Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ташаббуси билан бу йил апрель ойи масжидларимизда буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ойлиги деб эълон қилинди. Бу бежизга эмас. Муҳаддислар султони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг «табиби», набавий ҳадисларнинг саҳиҳларини ажратиб, улардан Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш «Саҳиҳи Бухорий» номли ҳадислар тўпламини тузган бу улуғ аллома, имомуд-дунё, олимлар пешвосининг номи бутун дунёда машҳур ва маълум.

  Ҳадис илмида “мўминлар амири” унвонини олган улуғ муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф ибн Бардазбиҳ ал-Жўъфий ал-Бухорий Мовароуннаҳрнинг энг кўҳна ва гўзал шаҳарларидан Бухорои шарифда, ҳижрий 194  (милодий 810) йил рамазон ойининг ўн учинчисида, жума куни таваллуд топдилар.

Имом Бухорий бутун ҳаётларини, интилиш ва ҳаракатларини ҳадис илмига бахшида этган эдилар. Жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларда эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ё ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган, ё ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди. У кишининг ҳар бир куни илм олувчи, таълим берувчи ва китоб таълиф қилувчи мақомида ўтарди. Буларнинг гувоҳи бўлган шогирдлари Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: “Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди”.

Имом Бухорийнинг ҳадис ёдлаш қобилиятлари, зеҳнларининг ўткирлиги тилларда достон бўлиб кетган эди. У киши ўзларининг шоҳ асарлари бўлмиш “Жомеъус-саҳиҳ”ни таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг,  шундан юз минг саҳиҳ (ишончли) ва икки юз минг ғайри саҳиҳ ҳадисни ёд олганларини зикр этган эдилар.  У киши “Саҳиҳ”га бирор ҳадис қўшиш олдидан ғусл қилиб, сўнг ҳадисни ёзар эдилар. Ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имомуд-дунё” (Дунё имоми) мақомига мушарраф бўлган эдилар.

 Ислом дунёсида Қуръони каримдан кейинги энг катта эътиборни имом Бухорийнинг "ал-Жомеъ ас-саҳиҳ" китоблари қозонган. Ҳадисларнинг диққат билан танлангани, мукаммал тартибга эга экани эътибор қозонишига сабаб бўлгандир. Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий "Тарихул Ислом" китобида қуйидагиларни ёзади: "Бухорийнинг "ал-Жомеъ ас-саҳиҳ"и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. Ҳозирги кунда бу китоб одамлар учун энг олий санаддир.

Имом Бухорий нафс риёзати, тўғрилик ва ҳалоллик билан  зийнатланган ва танилган эдилар. Ҳалоллик йўлида ҳар қандай машаққатни зиммага олардилар. Ҳаётларининг энг оғир дамларида ҳам бировдан бир нарса сўрамас, одамлар миннатидан юзларини сарғайтирмас эдилар. Очликнинг қийноқларига чидаб, кўкат ейиш ёки сув ичиш билан чора топардилар. Ваҳоланки, Абу Абдуллоҳ ҳаётда бой одам эдилар, оталаридан жуда катта мол-давлат мерос қолган эди. Аммо у киши охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун дунё неъматларидан воз кечган эдилар. Бухорийнинг ўзлари айтишларича, ҳар ойда беш юз дирҳам фойда олганлар ва ҳаммасини илм йўлида сарфлаб юборганлар. “Чунки бу сарфиёт Аллоҳ йўлида бўлгани учун яхши ва боқий қолувчи сарфиётдир”, деганлар.  

Имом ал-Бухорий ўз шахсий ҳаётида, ейиш-ичишда ва кийинишда сира ҳам дабдаба ва беҳуда сарфу-ҳаражатларга йўл қўймасди, сабр-тоқат ва қаноат, чидамлилик унинг учун одат тусидаги бир ҳол эди.

Имом ал-Бухорий ғоятда беғубор, ҳалол-покиза, диёнатли инсон бўлиб, ғийбату ноҳақликдан узоқ бир киши бўлган. У доимо: “Ғийбат қилиш ҳаром эканини билганимдан бошлаб, ҳеч қачон бирор киши ҳақида ғийбат гапирмаганман”- деб таъкидларди.

Имом ал-Бухорий энг улуғ фазилатларидан яна бири у таассуб (мутаассиблик)нинг ҳар қандай кўринишларидан узоқ бўлганидир. Унинг шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий” билан чуқурроқ танишилса, ал-Бухорийнинг ўз китобидаги маълумотларга ниҳоятда катта синчиковлик ва эҳтиёткорлик билан ёндашганини кўрамиз. Қанчадан-қанча машаққатлар билан тўпланган ҳадисларининг саҳиҳлигига тўла ишонч ҳосил қилиб, обдон текширгандан кейингина ўз асарига киритганлиги бу фикрни яна бир карра тасдиқлайди.

Имом Бухорийнинг Аллоҳ таолога бўлган имон-ишончлари ботину зоҳирларидан яққол кўриниб турар эди. Ибодатда бутун қалблари, ҳар бир аъзолари билан хушуъ-хузуъда, ихлос билан Аллоҳнинг Ўзига юзланар эдилар. Доимо Қуръони каримни тиловат қилардилар.

Имом Бухорий ҳазратлари ўзларидан улкан илмий мерос қолдирдилар. Ёш бўлатуриб, дунёга машҳур асарларни ёздилар. Хатиб Бағдодий Имом Бухорийнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеинларнинг масала ва қавлларини тасниф қила бошладим... Ўша пайтда “Китобут-тарих”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганман”. Имом Бухорийнинг жами асарлари йигирмадан ошади. Улар орасида “Китобут-тарих”дан ташқари одобга оид бир минг уч юздан ортиқ ҳадисни жамлаган   “Адабул-муфрад” (Одоблар хазинаси) алоҳида ўрин тутади. “Жомеъус-саҳиҳ” китоби бу асарларнинг гултожи, ҳадис китобларининг энг аълоси ва мукаммали, Имомнинг шоҳ асарларидир.

 Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари ҳижрий 256 (милодий 870) йил рамазон ҳайити кечасида бўлди, ҳайит куни пешин намозидан сўнг дафн этилди. Фано дунёсида ўн уч куни кам олтмиш икки йил умр кечирдилар. Аллоҳ таоло у зотни раҳмати ва ризвони билан ўраб олсин ҳамда набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг ёнидан жой берсин!

 Муҳтарам жамоат! Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизга чинакам эътибор ва иззат-эъзоз бошланиб, юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб улуғ олимлар қаторида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётлари ва бой илмий меросларини қизғин ўрганишга киришилди. 1998 йили Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ таваллудининг 1225 йиллик тўйи мамлакатимизда кенг нишонланди. У кишининг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, катта нусхада нашр қилинди. Мамлакатимизнинг энг катта Ислом ўқув юрти бўлмиш Ислом маъҳади, бир неча жомеъ масжидлари Имом Бухорий номлари билан аталади. 2008 йили биринчи Президентимиз фармони билан Самарқанднинг Хартанг қишлоғида Имом Бухорий меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида  Имом Бухорий халқаро Маркази ташкил этилди. Халқимизнинг у зотга бўлган энг улкан эҳтироми ва миннатдорлиги Имом Бухорий дафн этилган гўшада муҳташам мажмуанинг барпо этилиши бўлди. Мажмуа таркибида Имом Бухорийнинг мақбаралари, катта жоме масжиди, музей ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Мажмуанинг лойиҳасидан тортиб унинг қуриб битказилишигача бўлган барча ишлар Биринчи Юртбошимизнинг эътиборларида ва диққат марказларида бўлди. Мана шунинг ўзиёқ мамлакат раҳбарининг Имом Бухорийга бўлган чуқур эҳтироми ва эъзоз-иззатини кўрсатиб турибди. Ҳозирги пайтда дунёнинг ҳамма жойидан Имом Бухорий зиёратига келган мухлисларнинг кети узилмайди. Бир вақтлар бировга кўрсатишга ҳам хижолат бўлинган хароба жойлар бугун бутун Ислом оламининг машҳур зиёратгоҳига айланди. Буларнинг ҳаммаси буюк ватандошларига миннатдор авлодларнинг улуғ эҳтироми ва муҳаббати самарасидир. Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳ алайҳнинг “ал-Жоме ас-Саҳиҳ” асарларидаги  бир ҳадисни келтириш билан суҳбатимизни якунлаймиз. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ  زاد في رواية لمسلم: وإن صام وصلى وزعم أنه مسلم

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар саллолоҳу алайҳи вассаламдан ривоят қиладилар. У зот “Мунофиқнинг аломати учта; гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса ваъдасида турмайди, ишонч билдирилса хиёнат қилади” дедилар. Имом Муслим ривоятида келтирилган ҳадисда “Ўзини мусулмон деб ўйлаб рўза тутса ҳам, намоз ўқиса ҳам дейилган. Демак, мусулмон ҳеч қачон ёлғон гапирмаслиги, омонатга хиёнат қилмаслиги, бир нарсага ваъда қилган бўлса, албатта, уни бажармоқлиги шарт бўлади.

Дарҳақиқат, биз ҳам кундалик ҳаётда бир-биримизга ёлғон сўзлаймиз. Бир биримизга ваъдалашган ишларни бажармаймиз. Аллоҳ бизга Ўзбекистондай жаннатмакон юртни Ватан қилиб берган экан, унга хиёнат қилмаслик, боғийлар каби ватанфуруш хоинлар қаторида бўлишликдан Аллоҳ ўзи асрасин.

Аллоҳ таоло буюк ватандошимизни Ўзининг раҳмат ва мағфиратига олсин ва илм йўлидаги улуғ хизматларини охиратда ўзларига захира айласин, омин!

 

5854 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top