Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ойларнинг сони ўн иккита қилиб яратилгани, булар биргаликда йил ҳисобини ташкил этиши Қуръони каримда баён қилинган. Ушбу ойларнинг тўрттаси уруш ҳаром қилинган ҳурматли ойлардир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ ...

яъни, “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда ўзингизга зулм қилмангиз!” (Тавба сураси, 36-оят).

Эътибор қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло “Бас, ўша (ой)ларда ўзингизга зулм қилмангиз!” деяпти. Яъни, бу ойларда гуноҳ ва масъият ишларини қилиб ўзингизга зулм қилманг. Аслида, бошқа ойларда ҳам гуноҳлардан тийилишимиз лозим. Лекин айнан бу ойларнинг ҳурматини поймол қилиб, қилинган гуноҳ янада каттароқ ҳисобланади. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.

Ушбу оятда зикр қилинган уруш ҳаром бўлган ҳурматли ойлар муҳаррам, зулҳижжа, зулқаъда ва ражаб ойларидир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الزَّمَانُ قَدْ اسْتَدَارَ كَهَيْئَتِهِ يَوْمَ خَلَقَ اللَّهُ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضَ السَّنَةُ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ثَلَاثَةٌ مُتَوَالِيَاتٌ ذُو الْقَعْدَةِ وَذُو الْحِجَّةِ وَالْمُحَرَّمُ وَرَجَبُ مُضَرَ الَّذِي بَيْنَ جُمَادَى وَشَعْبَانَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

яъни, Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замон (Аллоҳ таоло) осмонлару ерни яратган кунидагидек ҳолатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Шулардан тўрттаси ҳаром ойлари бўлиб, учтаси кетма-кетдир: зулҳижжа, зулқаъда, муҳаррам ва жумадо (охир) билан шаъбон ўртасидаги Музорнинг ражабидир”, дедилар”. (Бухорий ривоят қилган).

Замоннинг қайтишидан мурод – жоҳилият даврида ўзгартириб юборилган ойлар ўз жойига қайтарилганидир. Музорнинг ражаби дейилишидан мурод – жоҳилиятда Музор қабиласи ражаб ойини бошқалардан кўра кўпроқ улуғлагани учундир.

Муҳтарам жамоат! Бугунги жума суҳбатимиз ҳижрий-қамарий тақвимнинг еттинчи ойи яъни, Жумодол-охир билан Шаъбон ойи ўртасида бўлмиш Ражаб ойи ҳақида бўлади. Бу ойнинг фазилати шундаки, баъзи ривоятларга кўра, нубувватнинг ўнинчи йили ушбу ойнинг йигирма еттинчи кечаси машҳур Исро ва Меърож воқеаси содир бўлган. Исро ва меърож воқеаси Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларига далолат қилувчи нодир ҳодисалардан ҳисобланади.“Исро” луғатда “тунги сайр” маъносини билдиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Масжидул-Ҳаромдан Масжидул-Ақсога боришлари ҳодисаси “Исро” дейилади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آَيَاتِنَا إِنَّه هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

яъни, “(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи)дир”. (Исро, 1). Расулуллоҳнинг Исро ва Меърожларини ҳақ деб билиш имон шартларидандир. Ким Исро ҳақидаги оятларни рад этса, кофир бўлади

“Меърож” сўзи луғатда “Зина” деган маънони билдиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом уйғоқликларида жасадлари билан осмонга ва ундан Аллоҳ таоло хоҳлаган жойга чиққанлари воқеаси «Меърож» дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожларига ишониш Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидасининг муҳим қисмидир. Меърожда мусулмонларга беш вақт намоз ўқиш фарз қилинди. Нима учун тўғридан-тўғри Маккадан меърожга кўтарилмасдан, Байтул-Мақдисга бориб, сўнгра кўтарилган дейилса, унга шундай жавоб берилган: “Байтул-Мақдисга олиб борилишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож ҳақидаги сўзларининг рост эканини тасдиқлаш ҳикмати бор. Чунки Қурайш қабиласи Байтул-Мақдиснинг васфини сўраганида, у зот Байтул-Мақдисни васфлаб, ҳатто йўлда кетаётган уларнинг карвони ҳақида ҳам гапириб берганлар. Агар у зотнинг самога кўтарилиши Макканинг ўзидан бўлганда, бу нарса ҳосил бўлмас эди”. Меърож воқеасида биз учун энг аҳамиятли бўлган нарса динимизнинг устуни бўлган беш вақт намознинг фарз бўлганидир.

Муҳтарам жамоат! Бу ой муҳаррам-ҳурматли ойлардан бўлгани учун бу ойда имкон қадар хайрли амалларни кўпроқ қилишимизга тарғиб қилинган. Аслида, бу ой Рамазон ойи учун тайёргарлик ойидир. Бу ой ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ، قَالَ: "اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ". (رواه البيهقي والطيراني

яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана, ва баллиғна рамазона”, дер эдилар” (Байҳақий ва Тобароний ривояти). Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака ато қилгин ва бизларни Рамазон ойига етказгин!”.

Биз Ражаб ойида асосан Рамазон ойи учун тайёргарлик кўриб борамиз. Рамазон ойида муваффақият қозониш учун ундан олдинги ойларни хусусан Ражаб ва Шаъбон ойларини катта тайёргарлик билан ўтказишимиз керак бўлади.

Муҳтарам жамоат! Биз бу ойни солиҳ амалларга тарғиб қилинган ой дейишимиз билан бирга бу ойда муайян хос ибодатлар саҳиҳ ҳадислар орқали нақл қилинмаганини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозимдир. Яъни, бу ойда қиладиган ибодатларимиз ихтиёрий нафл ибодатлардир. Шунинг учун “фалон кечада юз ракат намоз ўқиш керак” каби асли бўлмаган ривоятларга таяниб ибодат қилмайлик. Агар шундай қилсак, бидъат ишни қилган бўламиз ва савоб ўрнига гуноҳ орттириб оламиз. Аксинча, биз ихтиёрий равишда, намоз, рўза, хайри эҳсон, силаи-раҳм, поклик, қўшнилик ҳақлари каби солиҳ амалларни кўпайтириб амалга оширайликки, ортидан келаётган Рамазон ойига тайёргарлик бўлиб борсин! Бизнинг динимиз енгиллик динидир. Ислом динида қаттиқлик, оғирлик, қийинчилик ва бандани танг аҳволга тушириб қўйиш йўқдир. Бу Исломнинг гўзаллигидандир. Бандаларнинг дин номи билан турли-туман қийинчиликларга дуч келаётганлари уларнинг динни яхши англамаслиги ва динга бидъат-хурофатларни аралаштириб юборганлигидандир.  Чунки Қуръони каримни ўқийдиган бўлсак, унинг қанчалар енгил дин экани, инсониятни бахтли ҳаёт кечириши учун керакли таълимотни берганига гувоҳ бўламиз. Қуръони каримнинг бир қанча оятлари  сўзимизга далил бўлади. Жумладан:

 

وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ

яъни, “Динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).

Яна бир оятда эса шундай дейилган:

مَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ حَرَجٍ وَلَكِنْ يُرِيدُ لِيُطَهِّرَكُمْ وَلِيُتِمَّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ       

яъни, “Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик (пайдо) қилишни раво кўрмайди, аксинча, сизларни поклаш ва неъмат(лар)ини сизларга мукаммал беришни хоҳлайди, шояд шукр қилсангиз”. (Моида сураси, 6-оят).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам диннинг енгиллик дини экани ҳақида шундай деганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الدِّينَ يُسْرٌ وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إِلَّا غَلَبَهُ فَسَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَأَبْشِرُوا وَاسْتَعِينُوا بِالْغَدْوَةِ وَالرَّوْحَةِ وَشَيْءٍ مِنْ الدُّلْجَةِ.) رَوَهُ الْبُخَارِيُّ

яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бу дин осонликдир. Ким динда ашаддийлашса, (дин) уни енгмай қўймайди. Тўғриликни лозим тутинглар, (ҳеч бўлмаса, шунга) яқин бўлинглар ва хушхабар беринглар. Эрталаб, тушдан кейин ва туннинг охирида (ибодатга Аллоҳдан) ёрдам сўранглар”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Мазкур оят-ҳадислардан кўриниб турибдики, динимиз енгиллик динидир. Динимизни тўғри англаб етсак, унга мувофиқ ҳаёт кечирсак, ҳамда ҳар хил бидъат-хурофатларга берилмасак, саодатга қисқа ва осон йўл билан борган бўламиз.

Муҳтарам имом-хатиб жаноблари! қуйидаги иловага эътибор қаратишин-гизни сўраймиз:

Жума тезисига илова

 

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ЭТАЙЛИК!

 

Муҳтарам жамоат! Ҳаммаларимизга шу нарса яхши маълумки, ҳозирги вақтда жаҳондаги барча давлатларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, авто-улов ҳайдовчилари ва пиёдаларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган қонун-қоидаларни мукаммаллаштириш ва уларга жиддий риоя этиш энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Бу ҳақда кўплаб халқаро анжуманлар ўтказилмоқда, маҳаллий шароитларда авто улов ва йўл хавфсизлиги ойликлари мунтазам ўтказилиб, уларда кенг миқёсда ҳайдовчилар ва пиёдаларга тааллуқли қонун-қоидаларга амал қилиш тартиблари шу соҳа масъуллари ва мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда. Айниқса мактаб ўқувчилари ўртасида катта тушинтириш ишлари олиб борилмоқда, зеро ҳар бир фуқаронинг омонлиги, тинчлик ва осойишталик ҳамда хавфсизлиги давлатимизнинг муҳим ижтимоий-сиёсий вазифаси ҳисобланади.

Ислом таълимотида руҳий-маънавий ва ижтимоий хаётнинг барча соҳаларида тартиб-низом ва қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш ва ман этилган ҳар қандай ишдан узоқ бўлиш алоҳида таъкидланган.

Муҳтарам жамоат! Йўлдаги тош, сим, шиша каби йўловчиларга зарар етказувчи нарсаларни четга олиб ташлаш ҳам имоннинг бир бўлаги ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Йўлдан одамларга азият берадиган нарсаларни олиш садақадир”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Одобли инсон бошқаларга озор бермаслиги учун йўлни тўсмайди балки йўл беради ва уни ҳурмат қилади.

Одамлар гавжум жойларда яъни, бозорлар, спорт мажмуалари, тўйхоналар, шунингдек, жума намози вақтида баъзи инсонлар авто уловларини йўлнинг қатнов қисмига тартибсиз қўйиб кетишлари оқибатида йўл ҳаракатларига қийинчиликлар туғдирмоқда. Масалан тез тиббий ёрдам ва ўт ўчирувчи машиналар йўлини тўсиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Кўплаб масжидларимиз атрофида жума намозлари вақтида автомашиналарни кўчанинг ҳаракат қисмида қолдириб кетиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Азизлар, ниятимиз Аллоҳнинг фарзини бажариш экан, унгача яратганга хуш келмайдиган ишни қилмайлик. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن عبدِ الله بن عمرو بن العاصِ رضي الله عنهما، قَالَ: قَالَ رسولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «المُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ المُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ...» (رواه البخاري و مسلم

яъни, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, дедилар.

Кўчада қанча муҳим ишлар, хусусан инсон тақдирига боғлиқ масалаларда ҳаракатланаётган юртдошларимизга зарар бериб, гуноҳга ботмайлик.

Шунингдек, ҳайдовчилар йўл қоидаларини бузмасликлари, йўл белгиларига қатъий риоя қилиб тезликни белгиланган меъёрдан оширмасликлари зарур. Акс ҳолда нафақат ўзига балки бошқа инсонларга ҳам оғир зарар ва кулфат етказиб қўйиши мумкин эканлигини унутмайлик.

Аллоҳ таоло огоҳлантириб амр этади:

...وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ ...

яъни: “... ўз қўлларингиз (бахиллигингиз)  билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...” (Бақара, 195).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонга моддий ва маънавий зарар берадиган тезликдан, ҳатто у катта савоб бўладиган ибодат соҳасида бўлса ҳам қайтарганлар. У зот марҳамат қилиб айтадилар:

" ايها الناس عليكم بالسكينة فانَّ البرَّ ليس با لايضاح" اي الإسراع (رواه البخارى

яъни: “Эй одамлар хотиржамликни лозим тутинглар. Чунки яхшилик шашқолоқлик билан амалга ошмайди”.

Бунга айниқса йўл чироқ (Светафор) ишораси рухсат бермай туриб, йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдалар, муайян ишорани кутишга сабри чидамайдиган айрим авто улов ҳайдовчилари яхши эшитиб олишлари ва амал қилишлари зарур. Дарҳақиқат, бир оз сабр қилиб кутиб турсангиз, ҳаётингизни хатардан сақлаган бўласиз. Зеро, оҳисталикда-саломатлик, шошилишда надомат бўлади, деб бежизга айтилмаган.  !

Аллоҳ таоло барчамизга динимизни тўғри англаб етишни муваффақ айласин! Ражаб ойини барчамизга хайрли қилсин! Жаннатмакон юртимизни тинч-омон, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин! Ватанимизда амалга оширалаётган ислоҳотларга Аллоҳ таоло барокатлар ато қилсин! Омин!

7655 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top