Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ وَجَعَلَهُ أُسْوَةً حَسَنَةً لِلْمُؤْمِنِيْنَ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا الرَّؤُوفِ بِالْمُؤْمِنِيْنَ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ

МАВЛИДУН НАБИЙ МУБОРАК!

Муҳтарам жамоат! Ислом оламига ҳар йили ўзгача шукуҳ олиб келадиган Рабиул аввал ойи ҳам кириб келди. Ҳаммамизга маълумки, бу ойнинг мусулмонларга севимли бўлишига сабаб “оламларга раҳмат” қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васалламнинг худди шу ойда дунёга келганларидир.

Аллоҳ таолонинг инояти билан инсониятни зулматлардан нурга чиқарувчи Зот тавваллуд топган ойни мусулмонлар улкан неъмат ато қилинган ой сифатида қадрлайдилар. Шу ойда Аллоҳ таолога шукрона сифатида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганадилар, илмий мажлислар, мусобақалар ташкил этадилар ва саховатли кишилар эҳсонлар қиладилар. Биз ҳам вақтни ғанимат билиб, Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам сийратларидан бироз маълумотлар билан танишамиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳрининг Бани Ҳошим маҳалласида, Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи санаси, душанба куни тонгда дунёга келдилар. Бу мелодий 571 йил 22 апрелга тўғри келади (эски ва янги мелодий тақвимлардаги фарқ сабабли манбаларда туғилган саналари турлича келтирилган).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг оталари Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф. Оналари Омина бинти Ваҳб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килобдир.

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг муборак насаб шажаралари Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади. Насаби шариф Пайғамбаримизнинг ўзларидан бошланиб, Аднонгача етган жойда ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

 Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг оталари Абдуллоҳ Маккада Омина бинти Ваҳбга уйландилар. Кўп ўтмай, Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ Мадинага жўнаб кетадилар. Баъзи ривоятларга кўра, Абдуллоҳ Шомга тижорат билан чиқиб, қайтишда бемор бўлиб Мадинага тушадилар. У киши йигирма беш ёшида беморликдан вафот этдилар ва Мадинада дафн этилдилар. Ҳали Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилмаган эдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилганларида бир нур чиққани ва Шом қасрларини ёритгани ривоят қилинади (Имом Аҳмад ва Имом Доромий ривоятлари).

 Олти ёшга етганларида оналари ҳам Мадина сафари давомида вафот этиб, Абво деган жойда дафн қилиндилар.

Пайғамбаримизнинг оналари вафот этганларидан кейин У Зотни боболари Абдулмутталиб қарамоғига олдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саккиз ёшдан ўтгач, боболари Абдулмутталиб Маккада вафот этдилар. Ўлими олдидан Пайғамбаримизнинг кафолатини ўғли Абу Толибга топширдилар.

Абу Толиб ўз вазифасини мукаммал бажаришга ҳаракат қилдилар. Қирқ йилдан ортиқроқ Пайғамбаримизни қўллаб-қувватладилар, ҳимоя қилдилар, У Зот сабабли бошқалар билан хусуматлашдилар.

Ҳижратдан 13 йил аввал (мелодий 610 йилда) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий қирқ ярим ёш (шамсий 39 ёшу уч ойлик) бўлганларида, Аллоҳ таоло У Зотга биринчи ваҳий юборди ва У Зот Набий бўлдилар. Орадан бир неча кун ўтиб, иккинчи ваҳий келгач, Расул бўлдилар. Пайғамбар бўлиб ўн уч йил Маккада, ўн йил Мадинада яшадилар. Йигирма уч йил давомида катта қийинчиликларга сабр-бардош билан Аллоҳ таолонинг динини инсониятга етказишга жидду жаҳд қилдилар. Натижада бир киши билан бошланган Ислом бутун ер юзига тарқалди. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўн биринчи ҳижрий сана (632 м.й) олтмиш уч ёшда, Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанбада чошгоҳ пайти Рафиқул аълога кўчдилар, яъни вафот этдилар. У Зотнинг вафотлари Қиёматгача келадиган Ислом уммати учун мусибатдир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос хусусиятлари – охирги пайғамбар бўлишлари ва У Зотга охирги илоҳий китоб туширилгани эди. У Зотдан кейин пайғамбар ҳам, илоҳий китоб ҳам келмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

  مَا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِنْ رِجَالِكُمْ وَلَكِنْ رَسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا

яъни:Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир(Аҳзоб сураси 40-оят).

 Бу ерда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни "Пайғамбарларнинг муҳри" деб атади. Зеро, ҳар бир муҳим ёзма ҳужжат сўнггида муҳр босилгани каби охирги пайғамбар келгач, пайғамбарлар китобига ҳам муҳр босилгандек бўлди.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни Қиёматгача келадиган умматларга ўрнак қилиб қўйди. У Зот Исломни яшаб кўрсатдилар, бунга минг-минглаб одамлар гувоҳ бўлдилар. У Зотнинг ўзгаларда тўпланиши амри маҳол бўлган гўзал хулқларини дўстлар, ҳаттоки душманлар ҳам эътироф этишди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

   لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

яъни: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси 21-оят).

Демак, У Зотдан ўрнак олиш учун тарихлари, сийратлари, айтган сўзларини ўрганишимиз ва келажак авлодга ўргатишимиз керак. Мазкур нарсаларни билмасдан туриб, У Зотнинг мукаммал меросларидан фойда ололмаймиз. Зеро, Пайғамбаримизга тегишли суннат – динимизда иккинчи муҳим манбадир. Қуръони каримда қанча илм ва ҳукмлар бўлса, ҳадиси шарифда ҳам шунча илму ҳикматлар бор. Бу иккисини бир-биридан ажратишга уринган кимсалар жуда қаттиқ адашади. Зеро, Пайғамбаримиз динга тегишли бирор сўзларини ўзлари томондан гапирмаганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى

яъни: “(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм сураси 3-4-оятлар).

Гоҳида ҳадиси шарифларни четга суриб, фақат Қуръондаги ҳукмларга амал қилиш керак, дейдиганлар кўзга ташланади. Улар динни Аллоҳ таоло ўргатган йўсинда эмас, балки ўзлари ўйлаб топган йўл билан қабул қилмоқчи бўладилар. Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси шуки, Ислом дини Муҳаммад алайҳиссалом орқали қабул қилинади ва ўрганилади. У Зотни, сўзларини ўртадан чиқармоқчи бўлганларнинг устози шайтон бўлади. Шайтоннинг мақсади эса одам зотини ўзи билан дўзахнинг тубига етаклашдир.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг буюк мартабаларини баён қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтишга буюради:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

яъни: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!

Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва саломлар тилаб дуо қилиш жуда ҳам улуғ, савоби катта иш ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда ҳам унга тарғибот кўп. Уламолар Имом Кархий раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини олиб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг номлари қачон зикр этилса, салавот айтиш керак деганлар. Расул алайҳиссаломга бағишлаб ёзилган салавот тўпламлари ичида “Далоил ал-хайрот” китоби машҳурдир.

Мазкур оят жуда ҳам таъсирли, чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбарини мақтаб турган ва фаришталари дуо қилиб турганда, наҳотки уммат бўлиб биз салоту салом айтмасак?!

Ҳадиси шарифда салавот айтган кишиларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлиши хабари берилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

 "من صلى علي واحدة صلى الله عليه عشرًا"

(رواه الامام  أحمد والحاكم عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта раҳмат йўллайди” (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривоятлари).

Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, мусулмонларни мана шундай хурсандчилик кунларида дилларини хира қиладиганлар ҳам топилади. Улар мавлид маросимларини ўтказишни мумкин эмас, бидъат деб пуч даъво қиладилар.

Ўтган ва замондош уламоларимиз айтадиларки, Мавлиди набийни нишонлаш бидъат эмас. Зеро, биз Расулуллоҳ алайҳиссаломга муҳаббатли бўлишга, У Зотнинг йўлларига эргашишга, доимо У Зотга салавот ва саломлар йўллашга буюрилганмиз. Гарчи бу амалларга мунтазам, ҳар доим амал қилиб келган тақдиримизда ҳам, Мавлид ойи кириши бизларни ушбу амалларни янада кўпайтиришимизга ва уларга аҳамиятлироқ бўлишимизга сабаб бўлади холос. Пайғамбар алайҳиссалом доимо нафл рўза тутишга одатланган бўлсаларда, душанба кунида рўза тутишга алоҳида эътибор берар эдилар. Бунинг сабаби сўралганда, душанба куни таваллуд топганликлари ва шу куни пайғамбар бўлганликларини айтар эдилар. Шундан, душанба куни нафл рўза тутиш суннат бўлиб қолди. Шундай экан, нима учун Расулуллоҳ алайҳиссалом таваллуд топган ойларида У Зотни кўпроқ эслаш, таржимаи ҳоллари бўлмиш Мавлидларини ўқиш, кўпроқ салавот айтиш мумкин бўлмасин?!

Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан хурсанд бўлиш – Қуръони каримнинг талаби ва амри ҳамдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Айтинг: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси 58-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо мазкур оятдаги “фазл” сўзини “илм” ва “раҳмат” сўзини “Муҳаммад алайҳиссалом”, деб тафсир қилганлар.

 Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати билан хурсанд бўлишимизни буюряпти. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса энг улуғ раҳматдирлар. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси 107-оят).

Аслида Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларини биринчи бўлиб нишонлаган зот – Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Ўзларидир. Имом Муслим Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтадилар: “Пайғамбар алайҳиссаломдан душанба куни рўза тутиш ҳақида сўрашди. Шунда У Зот: “Ўша кунда мен туғилганман ва шу кунда менга (ваҳий, пайғамбарлик) нозил бўлган”, – дедилар. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз алайҳиссалом душанба куни туғилганликлари ва шу кунда пайғамбарлик ато қилингани муносабати билан рўза тутганликларига далолат қилади.

Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Менинг наздимда, аслида мавлид амалида одамларнинг тўпланиши, Қуръони каримдан қироат қилиш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллуд топганларида рўй берган мўжизалар ҳақида ворид бўлган хабарларни ривоят қилиш, кейин дастурхон ёзилиб, таомлардан тановул қилиш, буларнинг ҳаммаси бидъат ҳасана (кейин пайдо бўлган бўлсада, шариатга зид бўлмаган) ишлардан саналиб, уни ташкил этганларга савоб бор. Чунки бунда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни улуғлаш, таваллуд топганлари учун хурсандчилик ва шодликни изҳор этиш бор” (Ҳуснул мақсад фи ъамалилл мавлид” китоби). 

Бошқа кўплаб эътиборли олимлар ҳам мавлид маросимларини ўтказишни дуруст деб билганлар. Демак, Мавлид ойидан ҳам унумли фойдаланиб, бу вақтни илм-маърифатимизни ошириш йўлида сарфлайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз алайҳиссаломга лойиқ уммат бўлишни насиб айласин!  Омин!

 

Муҳтарам имом домла! Рабиул аввал ойининг бирор жумасида, имкониятга қараб, Имом Барзанжийнинг “Мавлидун Набий” китобидан ўқиб беришингиз мақсадга мувофиқ бўлади.

 

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “УММАТЛАРГА ЎРНАК ЗОТ” мавсусида бўлади, иншааллоҳ.

3778 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top