Рамазон

Ўхшаши йўқ ибодат

Рамазоннинг фазилатини рўза тутганлар билади. Рўзадорнинг танаси ҳолсизланса-да, кўнгли тўқ, нафсининг жилови қўлида, руҳи тетик бўлади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ўзим берурман, деди”, дея марҳамат қиладилар. Ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло “Рўза Мен учундир” деяпти. Ана шу фикрга эътиборимизни қаратсак, рўзани ният қилган киши ҳеч ким кўрмаса ҳам еб ичмайди, ҳатто тариқча бўлса ҳам томоғидан нарса ўтмаслигига ҳаракат қилади. Шубҳали нарсалардан йироқ юради, Аллоҳ таолонинг “Басийр” яъни ҳамма нарсани кўрувчи эканига имон келтиради. Ҳамиша қалбида “Аллоҳ таоло кўриб турибди”, деган фикр бўлади. Рўза тутмаган вақтларда ҳам бу ишонч одатга айланади ҳамда киши ўзини ёмонликлардан ана шу фикри орқали узоқ тутади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Рўза сақловчидир. Рўзадор киши  фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин”.

Рўза ўз соҳибини кўпгина ёмонликлардан асрайди. Рўзадор тилига ҳам ниҳоятда эҳтиёт бўлади. Бу эса ўз навбатида қанчадан-қанча жанжалларнинг олдини олади, яхшиликларга сабаб бўлади.

Рўзанинг фазилатлари чексиз. Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бор. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифторлик қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига юзланганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”. Саҳардан шомгача еб-ичишдан чекланган нафснинг ифторлик чоғидаги роҳатини фақат рўзадоргина ҳис қила олади. Аввало, ибодатни адо этганидан, катта савобга эришганидан, қолаверса, ташна жисмига сув ва очиққан нафсига ҳалол егуликка етишганидан кўнгли кўтарилади. Охиратда эса тутган рўзаси туфайли жаннатда шодланади.

Набий (с.а.в.) ҳадисларида шундай дедилар: “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”. Ҳаётимиз давомида кўпгина хатоларга йўл қўямиз, уларни мағфират этишини ҳамиша Аллоҳдан сўраймиз. Рўза сабаб гуноҳлар кечирилиши бу улкан имкониятдир. Бундан ташқари, Рамазон рўзасини имон ва савобни умид қилиб тутиш жоизлиги эслатилмоқда. Ушбу ҳадис рўзанинг нақадар қадри юксак эканини англатади.

Ҳар бир мусулмоннинг орзуси жаннат. Унга етишмоқни доим Яратгандан сўраймиз. Бироқ рўзадорлар учун жаннатнинг алоҳида эшиги борлиги бу ибодатнинг нақадар фазилатли эканини англатади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. “Рўзадор қаерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”. Рўзадорларга берилажак ажру мукофотларнинг салмоғини ана шу ҳадисдан ҳам билиб олсак бўлади.

Ҳақиқатан, рўзанинг фазилатлари битмас-туганмас хазина каби. Бу ҳақда қанча гапирмайлик, янада ортиб бораверади. Муҳими, имкониятлар фаслида – муборак Рамазон ойидан фойдаланиб қолайлик. Рамазоннинг кунлари ғанимат, у жуда тез ўтиб бормоқда. Шукрки, юртимизда ушбу ойни муносиб ўткизиш учун кўпгина шароитлар яратилган. Мусулмонлар ўз ибодатини эмин-эркин адо этмоқдалар. Масжидларда ҳар куни таровеҳ намозлари ўқилмоқда. Баъзи кунлари долзарб мавзуларда суҳбатлар уюштирилади, юртдошларимиз ўз саволларига жавоблар олмоқда. Албатта, буларнинг барчаси бизга берилган бебаҳо неъматдир.

А.ҒАНИЕВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий  ишлар бўйича мудир муовини

80903 марта ўқилди
Мавзулар
Top