Жума мавъизалари

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, сизу бизни шундай файзли юрт ва донишманд халқнинг фарзанди қилиб яратди. Азалдан ота-боболаримиз оила тотувлиги ва мустаҳкамлигини бошқа масалалардан кўра биринчи ўринга қўйиб, оиланинг тартиб интизоми ва тарбияси билан алоҳида шуғулланганлар. Зеро, оила қуриш, оилавий ишлар билан шуғулланиш улуғ ибодатлардандир. Маълумки, ислом шариатида учта ўринда хутба ўқилади, булар жума ва икки ҳайит намозлари ҳамда никоҳ ақди пайтида хутба ўқилади. Динимизда хутба ўқишлик ажри улуғ ва бутун мусулмон жамоасига аҳамияти катта бўлган ишлардандир.

Оилани барпо қилиш билан киши катта ажрга эга бўлса, унинг барбод бўлишига сабаб бўлиш эса оғир гуноҳдир. Зеро, бир оиланинг ажралиши бу турли фитна ва фасодларнинг пайдо бўлиши ва авж олишига олиб келади. Шунинг учун ҳам динимизда оиланинг ажралиши маъқулланмайди. Аллоҳ таоло оилани сақлаш масъулиятини эркакларнинг зиммасига юклаб Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

яъни: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”. (Нисо, 19–оят). Шу сабабли оилада эркак киши оқилона ва адолатли бошқарувни йўлга қўйиши талаб қилинган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисда:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ كُلُّكُمْ رَاعٍ وَمَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ فَالْإِمَامُ رَاعٍ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالرَّجُلُ فِي أَهْلِهِ رَاعٍ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالْمَرْأَةُ فِي بَيْتِ زَوْجِهَا رَاعِيَةٌ وَهِيَ مَسْئُولَةٌ عَنْ رَعِيَّتِهَا وَالْخَادِمُ فِي مَالِ سَيِّدِهِ رَاعٍ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ

 متفق عليه

яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бирингиз бошқарувчисиз ва қўл остингиздагилардан масъулдирсиз. Имом бошқарувчидир ва у бошқараётганларидан сўралади. Эр киши оиласида бошдир ва у оила аъзолари борасида сўралади. Аёл киши эрининг уйида вазифадордир ва у ҳам вазифаларидан сўралади. Ходим ўз хўжайинининг молида тасарруф қилувчидир ва у ўз ишидан сўралади”, деб айтилган. Ушбу ҳадиснинг мазмунидан маълум бўладики, оилада эркак киши асосий жавобгар шахсдир.

Ҳурматли жамоат! Оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканини англаб етиш ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўриш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Қадимдан бизнинг халқимизда оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар. Келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари деб билганлар. Ҳар бир ота-она аввало ўз фарзандига насиҳат қилган, ундан кейин келини ёки куёвига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган. Баъзи ҳолатларда қаттиқроқ гапириб, дўқ-пўписа ҳам қилганлар.

Ўша пайтларда “Фалончининг қизи уйига аразлаб келган экан, “Сенинг уйинг ўша ер, бизникидан кетгансан, яна шундай қилсанг, сендан норози бўламан” деб, қайтариб олиб бориб қўйишибди” қабилидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинар эди. Шунингдек, “Фалончининг ўғли келини билан уришиб қолган экан, “Агар келинни яна бир марта хафа қиладиган бўлсанг, ундай қиламан, бундай қиламан” деб, ўғли билан роса уришибди” каби гап-сўзлар ҳам тарқалиб турар эди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, икки тарафнинг катталари нима қилиб бўлса ҳам, оила мустаҳкамлигининг қайғусини қилар эдилар.

Муҳтарам жамоат! Сир эмаски, ҳозирги вақтда оилавий ажралишларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида оилада эркак киши яъни, қайнотанинг бепарволиги сезилиб қолмоқда. Ота оиланинг раҳбари сифатида оиланинг бошқа аъзолари томонидан янги келинга бўлаётган муносабатга бепарво бўлмаслиги лозим. Айниқса, қайнона томонидан келинга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлинганда уни тартибга чақириш, ноҳақликни олдини олиш қайнотанинг вазифаси. Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилганлар:

فعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا» فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، أَنْصُرُهُ إِذَا كَانَ مَظْلُومًا، أَفَرَأَيْتَ إِذَا كَانَ ظَالِمًا كَيْفَ أَنْصُرُهُ؟ قَالَ: «تَحْجُزُهُ، أَوْ تَمْنَعُهُ، مِنَ الظُّلْمِ فَإِنَّ ذَلِكَ نَصْرُهُ»

. (أخرجه البخاري)

яъни: Анас р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Биродарингизга золим бўлса ҳам мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг”. Бир киши сўради: Ё, Расулуллоҳ! Мазлумга ёрдам бераман, бироқ золим бўлса унга қандай қилиб ёрдам беришим мумкин? Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Уни зулм қилишдан тўхтатасан, ана шу унга ёрдаминг бўлади” (Бухорий ривояти).

Афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўпгина оилаларнинг ажрашишига сабаб оиланинг бошлиғи эркак киши ўзини бир четга олган бўлиб, натижада аёллар ҳамма ишда “хўжайин” бўлиб қолишган. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду насиҳат қилиб, уни йўлга солиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифалар юклаб, зулм қилиб охир оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаёт қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади. Бу тоифадаги кишиларга нисбатан Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

عَن عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهَا قَالَت :قَالَ رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ :" إِنَّ شَرَّ النَّاسِ عِندَ اللهِ مَنزِلَةً يَومَ القِيَامَةِ مَن تَرَكَهُ النَّاسُ اِتقَاءَ شَرِّهِ"

(رواه البخاري)

яъни: “Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон даражадаги инсон одамлар унинг ёмонлигидан сақланиш учун ташлаб кетилган кимсадир”, деганлар. (Бухорий ривоят қилган). Яъни, не орзу ҳаваслар билан оила қурган келин қайнонанинг жабру ситамига чидай олмай уйдан кетишга мажбур бўлмоқда.

Бир йигитнинг онаси: “Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оқ қиламан”, - деб туриб олган экан, у: “Талоқ қилдим”, - дебди. Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган ота-онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳига: “Бир одамнинг онаси: “Хотинингни талоқ қиласан”, деб туриб олса, нима қилади?” дейилган экан. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки, хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган ишлардан эмас. Бу эса, онаси “Хотинингни талоқ қиласан”, деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.

Муҳтарам азизлар! Оилани сақлашда эр, яъни келиннинг турмуш ўртоғининг ҳам ўрни катта. Эр келиннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олиши, бунинг учун ота-она билан муроса-ю мадора йўлини тутиши лозим. Аксинча, тўйдан сўнг келинни буткул онаси ёки опа-сингилларининг ҳукмига ҳавола қилиб қўйишлиги адолатдан эмас. Акс ҳолда, бундай вазиятда келин ўзини ёлғиз ва ҳимоясиз ҳис қилиб, оқибатда оиласига нисбатан меҳр қўйиб кета олмайди. Зеро, оилали бўлган эрнинг зиммасида аёлини нафақат едириб-ичириш, уй-жой ва кийим-кечак билан таъминлаш, балки унга шу оиланинг ҳақиқий аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш, жумладан дам олиш, ибодат қилиш, болалари тарбияси билан шуғулланиш каби ишларга ҳам имконият яратиб бериш мажбурияти бор.

Муҳтарам жамоат! Албатта, келиннинг ҳам зиммасида оилада ўзига муносиб мажбуриятлари мавжуд. Аввало, янги хонадонга келишдан аввал барча зарурий таълимотларни олган бўлиши шарт. Айниқса, сабру қаноат, шукру итоат каби фазилатларни ўзида касб қилган бўлиши, янги оила аъзолари билан одоб-ахлоқ ва иззат-ҳурмат меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда муомалада бўлиш шулар жумласидандир. Айниқса, турмуш ўртоғига нисбатан ҳурмат ва эътибор энг олий даражада бўлиши талаб этилади. Зеро, буларнинг барчаси пировард натижада аёлнинг оилада бахту саодат топиши, қолаверса улкан ажру савобга эга бўлишига сабаб бўлади. Демак, келиннинг оиладаги асосий вазифаси эри яхши кўрган нарсани севиб, у ёқтирмайдиган нарсани қилмаслик билан эрининг розилигига эришиш, қолаверса қайнота ва қайноналарини ҳурматларини жойига қўйиш билан Аллоҳнинг розилигини топишдан иборатдир.  

Аллоҳ таоло барчамизнинг оилаларимизни тинч ва осойишта бўлмоғини насиб айлаб, Ўзи рози бўладиган амалларни бажармоғимизга муваффақ қилсин. Омин!

7330 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top