Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ОИЛАДА ЭРНИНГ ВАЗИФАСИ

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло эркакларга оиладек муқаддас қўрғонга раҳбарлик қилиш вазифасини юклади.  Шу билан бирга эркакларни руҳий ва жисмоний жиҳатдан аёллардан фарқли қилиб, уни оила раҳбари бўлишига муносиб ҳолда яратди. Эркаклар ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишлари бу оиланинг тинчлиги ва бахту саодатига сабаб бўлувчи энг катта омилдир.

Шариатимизда эрнинг аёли олдида молиявий ва маънавий вазифалари бор. молиявийлари асосан уч қисмга бўлинади:

Биринчиси, аёлига маҳр бериш. “Маҳр” ақди никоҳ ёки эру хотинлик муомаласи бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган, хотинга бериш лозим бўлган молдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

            وَآَتُوا النِّسَاءَ صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِنْ طِبْنَ لَكُمْ عَنْ شَيْءٍ مِنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَرِيئًا

سورة النساء/4

яъни: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз”. (Нисо сураси, 4-оят).

         Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳу васаллам маҳр борасида шундай марҳамат қиладилар:

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِرَجُلٍ أَرَادَ الزَّوَاجَ: اِلْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيْدٍ

متفق عليه

яъни: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳу васаллам: “Темирдан бўлса ҳам бир узик топинг”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Иккинчиси, аёлини озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш.

Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُضَيِّعَ مَنْ يَقُوتُ

رواه الامام أبو داود

яъни: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади, дея марҳамат қилганлар, (Абу Довуд ривояти).

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфту ҳалолларини  ўзга юртларга бориб, ишлаб пул топиб келишга мажбурлаётганликлари ва аёлини топган маошига кун кечираётганликлари ҳам маълум бўлмоқда. Бундай ҳолатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.

عَنْ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَيْسَ مِنَّا مَنْ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ ثُمَّ قَتَرَ عَلَى عِيَالِهِ

رواه الامام الديلمي

яъни: Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишига Аллоҳ таоло кенглик қилиб молу давлат берсаю у киши ўз аҳли аёлига торлик қилса у биздан эмасдир”, деганлар (Имом Дайламий ривояти).

Аҳли-аёлга нафақа бериш энг муҳим ва савобли ишлардан эканлиги ҳақида Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  أَوَّلُ مَا يُوْضَعُ فِي مِيْزَانِ الْعَبْدِ نَفَقَتُهُ عَلَى أَهْلِهِ

رواه الامام الطبراني

яъни: “Қиёмат куни тарозуда  биринчи тортиладиган нарса кишининг аҳли-аёлига қилган нафақасидир”  (Имом Табароний ривояти).

Шу билан бирга, аёли бемор бўлганда дори-дармон олиб бериш, шифокорга кўрсатиш кабилар ҳам эрнинг зиммасидаги вазифалардандир. Аёли касал бўлса, отасининг уйига олиб бориб қўйиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Соғлик пайтида уйдами, томорқадами, даладами ишлатиб, камига бозорга чиқариб, бетоб бўлиб ишга ярамай қолганида, парваришга муҳтож бўлиб турганда, ота уйига олиб бориб қўйиш, ортидан хабар олмаслик, меҳнатга ярайдиган бўлганда, олиб кетишлик  инсофли эркакни иши эмаслигини унутмаслигимиз керак.

Учинчиси, аёлини турар жой билан таъминлаш. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримнинг Талоқ сурасида айтади:

أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنْتُمْ مِنْ وُجْدِكُمْ

سورة الطلاق/6

яъни: “Уларга (талоқ иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз (Талоқ сураси 6-оят).

Энди эса, эрнинг аёли олдидаги маънавий вазифаларини баъзилари ҳақида тўхталиб ўтсак. Улар қуйидагилардир:

Биринчиси, аёли билан чиройлик муомалада бўлиш.

Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади:

                                                                                                                                    وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئاً وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْراً كَثِيراً

سورة النساء/19

яъни: Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).

Динимиз ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади. Бу хусусда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бундай марҳамат қилганлар:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ، وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي

رواه الامام الترمذي

яъни: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”, (Имом Термизий ривояти).

Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсонлардан ҳоли эмас. Шундай экан, эркакларга ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом ва бахтиёр бўлишини кўзда тутган ҳолда уларга вақти-вақти билан панду насиҳат қилиб туришлари лозим бўлади.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ

رواه الامام مسلم

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг ҳулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа ҳулқини ёқтириши мумкин” (Имом Муслим ривояти).

Иккинчиси, Аёлига эътиборли  бўлиш.

Эркаклар ўз хотинига нисбатан ҳар томонлама эътиборли бўлишлари зарур. Ўз аёлига бепарволик оилада катта муаммолар чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Одатда эридан меҳр ва эътибор кўрмаган аёлда эрига нисбатан ҳурматсизлик ва итоатсизлик ҳисси туғилади. Ибн аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай деганлар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنِّيْ أُحِبُّ أَنْ أَتَزَيَّنَ لِلْمَرْأَةِ، كَمَا أُحِبُّ أَنْ تَتَزَيَّنَ لِيَ الْمَرْأَةُ

سنن البيهقي ومصنف ابن أبي شيبة

яъни: "Мен учун хотиним қанчалик зийнатланиб юришини хоҳлаганимдек, мен ҳам у учун шундай зийнатланишни яхши кўраман" деганлар (Имом Байҳақий ва Ибн Абу Шайба ривояти).

Демак, аёлидан меҳр ва итоат кутган ҳар бир эр ўз хотинига ҳам меҳрли ва эътиборли бўлиши лозим.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, эр ота-онаси ва бошқаларнинг гапига кириб ўз аёлига зулм қилиши ва талоқ қўйиши динимиз кўрсатмаларига мутлақо зиддир.

Муҳтарам жамоат! Мавизамиз давомида нафл рўза тутиш ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Нафл рўза тутишликда буюк савоб, зиёда ажр-мукофот, фарз рўзада йўл қўйилган камчилик ва хатоларни ўрнини тўлдириш, қалб ва бадан учун манфаат ва шуларга ўхшаган бир қанча фойдалар мавжуд. Нафл рўзани Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари, шунингдек, қурбон ҳайитдан кейинги уч кундан бошқа кунларда тутса бўлади.

Ҳадисларда йилнинг баъзи муайян кунларида нафл рўза тутишнинг савоби улканлиги алоҳида таъкидлангандир. Муайян кунларнинг баъзилари қуйидагилардан иборат: 

  • Энг афзал нафл рўза Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси бўлиб, бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасликдир;
  • Рамазон ойидан кейин энг афзал рўзалардан бири Муҳаррам ойи рўзаси бўлиб, унинг ҳам ўнинчи, сўнгра тўққизинчи куни таъкидлангандир. Муҳаррамнинг ўнинчи куни тутилган рўза ўтган йилги гуноҳларга каффоратдир, деган башоратлар ҳам бор;
  • Шаввол ойида олти кун рўза тутиш. Ҳайитдан кейинги кундан бошлаб, узлуксиз тутиш афзалдир. Бу кунларнинг орасини бўлиб тутиш ҳам жоиздир;
  • Ҳар ойда уч кун рўза тутиш. яъни қамарий ойнинг ўн уч, ўн тўрт, ўн бешинчи кунлари рўза тутиш суннатдир. Шунингдек, истаса ойнинг бошида, ёки охирида уч кун тутиши мумкин. Бу билан бир ой рўза тутгандек савобга эга бўлиши ривоят қилинган;
  • Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз куни рўзаси. Бу кунларнинг ҳам афзали тўққизинчи куни, яъни Арафа куни рўза тутишликдир. Ҳаж ибодатига эҳром боғлаган кимсалар бундан мустасно. Арафа кунининг рўзаси ўтган ва келажак йилдаги, яъни икки йиллик кичик гуноҳларга каффорат бўлиши тўғрисида кўрсатмаалар бор;
  • Шаъбон ойининг бошида кўпроқ рўза тутиш суннатдир;
  • Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари ҳам рўза тутиш суннатдир;
  • Ражаб ойида ҳам бақадри имкон нафл рўза тутишнинг савоби каттадир.

Аллоҳ таоло барча оила раҳбарларига ўз зиммаларидаги вазифаларини сидқидил билан, шариатга мувофиқ ҳолда адо этиш  бахтини насиб айласин. Омин!

 

7857 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top