Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

НАВРЎЗ – УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, дунёдаги ҳар бир мамлакат ва ҳар бир халқнинг миллий ва диний байрам кунлари бўлади. Шу жумладан, бизнинг она юртимиз ва диёримиз халқининг ҳам қатор байрамлари борки, ҳар йили уларни шодиёна тантанали равишда ўтказиб борилади. Худди шундай миллий байрамларимиздан бири баҳор байрами, яъни Наврўз байрамидир.

Билиб қўйишимиз керакки, биз ўтказадиган Наврўз қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига саломат етганимиз ҳамда ерга уруғ қадайдиган фурсати етгани муносабати билан деҳқонларнинг ҳам баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий тадбири ҳисобланади. Бу кунни баҳорни бошланиш сифатида рамзий нишонлаймиз.

Ислом таълимоти инсоннинг руҳий тарбиясига қанчалик аҳамият бериб, уни камолот сари ундовчи ва йўлловчи илоҳий кўрсатмаларини билдирган бўлса, инсон шу даражада соғ-саломат, бардам-бақувват бўлиши йўлида унга зарурий дунё неъматларини ато қилди ва буларга эришиш сабабларини ҳам кўрсатиб қўйди. Шундай илоҳий неъматлардан бўлган зироат экинлари, яъни буғдой, арпа каби бошоқли дон-дунларни ва турли мевали дарахтларни, боғу-полиз маҳсулотларини инсон тириклигининг асосий омили қилди ва бу неъматларга ўсиб-униши ва ҳосил бериб, инсоният бардавомлигини таъминлаш вазифасини юклади. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида бундай хабар бериб айтади:

فَلْيَنْظُرِ الْإِنْسَانُ إِلَى طَعَامِهِ  أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا  ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا  فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا  وَعِنَبًا وَقَضْبًا  وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا  وَحَدَائِقَ غُلْبًا  وَفَاكِهَةً وَأَبًّا  مَتَاعًا لَكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ

 (سورة عبس/24-32).

яъни: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик).

Албатта, эрта баҳордан бошлаб ҳалол меҳнат жабҳасига кирган меҳнаткаш бобо деҳқонларимиз томонидан сепилган дон ёки экилган уруғнинг униб-ўсишини Аллоҳ таборака ва таоло ирода қилсагина, улар ривожланиб, кўкариб ниш уради.

Муҳтарам азизлар! Наврўз айёми  халқимиз учун шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, асл миллий, энг ардоқли байрамдир. Наврўз деҳқончилик ишларининг бошланиши, янги мавсумга кириш вақти саналади. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги униб чиққан кўкатлардан, баҳорий таомлар: сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара каби тансиқ таомлар пиширилган. Ўзбекистонда ҳам мустақилликка эришилганидан кейин бошқа қадриятлар қатори Наврўз байрами ҳам қайта тикланди. У ҳозир мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Ҳар йили мамлакатимиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда байрам сайиллари, томошалар, бошқа байрам тадбирлари ўтказиляпти, айни пайтда хайрия ташкилотлари ёрдамида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олинмоқда, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Наврўз байрамининг дин ёки эътиқодга  умуман дахли йўқ бўлиб, ушбу кун азал шарқ халқларида янгиланиш, яшариш байрами, деҳқончилик мавсумининг бошланиши, янги ҳаёт палласи сифатида кўрилган.

Жаннатмакон диёримизнинг меҳнаткаш бобо деҳқонлари, миришкор боғбонлари, қишлоқларимиздаги тиним билмас барча меҳнаткашлар кириб келаётган баҳор мавсумига жиддий ҳозирлик кўришяпти, ерларни экиш-тикишга ўз вақтида тайёрлаб, имон-эътиқод ва ихлос билан ерга қут-барака уруғларини тикишни бошлаб юбордилар. Уларнинг Аллоҳ розилигини топиш борасидаги ҳалол меҳнатлари, касбу корлари, иншоаллоҳ самарасиз қолмайди. Зеро, жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганлар:

عَن أَنَسٍ رضي الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم:"مَا مِن مُسلِمٍ يَغرِسُ غَرْسًا أَو يَزرَعُ زَرْعًا فَيَأكُلُ مِنهُ طَيرٌ أَو إِنْسَانٌ أَو بَهِيْمَةٌ إِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدقَةٌ"

(رواه الامام النسائي).

яъни: “Бир мусулмон бирон бир дарахтни ёки экинни экса, ундан бирор қуш, инсон ёки бирор ҳайвон еса у инсонга садақа ёзилади” (Имом Насоий ривояти).

Муҳтарам жамоа! Шу ўринда Сиз азизларга “Ҳизбут-Таҳрир” оқими ҳақида сўзлаб беришни ўзимизга асосий вазифа деб билдик.

“Ҳизбут-Таҳрир” фитнасидан огоҳ бўлайлик

Авваламбор, бу хусусида марҳум устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз вақтида ушбу оқимга раддия бериб кетганлар. Мазкур оқим аъзолари ўзларнинг қабиҳ ишларини барча ислом динига эътиқод қилувчи мамлакатларда, шу қаторда юртимизда ҳам яширин тарзда олиб боришмоқда. Энг хатарлиси, “оқим” аъзоларининг асосий мақсади ягона халифалик давлатини қуриш каби даъво остида аслида мусулмонларнинг ичига фитна солмоқда.

Улар халифаликни ташкил этиш йўлида барча мусулмонларни ҳаракат қилиш фарз, деган иддаони илгариб суриш билан бирга мусулмон киши уч кундан ортиқ халифасиз яшаши ҳаром, деб таъкидлаб келмоқдалар. Ваҳоланки, “Муҳаммад” (с.а.в.) “мендан кейин 30 йил халифалик ҳукум суради, сўнг подшоҳликлар бўлади” деб айтиб ўтганлар. Аммо эътиқоди бузуқ бўлган кимсалар, эса ушбу фикрни рад этган ҳолда, ўз қарашларини олға суриб келишмоқда.

Ақидавий масалалар диннинг асоси ва таянчи ҳисобланишини инобатга олсак, мусулмон банда бу борада тўғри йўналишда бўлиши ўта муҳимдир. “Ҳизбут-таҳрир” раҳнамолари эса, ислом динининг эътиқодий қарашларига аста-секинлик билан ўз ботил фикрларини киритишга ҳаракат қилиб, ислом тарихидаги ёмон ном қозонган “мўътазилия” ва “қадария” оқимларининг бузуқ қоида ва фикрларига таянадилар.

“Оқим” аъзоларининг фиқҳий ботил қарашларидан яна бири, бу қасам ичиш, яъни “оқим”га содиқ қолиш ҳисобланади. Оқим раҳнамолари мазкур ҳолатда айёрона ҳийла кўзлаб, тарафдорларни оқимдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида жорий қилишган. Аслида қасам фақат яхшилик ва эзгу ишларни қилиш ёки ёмон ва қабиҳ амалларни қилмаслик учун ичилади. Умуман олганда, ислом таълимоти бўйича зарурат тақазо қилмагунича қасам ичишдан сақланишга буюрилади.

Шу боисдан муҳтарам жамоа мавизамизда қайд қилинган оқим тарафдорларининг ёлғон иддаолари ва қарашларига алданиб қолмаслик мақсадида ҳушёрликни оширишимиз, мазҳабимизга хос бўлмаган эътиқодга эргашиб кетмаслигимиз лозим бўлади.

Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намоздаги сафга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.

- Намозга саф тортганда биринчи эркаклар, кейин ёш болалар, сўнгра аёллар туради. Агар балоғатга етмаган ёш болалар катталарга баробар бўлиб қолсалар, ҳадисга зид бўлгани учун катталарнинг намози макруҳ бўлади.

- Намозда биринчи олдинги саф тўлдирилади. Сўнгра иккинчи сафга туриш бошланади. Би­ринчи саф тўлмасдан туриб иккинчи сафга турилмайди.

- Имом сафларнинг ўртасида чиқиб туради. Имомга бир эркак иқтидо қилса, имомнинг ўнг томонида туради, орқасида турмайди. Бунда иқтидо қилгувчининг оёқ­ларини бармоқлари имомнинг товони баробарида туради.

- Сафнинг энг яхши жойи имомнинг рўпараси, сўнг ўнг тарафи, сўнг чап тарафидир.

- Имом бир киши билан намоз ўқиётганида иккинчи одам жамоатга келиб қўшилса, имомнинг ёнидаги кишини орқага тортиб, бир сафда туради ёки имом олдинга чиқади.

- Сафда турганлар сафни тўғри тутиш билан бирга, ораларида очиқ жой қолмаслиги керак.

- Агар сафда бир киши сиғадиган миқдорда очиқ жой бўлса, уни орқадаги киши тўлдириш керак бўлади. Бошқа жойдаги одам уни тўлдирса намози бузилади.

- Олдинги сафда очиқ жой бўла туриб намоз ўқиш макруҳ бўлади. Олдинги сафдаги очиқ жойни тўлдириш мақсадида юриш  ҳар бир рукнда икки қадамдан ошмаслиги зарур. Юришда оёқлар ерга ёпиштирилган ҳолда (судраб) борилади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, зироат ишларида мўл-кўл ҳосил олиш йўлида меҳнат қилаётган деҳқонларимизга баракотлар нозил қилсин! Омин!

7427 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top