Жума мавъизалари

     بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

АМАЛЛАРНИНГ ҚАБУЛ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, мусулмон киши Аллоҳ таолога манзур бўладиган ва Уни рози қиладиган амалларнинг барчасини гўзал ҳолатда бажаришга ҳаракат қилади. “Солиҳ (яхши) амал” ибораси Қуръони каримда 200 дан ортиқ марта ва ҳадиси шарифларда эса жуда кўп ўринларда тилга олинганининг ўзи динимизнинг бу нарсага қанчалик катта аҳамият берганини кўрсатади.

Солиҳ амаллар, айримлар ўйлаганидек, фақат намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлардангина иборат эмас. Балки улар жуда ҳам кўп бўлиб, Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш,  қариндошчиликни боғлаш, қўшнилик ҳаққини адо этиш, етимларга, камбағалларга ҳаттоки, жонзотларга яшилик қилиш ва бошқа кўплаб яхши, хайрли, чиройли, савобли ва манфаатли амалларни ҳам ўз ичига олади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилган:

 لَيْسَ الْبِرَّ أَنْ تُوَلُّوا وُجُوهَكُمْ قِبَلَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ وَلَكِنَّ الْبِرَّ مَنْ آَمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَالْمَلَائِكَةِ وَالْكِتَابِ وَالنَّبِيِّينَ وَآَتَى الْمَالَ عَلَى حُبِّهِ ذَوِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَالسَّائِلِينَ وَفِي الرِّقَابِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآَتَى الزَّكَاةَ وَالْمُوفُونَ بِعَهْدِهِمْ إِذَا عَاهَدُوا وَالصَّابِرِينَ فِي الْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ وَحِينَ الْبَأْسِ أُولَئِكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ   

яъни: Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар (Бақара сураси 177-оят).

Кўриниб турибдики, яхшиликнинг тури кўп. Аммо ҳар биримизнинг ҳам амалларимиз, яхшиликларимиз Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўляптими? Мўмин-мусулмон кишининг асосий ташвиши мана шу бўлиши керак. Динимизда амаллар қабул бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши керак:

  1. Мусулмон бўлиш, яъни Аллоҳни ёлғиз деб билиб, Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмаларига итоат қилиш керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

أُولَئِكَ الَّذِينَ كَفَرُوا بِآَيَاتِ رَبِّهِمْ وَلِقَائِهِ فَحَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فَلَا نُقِيمُ لَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَزْنًا

яъни: Улар Парвардигорларининг оятларини ва У зот билан мулоқотда бўлишни инкор этишиб, бутун иш (амал)лари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз Қиёмат кунида улар (амаллари) учун ҳеч қандай вазнни қоим қилмасмиз! (Каҳф сураси 105-оят).

  1. Амални шариат қонун-қоидаларига мувофиқ ҳолда бажариш. Масалан, намоз ўқигувчи киши намози дуруст бўлиши учун намоздаги фарз каби амалларни бажариши ва намозни бузадиган амалларни қилмаслиги лозим. Акс ҳолда намозига нуқсон етади ва намоз шариат қонун-қоидасига мувофиқ бўлмайди.
  2. Ихлос, яъни амални фақат ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун қилиш ва ундан дунёвий манфаатни кўзламаслик керак. Шунингдек, қилаётган ишларни бировлар кўриши учун ёки эшитиши учун ёхуд қилган амалидан фахрланиш каби бажарилган ишларнинг савобини йўққа чиқарадиган иллатлардан сақланиш зарур. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا وَزِينَتَهَا نُوَفِّ إِلَيْهِمْ أَعْمَالَهُمْ فِيهَا وَهُمْ فِيهَا لا يُبْخَسُونَ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَيْسَ لَهُمْ فِي الآَخِرَةِ إِلاَّ النَّارُ وَحَبِطَ مَا صَنَعُوا فِيهَا وَبَاطِلٌ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

яъни: “Кимки дунё ҳаёти ва унинг зийнатини истаса, у (каби)ларга амаллари (савоби)ни шу (дунё)да мукаммал берурмиз ва улар унда (дунёда) зиён қилмайдилар. Ана ўшаларга охиратда дўзахдан бошқа (нарса) йўқдир. Қилган (савобли) ишлари ҳабата (барбод) ва қилиб юрган амаллари ботил (зое) бўлур”  (Ҳуд сураси 15, 16-оятлар).

Бу ояти каримада савобли амалларни охират учун эмас, шу дунёда обрў ва шуҳрат орттириш мақсадида қилувчи риёкор кишилар учун огоҳлантириш бор (Тафсири Насафий).

Муҳтарам азизлар! Шу ўринда биз ихлосни кетказувчи сифатларни билишлигимиз жуда муҳимдир. Уларнинг биринчиси – риёдир. У амал ва ибодатни бандаларнинг олқиши ва мақтовларига эришиш учун уларга кўрсатиб бажаришдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى كَالَّذِي يُنْفِقُ مَالَهُ رِئَاءَ النَّاسِ وَلَا يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ فَمَثَلُهُ كَمَثَلِ صَفْوَانٍ عَلَيْهِ تُرَابٌ فَأَصَابَهُ وَابِلٌ فَتَرَكَهُ صَلْدًا لَا يَقْدِرُونَ عَلَى شَيْءٍ مِمَّا كَسَبُوا وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ 

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб,) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Зотан, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай” (Бақара сураси 264-оят).

Демак, савобли ишни риёкорлик ва одамлар ичида обрў орттириш нияти билан бажарилса, у Аллоҳнинг наздида қабул қилинмайди, балки унинг савобини кетказиб қўйиши ҳам муқаррардир.

Риёни улкан гуноҳлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

إِنَّ أَخْوَفَ مَا أَخَافَ عَلَيْكُمُ الشِّرْكُ الْأصْغَرُ قَالُوا: وَمَا الشِرْكُ الْأصْغَرُ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَال: الرِّيَاءُ

رواه الامام أحمد

яъни: “Мен сизларда содир бўлиб қолишидан қўрқадиган нарсамнинг энг ёмони – кичик ширкдир”. Саҳобалар: “Ё Расуллуллоҳ, кичик ширк нима?” – деб сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Риё” – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлаяптики, ширк икки хил бўлади. Катта ширк ва кичик ширк. Катта ширк ҳаммамизга маълум. Аммо кичик ширк эса, амалларни Аллоҳ ризоси учун қилмай, балки одамларга кўрсатиш, улар ўртасида обрў топиш ёки одамлардан ажралиб қолишдан қўрқиб қилиниши риё, яъни кичик ширк ҳисобланар экан.

Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Риё солиҳ амалга аралашса, унинг ажрини йўққа чиқаради. Киши ўзидан фахрланиши ҳам – риё кабидир”.

Иккинчисиамални одамлар эшитиши учун бажаришдир. У ҳам риё каби бўлиб, ундай амал учун савоб берилмайди, балки, Қиёматда азобга дучор бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар:

من سمع سمع الله به ومن يرائي يرائي الله به

(متفق عليه)

яъни:  “Ким одамларга эшиттириш учун амал қилса, Аллоҳ уни эшиттиради. Кимки, кўз-кўз қилса, Аллоҳ уни кўз-кўз қилади” (Муттафақун алайҳ).

Кейингисиамалларидан мағрурланиш, ўзига бино қўйишдир. Бу эса, инсон ўзига берилган неъмат ёки яхши амални Аллоҳдан эканини унутиши ва буларни ўз нафсидан деб билишидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифлари шундай деганлар:

ثلاث مهلكات: شح مطاع، وهوى متبع، وإعجاب المرء بنفسه

(رواه البزار عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: Уч нарса ҳалок қилувчидир: итоат қилинадиган бахиллик, эргашиладиган ҳавои-нафс ва киши ўз нафси билан фахрланиши (Имом Баззор ривоятлари).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Кишининг ўз амали билан фахрланиши ўша амални мукаммал деб билиб, Аллоҳнинг неъматини унутишидир”.

Кўриниб турибдики, бу амаллар камтарлик, тавозелик ва ҳокисорликка буюрган шариатимиз кўрсатмаларига зид бўлиши билан бирга, амалларнинг савобини кетказишга ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, ибодат, тавба ва солиҳ амалларни бирор дунёвий манфаат учун қилиш ҳам амалнинг савобини йўққа чиқаради.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида намозда қўл боғлаш ҳақида суҳбатлашамиз. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, такбири таҳрима билан намозга киришган киши ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, қўлларини боғлайди ва киндик остига қўяди. Бу амални уламоларимиз суннат дейдилар. Чунки, бу масалада келган ҳадиси шарифлар айнан Ҳанафий мазҳаби тутган йўлни қувватлайди. Жумладан: Имом Бухорийнинг устозлари Имом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ “Мусаннаф” китобида қуйидаги ҳадиси шарифни келтирганлар:

عن علقمة بن وائل بن حجر عن ابيه قال

رأیت النبی صلى الله عليه وسلم وضع یمینه علیٰ شماله فی الصلوٰۃ تحت السرۃ

яъни: Алқама ибн Воил оталари Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйиб, киндик остига қўйганларини кўрдим”.

Бу масалада Али разияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинган:

ان من سنة الصلاة وضع اليمين علي الشمال تحت السرة

яъни: “Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, киндик остига қўйиш намознинг суннатидандир”(Имом Байҳақий ва Имом Дорақутний ривоятлари).

Ҳанафий муҳаддис Бадруддин Айний раҳимаҳуллоҳ “Умдатул Қорий”  китобларида шундай дейдилар:

قول علي ان من سنة هذا اللفظ يدخل في المرفوع عندهم و قال ابو عمر في المنتقي و اعلم ان الصحابي اذا اطلق اسم السنة فالمراد به سنة النبي صلي الله عليه السلام

яъни: Ҳазрати Алининг “намознинг суннатидандир” деганлари “марфуъ” Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган ҳадиси шариф эканлигини билдиради. Абу Умар раҳимаҳуллоҳ “Мунтақо” китобида: “Билингки, агар саҳоба “суннат” сўзини мутлақ қўлласа, бундан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ирода қилинган бўлади”, деганлар.

Бадруддин Айний ва Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳимолардан бошқа муҳаққиқлар ҳам бир овоздан “Фалон иш суннатдандир” деган истелоҳдан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари мурод эканлигини айтганлар (“Тазкиратул Ҳуффаз” китоби 48 саҳифа). Яна бир ривоятда айтилади:

عن ابى جحيفة ان عليا رضى الله عنه قال: "السنة وضع الكف على الكف فى الصلاة تحت السرة (رواه الإمام ابو داود(

яъни: Абу Жуҳайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Али разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига қўйиш – суннатдир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бу ҳадиси шариф Имом Аҳмаднинг "Муснад" китобларида ҳам келтирилган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг "Тажриду завоиди муснад ал-Баззор" китобида: “Агар ҳадиси шариф "Муснади Аҳмад"да келса, бошқа муснадларга ҳожат йўқ”, деган (“Эълоус сунан” китоби).

Бизнинг диёрларда кўп асрлардан бери мўмин-мусулмонлар Ҳанафий мазҳабига эргашиб келганлар. Лекин афсуски, кўпинча юқоридаги ҳадиси шарифлар ва уламоларимизнинг ижтиҳодларидан бехабар баъзи шахслар қўлларини мазҳабимизда суннат дейилган кўринишдан ўзгача боғлайдилар. Уларнинг баъзи қўл боғлаш ҳолати умуман бирор мазҳабда учрамайди. Масалан, ўнг қўл билан чап қўлнинг тирсагини ушлаб туриш, қўлларни боғлаб кўкрак устига қўйиш, бирор мазҳабда олинмаган. Ваҳоланки, тўрт мўътабар мазҳабдан чиқиб амал қилинмайди. Ёки бир амални ҳанафийлардан, бошқасини шофеъийлардан олиш дуруст эмас. Буни уламолар "талфиқ" (икки мазҳабни аралаштириш) дейдилар ва бундай қилган киши ҳаром амални қилган бўлади. Чунки мазҳаблардан нафси ҳавосига ёққан ҳукмларини териб олиш, шариатга эмас, нафсига эргашишдир. Бизнинг диёримизда бу хатолар ва ихтилофларнинг ечими –  масалаларни Қуръон, суннат ва салафи солиҳин олимлар усулида ҳал қилган Ҳанафий  мазҳабига эргашишдир. Маълумки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам тобеъин – салаф аждод олимлардан бири ва эргашишга энг лойиқ зотлардан. У зот билан охирги асрларда пайдо бўлган оқим раҳнамоларини асло тенглаштириш мумкин эмас. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ каби салафи солиҳ уламоларга эргашмай, мазкур кейин пайдо бўлган радикал оқим пешволарига эргашадиганлар, мўмин-мусулмонлар ўртасида битмас-туганмас ихтилофлар чиқишига сабабчи бўладилар ва бу ихтилофларнинг гуноҳини ҳам ўз зиммаларига оладилар.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни фаровон бўлишини насиб айлаб, Юртимиз мусулмонларини ота-боболаримизнинг йўллари бўлган Ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодат қилиб, тинч-тотув ва аҳл-иноқ яшашга муваффақ айласин! Омин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Динимизда қўшничилик ҳақлари” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

4235 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top