Жума мавъизалари

     بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ لله الَّذِي أَوْضَحَ لَنَا مَعَالِمَ الصِّيَامِ وَالقِيَامِ. وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ

РЎЗА – ДИННИНГ АРКОНИ

(Рўзага оид фиқҳий масалалар)

Ҳурматли жамоат! Маълумки, Рамазон ойи дунёдаги барча мусулмонлар томонидан соғинч ва катта тайёргарлик билан кутиб олинади. Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, У Зотнинг саҳобалари, тобеинлар ва солиҳ инсонлар Рамазон ойига катта эътибор бериб, бу ой келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган.

Рўза ибодати – Жаннатдаги Райён эшигининг калитидир! Жаннатга киришнинг ўзи – катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّ فِى الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ، يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لاَ يَدْخُلُ مَعَهُمْ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، يُقَالُ: أَيْنَ الصَّائِمُونَ؟ فَيَدْخُلُونَ مِنْهُ فَإِذَا دَخَلَ آخِرُهُمْ أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ

(رَوَاهُ الإِمامُ مُسْلِمٌ عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Жаннатда бир эшик бор, у Райён деб аталади. Қиёмат кунида ундан фақат рўзадорларгина кирадилар, улардан ўзга бирор киши ҳам (ўша эшикдан) улар билан бирга кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Улар ўша эшикдан кирадилар, уларнинг охиргиси кириб бўлганда, эшик беркитилади. Бошқа ҳеч ким ундан кирмайди” (Имом Муслим ривоят қилганлар).

Шарт шароитларига риоя қилиб тутилган рўза кишида тақво сифатини пайдо қилади. Лекин одам аввал қилиб юрган айбу нуқсонларини тарк қилмаса, рўзадан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ اَلزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ وَالْجَهْلَ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ

(رَوَاهُ الامام اَلْبُخَارِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

   яъни: “Ким ёлғон (гувоҳлик), унга амал қилиш ва жаҳолатни қўймаса, Аллоҳ таоло унинг оч ва ташна қолишига муҳтож эмас” (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак Рамазон ойида рўза сабабли еб-ичиш ва нафс хоҳишини тарк қилганимиз каби, бошқа аъзоларимиз ҳам рўза тутиши – гуноҳлардан тийилиши шартдир. Кўзнинг рўзаси – ҳаромга қарашдан тийиш, қўлоқнинг рўзаси – ҳаром нарсаларни эшитишдан тийиш, тилнинг рўзаси – гуноҳ сўзлар (ёлғон, бўҳтон, ғийбат ва ҳаказолар)дан тийишдир. Худди шундай бошқа аъзоларни ҳам гуноҳ ва ўзгаларга озор беришдан тийиш керак. Ана шунда тақвонинг моҳиятига етилади, рўзанинг самараси кўринади.   

Айниқса кишига тилидан кўп офатлар келади. Жумладан, ёлғон, ғийбат ва бекорчи гаплар ҳар доим ҳам одамга гуноҳ олиб келади. Бу ҳақда Расули акрам алайҳиссолату вассалом:

لَمّاَ عُرِجَ بيِ مَرَرْتَ يَقَوْمٍ  لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُخَاسٍ يَخْمَشُون وُجُوهَهُمْ وَصُدُرَهُمْ فَقُلْتُ مَنْ هَؤلاء يَا جبرائيلُ قال هؤلاء يأكلونَ لحومَ الناس ويقعونَ في أغرَاضهم

(رواه الامام أبو داود)

яъни:Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: “Эй Жаброил, улар ким?” деб сўрадим. У: “Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар,   деб жавоб берди, – деб кўрганларини ҳикоя қилиб берганлар  (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Шунингдек, рўзадор киши назарини Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийиши керак.  Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

يَا عَلِيُّ لا تُتْبِعْ النَّظْرَةَ النَّظْرَةَ فَإِنَّ لَكَ الأُولَى وَلَيْسَتْ لَكَ الآخِرَةُ

(رواه الْإِمَامُ الترمذي عن جابر رَضِيَ اللَّهُ عنهُ)

яъни: “Ҳой Али биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Чунки биринчиси сен учун (яъни, беихтиёр бўлгани учун унга жавобгар эмассан) иккинчиси эса сени зиёнинггадир” дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

            Демак, Рамазон ойида гўзал хулқлар ва чиройли сифатларга одатлансак, албатта, бу хислатлар бизга йил давомида ҳамроҳ бўлади. Ёмон хислатлардан фориғ бўлиш учун эса Рамазон ойи айни муддаодир.

Муҳтарам азизлар! Рўза тутишни савоби кўплиги ва фазилатлари ҳақида бундан бошқа кўплаб ҳадиси шариф ва уламоларнинг ўгитлари мавжуд. Шундай экан, рўзадорларга ваъда қилинган савобларга эришиш учун киши имкон қадар рўзага оид масалаларни билиши керак. Шуни инобатга олиб, суҳбатимиз давомида рўза ибодатига оид юртдошларимиз томонидан энг кўп сўраладиган масалаларга тўхталамиз:

  • Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, “рўзани ният қиламан” деса, нияти ҳам, ўша куни тутадиган рўзаси ҳам нотўғри бўлади. Шундай экан, Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин.
  • Рўзадор киши унутиб еса ёки ичса, рўзаси очилмайди, лекин рўзадорлиги ёдига келган заҳоти еб-ичишдан тўхтайди, ҳатто оғзида чайнаб турган луқмани ҳам ютмайди.
  • Рўзадор киши мушк, атир ва бошқа хушбўйликларни ҳидлаш билан рўзаси очилмайди.
  • Рўзадор киши қон олдириши ёки бировга қон бериши мумкин. Агар қон олдириш рўзадорни ҳолсизлантириб қўядиган бўлса, макруҳ бўлади. Бундай ишларни оғиз очгандан кейинга қолдирган яхшироқ.
  • Қасддан қайт қилмаса, рўза очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса, оғиз тўла бўлса, рўза очилади; оғиз тўла бўлмаса, очилмайди. Таом оғзига келиб, сўнг беихтиёр қайтиб кетса, рўза очилмайди.
  • Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, макруҳ бўлса-да, рўза очилмайди, лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юбормасдан, оғзидан чиқариб юбориши даркор, акс ҳолда рўза очилади (“Раддул муҳтор”).
  • Эҳтилом, яъни уйқуда булғаниш, рўзани бузмайди. Чунки, у ўз ихтиёри билан бўлмаган. Бундай ҳолатда рўзадор киши тезда ғусл қилиб, рўзасини давом эттиради.
  • Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз ёки нифос қони келиб қолса, рўзаси очилади ва қазосини тутиб бериши зиммасига лозим бўлади.
  • Ёнбош ёки тери остига (озуқа ва қувват бермайдиган) укол олиш билан рўза бузилмаслигига уламолар якдил фикр билдирганлар. “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. Одатий йўллардан бошқа жойлардан терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (гарчи томирдан чақсада), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида тери орасидан ичкарига сув ўтиши, рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилганлар”.

Коронавирусга қарши эмлашга келсак, у ҳам тери ости ва мушакка қилинадиган уколлардан бири. Бунинг устига озиқлантирувчи эмас. Юқоридаги фатво ва ҳозирги кундаги дунё Фатво уюшмаларининг фатволарига биноан рўзадор ҳолда эмланиш рўзани бузмайди.

  • Уламоларнинг кўпчилиги томир орқали қилинган укол рўзани бузади деганлар.
  • Кўзга дори томизилса, рўзани очмайди (“Фатовои ҳиндия”). Замонавий тиббиёт кўздан димоққа йўл борлигини исботлаган. Шунинг учун бу ишни эҳтиётан, ифтордан кейинга қолдирган маъқул.
  • Бурун, қулоқ, орқа аврат каби аслий йўллардан суюқлик, дори томизиш, клизма туфайли ичкарига ёки мияга бирор нарса етиб борса, рўза очилади (“Бадойиус санойе”).
  • Сепиладиган ёки тил остига қўйиладиган дорининг ўзи ёки оғиз суви билан аралашгани ичга кетиши билан, рўза очилади. Ичга кетмай, фақат оғизда қолганида рўза очилмайди. Дори таъмини сезиш сабабли юрак тинчланиши ва махсус асбоб (пульверизатор) билан оғизга совуқ ҳаво юборилиши, рўзани очмайди.
  • Нафас қисиши ва бошқа касалликларда ишлатиладиган аэрозоллар, агар газ кўринишида бўлса, рўзани очмайди. Агар суюқ дорилар кўринишида бўлса, томоқдан ўтса рўзани бузади. Рўзадор киши бурни битиб қолиб, нафас йўлларини очишига зарурат туғилса, уламоларимиз бурун четига суртиладиган мазлардан фойдаланишни тавсия қилганлар.
  • Турли суртма дорилар ва шу каби воситаларни баданга суртиш билан рўза очилмайди.
  • Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган. Бу йилги фидя миқдори 25 000 (йигирма беш минг) сўм деб белгиланди.
  1. Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.
  2. Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар (“Баҳрур роиқ”).
  • Рўзани қасддан бузиш асло мумкин эмас! Бу катта гуноҳ бўлади! Рўзадор киши кундуз куни, қасддан жинсий алоқа қилса ёки еб-ичса рўзаси бузалида ва каффорат вожиб бўлади.

Муҳтарам жамоат! Яқин кунларда 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” ҳам етиб келади. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан қатағон даври қурбонлари ва Ватан озодлиги, халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга олиб, руҳларига Қуръон тиловат қилиб, ҳақларига дуои хайрлар қиламиз.

Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши даврида 538 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Ватан ҳимоясида мардларча ҳалок бўлган. 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетган.

Мўмин-мусулмонларга Ватанни севиш Муҳаммад алайҳиссаломдан мерос ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан Мадина шаҳрига чиқиб кетаётганларида тўхтаб, орқаларига қараб: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида сендан бошқа жойда яшамас эдим”, - деб ноиложликдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларини изҳор этганлар (Имом Термизий, 3926-ҳадис).

Жумҳур уламолар ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмас, балки қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ифода этиши лозим эканини таъкидлайдилар:

- Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;

- жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларга яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);

- Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб-асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш ва ҳ.к.);

- Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.

Аксинча, ислом дини ватанфурушликни қаттиқ қоралайди. Бундай ҳаракатлар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин: давлат ва жамиятга хиёнат килиш, ўз шахсий манфаатларини кўзлаб иқтисодий, сиёсий ва бошқа жосуслик фаолияти билан шуғулланиш, душман томонига ўтиб ўз халқи, мамлакатига қарши кураш олиб бориш, қўпорувчилик ишлари билан шуғулланиш, турли диний мутаассиб ва экстремистик ғоялар таъсири остида оиласи, Ватанидан воз кечиш, оммавий, жумладан, Интернет орқали киндик қони тўкилган заминга нисбатан бўҳтон ва иғво тарқатиш, фитна чиқариш ва ҳоказолар.

Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим” (Имом Бухорий, 3188-ҳадис).

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўтганларимизни ҳар доим эслаб, ҳақларига дуода бўлишимиз – биз тирикларни вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

اُذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتاكُمْ وكُفُّوا عَنْ مَساوِيهِمْ

(رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”  (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Кейинги пайтларда тиловати Қуръоннинг савоби ўтганларга етмайди деган хилоф чиқарилмоқда, ваҳоланки, саҳобаи киромлар даврларидан бери Қуръон ўқиб савобини бағишлаш мавжуд. Закариё Ансорий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал‑Лубоб” китобларида: “Тиловатнинг савоби ўлганга етишига далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўқиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Бинобарин, бунга ижмоъ бўлган”, – деганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари маййитга ҳам, тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. “Ҳидоя”, “Бадоиъ”, “Баҳр” ва бошқа китобларда бу ҳақда баён қилинган.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойининг фазилатларидан тўлиқ фойдаланиш учун тавфиқ бериб, Ўзининг севимли, соим ва қоим бандаларидан бўлишимизни насиб айласин! Омин! 

 

Муҳтарам имом-домла! Келаси жума маърузаси “Ижтимоий одоблар: Кечиримли бўлиш – мўминга хос фазилат” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.

3434 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top