Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

Мазҳаблар – Қуръон ва суннат маҳсулидир

Муҳтарам азизлар! Бугунги маъруза мавзуси ҳозирда долзарб бўлган, айрим тоифалар янглиш иддаолари туйфайли мусулмонлар орасида ихтилофларга сабаб бўлаётган мазҳаблар ҳақида бўлади.

Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зотнинг ўзлари баён қилар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин одамлар билмаган нарсаларини асосан саҳобалардан сўрар эдилар. Гоҳида учраб турадиган қийин масалаларни ечиш учун эса энг билимдон саҳобалар йиғилиб маслаҳат қилишар ва фатво беришарди. Кейинчалик саҳобалар яшаш учун турли юртларга кўчиб кетдилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди.

Ўша даврнинг марказий шаҳарлари – Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумнинг фатволарига амал қилинарди. Айнан мана шу даврларда саҳобалар мазҳаби шаклланганини кўриш мумкин.

Шундан кейин бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашдилар ва уларнинг мазҳабларини қўллаб қувватладилар. Замонлар ўтиши билан йигирмага яқин мазҳаблар ичидан фақат буюк тўрттаси қолди. Қолганларининг баъзи фатволари турли китобларда учраб туради холос.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда кўп такрорланаётган “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ!”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволарга мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Саҳобалар даврида ҳам мужтаҳид саҳобалар мазҳаби бор эди. Саҳобалар мазҳаби асосида ҳозирга қадар етиб келган тўртта фиқҳий мазҳаблар сақланиб қолди.

Мазҳабга эргашиш – Қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган:

 فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

 (سورة النحل/آية:43)

“Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (“Наҳл” сураси 43-оят).

Бошқа бир ояти каримада эса:

 وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُولِي الْأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ

 (سورة النساء/آية:83)

“Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган иш эгаларига етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар” (Нисо сураси 83-оят).

Имом Табарий ва яна бир қанча муфассирлар мазкур оятдаги “иш эгалари” жумласини “аҳли илмлар” деб тафсир қилганлар.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйинсуниб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери муайян бир мазҳабга тақлид қилиб келишмоқда. Аслида бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларининг воқеъликдаги кўриниши эди. Чунки ҳадиси шарифда У Зот:

يَحْمِلُ هَذَا الْعِلْمَ مِنْ كُلِّ خَلَفٍ عُدُولُهُ، يَنْفُونَ عَنْهُ تَحْرِيفَ الْغَالِينَ، وَانْتِحَالَ الْمُبْطِلِينَ، وَتَأْوِيلَ الْجَاهِلِينَ

(رواه الإمام البيهقي)

яъни: “Бу илмни ҳар бир авлодлардан ишончли кишилар ташийдилар. Улар илмни жоҳилларнинг ботил талқинлари, йўлдан озганларнинг даъволари ва ғулувга кетганларнинг хатоларидан сақлайдилар”, деганлар (Имом Байхақий «Мадхал»да ривоят қилган).

Фиқҳий мазҳаблар ҳозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Муҳаддис олимлардан бири Абдулҳақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар йўли ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” (“Шарҳу сафарус-саъада” китоби).

Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу ҳаволари билан изоҳлаб, салафи солиҳларимиз йўлидан оғишмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

إِنَّ الله لاَ يَقْبِضُ الْعِلْمَ انْتِزَاعًا، يَنْتَزِعُهُ مِنَ الْعِبَادِ وَلكِنْ يَقْبِضُ الْعِلْمَ بِقبْضِ الْعُلَمَاءِ حَتَّى إِذَا لَمْ يُبْقِ عَالِمًا، اتَّخَذَ النَّاسُ رُءُوسًا جُهَّالاً، فَسُئِلُوا، فَأَفْتَوْا بغَيْرِ عِلْمٍ، فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Аллоҳ таоло бандаларидан илмни тортиб олиш билан кўтармайди, балки илмни олимларни олиш билан кўтаради, ҳаттоки биронта олим қолмайди. Шунда одамлар жоҳилларни йўлбошчи қилиб оладилар. Улардан сўрайдилар, улар жавоб берадилар, ўзлари ҳам адашадилар, одамларни ҳам адаштирадилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр аҳлидан сўрашга буюрган”, дея одамларни алдашга уринмоқда! Хўш, мазҳаббошлари зикр аҳли бўлмаса, унда ким экан?! Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак?!

Бошқа бир ҳадиси шарифда янги-янги тоифалар пайдо бўлиб, одамларни тўғри йўлдан оздириши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом огоҳлантирганлар:

 يَكُونُ في آخِرِ الزَّمَانِ دَجَّالُونَ كَذَّابُونَ يَأْتُونَكُمْ مِن الأَحَادِيثِ بِمَا لَمْ تَسْمَعُوا أَنْتُمْ وَلاَ آبَاؤُكُمْ فَإِيَّاكُمْ وَإِيَّاهُمْ لاَ يُضِلُّونَكُمْ وَلاَ يَفْتِنُونَكُمْ

 (رواه الإمام مسلم)

яъни: “Охирзамонда «дажжоллар», каззоблар бўладилар, улар сизлар ва сизларнинг оталарингиз ҳам эшитмаган ҳадисларни кўтариб келадилар. Сизлар улардан, улар эса сизлардан узоқ бўлсин! Улар сизларни залолатга бошлаб қўймасинлар, сизларни фитнага аралаштириб, алдамасинлар!” (Имом Муслим ривоятлари).

Муҳтарам жамоат! Муайян мазҳабга тақлид қилган мусулмонлар ҳозирда ҳам, ҳозирги кунга қадар ҳам умматнинг мутлақ кўпчилигини ташкил қилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида:

 فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ 

(رواه الإمام ابن ماجة)

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривоятлари). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Ислом уламолари ҳар бир даврда мазҳабга эргашиш лозимлигини уқтириб келишган. Имом Ал-Мардовий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Ижтиҳод қилишга лаёқати бўлмаган ҳар бир кишига бирор муайян мазҳабга тақлид қилиши лозим бўлади. Бундан фақат ижтиҳод даражасига етган киши мустаснодир” (“Риоятул-кубро” китоби).

Имом Нафровий раҳимаҳуллоҳ ҳам айтадилар: “Тўрт мазҳаб имомидан бирига эргашиш вожиблигига мусулмон умматининг ижмоси тузилгандир. Фақат ижтиҳод аҳллари бундан мустасно” ( “Фавокеҳуд-девоний” китоби)

Аллома Муҳаммад Амин Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Муайян мазҳабда фатво берувчи кишининг ўз мазҳабида аниқ кўрсатилган масалада бошқа мазҳаб йўлини тутиши ва у бўйича фатво бериши жоиз эмас”, – дейдилар (“Минҳатул-Холиқ” китоби).

Мингдан ортиқ китоб таълиф қилган ҳанафий мазҳабининг буюк олимларидан бири Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен йигирма беш йиллик илмий тажрибам асосида шуни билдимки, ҳозирги даврда бирор мазҳабни тутмаслик охир-оқибат динсизликка олиб борар экан” (“Малфузот” китоби).

Муҳтарам жамоат! Маълумки, юртимизда азалдан тўлиқ Ҳанафий мазҳаби амалда бўлиб келган. Ҳозирда ҳам юртимиздаги деярли барча аҳли илмлар, устозлар ва масжид имомлари Ҳанафий мазҳабида таълим олиб, шу мазҳаб асосида фаолият олиб бормоқдалар. Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳмаҳуллоҳ: “Динда эргашиладиган мужтаҳид имомларнинг барчалари ҳақ ва тўғри йўлдадир. Агар бир юртда улардан бирининг мазҳаби кенг тарқалган ва ўша мазҳаб уламолари кўп бўлса, оми одамга ўша мазҳабга эргашиши вожиб бўлади. Кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабнинг аҳкомларини билиш, воқиф бўлиш узрли бўлганлиги учун унга эргашмоқлиги жоиз бўлмайди” (“Эълоус сунан” 20-жилд, 290-саҳифа).

Хулоса қилиб айтганда, мазҳабларга эргашиш шариат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳни бемазҳаб бўлгани маълум эмас. Фақатгина мужтаҳид бўлган кишилар бундан мустасно холос. Шаръий илмлар борасида мусулмонларнинг илми етарли бўлмаган бугунги даврда, баъзилар томонидан мазҳабларни инкор  қилиш фақат мусулмонларнинг бирдамлигига футур етказади холос.

Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик, фитна ва ихтилоф қўзғаш каби динимизда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир”, деганлар.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз сўнгида ҳанафий мазҳабимизга доир бир масалани эслаб ўтишни лозим топдик. У ҳам бўлса, жамоат намозларида “омин”ни махфий айтишлик масаласидир. Бизнинг ҳанафий мазҳаб уламолари намозда “омин”ни махфий айтиш суннат эканини таъкидлайдилар. Бунга қуйидаги ҳадислар очиқ далолат қилади. Имом Термизий Алқама ибн Воилдан, у ўз отасидан ривоят қилган ҳадисда:

أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم قَرَأَ "غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ" فَقَالَ « آمِينَ » وَخَفَضَ بِهَا صَوْتَهُ 

яъни: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ)ни ўқидилар-да, паст овозда “омин”, дедилар”, дейилган.

Бу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Фотиҳа» сурасини баланд овоз билан ўқиб келиб, «омин»ни айтишга келганда овозларини паст қилганларини тушунамиз. Имом Табароний Абу Воилдан қилган ривоятда: “Умар ва Али разияллоҳу анҳумолар намозда “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар”, дейилган.

Шу ва бундан бошқа кўплаб далилларга амал қилиб, намозда “Омин”ни махфий айтишлик айни муддао бўлади. Қолаверса, намозхонлар ўртасида турли тушунмовчиликларга ҳам барҳам берилган бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ динини азиз қилиб, мусулмонларнинг бирдамлигини таъминласин. Барчаларимизни уммат ичида ихтилоф чиқарувчилардан бўлишдан паноҳида асрасин. Омин!

4045 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top