Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي جَعَلَ الْأَخْلَاقَ مِنَ الدِّينِ، وَأَعْلَى بِهَا شَأْنَ الْمُؤْمِنِينَ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، صَاحِبِ الْخُلُقِ الْقَوِيمِ، صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَعَلَى أَصْحَابِهِ الطَّيِّبِينَ الطَّاهِرِينَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ

ҲУСНИ ХУЛҚ ВА ЧИРОЙЛИ МУОМАЛА – ДИНИМИЗ ТАЛАБИ!

Муҳтарам жамоат! Маълумки, динимиз  ҳусни хулқли, хуш муомалали, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлиш, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқларга чақиради. Гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади.  Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламда мукаммал ва бенуқсон ҳолда ўз аксини топган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мақтаб бундай деган:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

яъни: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! (Қалам сураси 4-оят). Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон ва барча яхши хулқларни ўзларида жамлаган Зот эканларига асло шубҳа йўқ.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга қуйидагича насиҳат қилганлар:

"يا أبا هريرة! عليك بحسن الخلق" قال أبو هريرة رضي اللّه عنه: وما حسن الخلق يا رسول الله؟ قال: "تصل مَنْ قطعك، وتعفو عمن ظلمك، وتُعطي من حرمك"

(رواه الإمام البيهقي عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Эй Абу Ҳурайра! Ўзингизга ҳусни хулқни лозим тутинг!”. Шунда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: Ё Расулаллоҳ! Ҳусни хулқ нима? – деб, сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Сиздан силаи раҳмни узган билан уни боғлашингиз, сизга зулм қилган кишини кечиришингиз ва сизни маҳрум қилган кишига инъом қилишингиз ҳусни хулқдир”, - дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Шунингдек, ҳусни хулқли киши деб – очиқ юзли, чиройли муомалали, кечиримли, оғир-босиқ, ўзгаларга фойдаси тегадиган, беозор, ҳаёли, ғазабини жиловлай олган, ростгўй ва шу каби яхши хислатларни ўзида мужассам қилган кишига айтилади.

Азизлар! Динимизда гўзал хулқ соҳибларига катта ажру савоблар ва юксак мақом ва мартабалар ваъда қилинган. Улардан баъзиларини қуйида баён қиламиз:

  1. Гўзал хулқ – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

أناَ زَعِيْمٌ بِبَيْتٍ فِي رَبَضِ الْجَنَّةِ لمَن تَرَكَ الْمِرَاءَ وَإِنْ كَانَ مُحِقًّا ، وَبِبَيْتٍ فِي وَسَطِ الْجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الكَذِبَ وَإِنْ كَانَ مَازِحًا ، وَبِبَيْتٍ فِي أَعْلَى الْجَنَّةِ لِمَنْ حَسُنَ خُلُقُهُ

(رواه الإمام أبو داود عن أبي أمامة الباهلي رضي الله عنه)

яъни: “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишмаган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

  1. Гўзал хулқ – Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг яхши кўрган инсон бўлишга сабабдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар:

إِنَّ مِنْ أَحَبِّكُمْ إِلَيَّ وَأَقْرَبِكُمْ مِنِّي مَجْلِسًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَحَاسِنَكُمْ أَخْلَاقًا، وَإِنَّ أَبْغَضَكُمْ إِلَيَّ وَأَبْعَدَكُمْ مِنِّي مَجْلِسًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ الثَّرْثَارُونَ ، وَالْمُتَشَدِّقُونَ ، وَالْمُتَفَيْهِقُونَ قالوا: يا رسولَ اللَّهِ، قد علِمنا الثَّرثارينَ والمتشدِّقينَ فما المتفَيهقونَ؟ قالَ: المتَكَبِّرونَ

(رواه الإمام الترمذي عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه)

яъни: “Қиёмат куни менга маҳбуброғингиз ва яқинроғингиз хулқлари чиройлироғингиздир. Қиёмат куни мен учун ёқимсизроғингиз ва мендан узоқроғингиз сергап, кўп вайсайдиган ва “мутафайҳиқлардир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, биз сергап ва кўп вайсайдиганларни биламиз. “Мутафайҳиқлар” кимлар?” деб сўралди. У зот: “Мутакаббирлардир”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривоятлари).

  1. Гўзал хулқ – Қиёмат куни мезонни оғир бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар:

مَا شَيءٌ أثقلُ فِي مِيْزَانِ الْمُؤْمِنِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِن خُلُقٍ حَسَنٍ، فَإِنَّ اللَّهَ تَعَالَى لَيُبغِضُ الْفَاحِشَ الْبَذيءَ

(رواه الإمام الترمذي عن أبي الدرداء رضي الله عنه)

яъни: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур”, (Имом Термизий ривоятлари).

Қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозусида яхши амаллари оғир келиб жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши керак. Ҳусни хулқли бўлмай, фаҳш гап ва ишларни қиладиган, тилида чиркин сўзларни айтадиган кишини эса Аллоҳ таоло ёмон кўради. Шунинг учун ҳусни хулқли бўлиш ва фаҳшдан ҳамда чиркин гап-сўзлардан йироқ бўлишимиз керак.

Хусусан, ҳозирги пайтда ҳусни хулқ мавзусига ижтимоий тармоқлардаги мулоқотларимизда ҳам жуда муҳтожмиз. Айниқса, айрим ёшлар ҳаётда ўзларини одобли тутсаларда, ижтимоий тармоқларда мутлақо ўзгача хулқда бўлишлари ачинарли ҳол. Ўзаро ёзишма ва мулоқотларда бировларни ҳақорат қилиш, камситиш, инсонларни ғийбат қилиб, обрўсизлантириш оддий ҳолга айланмоқда. Аслида, шариатимизга кўра “Ал-мактуб – кал-махтуб” яъни, “Ёзилган сўз – айтилган гап билан баробар” деган қоида бор. Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир гап-сўзини ўйлаб ёзиши,  ғийбат ва бўҳтон ҳамда ўзгаларга қўполлик ва зулмдан жуда эҳтиёт бўлиши зарур.

  1. Гўзал хулқ – умр зиёда бўлиши ва юрт обод бўлишига сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:

أنَّه مَن أُعطِيَ حَظَّهُ مِنَ الرِّفقِ، فَقَدْ أُعطِيَ حَظَّهُ مِنْ خَيْرِ الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ. وَصِلَةُ الرَّحِمِ، وَحُسْنُ الخُلُقِ، وحُسْنُ الجِوارِ، يَعْمُرَانِ الدِّيَارَ، وَيَزِيدَانِ فِي الْأَعْمَارِ

(رواه الإمام أحمد عن عائشة رضي الله عنها)

яъни: “Кимга мулойимликдан насиба берилган бўлса, унга дунё ва охират яхшилигидан насибаси берилибди. Силаи раҳм, ҳусни хулқ ва яхши қўшничилик диёрларни обод, умрларни зиёда қилади” (Имом Аҳмад ривоятлари).

  1. Ҳусни хулқ – ажр-савобларни кўпайтириб берилишига сабабдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар:

إِنَّ الْمُؤْمِنَ لَيُدْرِكُ بحُسْنِ خُلُقِه دَرَجَةَ الصَّائِمِ الْقَائِمِ

(رواه الإمام أبو داود عن عائشة رضي الله عنها)

яъни: “Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутучи ва бедор бўлувчининг даражасини топади” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Дарҳақиқат, кундузи рўза тутиб, кечаси тик туриб намоз ўқиган ҳолида бедор ўтказадиган одам қанчалар олий даражаларга эришишини ҳаммамиз яхши биламиз. Фарзу вожиб бўлган амалларни бажариб, яна нафл амаллар билан ортиқча савоб ишлайман деган одам ҳусни хулқ билан ҳам юқори даражаларга эришмоғи мумкин экан. Ҳусни хулқли одамни дунёда ҳам ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Ундан ҳамма мамнун бўлади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳусни хулқни бир қанча шўъбаларини ўзида мужассам қилган ҳадиси шарифларида бундай деганлар:

تَبَسُّمُكَ في وَجْهِ أخِيكَ لَكَ صَدَقَةٌ وأمْرُكَ بالمَعْرُوفِ ونَهْيُكَ عنِ المنْكَرِ صَدَقَةٌ وإِرْشادُكَ الرَّجُلَ في أرْضِ الضَّلالِ لَكَ صَدَقَةٌ وإِماطَتُكَ الحَجَرَ والشَّوْكَ والعَظْمَ عن الطَّرِيقِ لَكَ صَدَقَةٌ وإِفْراغُكَ مِنْ دَلْوِكَ في دَلْوِ أخِيكَ لَكَ صَدَقَةٌ

(رواه الإمام الترمذي عن أبي ذر رضي الله عنه)

яъни: “Биродарингизни юзига табассум қилмоғингиз садақадир. Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғингиз садақадир. Йўлда адашган одамга тўғри йўлни кўрсатиб қўймоғингиз садақадир. Йўлдан тошни, тиконни ва суякни олиб ташлашингиз садақадир. Челагингиздан биродарингизнинг челагига қуйиб бермоғингиз садақадир” (Имом Термизий ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифдан молу дунё сарфламай ҳам садақа қилганнинг савобини олиш ва у эришган даражаларга эришиш мумкинлиги чиқмоқда. Киши ўзининг ҳусни хулқи ила худди садақа қилганнинг савобини олиши ва даражасига етиши мумкин экан. Балки ҳусни хулқнинг шўъбаларидан ҳар бири ўз соҳибини садақа қилган кишининг савобига ва даражасига эриштирар экан.

Демак, киши доимо ким билан мулоқот қилишидан қатъий назар одоб ва ҳусни хулқ билан муомала қиладиган бўлса, юқоридаги ва ундан бошқа кўплаб савоб ва баланд мартабаларга эришади. Инсонлар ўртасида ҳушмуомилалик ва ҳусни хулқ оқибатида жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва тараққиёт таъминланади.

Минг афсуски, бугунги кунда ўзининг хизмат вазифасини бажараётган, жамият хизматида бўлган тез ёрдам, ички ишлар ходимлари ёхуд коммунал тўловларни йиғишга масъул бўлган шахслар билан баъзилар қўпол муомалада бўлинаётгани, уларга тан жароҳати етказаётгани ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. Ваҳоланки, улар жамоат осойишталиги учун масъул қилинган, халқ хизматида бўлган вазифадорлардир.

Ўз навбатида, Ислом шариати ҳар қандай вазиятда англашилмовчилик ва зиддиятли ҳолатларни соғлом ақл ва яхшилик билан ҳал этиш, муроса қилишга буюради. 

Шунингдек, киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларида баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

مَا نَقَلْنَا مِنْ أَدَبِ مَالِكٍ أَكْثَرَ مِمَّا تَعَلَّمْنَا مِنْ عِلْمِهِ (سير أعلام النبلاء)

яъни: “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ  бўлди”  (“Cияру аъломин нубало” китоби).

Демак, ҳусни хулқ кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳллари билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат  ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.

Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилм, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.

Яҳё ибн Муъоз раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Ёмон хулқ ёмон хусусият бўлиб, у билан кўп яхшиликлар ҳам фойда бермайди. Яхши хулқ эса, яхши хусусият бўлиб, у билан кўп ёмонликлар зарар бера олмайди”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шариъатимизда гўзал ахлоқли бўлишга тарғиб қилинган бўлиб, ҳар бир инсон хулқ атворини чиройли қилишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, инсон чиройли хулқи сабабли дунё ва охиратда юқори даражаларга етади. Бунинг учун аввало шариъатимизни яхши ўрганишимиз ва унга амал қилишимиз керак бўлади.

Муҳтарам азизлар! Маълумки, куз фасли келиб, ҳозирги кунларда деҳқонлар ҳосилларини йиғиштириш мавсумида турибмиз. Шариатимиз деҳқонларнинг зиммасига ушр бериш ибодатини буюрган. Суҳбатимиз давомида ушрга оид баъзи бир масалаларни баён қиламиз.

 “Ушр” – араб тилида, ўндан бир дегани. Шариатда эса деҳқончилик маҳсулотларининг закоти ҳисобланиб, асосан етиштирилган маҳсулотнинг ўндан бир қисми мискинларга берилиши тушунилади. Ушр шариатимизда Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламолар ижмосига кўра фарздир. Аллоҳ таоло Анъом сураси, 141-оятида, шундай марҳамат қилган:

وَآتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

яъни:  “Ва унинг ҳақини ҳосилини йиққан куни беринг. Исроф қилманг. Чунки у зот исрофчиларни яxши кўрмас”.

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Анҳорлар ва булутлар суғорган нарсалардан ушр (ўндан бир берилади), сув чиқарувчи ҳайвон ила суғорилганда йигирмадан бир (берилади)”, дедилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Мазкур ҳадисга биноан, ҳанафий мазҳабимизда ердан олинган ҳосил қанча бўлишидан қатъи назар, ундан ушр берилади. Оқар сув ёки ёмғирда суғорилган экинларнинг ҳосилидан харажатлар чиқарилмасдан ушр (ўндан бир) берилади. Ерга ишлов берилмасдан ўзи ўсиб чиққан маҳсулотлардан ушр берилмайди. Сув чиқаришга чархпалак, ҳайвон ва бошқа нарсаларни ишлатиб, сарф-харажат қилинган бўлса, маҳсулотнинг, йигирмадан бири берилади. Суғоришдан бошқа ишларга сарфланган харажатлар эътиборга олинмайди. Асалдан, гарчи оз бўлса ҳам, ўндан бири ушр сифатида фақирларга берилади (“Мухтасарул виқоя” китоби).

Ҳовлидаги мевали дарахтлар мевасидан ушр берилмайди. Балки даласидаги дарахтлари мевасидан ушр берилади. Зеро, ҳовлидаги нарсалар ундаги иморатларга тобе ҳисобланиб, улардан ушр берилмайди (“Фатавои Қозихон”китоби).

Ушрни  закот олишга ҳақли бўлган фақир ва мискинларга берилади.

Ушр беришдан олдин ер харажатлари ва бошқа харажатлар чиқариб ташланмайди. Шунингдек, маҳсулотлар олинганидан сўнг, бир йил ўтиши, нисоб миқдорининг тўлдирилиши шарт эмас.

Аллоҳ таоло деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака бериб, зиммаларидаги ушр бериш ибодатини чиройли адо қилишларини насиб айласин! Омин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Исломда қарз олди-берди масаласи” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

3134 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top