Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ لله الَّذِي أَوْضَحَ لَنَا مَعَالِمَ الزَّكَاةِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ

ЗАКОТ БЕРИШ УЛКАН САВОБ!

(ЗАКОТГА ОИД ҲУКМЛАР)

Муҳтарам жамоат! Закот – Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот  луғатда “поклаш”, “ўсиш” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса – “Муайян моллардан маълум қисмини Аллоҳ таоло белгилаб берган муайян тоифа кишиларга мулк қилиб бериш”дир. “Закот” сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, закоти берилган молга барака киради, кўпаяди, ўсиб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди.

Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот  беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан тенгдир. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

 (سورة النور/56).

яъни: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).

Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини айнан ушбу ойда беришга одатланишган. Қуйидаги ояти карима закот бериш – фарз эканлигига далил ҳисобланади.

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا  ...

(سورة التّوبة/103).

яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...” (Тавба сураси, 103-оят)

Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.

Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

"مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ"

(رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло ўз бандасига жон ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон – неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар эса – мол неъматининг шукридир”.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида закотга доир баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

  • Закот бериш ҳур, ақлирасо,балоғатга етган, нисоб миқдорича маблағга эга, нисобга эга бўлганига бир йил тўлган мусулмон зиммасига фарз бўлади.
  • Бойлиги шариат белгилаб қўйган маълум миқдорга, яъни нисобга етган мусулмон киши ҳижрий-қамарий бир йил ўтиши билан аслий ҳожатларидан ортиқча бойлигининг қирқдан бир қисмини, яъни 2,5 фоизини шаръан белгиланган жойларга бериши фарзи айндир.
  • Закотнинг шарти иккитадир: биринчиси – закот олувчига закотни мулк қилиб бериш, яъни ўша берилаётган мол-мулк олувчининг моли бўлмагунча закот адо бўлмайди. Шунинг учун ҳам закотни кўприк, йўл, сув омбори каби кўпчилик фойдаланадиган нарсаларга сарфланмайди. Иккинчиси эса – закот миқдорини молидан ажратиш пайтида ёки фақирга беришда закот, деб ният қилишдир.
  • Закотни кимларга бериб бўлмайди: закотни нисоб миқдорича моли бўлган кишига, ота-онаси, бобо-момосига, ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериши мумкин эмас.
  • Кимларга берган афзал: ушбу саволга “Фатовои ҳиндия” китобида шундай жавоб берилган: “Закот ва фитрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг – уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг – уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари, сўнг – юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар.
  • Қарздор кишининг қарзи қўлидаги молидан кўп бўлса, қўлидаги моли ўзиники бўлмай, ҳақдорларники саналади. Ундан закот бермайди. Агар қўлидаги моли қарзидан кўп бўлиб, фаразан қарзини чиқарганидан кейин қолган мол нисобга етса, қолган молидан закот беради.
  • Пул ёки тижорат молларининг қиймати нисобга етиб, бир йил ўтса, закот бериши фарз бўлади.
  • “Тижорат моллари” деганда “сотиш ниятида олинган ҳар қандай мол-мулклар” назарда тутилади. Уларнинг айнан ўзидан закот чиқариш мумкин. Лекин қийматини бериш афзалдир. Масалан, кийим-кечак, дори-дармонлар каби нарсаларни савдоси билан шуғулланувчи киши, сотаётган маҳсулотини ўзидан закот бериши мумкин. Аммо ўтмай қолган, сифатсиз молларни закотга бериш яхши эмас.
  • Тижорат молларидан закот чиқаришда ўша кундаги қиймати қанча бўлса, шу қийматнинг ҳисобидан закот чиқарилади. Унинг қанчага сотиб олгани ёки келгусида қанчага сотилишига қараб ҳисобланмайди.
  • Бир кишининг озгина тилло, озгина кумуш, озгина пули бўлса, уларнинг барчаси қўшилганда нисобга етса закот бериш фарз бўлади.
  • Олтин хоҳ ишлов берилиб, тақинчоқ ёки буюм ҳолатига келтирилган бўлсин, хоҳ ёмби ҳолида, хоҳ табиий қазилма ҳолатида бўлсин, нисобга етса, закот берилади. Тилло тақинчоқлардан тиллонинг ўзи закот қилиб берилса, тақинчоқларнинг вазнига қараб закот чиқарилади. Масалан, 100 грамм тиллодан 2,5 грамм тилло закотга берилади. Агар тақинчоқларнинг закотини пул билан бериладиган бўлса, тақинчоқларнинг бозордаги қийматига қараб закот чиқаради. Масалан, бозорда қиймати қанча бўлса, шуни қирқдан бирини закотга беради. Тақинчоқлар хоҳ ишлатилаётган бўлсин, хоҳ ишлатилмаётган бўлсин, улардан закот берилади. Чунки улар ҳамёндаги пул билан бир хилдир (“Раддул муҳтор”).
  • Закот фарз бўлган вақтда уни адо этмаган бўлса, неча йил ўтса ҳам закоти зиммасидан соқит бўлмайди.
  • Яшаб турган уй-жойлари, истеъмолдаги кийимлари, минилиб турадиган улов (машина), озиқ-овқат, пардоз буюмлари (агар тилла, кумушдан ясалмаган бўлса), гавҳар, маржон, ёқут, зумрад (агар сотиш учун сақланмаётган бўлса) касб-ҳунар асбоблари каби нарсалардан закот берилмайди.
  • Ишлаб чиқарувчи корхоналарда икки хил мол бўлади. Биринчиси – хомашёлар. Иккинчиси – тайёр маҳсулотлар. Закот бериш пайтида иккаласининг қиймати ҳисобга олинади. Лекин, ишлаб чиқариш дастгоҳлари, асбоб-ускуна ва жиҳозларидан закот берилмайди.
  • Ижарага берилган бино, дўкон ва уловлардан закот берилмайди. Балки улардан тушган маблағ тилло, пул ва тижорат молларига қўшиб ҳисобланади.
  • Чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилса ва нисобга етса, улардан ҳам закот берилади. Туянинг сони 5 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта қўй берилади. Қора молнинг сони 30 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта бир ёшли бузоқ берилади. Қўй ва эчкининг сони 40 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта қўй ёки эчки берилади. Тижорат ниятида уйда боқилаётган ҳайвонларни сони қанча бўлишидан қатъий назар, уларнинг қиймати ҳисобланади. Агар қиймати нисобга етса, қирқдан бири закот учун берилади (“Шарҳул виқоя”).
  • Чорва молларини сотиш ниятида боқаётган бўлса, уларнинг неча бош эканига қараб эмас, балки ўша кундаги қийматини ҳисоблаб, бир йилга тўлган бўлса, закот чиқарилади (“Оламгирия, Бадое”).

Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчамизга муборак қилсин! Бу ойдаги савобли амалларни бизга осон қилиб, гуноҳлардан фориғ бўлишимизни насиб айласин! Омин!

 

 

1705 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top