Рамазон

“Сизларга фарз бўлиб қолмасин, дедим”

Рамазон – таровеҳ ойи. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мағфиратга ноил бўлиш, ажру савобларни кўпайтириб олиш учун бу ойда тунлари ибодатга қоим бўлишга тарғиб қилиб: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Олимлар Рамазон кечалари қоим бўлишдан мурод таровеҳ намозини адо этишдир, деганлар. Таровеҳни масжидда жамоат бўлиб ўқиш Саодат асридан бошланган амал. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намози банданинг гуноҳлари мағфират бўлишига сабаб эканини таъкидламоқдалар. Олимлар бу ерда гуноҳлар дейилганда кичик кичик гуноҳлар назарда тутилганини таъкидлашган.

Тунги намоз мўминлар шарафи, солиҳлар одати, обидлар яқинлигидир. У бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг афзал амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тунги намозни канда қилманг. У сизлардан олдин ўтган солиҳлар одати, Раббинггизга яқинлик, гуноҳларга каффорат, маъсиятлардан қайтарувчидир” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Рамазон кечаларида қоим бўлиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннат қилган улуғ ибодат. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда масжидда намоз ўқидилар. У зотнинг бир қанча саҳобалари у зотга эргашиб уч кеча намоз ўқишди. Тўртинчи кеча масжидга одам сиғмай кетди. Ўша кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқмадилар. Тонг отганда у зот: “Сизларнинг йиғилганларингизни кўрдим. Сизларнинг олдингизга чиқишдан мени тўсган нарса шуки, бу намоз сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрққаним”, дедилар. Бу Рамазонда бўлган эди” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига шафқатлари ва саҳобаларнинг суннатга, Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказишга қанчалик эътиборли бўлганларини кўриш мумкин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким имом кетгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечани ибодат билан ўтказганлик савоби ёзилади” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Яъни ким хуфтон, таровеҳ ва витр намозларини имом билан бирга ўқиса, ўша кечани ибодатда ўтказганлик савобига эга бўлар экан. Шундай экан, бу ибодатга эътиборли бўлиш, унда давомли бўлиш кўп ажру савоб келтиради.

Рамазоннинг ҳар они муборак, шарафлидир. Шундай экан, мусулмон киши бу ойни ғанимат билиб  рўза, тиловат, таровеҳ, дуолар билан ўтказиши матлубдир.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.

76223 марта ўқилди
Top