Жума мавъизалари

Илмли ёшлар – юрт келажаги

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам жамоат! Ислом – илм-маърифат дини. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам бунинг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни Қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Буни теран англаган улуғ аждодларимиз илмда улкан муваффақиятларга эришдилар, асрлар мобайнида нафақат диний, балки дунёвий илмларда инсониятга устозлик қилдилар. Бу борада Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек, Беруний, Муҳаммад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби уламолар меъросини ёдга олиш кифоя. Мусулмон уммати бугунги кунга қадар ушбу илм уммонидан баҳра олиб келмоқда.

Жоҳилликдан маърифат сари интилиш бу динимиз кўрсатмасидир. Қуръони каримда ҳам мусулмонлар барча нарсанинг ҳақиқатини билиш учун доимо илм пайида бўлишга чақирилади:

وَقُل رَّبِّ زِدْنِي عِلْمًا

яъни: «...Роббим, илмимни зиёда қилгин, дегин» (Тоҳа сураси, 114-оят).

Ислом дини мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган, кишиларни илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

« مَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَبْتَغِي فِيهِ عِلْماً سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَريقاً إِلَى الجَنَّةِ، وَإنَّ المَلاَئِكَةَ لَتَضَعُ أجْنِحَتَهَا لِطَالِبِ العِلْمِ رِضاً بِمَا يَصْنَعُ ، وَإنَّ العَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّماوَاتِ وَمَنْ فِي الأرْضِ حَتَّى الحيتَانُ في المَاءِ ، وَفضْلُ العَالِمِ عَلَى العَابِدِ كَفَضْلِ القَمَرِ عَلَى سَائِرِ الكَوَاكِبِ ، وَإنَّ العُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأنْبِيَاءِ ، وَإنَّ الأنْبِيَاءَ لَمْ يَوَرِّثُوا دِينَاراً وَلا دِرْهَماً وَإنَّمَا وَرَّثُوا العِلْمَ ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بحَظٍّ وَافِرٍ »

(رواه الإِمَامُ أَبُو دَاوُد والإِمَامُ التِّرْمْذِيُّ عَنْ أَبي الدَّرْدَاء رضي الله عنه

яъни: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида қанотларини ёзадилар. Олимга осмондагилар, ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган).

            Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"مَن خرَج في طَلَبِ العِلمِ، كان في سَبيلِ اللَّهِ حَتَّى يرجِعَ"

(رواهُ الامام الترْمِذيُّ)

яъни: «Ким илм талабида йўлга чиқса, токи қайтиб кeлгунича Аллоҳ йўлидадир» (Имом Термизий ривояти).

Шунинг учун ҳам кўпчилик уламоларимиз пок ният ва ихлос билан илм излаш ва илм йўлида ҳаракат қилиш динимиздаги нафл ибодатлардан афзал эканини таъкидлаганлар.

Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.

Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: Илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига ҳамда илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.

Имом Шофиъий (роҳматуллоҳи алайҳи): “Агар дунёда азиз бўлишни истасанг, илм ўрган. Агар охиратда шараф топишни истасанг, илм ўрган. Агар ҳар иккисига эришишни кўзласанг, илм ўрган”, деганлар.

Муҳтарам жамоат! Жорий йилнинг 24 январь куни муҳтарам юртбошимизнинг Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилинди.

Ушбу янгилик ҳар биримиз учун қувончли ҳушхабар бўлди. Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам бўлган халқ – илм-маърифат ва ривожланган иқтисод билангина буюк келажагини бунёд эта олади.

Ушбу мурожатномада таъкидланишича, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон тарихида илк бор 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиб, бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади.

Шунингдек, 2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 216 таси капитал таъмирланади ва 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.

Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан фарзандларимизнинг илм олишлари, аждодларига муносиб авлод бўлишларига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Умид қиламизки, ушбу ташаббуслар яқин тарихимизда ўзининг самарасини беради, инша Аллоҳ.

Дарҳақиқат, агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга бўлган бугунги муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида тамоман ўзлаштиришимиз лозим. Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

الكَلِمَةُ الْحِكْمَةُ ضَالَّةُ الْمُؤْمِنِ فَحَيْثُ وَجَدَهَا فَهُوَ أَحَقُّ بِهَا

(رواه الامام الترمذي والامام ابن ماجه عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса ҳам олишга ҳақлидир” (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари). 

Ушбу ҳадисда ҳар қандай фойдали илм, гарчи бир калима бўлса ҳам мўмин-мусулмон киши учун ҳудди йўқотиб қўйиб, излаб юрган қадрли буюмига ўхшатилмоқда. Уни қаерда топсак ҳам бошқалардан кўра ўзимиз ҳақли эканимизни билишимиз керак.

Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъю-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

...إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ ...

   (سورة الرّعد/11)

яъни: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси, 11-оят)

Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилганига қарамай баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишмаяпти. Ваҳолангки, ёшлик даврида вақтнинг қадрига ётиш, ундан унумли фойдаланиш лозим. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ:

الْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ، كالنَّقشِ فِي الْحَجَرِ

яъни: "Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар.

Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: “Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан”. Яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни бирор бир ёзилган қоғоздан ўқигандек айтишим мумкиин”, дер эканлар.

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон воситаларига топшириб қўйилган. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Муҳтарам азизлар! Маълумки, динимизда илмни диний ва дунёвийга ажратилмайди. Қадимда ота-боболаримиз бу қоидага амал қилганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний,  Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний ҳам дунёвий илмларда пешқадам бўлганлар.

Ҳар қандай ёмонлик ва разолат ортида илмсизлик ва жаҳолат ётади. Шунинг учун ҳам жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар.

Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олиш ҳам ибодат эканини етказишимиз керак. Ёшларнинг мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришларига алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!

Ҳурматли азизлар! Марузамизнинг фиқҳий масалалар қисмида таҳоратнинг фарзларидан бўлмиш юзни ювиш мазусига боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Таҳоратда юзни ювиш фарз ҳисобланади. Юзнинг чегараси: тепадан пастга бошнинг соч чиққан жойидан ияк остигача ва энига икки қулоқ юмшоғининг оралиғидаги жойдир. Юзни уч марта ювиш суннат.

 Ювиш – сув томчилайдиган даражада аъзоларга сув етказишдир. Шунга кўра, ҳозирги кундаги нам салфеткаларни ишлатиш билан ювиш ҳосил бўлмайди. Чунки бу ерда томчилаш топилмайди.

Бошнинг олд қисмида соч бўлмаса, одатда соч чиқадиган жойгача ювилади, бошнинг соч тўкилиб кетган қисмига сув етказиш шарт эмас.

Қулоқни ёнидан тушган соч билан қулоқ ўртасидаги очиқ жой юздан ҳисобланиб уни ювиш ҳам шарт бўлади.

 Юзни ювишда икки кўзнинг ичига сув киргизилмайди, кўзни қаттиқ юмиб ҳам олинмайди ва катта очиб ҳам турилмайди, балки кўз енгил юмиб турилади.

Қош, киприк ва мўйлаб остига сув етказиш шарт ҳисобланади.

Соқол юз териси кўриниб турадиган даражада сийрак бўлса, остига сув етказиш шарт. Аммо соқол юз териси кўринмайдиган даражада қалин ва узун бўлса (яъни, остига сув етказиш машаққат бўладаган бўлса) остига сув етказиш шарт эмас, балки устига масҳ тортиш фарз бўлади. Соқоли узун ва қалин бўлган киши бармоқларини ҳўллаб, хилол қилиши (қўл бармоқларини соқолнинг ичидан ўтказиши) суннатдир (“Фатовои ҳиндийя” ва “Фатҳу бобил иноя” китобларидан).

Аллоҳ таоло Ўзи буюрганидек ибодатларимизни адо этишга муваффақ этсин. Халқимизни худди аждодлари каби илм ва маърифат билан юксалишига ва натижада Ўзининг розлигига эришишига муваффақ этсин! Омин! 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Кечиримлилик – мўминга хос” мавзусида бўлади. 

Эслатма:  Юртдошларимизнинг оғзаки диний саволларига жавоб бериш тизими (Колл-марказ)га боғланиш учун 78-150-33-44 телефон рақамига қўнғироқ қилиниши мумкин.

Фатво бўлими мутахассислари томонидан долзарб ва замонавий масалалар юзасидан далилларга асосланган батафсил жавобларни “Дин ва ҳаётга оид саволлар” телеграмм канали орқали эълон қилиб борилмоқда. Ушбу канал орқали ёзма саволларни йўллаш имконияти ҳам мавжуд.

 

4407 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top