Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا" وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الَّذِي قَالَ: "أَكْرِمُوا أَوْلَادَكُمْ وَأَحْسِنُوا آدَابَهُمْ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ أَمَّا بَعْدُ.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ, ЁШЛАРНИНГ ИЛМ-МАЪРИФАТГА ЭЪТИБОРИНИ ҚАРАТИШ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, фарзанд неъмати Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат бўлиб, ҳар бир ота-она бу неъматни қадрига етиб, ҳаққини адо қилиши зарурдир. Динимизда фарзанд тарбиясига катта аҳамият берилган бўлиб, уни фарзанд ҳатто дунёга келмасидан олдин бошлаш керак экани бир қанча китобларимизда баён қилинган.

Муқаддас динимиз отанинг зиммасига фарзанди дунёга келишидан олдин бир қанча вазифаларни юклаган. Қуйида улардан баъзисини баён қиламиз:

  1. Бўлажак фарзанд учун одоб-ахлоқли, дину диёнатли она танлаш. Чунки фарзанд тарбиясига отадан кўра онанинг таъсири кўпроқ экани барчамизга маълум. Сабаби – оталар кўпроқ вақтларини оиласининг моддий таъминоти учун кўча-кўйда ўтказадилар. Фарзанд эса кўпроқ онаси билан уйда қолади. Фарзанд ким билан кўпроқ мулоқотда бўлса, табиийки ўшанинг таъсири катта бўлади.  Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада шундай деганлар:

تَخَيَّرُوا لِنُطَفِكُمْ فَانْكِحُوا الْأَكْفَاءَ

(رواه الإمام ابن ماجه عن عائشة رضي الله عنها)

яъни: “Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинглар!” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, фарзанд одоб-ахлоқли бўлиши учун унинг биринчи суҳбатдоши бўлмиш – онасини ҳусни хулқли ва солиҳасини танлаш отанинг бурчи экан.

  1. Эр-хотинлик муомаласидан олдин ота ҳадиси шарифда келган дуони ўқиши керак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Агар сизлардан бирингиз ўз аёлига яқин келишни хоҳласа: “Бисмиллаҳи, Аллоҳумма жаннибнаш шайтона ва жаннибиш шайтона маа розақтанаа” десин. Шундай муомаладан кейин Аллоҳ уларга фарзанд тақдир қилган бўлса, ўша фарзандга шайтон ҳеч қачон зарар бера олмайди” (Имом Бухорий ривоятлари).

  Уламоларимиз айтадиларки, “бисмиллоҳ” билан бўлган фарзандни шайтон маълум миқдорда васваса қилиши мумкин, лекин ҳеч қачон уни буткул ўзига бўйсиндира олмайди.

  Демак, фарзандни шайтон васваса қилмаслиги учун отанинг ҳиссаси жуда катта экан.

  1. Ҳомиладор бўлган онага ҳалолдан едириш – отанинг зиммасидаги фарзанд учун бажариши керак бўлган вазифалардан биридир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар:

لَا يَرْبُو لَحْمٌ نَبَتَ مِنْ سُحْتٍ إِلَّا كَانَتْ النَّارُ أَوْلَى بِهِ

(رواه الإمام الترمذي عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Қайси гўшт ҳаромдан улғайса, жаҳаннамга киришга лойиқ бўлади” (Имом Термизий ривоятлари).

Маълумки, ҳомила она озуқасидан ривожланади. Шунинг учун онанинг луқмаси ҳомилага албатта таъсир қилади. Шундай экан, ҳомиладор она истаган нарсасини ота олиб келишда биринчи навбатда ҳалол эканига эътибор қаратиши айни муддаодир.

 Динимиз отанинг зиммасига фарзанди дунёга келгандан кейин бир қанча вазифаларни юклаган. Қуйида улардан баъзисини баён қиламиз:

  1. Ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтиш. Агар ота буни ўзи бажара олмаса, бошқа кишини ўзидан вакил қилса ҳам бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмайди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Умму Сибён – болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир. Унинг қиладиган иши гўдакларга зарар етказишдан иборат. Аммо боланинг қулоғига азон ва такбир айтиб қўйилса, мазкур жин болага зарар етказа олмай қолади. Бундан ташқари, янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса Аллоҳнинг зикри бўлиши қандай ҳам яхши. Шунингдек, азон ва такбир боланинг қалбига, бутун вужудига яхши таъсир қилишидан умидворлик ҳам бор.

  1. Фарзандга маъноли ва чиройли исм қўйиш ота-онанинг бурчларидан биридир. Фарзанд келажакда ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ

رَوَاهُ الإمام أحْمَدُ عَنْ أَبِى الدَّرْدَاءِ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ

яъни: “Қиёмат кунида ўз исмингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун фарзандларга чиройли исм қўйинглар!” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмларнинг яхшиси – бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир”, – деганлар. Шунинг учун, “Аллоҳ таолога бандалик” маъносини англатувчи Абдуллоҳ, Абдураҳмон ва “Аллоҳ таолога ҳамд” маъносини англатувчи Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.

Шунингдек, Пайғамбарлар, саҳобалар ва тобеинлар каби улуғ зотларнинг исмлари  ҳам  қўйишга тавсия қилинган яхши исмлар ҳисобланади.

Қизларга ҳам ўтган улуғ момоларимиз, саҳобия аёллар ва “эзгулик” маъносини англатувчи исмларни қўйиш тавсия қилинади.

  1. Ота имкониятга қараб фарзандига ақиқа қилиб бериши. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَعَ الْغُلاَمِ عَقِيقَةٌ، فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا، وَأَمِيطُوا عَنْهُ الأَذَى

رَوَاهُ الإمام  البخاري سَلْمَانُ بْنُ عَامِرٍ الضَّبِّىُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ

яъни: “Янги туғилган болага ақиқа қилиш бордир. Унинг учун қон чиқаринг ва ундан нопокликни кетказинг” (Имом Бухорий ривоятлари).  

Шариатимизга кўра, ақиқани кўриниши шуки, бола туғилганидан кейин еттинчи куни унинг сочи олинади ва ўша сочни оғирлигича тилла ёки кумушнинг  қиймати миқдорича фақирларга садақа қилинади.

Кейин хоҳловчилар болани бошига заъфарон суртишлари мумкин. Сочи олингандан кейин унинг номидан жонлиқ сўйилади.

Ақиқа кунини таъйин қилиниши борасида Оиша разияллоҳу анҳо шундай деганлар: “Ақиқа еттинчи куни бўлсин. Агар еттинчи куни бўлмаса, ўн тўртинчи куни бўлсин. Агар ўн тўртинчи куни ҳам бўлмаса, йигирма биринчи куни бўлсин” (Имом Ҳоким ривоятлари). Уламоларимиз айтадиларки, мана шу кунларда ақиқа қилишга отанинг молиявий имконияти бўлмаса, қачон қодир бўлса, ўша пайтда ақиқа қилиши мумкин.

Шу билан бирга ота ёш боласини солиҳ ва тақводор киши ҳузурига олиб бориб, танглайини кўтариши ҳам марғуб ишлардандир. Танглай кўтариш дегани – солиҳ ва тақводор киши бир хурмо ёки ширин мевани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, деярли, доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар.

  1. Чиройли таълим-тарбия ва одоб-ахлоқли қилиб фарзандни тарбиялаш ҳам ота-оналарнинг бурчларидандир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай марҳамат қилдилар:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, ота-она ва фарзанд тарбиясига масъул бўлган шахслар ёш авлодни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратишлари – динимиз талабидир!

Азизлар! Ҳозирги кунда фарзандларимиз мактабдан таътилга чиқмоқдалар. Мана шу пайтдан ҳам унумли фойдаланиб, ёшларимизни касб-ҳунар, тил курслари каби фойдали тўгаракларга йўналтиришимиз – айни муддаодир. Шу билан бирга таътил пайтида фарзандларимиз кимлар билан дўстлашяпти ва бўш вақтларини кимлар билан ўтказяпти шуларга ҳам алоҳида эътибор бериб қўйишимиз керак бўлади.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Ислом динида “илм” деганда “диний” ва “дунёвий” илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда:

خَيْرُكُمْ مَنْ لَمْ يَتْرُكْ آخِرَتَهُ لِدُنْياهُ ولا دُنْياهُ لآخِرَتِهِ ولَمْ يَكُنْ كَلاًّ على النَّاس

(رواه الإمام الديلمي)

яъни: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирмаганидир” дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

Муҳтарам азизлар! Баъзида интернет хабарларида ўқувчилар ўз устозларига ҳурматсизлик қилишлари, ҳатто охирги пайтларда қўл кўтаришларини ҳам кузатмоқдамиз. Бу халқимиз келажаги учун офат эмасми, неча асрлик тарихимизда бундай ҳолатлар ҳеч кузатилганми?! Шуни таъкидлаш керакки, устозини ва илм масканини ҳурмат қилмаган талаба ва ўқувчига ҳаргиз фойдали илм юқмайди ва ҳаётда барака топмаслигини тажрибадан кўриб турибмиз.

Фарзандларимизга устозлар ва ўқитувчиларнинг ҳурматларини жойига қўйиб, эҳтиром билан муомала ва муносабатда бўлишларини ҳам ўргатишимиз керак. Ваҳоланки, тарихда ўтган ва ҳозирги кунда машҳур ва маълум алломаларнинг ҳаётларига эътибор берадиган бўлсак, улар устозларини жуда юксак даражада эҳтиром қилган, натижада устозларини илмлари ва дуоларини олганлар. Масалан, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди”.

Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Уларнинг на манзили, на шахси, на устози, на мазҳаби маълум! Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулу кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.

Муҳтарам жамоат! Маърузамиз давомида ҳозирги кунда долзарб масалалардан бири бўлган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳақида суҳбатлашамиз. Сабаби, хабарингиз бор, охирги пайтларда баъзилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида бир қанча кишилар вафот этмоқда ёки бир умрга ногирон бўлиб қолмоқда.

Ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради! Зеро инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг барчаси йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим бўлади. Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади.

Исломнинг асосий қоидаларидан бири ҳисобланган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

لَا ضَرَرَ وَلَا ضِرَارَ

яъни:Исломда зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ(Имом Байҳақий ривоятлари). Ушбу шаръий қоидага кўра, ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади. Фақат ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно ҳисобланади.

Ислом Фиқҳи Академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси каби фатво идоралари ва жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш – вожиб экани ҳақида хулоса берганлар. Демак, юқоридаги сабабларга кўра йўл қоидаларига амал қилишнинг лозимлиги ҳамда уни бузганларга молиявий жазолар қўллаш жоизлиги келиб чиқади.

Йўллардаги бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти тезликни ошириш ва қарама-қарши йўлга чиқиш оқибатида содир бўлмоқда. Бунинг сабаби, биринчи навбатда – шошқалоқликдир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда саҳобаларни шошқалоқликдан қайтариб келганлар ва ҳадиси шарифларидан бирида: “Босиқлик – Аллоҳдан, шошқалоқлик – шайтондандир”, деганлар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Тезликни чеклашда асосан ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳаётини сақлаш назарда тутилади. Ҳайдовчининг бу чекловни бузиши ўзининг ва бошқаларнинг ҳаётини хатарга қўйиш бўлади. Шу боис қатор фатво марказлари ва уламолар, жумладан, Саудия Арабистони уламолари рухсат этилган тезликдан юқори тезликда ҳаракатланиш оқибатида рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ҳайдовчи ўз жонига қасд қилган бўлади, деб фатво берган.

Шундай экан, мусулмон кишини йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши кузатув камералари ёки йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлинмалари ходимлари назорат қилаётгани учун эмас, Ислом шариатининг талаби деб эътиқод қилган ҳолда бажариши керак! Шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилиб, барчамизни тўғри йўлда бардавом айлаб, турли бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин! Омин!

 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Ақидада адашмайлик” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

 

 

3893 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top