Жума мавъизалари

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат!  Халқимизнинг тўйлари кўп. Ота-она борки, топган-тутганини фарзандимнинг тўйига сарфлайман, деган орзу-ҳавас билан яшайди. Шунингдек, кексаларимиз: “Топганинг тўйларга буюрсин”, дея дуо қилишади. Муқаддас даргоҳ бўлмиш оилада кўзлар қувончи фарзанд туғилибдики, ўғил бўлса, уйласам, келинлар олсам, қиз бўлса, яхши жойга узатсам, мен ҳам қудалик – андалик бўлсам, деб ҳар бир ота-она ният қилади.

Аслида, қудачилик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган улуғ неъматларидан бири бўлиб, Қуръони каримнинг “Фурқон” сураси 54-оятида шундай марҳамат қилинади:

وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ مِنَ الْمَاءِ بَشَرًا فَجَعَلَهُ نَسَبًا وَصِهْرًا وَكَانَ رَبُّكَ قَدِيرًا

Яъни, “У яна (ҳақир) сувдан (манийдан) инсонни яратиб, сўнгра уни насл-насабли ва қуда-анда қилиб қўйган зотдир. Дарҳақиқат, Раббингиз (ҳар ишга) қодирдир”. (Фурқон сураси, 54-оят)

Қудачилик – никоҳ орқали шаклланган қариндошлик муносабатларидир. Яъни, бир-бирига мутлақо нотаниш ва бегона бўлган кишилар - келин ва куёвнинг ота-онаси, оила-аъзолари, уруғлари қудачилик орқали ўзаро қариндошга айланадилар. Бу шунчаки оддий муносабат эмас, балки Яратган номи билан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари ҳамда кўпчилик мўмин ва мусулмонларнинг гувоҳлигида ўрнатилган муқаддас алоқадир. Шунинг учун исломда қудачилик алоқаларига катта аҳамият берилган ва бунга оид шаръий ҳукмлар ҳам батафсил баён қилинган.

Муҳтарам жамоат! Аслида қудачилик муносабатлари дастлаб совчиликдан бошланади. Чунки бизнинг минтақамизда одатда, совчилик йигитнинг ота-онаси ёки яқинлари томонидан амалга оширилади. Келин олишни ният қилган хонадон аҳли ўғлига муносиб қизи бор хонадонга яхши ниятлар билан ташриф буюради. Қиз ўстирган хонадон эса, қизи бўйи етгач, ҳар куни совчилар кутишга тайёр туради, совчилар уларнинг одатий меҳмонларига айланади. Совчиликдан олдин нималар қилиниши кераклиги тўғрисида динимиз керакли тавсиялар берган.

Энг аввало оила қураётган келин ва куёв имкони борича бир-бирига яқин қариндош бўлмасликлари уламолар томонидан тавсия этилади. Иккинчидан, совчи қўядиган ва совчи кутадиган оила ўғил-қизлари никоҳга тайёр эканлиги ҳақида бош қотириши лозим. Шунинг учун аввал ўғилнинг рисоладагидек эр, қизнинг рисоладагидек рафиқа бўлишига ишончлари комил бўлгандан кейингина, тўй ҳаракатига киришиш кераклиги айтилган. Бизда айрим оилаларда никоҳга тайёргарлик деб – фақат моддий тайёргарлик тушунилади. Гўёки тўй қилиш харажатлари топилса, тўйни бошлайвериш керак, деб ўйлашади. Аслида, энг асосийси бўлган – тўйдан кейинги ҳаёти бахтли бўлиши учун қай даражада тайёр эканини ўйлаб ҳам кўришмайди.

Муҳтарам жамоат! Бир ҳадисда шундай дейилган:

 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «تَخَيَّرُوا لِنُطَفِكُمْ وَانْكِحُوا الأَكْفَاءَ وَأَنْكِحُوا إِلَيْهِمْ». )رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ(

Яъни, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар нутфаларингиз учун (муносиб аёлни) ихтиёр қилинг. Ва ўз тенгингизга уйланинг ва (аёлларни ҳам) ўз тенгига турмушга беринг”, дедилар. Ибн Можа ривоят килган. Бу ерда тенглик ёш жиҳатдан эмас, бошқа ижтимоий жиҳатлар назарда тутилган.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчилик одобини баён қилиб шундай деганлар:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لاَ يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ، وَلاَ يَخْطُبْ عَلَى خِطْبَةِ أَخِيهِ إلاَّ أَنْ يَأذَنَ لَهُ». )رَوَاهُ مُسْلِمٌ( .

яъни, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан биронтангиз бировнинг савдоси устига савдо қилмасин ва биродарининг совчилиги устига унинг изнисиз совчи қўймасин”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Муҳтарам жамоат! Совчи кутаётган хонадон ташриф буюрган совчиларнинг нимаси учун эътибор бериши лозимлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам насиҳат қилиб, шундай деганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إذَا خَطَبَ إلَيْكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ، فَزَوّجُوهُ، إِلاَّ تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ في الأرْضِ وفَسَادٌ عرِيضٌ". )رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ(

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга дини ва хулқига рози бўладиган киши совчи қўйса, унга турмушга беринглар. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта бузғунчилик бўлади”, дедилар. Термизий ривоят қилган.

Шунингдек, нафақат келин ва куёв танлашда, балки қуда тутилаётган хонадоннинг ҳам насабли ёки мансабли эканига эмас, бу оила аъзоларининг, бўлажак қудаларнинг дини, ахлоқи ва маънавиятига ҳам эътибор қаратиш зарур бўлади.

Иккала хонадон аҳли, яъни бўлғуси қудалар ҳамда ўғил ва қиз бошланаётган ишнинг хайрли бўлишини сўраб, Аллоҳ таолодан тавфиқ сўраб, истихора қилишлари тавсия қилинади.

Муҳтарам жамоат! Никоҳ қурган ёшлар келажакда бахтли ҳаёт кечириши учун хонадон эгалари совчи қўйишда мазкур оила ҳақида эринмасдан суриштиришлари лозимдир. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бирор кимса, сиздан маҳаллангиздаги бирор оила ҳақида суриштириб келса ёки қариндошингиздан бирор ким ҳақида сўраса, унга ҳақиқатни айтишингиз лозимдир. Эҳтимол сизнинг биргина сўзингиз мазкур оила бир умр бахтли бўлишига сабаб бўлар ёки бир умр бахтсиз бўлишидан асраб қолар. Шунинг учун гувоҳлик беришда адолатли бўлиш лозимдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ لِلَّهِ شُهَدَاءَ بِالْقِسْطِ وَلَا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآَنُ قَوْمٍ عَلَى أَلَّا تَعْدِلُوا اعْدِلُوا هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

Яъни, “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир”. (Моида сураси, 8-оят)

Нафақат, ўзга-бировлар ҳақида, балки ўзингиз, ўз оила азоларингиз ва фарзандларингиз ҳақида ҳам бор гапни айтишингиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ بِالْقِسْطِ شُهَدَاءَ لِلَّهِ وَلَوْ عَلَى أَنْفُسِكُمْ أَوِ الْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ إِنْ يَكُنْ غَنِيًّا أَوْ فَقِيرًا فَاللَّهُ أَوْلَى بِهِمَا فَلَا تَتَّبِعُوا الْهَوَى أَنْ تَعْدِلُوا وَإِنْ تَلْوُوا أَوْ تُعْرِضُوا فَإِنَّ اللَّهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا

Яъни,  “Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир” (Нисо сураси, 135-оят)

Муҳтарам жамоат! Совчиларнинг гап-сўзлари бир бирига маъқул келганидан сўнг тўй ҳақида келишув бўлаётганда, улар бир бирига имкон қадар енгил бўладиган, исроф бўлмайдиган томонни ҳаракат қилишлари лозимдир. Бунинг учун икки томон бир-бирларига ён босишлари, ўзаро бир-бирларини тушунишлари, бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари каби инсоний фазилатлар билан музайян бўлиши тарғиб қилинган. Баъзи оилалар тўйга ортиқча ташвиш-харажат қилиш ҳаракатида бўлгани сабабли, фарзандларининг турмушлари кечикиб кетяпти. Бугунги кунда айрим оилалар ҳаддан зиёд ортиқча орзу-ҳавасларга берилиб кетишмоқда. Ҳатто тўйгача бўлган – совчи қўйиш, совға-салом улашиш ва шу каби тўйнинг дебочаси бўлган борди-келдиларга сарфланаётган харажатларга аслида, бутун бир тўйни ўтказса бўлади. Баъзан, бу борада юксак қадриятларимиз унут бўлиб боряпти ва натижада боши берк кўчага кириб, кўплаб муаммоларга дуч келиб қолинмоқда. Бу муаммоларни санаб адоғига ета олмайсиз. Оилада эр эрлигини қилса, хотин эса хотинлигини билса, бунчалар кўп муаммоларга дуч келинмасди. Оилалар бу қадар кўп ажраган бўлмасди. Баъзи совчи аёллар аввалига қуллиқ қилиб боради, ялинади, қизингиз келиним эмас, балки менинг ҳам қизим бўлади, дейдию, тўйдан кейин турли гап-сўзларни кўпайтиришади. Ана шу ҳолатда оила бошлиғи бўлмиш эр индамай, ўзини билмаганга олиб турса, хотинининг зулмига, гуноҳига у ҳам тенгма-тенг шерик бўлади.

Муҳтарам жамоат! Ўзбек халқида “Қудачилик минг йилчилик” деган мақол бор. “Қудачиликнинг минг йилчилик”да давом этиши, “ўзаро душманчилик”ка айланиб кетмаслиги учун баъзи тавсияларга риоя қилиш лозим бўлади. Жумладан:

Қудалардан икки томон ҳам тўй маросимларини ўз ҳолатларидан келиб чиқиб амалга ошириши, риёкорлик, манманлик каби иллатларга асло йўл қўймаслиги керак.

Ҳар иккала оила бир бири билан яхши муносабатда бўлиши, доимо бир-бирларининг ҳолидан хабар олиб туриши, қуда тарафнинг тўй-маъракаларида фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқдир.

Қуда-анда муносабатларини йўлга қўйишда нафақат аёллар, балки асосан эркаклар фаол қатнашиши, асосий ҳал қилувчи сўзни эркаклар айтиши лозимдир. Чунки қайси хонадонда илоҳий қонун бузилиб, оила бошқаруви эркак қўлидан чиқса, шу хонадонда тартиб ўзгариб, жанжаллар ва қўйди-чиқдилар кўпайиши ҳаётий тажрибада ўз исботини топгандир. Бу қуда-анда муносабатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

 Қуда-андалар ўзаро бир-бирларига фазл ва лутф кўрсатиб туришлари керак. Ҳанафий уламолардан Бадриддин Айний “Умдатул қорий” асарида “силаи раҳм” фазилатини таърифида шундай ёзади: “Сила насабдош қариндошларга ҳамда қуда-андаларга яхшилик қилишдан иборатдир. Бу уларга гарчи узоқ бўлсалар ва ёмонлик қилсалар ҳам, лутф кўрсатиш, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳолларидан хабар олиш ила бўлади”.

Аллоҳ таоло юртимиз аҳолисини бахтли саодатли қилсин! Тўй ҳаркатида юрган барча оилалар, келин-кўёвларнинг ҳаракатларига ғайбий барокатлар берсин! Қурилаётган оилалар мустаҳкам, саботли ва қарорли оилалардан бўлсин! Омин!

 

Sovchilik odoblari (pdf)

 

11513 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top