Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا الرَّؤُوفِ بِالْمُؤْمِنِيْنَ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجمعين أَمَّا بَعْدُ

Буюк хулқ соҳиби!

Муҳтарам жамоат! Маълумки, биз кутган Рабиул аввал ойи ҳам кириб келди. Хабарингиз бор, ҳар йили Рабиул-аввал ойида дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар. У ҳам бўлса “Мавлидун-Набий”, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунларидир. Бу ойда барчаларимиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак тарихлари ва турмуш тарзларини янада кенгроқ ўрганишимиз, ҳар ишда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ва ҳидоят нури қилиб юборди. У Зот сабабли инсониятни зулматлардан нурга чиқарди. У Зотни бу дунёда ҳидоят йўлбошчиси қилди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин ва ундаги кўрсатмалар барча оламларга – инсонлар ва ҳайвонлар оламига ҳам, жамодот ва наботот оламига ҳам меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат манбаидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида:

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, дея таъкидлаган (Анбиё сураси 107-оят).

Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Бу ҳақда “Тафсири Табарий” китобида Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан қуйидаги жумлалар нақл қилинган: “Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни дунёдаги барча мўминлару кофирларга раҳмат (меҳрибон) қилиб юборди. Мўминларга бу Зотни меҳрибонликлари – Аллоҳ таоло бу Зот сабабли мўминларни ҳидоят қилди, тўғри йўга бошлади. Натижада, мўминлар Аллоҳга имон келтириш ва У Зот томонидан буюрилган амалларни бажариши сабабли жаннатга кирадиган бўлдилар. Энди, кофирларга бу Зотни меҳрибонликлари – олдинги умматлар пайғамбарларини ёлғонга чиқарган пайтларида уларни устига катта-катта балолар келган. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ёлғонга чиқарган ёки пайғамбар эканликларига ишонмаган қавнинг устига Расулуллоҳнинг барокотларидан балоларни келиши кечиктирилди ва охиратга қолдирилди”.

Расулуллоҳнинг мана шундай оламларга раҳмат ва барча инсониятга меҳрибон ва жонкуяр эканликларини билиш учун бу Зот алайҳиссаломнинг муборак тарихлари, турмуш тарзлари, одоб-ахлоқлари, меҳр-оқибатлари, эзгулик ва фазилатларидан хабардор бўлишимиз керак.  Бугунги суҳбатимизда шулардан баъзиси билан танишиб чиқамиз.

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига нисбатан шафқатлари ва меҳрибонликлари; Набий алайҳиссалом ўз умматларига ота ўз фарзандига шафқатли ва меҳрибон бўлганидан кўра шафқатли эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

яъни: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз Унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (Тавба сураси 128-оят).

Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда. Дарҳақиқат, дунё тарихида У Зотдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Набий алайҳиссаломнинг аёллари Оиша разияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Бир куни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд ҳолда кўриб, У Зотга: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мени дуо қилинг”, дедим. Шунда У Зот: “Эй, Аллоҳ! Оишанинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилдилар. Оиша онамиз (бу дуодан қувониб) шундай кулдиларки, хурсандликларидан бошлари Расулуллоҳнинг тиззаларига тушди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Дуоим сени қувонтирдими?” – деб сўрадилар. “Сиздек зотнинг дуоси мени қувонтирмасмиди?!” – дедилар Оиша онамиз. Шунда Сарвари олам: “Аллоҳга қасамки, бу менинг умматим учун ҳар бир намозимда қиладиган дуоимдир!” – дедилар” (Имом Баззор ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуолари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қайтарилмайдиган буюк Зот ўз умматларининг ҳаққига ҳар намозларида “Эй, Аллоҳ! Умматимнинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилар эканлар. Бундан ҳам ортиқ меҳрибонлик борми дунёда?!

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг шаксиз қабул бўладиган дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

У Зот алайҳиссалом катта дуоларини умматлари энг муҳтож бўладиган пайт – охират учун сақлаб қўйган эканлар. Бу ҳадисда У Зотнинг умматларига бўлган меҳрлари, лутфлари, шафқатлари яққол кўриниб турибди. Умматларини ўзларидан ҳам, оилаларидан ҳам устун кўриб, уларни дуо қилишни кўзламоқдалар.

  • Қўполлик қилганларга ҳам юмшоқлик билан жавоб қайтарардилар; Сарвари олам энг ҳалим, босиқ ва мулойим инсон эдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг ушбу хусусиятларини мақтаб Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ

яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...” (Оли Имрон сураси 159-оят).

Набий алайҳиссаломнинг ҳалимликлари қуйидаги ҳадисда ҳам ёрқин намоён бўлади. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У Зотнинг эгниларида дағал матодан бўлган кийим бор эди. Олдиларига бир аъробий келиб, ридоларидан қаттиқ тортди. Тортиш натижасида кийим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларида из қолдирганини кўрдим.

Аъробий: “Эй, Муҳаммад! Ҳузурингиздаги молдан менга ҳам улуш беринг”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қарадилар ва табассум қилиб, сўнг унга ҳам молдан улуш беришни буюрдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

  • Муҳтожларнинг ҳожатини раво қилишлари; Саҳоба Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас ва орланмас эдилар(Имом Абу Довуд ривоятлари).

Расулуллоҳ алайҳиссалом муҳтож ва мазлумларга кўп ёрдам қилар эдилар. Масалан, Ирош уруғига мансуб бир одам туяларини сотиш учун Маккага келди. Абу Жаҳл ундан туяларини сотиб олдию, лекин пулини тўлашни пайсалга солди. Ҳалиги одам эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг бир бурчагида ўтирганларида Қурайшнинг йиғин жойига келиб: “Эй Қурайш жамоаси! Абу Жаҳлдан ҳаққимни олиб беришда ким менга ёрдам беради? – деди. Ана шу мажлисдагилар Расулуллоҳ билан Абу Жаҳл орасидаги адоватдан хабари бўлганликлари боис масхаралаб: “Унга Муҳаммадга бор, у сенинг ҳаққингни олиб беради”, – дейишди. Ироший Расулуллоҳнинг олдиларига бориб, вазиятни тушунтирди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Абу Жаҳлнинг уйига бориб эшигини қоқдилар. Абу Жаҳл ташқарига чиқдию, ранги оқариб кетди. Шунда Расулуллоҳ алайҳисаллом: “Бу одамнинг ҳаққини бер!” – дедилар. Абу Жаҳл: “Хўп”, – деб, уйига кириб, у одамнинг ҳаққини олиб чиқиб берди. Кейин Ироший киши Расулуллоҳнинг ҳақларига дуо қилиб, хурсанд бўлиб кетди. Бўлган воқеадан кейин мажлисдагилар Абу Жаҳлни кўриб унга: “Шўринг қурсин, сенга нима бўлди? Сенинг бу қилган ишингга ўхшашини асло кўрмаганмиз”, – дейишди. Абу Жаҳл: “Сизнинг шўрингиз қурсин. Аллоҳга қасамки, Муҳаммад эшигимни қоққанида овозини эшитар-эшитмас қалбим қўрқувга тўлди. Олдига чиқдим. Унинг боши узра бир баҳайбат туя турарди. Ҳеч қачон ундай важоҳатли туяни кўрмаганман. Аллоҳга қасамки, агар талабини рад этганимда туя мени ўша ернинг ўзида еб қўярди”, – деди.

  • Камтар ва тавозеликлари; Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам либосларини ўзлари ямаб, гоҳида сут ҳам соғар эдилар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиш (да сув қуйиб туриш) ва садақа бериш ишларини ҳеч кимга буюрмас, фақат ўзлари бажарар эдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам чақириғини бирдек қабул қилар эдилар. У Зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.

  • Поклик ва озодаликка эътибор беришлари; Набий алайҳиссалом инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам озода бўлишига катта аҳамият берар эдилар. У Зотнинг ўзлари бу борада барчага ўрнак эдилар. Ўз ҳадиси шарифларида: “Поклик иймоннинг ярмидир”, – дер эдилар (Имом Муслим ривоятлари). Бошқа бир ўринда: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, – дер эдилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Азизлар! Бундан бошқа Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ростгўйликлари, амонатдорликлари, адолатли ҳукм чиқаришлари, сабр-бардошли, ҳалим, очиқ чеҳрали эканликлари, жуфти ҳалоллари билан чиройли муомала ва муносабатда бўлишлари каби сон-саноқсиз гўзал хулқлари мавжуд.  Қолаверса, Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг хулқларини мадҳ этиб, шундай марҳамат қилган: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси 4-оят). Ушбу мақтов оддий мақтов эмас. Балки у оламларнинг Роббисидан келган мақтовдир. Зеро, ҳеч бир инсон бундай шарафга эришган эмас. Аллоҳ мақтаб турган шахсни биз қанча сифатласак ёки гўзал хулқларини айтсак-да, уни ҳаққини адо қила олмаймиз ва тилларимиз ожизлигича қолаверади.

Шундай экан, биз умматлар имкон қадар ҳар бир феълу атворимизда ва ўзгалар билан муомала ва муносабатимизда суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўрнак ва намуна олсак, айни муддао бўлар эди.

Биз уммат ўлароқ инсониятнинг энг буюги – суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак сийратларига бағишланган турли-туман китоблар нашр этилган. Биз оила аъзоларимиз даврасида шу китоблардан мутолаа қилишни жорий қилайлик. Фарзандларимиз қалбида Набий алайҳиссаломга нисбатан муҳаббатни уйғотайлик.

Ҳурматли жамоат! Хабарингиз бор, дунёнинг баъзи жойларида нотинчлик ва кўнгилсиз ҳолатлар учраб турибди. Шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч. Бундай тинчлигимиз бардавом бўлиши учун Аллоҳ таолога кўплаб шукрлар қилиб, ибодатларда мустаҳкам бўлиб, бу улуғ ойларни ғанимат билиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тарихларини ўрганиб, у зотга кўпроқ салавотлар айтишимиз керак бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Мана шу уй (Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! Зеро, У зот уларни очликдан қутқариб тўйдирди ва хавф-хатарлардан хотиржам қилди” (Қурайш сураси 3-4 оятлар).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Қурайш қабиласини тинч-осойишта қилиб қўйгани ва ризқ берганини алоҳида эслатиб, унинг эвазига ёлғиз Ўзига ибодат қилишга буюрмоқда.

Убайдуллоҳ Ал-Ансорий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Термизий ривояти).

Демак, ҳар биримиз осуда ва тинч бошланган кунимиз учун Яратганга чексиз ҳамду сано ва шукроналар айтишда бардавом бўлайлик!

Бугунги таҳликали замоннинг ўзи воқеликка ҳушёрлик, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, жаҳонда кучайиб бораётган хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ олиб яшашни талаб этмоқда. Шу нуқтаи-назардан, ватандошларимиз, айниқса ёшларимизнинг онги ва шуурида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақада рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида бирёқлама ва нохолис тасаввурлар шаклланишига йўл қўймаслик зарур саналади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

Аллоҳ таоло юртимизни тинчлигини бардавом айлаб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган муҳаббатларимизни зиёда қилсин! Қиёматда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг муборак шафоатларига эришиш ҳамда жаннатда Расулига қўшни бўлиш бахтини насиб этсин! Омин!

 

Муҳтарам имом домла! Рабиул аввал ойининг бирор жумасида, имкониятга қараб, Имом Барзанжийнинг “Мавлидун Набий” китобидан ўқиб беришингиз мақсадга мувофиқ бўлади. Келаси жума маърузаси Исломда қарз олди-берди масаласиҳақида бўлади, иншааллоҳ.

3070 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top