Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين، والصلاة والسلام على خاتم النبيين، وعلى إخوانه الأنبياء والمرسلين، وعلى آله وصحبه أجمعين،  أَمَّا بَعْدُ

ИСЛОМДА БИРОДАРЛИК ВА ЎЗАРО ҲАМЖИҲАТЛИК

Муҳтарам жамоат! Муқаддас Ислом динимиз бизни тинч-тотув, ўзаро аҳл-иноқ, ҳамжиҳат, кечиримли, бир-биримизга дўст ва биродар бўлиб ҳаёт кечиришга буюради. Тарихдан маълумки, динимизни мана шу кўрсатмасига амал қилиб яшаган мусулмонлар доимо бахт ва саодатда яшаганлар, тинч-тотув ҳаёт кечирганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида шундай марҳамат қилган:

                                                    إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ

яъни:  “Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот сураси 10-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадиси шарифларида мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида бундай деганлар:

 المُسْلِمُ أخُو المُسْلِمِ 

(رواه الإمام البخاري عن عبد الله بن عمر رضي الله عنه)

яъни: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, мўмин-мусулмонлар бир-бирларига ака-ука ва биродар бўлганларидан кейин, улар ўрталарида ўзаро риоя қилиниши керак бўлган ҳақ-ҳуқуқлар ва вазифалар мавжуд. Қуйида улардан энг долзарбларини баён қиламиз:

Биринчидан, мўмин мўминга кўзгу бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар:

المؤمنُ مرآةُ المؤمنِ

 (رواه الإمام أبو داود عن أبي هريرة  رضي الله عنه)

яъни:  “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”  (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Демак, мўмин киши биродари учун кўзгу вазифасини бажариб, уни билиб-билмасдан қилган саҳву хатоларини чиройли йўллар билан кўрсатиб, унга насиҳат қилади ва тўғри йўлга бошлайди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

 وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ

яъни: Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба сураси 71-оят).

Шунингдек, мўмин киши ҳадиси шарифларда айтилганидек, энг аввало кечиримли, ширин сўз, очиқ чеҳрали, ҳусни хулқли бўлади.

Иккинчидан, мўмин киши тилини ўзгаларни ғийбати ва обрўсини тўкишдан тийиши лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

 إِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ رِضْوَانِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَرْفَعُهُ اللَّهُ بِهَا دَرَجَاتٍ، وَإِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ سَخَطِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَهْوِي بِهَا فِي جَهَنَّمَ

 (رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳ рози бўладиган сўзни айтиши мумкин. Бу билан Аллоҳ унинг жаннатдаги даражасини кўтаради. Шунингдек, киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳни ғазаби келадиган сўзни гапириб қўйиши мумкин. Бу билан  Аллоҳ уни жаҳаннамга тушуради” (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, киши нима гапираётганига эътибор қилиши ҳамда ўзгалар ҳақида сўзлаш ва фикр билдиришда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак. Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар тилларига эрк бериб, ёлғон ва бўҳтонларни тарқатмоқда. Бундай ҳолатлар ижтимоий тармоқларда жуда авж олган. Натижада, киши ўзини мусулмон биродарини ғийбат қилади, обрўсини тўкади ва ояту ҳадисларда айтилган азобу уқубатга гирифтор бўлади. Энг ачинарлиси, баъзилар аҳли илм ва олим кишиларни ғийбат қилиб, обрўсини тўкади. Ҳофиз Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:

... أن من أطلق لسانه في العلماء بالثلب بلاه الله قبل موته بموت القلب

яъни:  “Ким уламоларнинг обрўсини тўкиш борасида тилига эрк берса, Аллоҳ таоло уни ўлимидан олдин қалбини ўлдириб қўйиш билан жазолайди”.

Учинчидан, мўмин кишининг қалби бошқаларга нисбатан ҳасад, гина ва  адоватдан холи бўлиши лозим. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай деганлар:

لا تَحَاسَدُوا وَلا تَنَاجَشُوا وَلا تَبَاغَضُوا وَلا تَدَابَرُوا وَلا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ وَكُونُوا عِبَادَ اللَّهِ إِخْوَانًا الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لا يَظْلِمُهُ وَلا يَخْذُلُهُ وَلا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَاهُنَا - وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلاثَ مَرَّاتٍ - بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنْ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ

(رواه الإمام مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)

яъни: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, таножуш қилманглар (яъни, сотиб олиш қасди бўлмаган ҳолда бошқа бировни қизиқтириш учун бирингиз бошқа бирингизнинг молини ошиқ нархда сўрамасин), бир-бирингизга адоват қилманглар, бир-бирингиздан юз ўгирманглар, бирингиз бирингизнинг савдоси устига савдо қилмасин, ўзаро биродар бўлинг, эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қўймайди, уни камситмайди. Тақво мана бу ерда – муборак қалбларига ишора қилиб, уч марта шундай дедилар. Мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва номуси мусулмонга ҳаромдир (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, мўминнинг қалби бошқаларга нисбатан соф ва ҳар қандай ғиллу-ғашдан холи бўлиши керак.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромлардан бирларига уч марта Жаннатни башоратини бердилар. Шунда, Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу у кишини уйларида меҳмон бўлиб, уч кун амалларини кузатдилар. Лекин ҳеч қандай ортиқча амални кўрмадилар. Кейин, у саҳобадан Абдуллоҳ ибн Амр: “Қайси амалингиз туфайли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсага эришгансиз?” – деб сўрадилар. У зот: “Сиз кўрганингиздан бошқа нарса йўқ. Лекин кўнглимда бирор мусулмонга нисбатан ғиллу ғашлик сақламайман ва Аллоҳ унга берган нарсага ҳасад қилмайман”, – дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр: “Ҳа, мана шу нарса сизни ушбу даражага олиб чиққан экан”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи фуқаролар, айниқса ўспирин ёшлар ўзини мусулмон биродарига душманчилик ёки жоҳиллик қилиб, ҳар хил совуқ қуроллар билан бир-бирини жонига қасд қилмоқда ёки тан жароҳатлари етказмоқда. Ваҳоланки, мусулмон бошқа мусулмонга қурол билан ҳамла қилиши ёки қурол кўтариши асло мумкин эмас ва динимиз буни қаттиқ қоралайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

مَن حَمَلَ عليْنا السِّلاحَ فليسَ مِنَّا

(رواه الإمام البخاري عن عبد الله بن عمر رضي الله عنه)

яъни: “Ким бизга қурол кўтарса, у биздан эмас” (Имом Бухорий ривоятлари). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бирортангиз биродарига қурол ўқталмасин! Зеро, у билмайдики, Шайтон қуролни унинг қўлидан чиқариб юборса, у Дўзахнинг бир чуқурига тушиши мумкин” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бировга қурол ўқталиш дейилганда, фақатгина ўқотар қуролни тушунмаслик керак, балки барча турдаги тиғли буюмлар ҳам шундай қурол қаторига киради.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, жанжаллашган икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилганга ҳам жуда катта ажру мукофотлар ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:

ألا أخبرُكُم بأفضلَ من دَرجةِ الصِّيامِ والصَّلاةِ والصَّدَقةِ قالوا بلَى قال إصلاحُ ذاتِ البينِ

(رواه الإمام الترمذي عن أبي الدرداء رضي الله عنه)

яъни: “Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ амални хабарини берайми? Шунда саҳобалар: “Ҳа”, – дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ўртани ислоҳ қилиш”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Тўртинчидан, мўмин киши ўзгани ҳожатини чиқарадиган ва мушкилини аритишда ёрдамчи бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга энг севимли банда одамларга кўпроқ манфаати тегадиганидир! Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишингиз, ундан ғам ташвишларини аритишингиз, зиммасидаги қарзини узиб беришингиз, очлигини кетказишингиздир! Мусулмон биродаримни ҳожатини чиқариш йўлида юришим Масжидун Набавийда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ўч олишга қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини Қиёмат кунида ўзининг розилиги билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожати билан юриб, уни раво қилса, Аллоҳ қадамлар тоядиган Кунда унинг қадамларини собит қилиб қўяди”, – дедилар (Имом Табароний ривоятлари).

Агар Аллоҳ таоло сизни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришга муяссар қилган бўлса, бу сиз учун – катта бахт ва улкан шарафдир.

Бешинчидан, мўмин киши ўзгаларни айбини ошкор қилмаслиги лозим. Динимиз кўрсатмаларига кўра, киши бошқа биродарининг айбини қидириб юриб, уни ўзгаларга ошкор қилиши асло мумкин эмас. Чунки банда хатокор, ҳеч ким айб иш қилишдан холи эмас. Бунинг устига айб иш қилган киши тавба қилиб, Аллоҳ таолонинг наздида гуноҳидан покланган бўлса, уни ноҳақ айблаш бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, киши ўзгани айбини кўрганда, уни яшириши ва унга насиҳат қилиши –  ҳақиқий мўминлик вазифасидир.

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи кимсалар бировларнинг ўзларига хос, бошқага маълум қилиши мумкин бўлмаган суратлари, видео ёки маълумотларини бошқаларга ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилмоқдалар. Мақсади – маълумот эгасини айбини ошкор қилиб, шарманда қилишдир. Мана шундай ҳолатда бир мусулмоннинг обрўсини тўкиш асло мусулмончиликка тўғри келмайди. Эълон қилувчини юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек, бу дунёни ўзида Аллоҳ шарманда қилади ва Қиёмат кунидаги аҳволи эса жуда оғир бўлади.

Азиз юртдошлар! Маълумки, Ватанимиз мустақиллигига 30 йил бўлди. Бу давр мобайнида барча соҳаларда кўплаб катта-катта ислоҳотлар ва янгиликлар бўлди ва бўлмоқда. Мана шундай Ватанимиз равнақи йўлида жон куйдириб ҳаракат қилаётган барча соҳа раҳбару ходимларини хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!

Азизлар! Инсон қаерда туғилиб ўсса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли макондир.

Демак, Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Чунки кўриб турганимиз каби қўшни давлатларимиз ва Шарқ давлатларида нотинчлик ҳукм сурмоқда. Уруш ҳаракатлари, қон тўкилишлар давом этмоқда. У ерларда одамларнинг жони хавфда, қочқинлар кўпайган ва улар борган жойларида ҳам оғир шароитларда яшамоқдалар. Биз мусулмон юртларда тинчлик хотиржамлик бўлиши тарафдоримиз ва шуни чин дилдан хоҳлаймиз. Бу хоҳишни рўёбга чиқаришнинг аввалги чораси – ўз юртимизда тинчликни асраб авайлашдир. Бемалол дин-диёнатимизга амал қилаётган, шариатимиз шиорлари барпо бўлиб турганда, ношукрлик қилмаслик, турли бузғунчи тарғиботларга учмаслик, билим ва кучимизни Ватан равнақи, динимиз ривожи йўлида сарфлаш бурчимиздир. Шу кунларда ҳам Ватанни, ота-онасини ташлаб, жангари тўдалар йиғилган жойларга чиқиб кетаётганлар учраб турибди. Уларнинг деярли ҳаммаси қилган ишига пушаймон бўлади, лекин сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек, изига қайтишга имкон тополмай, хору зор бўлмоқда. Шу сабабдан, ёшларимизни турли алдовлардан сақлаш мақсадида ва юртимиздан бошқа юртга ҳижрат қилишга ҳеч қандай асос йўқ экани ҳамда Сурия каби уруш ҳудудларига бориш – фитнага аралашиб қолиш экани ҳақида куни-кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати расман Фатво берди. Фатвога амал қилиш барча мўмин-мусулмонларга шарт ва лозимдир!

Хуллас, Ватанимиз фарзандлари сифатида ҳеч ҳам ношукрликка йўл қўймай, кўпдан-кўп шукрона қилиш – бурчимиздир. Чунки ношукрлик неъматларни қўлдан кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилиш ваъдасини берган: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим сураси 7-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин! Омин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Ёшларни ижтимоий иллатлардан сақлайлик!” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

4081 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top