Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، نَبِيِّ الرَّحْمَةِ وَرَسُولِ السَّلاَمِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ

СОЛИҲ АМАЛ – ҚАЛБ ЛАЗЗАТИ

Муҳтарам жамоат! Мўмин-мусулмон киши имкон қадар ҳаётининг ҳар лаҳзасини эзгу ва савобли амаллар, хайрли ишлар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи керак. Чунки умр қисқа бўлиб, уни қачон тугаши ва ажал қачон келишини ҳеч ким билмайди. Солиҳ амал – барча турдаги яхши ишларни қилиш, одамларга фойда келтириш, уларга хайру эҳсон қилиш, Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюрган амалларни пухта ва тўла-тўкис бажариш каби амаллардир. Шундай экан, бу ғанимат умрни қадрига етиб, қўлимиздан келгунича ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб, ёрдам бериб, ҳаётлик пайтимизда кўплаб хайрли ва савобли амалларни қилиб, охиратимизга захира қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

 الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا

яъни:(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир (Мулк сураси 2-оят).

         Солиҳ амал қилиш – кишини икки дунёда зафар топиб, ёқимли ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган:

 مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً

وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

яъни: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси 97-оят).

Дарҳақиқат, эзгу амал қилувчи солиҳ мўмин бу дунёда бой ёки камбағал ҳолда яшамасин, барибир, унинг ҳаёти ўзига ёқимли ва мақбулдир. Бой бўлгандаги ҳолати маълум, борди-ю, у фақирликда яшаётган бўлса ҳам, унда яна бир катта бойлик – қаноат борки, у туфайли ғам-ташвиш тортмайди. Аммо, эзгу амаллардан узоқ кимсага қийин, у ҳар икки ҳолатда ҳам ғам-ташвишдан холи эмас – камбағаликка сира тоқат қила олмайди, ҳар кўйга кириб бўлса ҳам, бойлик орттириш илинжида жони ҳалак. Агар у бойиб кетса, бойлигини эзгулик ва савоб йўлига сарф этмайди, балки бахиллик ва туғён балосига мубтало бўлиб, турли фойдасиз амаллар билан азиз умрини ўтказади. Бу дунёда бойликни асраш ташвиши, охиратда эса ҳисоб-китоб учун Аллоҳнинг ҳузурида туриши унга машаққат устига машаққатдир. Лекин бой бўлиш билан бирга, имон-эътиқодли, аҳли солиҳ бўлса, нур устига нур бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

﴿قَالَ اللَّهُ تَعَالَى: أَعْدَدْتُ لِعِبَادِي الصَّالِحِينَ، مَا لَا عَيْنٌ رَأَتْ، وَلَا أُذُنٌ سَمِعَتْ، وَلَا خَطَرَ عَلَى قَلْبِ بَشَرٍ

яъни: “Аллоҳ таоло: “Солиҳ бандаларимга жаннатда шундай неъматларни таёрлаб қўйдимки, уларни бирор кўз кўриб, қулоқ эшитиб, инсон қалби ҳис этмагандир”, деди” (Муттафақун алайҳ).

            Эзгу ва савобли амал қилган кишини жаннатдаги мартабаси баланд бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

 وَمَنْ يَأْتِهِ مُؤْمِنًا قَدْ عَمِلَ الصَّالِحَاتِ فَأُولَئِكَ لَهُمُ الدَّرَجَاتُ الْعُلَى

яъни: “Кимки у зотга (Аллоҳ ҳузурига) яхши амалларни қилиб, мўмин ҳолида келса, бас, ана ўшалар учун юксак даражалар, бордир” (Тоҳа сураси 75-оят).

Шунингдек, динимизда шундай амаллар борки, уларни қилган кишининг мартабаси Аллоҳнинг ҳузурида баланд бўлади. Улар, етимларга ғамхўрлик қилиш, муҳтож ва мазлумларга ёрдам бериш, қийналиб қолган кимсаларни қийинчиликдан қутқариш, қарздорларга қарзини узишда кўмаклашиш, одамларга озор берадиган нарсаларни бартараф қилиш каби ишлардир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашимизга тарғиб қилиб бундай деганлар:

أيُّها الناسُ أفشوا السلامَ وأطعِموا الطعامَ وصِلُوا الأرحامَ وصَلُّوا بالليلِ والناسُ نيامٌ تدخلوا الجنةَ بسلامٍ

 (رواه الإمام ابن ماجه عن عبد الله بن سلام)

яъни: “Эй инсонлар, саломни ёйинг, таом едиринг, силаи раҳм қилинг, одамлар ухлаганда тунни ибодат билан ўтказинг­да, жаннатга саломатлик ила кираверинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, мазкур амаллар бизни жаннатга киришимизга ҳам сабаб бўлар экан. Эзгу ва савоб амал қилганларни Аллоҳ таоло гуноҳларини кечириб, ишлари ва аҳволини ўнглайди. Бу ҳақда Муҳаммад сурасида шундай дейилган:

 وَالَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَآَمَنُوا بِمَا نُزِّلَ عَلَى مُحَمَّدٍ وَهُوَ الْحَقُّ مِنْ رَبِّهِمْ كَفَّرَ عَنْهُمْ سَيِّئَاتِهِمْ وَأَصْلَحَ بَالَهُمْ

яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган ҳамда Муҳаммадга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) – ҳолбуки, у Парвардигорлари томонидан келган ҳақиқатдир – имон келтирган зотларнинг эса ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва ишларини ислоҳ этур” (Муҳаммад сураси 2-оят).

            Демак, эзгу ва савоб амалда бардавом бўладиган бўлсак, Аллоҳ таоло касбу коримизни ислоҳ қилиб, бошқалар билан бўладиган муомала ва муносабатларимизни янада яхши қилар экан.

            Эзгу амал қиладиган кишиларни Аллоҳ таоло яхши кўришини ваъдасини берган:

 إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَيَجْعَلُ لَهُمُ الرَّحْمَنُ وُدًّا

яъни: “Албатта, имон келтириб, эзгу (иш)ларни қилган зотлар учун Раҳмон (уларнинг қалбида Ўзига нисбатан) дўстликни пайдо қилур” (Марям сураси 97-оят).

            Аллоҳ қайси бандани яхши кўрса, уни барча бандалар яхши кўриб қолади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

إِذَا أَحَبَّ اللَّهُ عَبْدًا نَادَى جِبْرِيلَ: إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ فُلَانًا فَأَحِبَّهُ، فَيُحِبُّهُ جِبْرِيلُ، فَيُنَادِي جِبْرِيلُ فِي أَهْلِ السَّمَاءِ: إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ فُلَانًا فَأَحِبُّوهُ، فَيُحِبُّهُ أَهْلُ السَّمَاءِ، ثُمَّ يُوضَعُ لَهُ الْقَبُولُ فِي الْأَرْضِ

(رواه الإمام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Агар Аллоҳ бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброил алайҳиссаломга: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр” дейди. Жаброил алайҳиссалом ҳам уни яхши кўради. Жаброил алайҳиссалом осмон аҳли орасида: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар” деб нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам у бандани яхши кўриб қолишади. Кейин ер юзидаги ҳамма одамлар у банданинг сўзини қабул қиладиган бўлиб қолади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Маълумки, саҳобаи киромлардан баъзиларига ҳаётлик пайтларида жаннат башорат берилган эди. Улардан бирлари Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу эдилар. Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда баён қилинади, бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун рўза тутди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. “Ким бугун жанозада қатнашди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. “Ким бугун бир мискинни тўйдирди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. “Ким бугун бир беморни бориб кўрди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. Шунда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

مَا اجْتَمَعْنَ فِي امْرِئٍ إِلَّا دَخَلَ الْجَنَّةَ

رواه الإمام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه

яъни: “Кимда ушбу ишлар бир кунда жамланса, у албатта жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Жаннат башорати берилган зотлардан яна бирлари – Билол Ҳабаший разияллоҳу анҳу эдилар. Имом Термизий Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Бир куни эрталаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Билол разияллоҳу анҳуни чақириб, Эй Билол!:  

بَمَ سَبَقْتَنِي إِلَى الْجَنَّةِ؟ مَا دَخَلْتُ الْجَنَّةَ قَطُّ إِلَّا سَمِعْتُ خَشْخَشَتَكَ أَمَامِيْ

(رواه الإمام الترمذي عن بريدة رضي الله عنه) 

яъни: “Нима амалингиз билан жаннатга пешқадамлардан бўлдингиз? Жаннатда оёғингиз товушини эшитдима!” дедилар. Шунда Билол разияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, ҳар қачон азон айтсам, дарҳол икки ракат намоз ўқийман ва қачон таҳоратим бузилса, дарҳол таҳорат қиламан, зиммамда Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз бор деб биламан (яъни, икки ракат намоз ўқиб оламан)”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шу икки (хислатингиз) сабабли экан”, дедилар” (Имом Термизий ривоятлари). (Расулуллоҳ алайҳиссалом бу ҳолатни  тушларида кўрганлар. Пайғамбарларнинг тушлари ваҳийдир).

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни яхши амалларда бардавом бўлишимизга қизиқтириб, бундай деганлар:

أَحَبُّ الأعمالِ إلى اللهِ أدْومُها و إن قَلَّ

 رواه الإمام البخاري عن عائشة رضي الله عنها

яъни: “Аллоҳ таолога амалларнинг энг яхшиси гарчи оз бўлса-да давомлисидир” (Имом Бухорий ривоятлари).

Шундай экан, солиҳ амаллардан бўлмиш, Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларни бажариш, ота-онага яхшилик, муҳтож ва қийналиб қолганларга ғамхўрлик қилиш, одамлар билан чиройли муомала ва муносабатда бўлиш, омонатдорлик, кечиримлилик каби солиҳ ва эзгу амалларда бардавом ва собитқадам бўлишимиз мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга қилган яхши амалларимизни риё, сумъа ва ужбдан сақлаб, имкон қадар махфий қилишимиз янада улкан савоб ва ажрларга сабабдир.

Азизлар! Ҳаётимизни ёдга олиб кўрайлик, ҳар биримиз бирор эзгу амал қилганда ёки инсонларнинг бирор мушкулини осон қилганда қалбимизда унитилмас бир лаззатни ҳис қилганмиз, зеро, бу мўминлик белгиларидандир. Бу лаззат туфайли қалбга ажиб ҳотиржамлик киргани, бу енгиллик бир неча кун, хатто узоқ вақт давомида бизни тарк этмаганини сезганмиз. Наҳотки, бу лаззатни ҳаётимизда доимий бўлишини хоҳламаймиз?! Шундай экан, юқорида айтилганларга амал қилиб, ҳаётимизнинг ҳар бир фурсатида эзгу амал ва атрофдагилар билан гўзал мулоқотда бўлайлик.

Муҳтарам жамоат! Ҳозирги кунда сафарда икки намозни жамлаб ўқиш ҳақида саволлар билан мурожаат қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Яъни, сафарда пешин ва аср намозини пешин намозининг вақтида, шом билан хуфтон намозини шом намозининг вақтида ўқиса бўладими, деб сўрашмоқда. Шу ҳақда қуйида қисқача баён қилиб ўтишни лозим топдик.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда намозларни ўз вақтида ўқиш зарурий эканлиги уқтирилади. Белгиланган вақтдан аввал ўқиш ҳам, кечиктириб ўқиш ҳам жоиз эмас. Бу ҳақда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

 إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا

яъни: “Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо сураси 103-оят).

  Шуни ҳам айтиш керакки, ҳар бир намознинг аввалги вақти ҳам, охирги вақти ҳам белгилаб қўйилган. Шунга биноан Ҳанафийларнинг наздида  икки фарз намозни бир вақтда жамлаб ўқиш муқим учун ҳам, мусофир учун ҳам жоиз эмас. Фақатгина ҳожиларга  Ҳаж вақтида Арафотда Пешин пайтида Пешин ва Асрни, Муздалифада Хуфтон вақтида Шом ва Хуфтон намозини, жамлаб ўқишга рухсат берилган. Чунки, бу иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба разияллоҳу анҳумлардан собит бўлгандир. Ундан бошқа бирор жойда намоз вақти кирмасдан туриб адо қилиш ёки узрсиз вақтидан ўтказиб ўқиш собит бўлмаган. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу:

اَلْجَمْعُ بَيْنَ الصَّلاَتَيْنِ مِنْ غَيْرِ عُذْرٍ مِنَ الْكَبَائِرِ

яъни: “Узрсиз икки намозни жамлаб ўқиш гуноҳи кабирадандир”, деганлар (Ибн Аби Шайба ривоятлари).

Яна бир саҳоба Абдуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

مَنْ جَمَعَ بَيْنَ الصَّلاَتَيْنِ مِنْ غَيْرِ عُذْرٍ فَقَدْ اَتَى بَابًا مِنْ اَبْوَابِ الْكَبَائِرِ

яъни: “Ким узрсиз икки намозни бир вақтда жамлаб ўқиса, гуноҳи кабиралардан бирини қилибди”.

Мазкур ҳадисда икки намозни бир вақтда жамлаб ўқиш гуноҳи кабира дейилмоқда. Гуноҳи кабира ишни қилиш ҳаргиз жоиз бўлмайди.

Баъзи ҳадисларда икки намозни жамлаб ўқиш борасида ҳам ривоятлар келган. Лекин уламоларимиз “Намоз вақтлари Қуръони Карим оятлари ва мутавотир ҳадислар билан собит бўлгани, сафарда намозни жамлаб ўқиш ҳақидаги ҳадислар эса оҳод ҳадислар экани”ни таъкидлайдилар.

Қолаверса, Ҳанафий уламоларимиз: Набий алайҳиссалом сафарда бирорта намозни ҳақиқий маънода жамламаганлар, балки кўринишда ровийга шундай туюлган”, дейдилар. Яъни, пешин намозини охирги вақтига кечиктириб ўқиб, аср намозини аввалги ватида ўқиганлари, шом намозини кечиктириб, хуфтон намозини аввалги вақтида ўқиганлар. Мана шунда намоз вақтлари ҳақидаги бошқа ҳадисларни ҳам жамлаган ҳолда тушуниш мумкин бўлади.   

Расули акрам алайҳиссаломнинг соялари каби доимо бирга юрган саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу намозни жамлашни буткул инкор қилганлар. “Саҳиҳ Бухорий”нинг Ҳаж китобида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни намозларни доимо ўз вақтида ўқиганларини, фақатгина “Ҳажжатул вадо”да Муздалифада Хуфтон вақтида Шом ва Хуфтон намозларини ўқиганларини кўрдим”, деганлар. Бошқа бир ривоятда: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни намозларни доим ўз вақтида ўқиганларини фақатгина “Ҳажжатул вадо”да Арафотда Пешин ва Аср намозларини Пешин вақтида, Муздалифада Шом ва Хуфтон намозларини Хуфтон вақтида ўқиганларини кўрдим”, деганлар.

Шунга кўра ҳанафий мазҳабимизда намозларни ҳақиқатан жамлаб ўқиш фақат ҳажда маълум ўринларда ҳожиларгагина рухсат этилган, дейишган. Лекин бошқа пайтларда намозни жамлаш жоиз бўлмайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Порахўрлик – тараққиёт кушандаси” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

 

 

Фойдасиз амалларни тарк қилиш (Илова)

Кейинги пайтларда аста-секин кўзга ташлана бошлаган нохуш анъаналардан бири кийим-кечак ва автомашиналарга турли ёзув, шаклларни ёзиб-чизиб олишдир. Таъкидлаш керакки, бу ишлар Ислом маданиятига бошқа маданиятлардан кириб келгандир. Чунки Ислом тарихининг узоқ даврларида бундай ишларга қизиқиш бўлмаган.

Ўша ёзувлар турли тилларда ва маъноларда бўлиб, ҳатто уятсиз сўзлар ва муборак динимизга тааллуқли бўлганлари ҳам топилади.

Буларни ичида энг номаъқуллари кийимларга ёзилганидир. Хусусан кийимнинг олд ва орқа қисмига ёзилган, турли маъноли шакллар ва сўзлар эътиборни тортувчи бўлади. Айниқса, бу аёлларнинг кийимида бўлса, бизнинг тарбиямизга мутлақо зиддир.

Кийимга ёзилган диний маънодаги сўзларга келсак, хусусан: “Аллоҳ”, “Муҳаммад”, “Машааллоҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” каби муборак калималарни ёзаётган пайтда уларни оёқ-ости бўлиши ёки вақти келиб қадрсизланишини эътиборга олиш зарур. Зеро фиқҳий манбаларда Аллоҳ таоло ва унинг сифатлари, ояти карималар, пайғамбарларнинг исмлари ёзилган нарсалар билан ҳожатга кириш макруҳ экани, уларни ташқарида қолдириш мустаҳаблиги таъкидланган. Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс ўзи билан Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, Азиз, Карим, Муҳаммад, Аҳмадга ўхшаш улуғ исмларни бирга олмаслиги керак. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки халога кирсалар, узукларини ечиб қўяр эдилар” (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Маълумки, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларида “Муҳаммадур-Расулуллоҳ” деган ёзув бор эди. Подшоҳларга мактуб юборсалар, ўша узукни муҳр қилиб босар эдилар. Узукда Аллоҳнинг исми ёзилган бўлгани учун ҳам халога кирганларида уни ечиб қўяр эдилар. Шунга биноан, Аллоҳ таолонинг исми ёзилган нарса билан, айниқса, Қуръони карим билан халога кириб бўлмайди.

Яна бир ҳолат машиналарга турли сўзларни ёзиб олишдир. Маълумки, кўчада юриш кўпчиликнинг ҳаққи ҳисобланади. Шунинг учун машиналарга турли-туман, маъноли-маъносиз, ўзгаларни жиғига тегадиган сўзларини ёзиб олиш, кўчанинг ҳаққига риоя қилмаслик ва маданиятсизлик белгисидир.

Бу сўзлар динимизга тааллуқли сўзлар (Аллоҳ, Муҳаммад, Машааллоҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ) бўлса, кўпчилик уламолар буларни ёзишни мубоҳ деб билганлар. Фақат Саудия Арабистони “Катта уламолари ҳайъати” бу ишлар: “Қуръон ва Суннатда асли йўқ, бидъат ишлар”, деган иллатни келтириб, жоиз эмас дейишган.

Хулоса шуки, (динимизда алоҳида таъкидлаган ўринлардан ташқари) ташқи кўриниш, мубоҳ ишлар ва турли ёзув-аломатларга берилиб кетиш фойдаси йўқ ишлардандир. Динимизда ихлос, ниятни холис қилишнинг ўрни катта бўлиб, бугунги кунда уларга эътибор қаратишга кўпроқ муҳтожмиз. Ҳар қанча атрофимизни ёзувлар ва аломатлар билан тўлдирмайлик, бу бизга савоб келтирмайди. Балки энг катта савоб имон ва ихлос билан қилинган фарз, вожиб, суннат ва бошқа савоб амаллардан, ҳамда ҳаром ишлардан тийилишдан келади. Энг муҳими, Қиёматда гўзал қалб билан келган кишилар нажот топадилар:

يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

“У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуъаро, 88).

Валлоҳу аълам биссавоб.

 

 

3454 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top