шахсдир (“Ал-явоқит вад дурар” китобидан). Имом Заҳабий ҳам Имом Аъзам Абу Ҳанифани ҳофизлар табақасида зикр қилганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Муснад” китобини ёзганлар. Бошқа фақиҳлардан кўра Абу Ҳанифадан оз ҳадис ривоят қилинганлиги ҳақида ас-Солиҳий қуйидагиларни ёзади: “Ҳифзлари кучли бўлса-да у кишидан оз ривоят қилиниши, фиқҳ билан кўп машғул бўлганлари сабаблидир. Зеро, Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо каби катта саҳобалардан ҳам кичик саҳобаларга қараганда, оз ҳадислар ривоят қилинган”.

Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар. 

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда ҳанафийлик мазҳабининг ўзига хослиги, мўътадиллиги ҳақида гапириб берадилар...).

Маълумки, Аҳли сунна вал жамоанинг эътироф қилинган тўрт мазҳаб имомлари томонидан: اِذَا صَحّ الْحَدِيثُ فَهُوَ مَذْهَبِى яъни: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, демак, у менинг мазҳабимдир!” – деган гап нақл қилинган. Ушбу гапни пеш қилиб, замонамиздаги айрим “салафий”, “зоҳирий”, “аҳли ҳадис” сифатида танилганлар: “Аслида, мазҳабларга тақлид қилиш  мумкин эмас. Ҳадисларга амал қилиш лозим. Шунинг учун, мазҳаб имомлари ўз сўзларини тарк қилиб, ҳадисга амал қилишни буюрганлар. Ҳар бир инсон ҳадисларни ўқиб, уларга амал қилиши керак, мазҳаб аҳли битган фиқҳий манбаларни ўрганиши, улардаги фатволарга амал қилиши мумкин эмас....”, деганлар. Мазҳаббошиларнинг бу гаплари мазҳаб  доирасидаги мужтаҳидлик мартабасига етган кишилар учун айтилган. Бундай мартаба камдан-кам одамда топилади. Шу билан бирга мазҳаббошининг муайян ҳадисга амал қилмаганининг сабаби – ўша ҳадисларнинг мансух бўлгани ё маълум бир нарсаларга хослаб айтилгани ёки уларнинг бошқача таъвили борлиги ва шу кабиларга мазҳаббошининг далил-исботи бўлганлигидир (Имом Нававийнинг “Ал-Мажмуъ” китоблари). Бунга мисол тариқасида қуйидаги воқеани келтириш мумкин: Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бири Мусо ибн Абулжоруд раҳимаҳуллоҳнинг Имом Шофиъийга: أفطر الحاجم والمحجوم – “Қон олувчининг ҳам, олдирувчининг ҳам рўзаси очилади!” – деган саҳиҳ ҳадис борлигини айтгани ва унга Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ нима учун амал қилмаганини сўраганида Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадиснинг саҳиҳ эканини билишини айтиб, бироқ, унинг мансух бўлганини далиллар билан кўрсатиб, ана шу сабабли мазкур ҳадисга амал қилмаганини баён қилган (“Раддул муҳтор” китоби).

Демак, “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, демак, у менинг мазҳабимдир!” деган гапга амал қилиш учун жами далилларни ўрганиб чиқиш, нима учун муайян ҳадисни тарк қилингани, унга амал қилинмагани сабабини билиб олиш лозим бўлади. Мавзу бўйича чуқур тадқиқот ва таҳлиллар олиб борилганидан кейин эса мазҳаб доирасидаги фатвонинг тўғри чиқарилгани равшан бўлади.

 (Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда бемазҳабликнинг салбий оқибатлари, унинг хатари ҳақида гапириб берадилар...)

Демак, фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳадисни қўйиб, бировнинг фикрига юриш, дегани эмас. Яъни, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни қўйиб, масалан, Абу Ҳанифага эргашиш дегани эмас. Аксинча, мазҳабга эргашиш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга кўр-кўрона эмас, балки оқилона ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўзлаган ва мақтаган маънода эргашишдир.

Шундай экан, бирорта ҳадисни санади билан тўлиқ ёд билмай туриб, минглаб ҳадисларни санади билан ёд билган, уларни ҳамма жиҳатдан синчиклаб ўрганиб чиққан муҳаддис ва мужтаҳид фақиҳлардан ўзимизни юқори қўймайлик. Уч-тўрт ҳадис маъносини чала-чулпа тушуниб олиб, ўтган азиз уламоларга тош отмайлик. Бунинг ўрнига ҳадислар ва фиқҳий китобларни чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилайлик. Ана шунда ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.

Хулоса қиладиган бўлсак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари минг йиллардан бери амал қилиб келган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва зарурдир! 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ИЛМЛИ ЁШЛАР-ЮРТ КЕЛАЖАГИ” мавзусида бўлади.

 

Ҳурматли имом домла! Юртдошларимизнинг диний саволларига жавоб бериш мақсадида, ЎМИ Фатво бўлими томонидан ибодатга доир шаръий масалаларга телефон орқали жавоб бериш тизими (Колл-марказ) йўлга қўйилди. Колл-марказнинг иш тартиби душанба кунидан шанба кунигача, соат 9:00 дан 17:00 гача давом этади (ибодат вақтлари истисно қилинади, дам олиш куни якшанба).

Ушбу хизматдан фойдаланиш учун 78-150-33-44 телефон рақамига мурожаат қилиб, фатво бўйича малакали мутахассислардан жавоб олинади.

Шунингдек, телеграм ижтимоий тармоғи орқали савол йўллаш имконияти ҳам мавжуд бўлиб, бунинг учун саволларни Фатво бўлимининг SavollarMuslimUzBot телеграмм боти орқали йўллаш мумкин. 

Қолаверса, Фатво бўлими мутахассислари томонидан долзарб ва замонавий масалалар юзасидан далилларга асосланган батафсил жавоблар  “Дин ва ҳаётга оид саволлар” телеграмм канали орқали эълон қилиб борилмоқда. 

Муҳтарам имом-домла! Халқимиз Ислом маърифатидан янада кўпроқ баҳраманд бўлишлари учун юқоридаги хизмат турларини жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз. Зеро, мўмин-мусулмонлар ишончли манбалардан динни ўргансалар, саволларига жавоб олсалар айни муддао бўларди.

Ҳадиси шарифда: “Яхшиликка далолат қилувчи уни бажарувчи кабидир”, деб марҳамат қилинади. Бу хайрли ишда бизга ёрдамчи бўлганингиздан миннатдормиз!





4629 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top