Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

БЎШ ВАҚТ ҚАДРИ

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رب العالمين، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ محمد الأمين وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам азизлар! Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир.

Шу кунларда Коронавирус пандимеяси дунёнинг кўплаб давлатларига тарқаб бўлди ва у билан курашишнинг энг яхши воситаси карантин қоидаларига амал қилиш бўлиб қолмоқда. Юртимизда ҳам карантин сабабли деярли барча ватандошлар уйларида, жамиятга аралашмасдан турибдилар. Бу фурсатдан фойдаланиб, бўш вақтимиздан унумли фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бундай марҳамат қилган:

الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا

яъни: “У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримада, ўлим билан ҳаёт одамлардан қайси бири чиройлироқ амал қилишини имтиҳон қилиш учун яратилгани баён қилинмоқда. Демак, инсон умри бекорга берилмайди, уни беҳуда ишлар билан зое қилиш мумкин эмас. Балки умр – хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсатдир.

Бўш вақтни ғанимат билиш ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадисларида шундай деганлар:

 "نِعْمَتانِ مغبونٌ فيهمَا كثيرٌ منَ النَّاسِ: الصِّحَّةُ والفَراغُ"

(رواه الإمام البخاري عن ابن عباس رضي الله عنهما).

яъни: “Икки (буюк) неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатда қоладилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухоий ривоятлари).

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун фойдаланган киши нақадар бахтлидир. Аммо, соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога гуноҳ қилиш учун сарфлаган одам нақадар зиёнкордир”.

Киши фойдали ишлар билан машғул бўлиб, бефойда ишлардан ўзини тийиши унинг диёнати гўзал эканига далолат қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"من حسن إسلام المرء: تركُه ما لا يعنيه"

(رواه الإمام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Киши исломининг гўзаллиги – фойдасиз насаларни тарк қилишидир” (Имом Темизий ривоятлари).

Бу ҳадисни Ҳамза Киноний раҳимаҳуллоҳ шарҳлаб бундай деганлар:

هذا الحديث ثلث الإسلام

(كتاب "تنوير الحوالك").

яъни: “Бу ҳадисга амал қилиш – Исломнинг учдан бирига амал қилиш ҳисобланади” (“Танвийрул ҳаволик” китоби).

Демак, киши ҳар бир лаҳзасини фойдали ишлар билан машғул қилиб, исломини гўзал қилмоғи айни муддаодир.

Ҳукамолардан бирлари шундай деганлар: “Ким кунини бекорга ўтказса, бирор яхши иш ё инсонларга чиройли сўз айтмаса, ёки гўзал муомалада бўлмаса, ёхуд илм-маърифат ҳосил қилмаса, албатта, у ўша кунига жабр, ўзига зулм қилибди”.

Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ вақтни қадрига етиш ҳақида қуйидаги ибораларни айтганлар:

"يا ابن آدم، إنَّما أنت أيَّام، كلَّما ذهب يومٌ ذهب بعضُك"

яъни: “Эй одам боласи! Сен маълум кунлардан иборатсан. Қачон бир кунинг ўтса, бир бўлагинг кетди деганидир”.

Азизлар! Умримиз чекланган экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етсак, вақт ҳамиша бизнинг фойдамизга ишлайди.

Қиёмат куни ҳар бир шахс Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўтказган вақти ҳақида сўралади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар:

"لا تزول قدما عبد يوم القيامة، حتى يُسأل عن أربع خصال: عن عمره: فيمَ أفناه؟ وعن شبابه: فيم أبلاه؟ وعن مالِه: من أين اكتسبه؟ وفيم أنفقه؟ وعَنْ عِلْمِه: ماذا عمل فيه؟"

(رواه الإمام الترمذي عن معاذ بن جبل رضي الله عنه).

яъни: “Қиёмат кунида банда тўрт нарсадан сўралмагунча унинг қадами жойидан жилмайди: умрини нимага сарфлагани, йигитлик даврини қандай ўткизгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амал қилгани” (Имом Темизий ривоятлари).

Демак, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса ўзига хос шаклда сўралади.

Муҳтарам азизлар! Уйда туриб, ҳамма нарсага вақтимиз етарли бўлган пайтда китобхонликни йўлга қўйиш жуда фойдалидир. Ўзимиз бу ишда ўрнак бўлиб, фарзандларимизни қизиқтирайлик. Фарзандларимизнинг бўш вақтларини китоб ўқиш, илм-маърифат ҳосил қилиш каби фойдали ишлар билан машғул қилиш биз, ота-оналар, зиммамизда эканини доимо ёдда тутишимиз керак!

Ҳасан ибн Саҳл раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб насиҳат қилар эди:

اِسْتَعِنْ عَلَى وَحْشَةِ الْغُرْبَةِ بِقِرَاءَةِ الْكُتُبِ، فَإِنَّهَا أَلْسُنٌ نَاطِقَةٌ وَعُيُوْنٌ رَامِقَةٌ

яъни: “Ёлғизлик ғурбатини китоб ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”.

Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан”, – деб  жавоб бердилар”.

Доноларимиз: “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, деганлар.

 Ҳукамолардан бундай сўзлар нақл қилинган:

الأيَّامُ ثلاثةٌ: الأمسُ قد مضى بما فيه، وغدًا لَعَلكَ تُدركه، وإنَّما هو يومكَ هذا، فاجتهد فيه.

яъни: “(Бу дунё) уч кундан иборат: Кечаги кун, у ўтиб кетди. Эртанги кун, сен унга етиб боришинг ноаниқ. Бугунги кун, у сеники, ундан фойдаланиб қол!”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар:

"ما ندمتُ على شيءٍ ندمي على يومٍ غرَبَت فيه شمسُهُ، نقص فيه أجلي، ولم يزدَدْ فيه عملي".

яъни:  “Қуёш ботиб, куним ўтиб, менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби бирор нарсага ачинмадим”.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти. Демак, сен ҳам уларни ғанимат билиб, фойдаланиб қол”.

Салафи солиҳларимиз ҳамиша вақтларига аҳамиятли бўлиб, уни доимо яхшилик қилиш билан ўтказишар ва эртанги кунлари бугунгисидан кўра афзал бўлиши учун ҳаракат қилишарди. Қуйида у зотларнинг ҳаётларидаги баъзи мисоллар билан танишсак мақсадга мувофиқ бўлади:

– Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ қисқа умрлари (40 йил) давомида 500 та китоб ёзганлар.

– Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ илм сирлари билан қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадис тўплаганида, эндигина 16 ёшдан ошгандилар.

– Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу кунда ўн икки минг марта, Холид ибн Марвон эса юз минг марта тасбеҳ айтар эди.

– Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳнинг барча китоблари ёниб кетади. Шунда у зот уларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берганлар. Имом Қатода раҳимаҳуллоҳ бир туя китобни ёд олганлар. Имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳ: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, - деганлари ривоят қилинади.

– Ҳиндистон диёрида яшаган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзадилар. Шунингдек, ўзидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирганлар. Ана баракали, узоқ ва сермазмун умр.

Бир киши дўстидан: “Уйингиздан ишхонангизга боргунча йўл қанча вақт олади?”, деб сўрабди. Дўсти: “Агар йўл тиқилинч бўлса, саккиз юзта тасбеҳни, агар йўл очиқ бўлса, икки юз элликта тасбеҳни олади”, деб жавоб берибди. Жавобнинг гўзаллигига қаранг!

Уламоларимизнинг ҳаётида бундай мисоллар жуда кўпдир. Улар қисқа умрлари давомида оламшумул ишларни қилишган. Улуғ зотларнинг ҳаёт йўллари доимо биз учун ибратдир. Биз бу зоти бобаракотлардан ўрнак олишимиз лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар биримиз карантин вақтидан унумли фойдаланиб, асосий вақтимизни илм-маърифат олиш, зикру тасбиҳ ва эзгу-савоб ишларга сарфлашимиз керак. Шунингдек, бу синовлардан тез кунда халос бўлишни Аллоҳ таолодан дуо ва тазарру қилиб сўрашимиз ва беҳуда гап-сўз, ҳар хил асоссиз миш-мишлардан йироқда бўлашимиз мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло умримизга файзу барака берсин! Вақтимизни доимо дунё ва охиратимиз, динимиз ва халқимиз учун фойдали ишлар билан ўтказишни насиб айласин! Омин!

2361 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top