Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ҚАБРИСТОН -  ОХИРАТ МАНЗИЛГОҲИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, инсон умри тугагач унинг дунёдаги сўнги манзилгоҳи қабр ҳисобланади. Қабр ўз навбатида дафн этилган инсон учун қиёмат куни қайта тирилгунигача ё жаннат боғларидан бир боғча, ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳ бўлиши мумкинлиги муборак ҳадисларда айтиб ўтилган. Қабрнинг бу икки ҳолатдан бири бўлиши эса инсоннинг ҳаётлик вақтида қилган ишлари ва бажарган амалларининг яхши ёки ёмонлигига қараб бўлади. Шунинг учун ҳар бир инсон тириклик вақтида ўзи борадиган қабрини жаннат боғчаларидан бирига айланишига сабаб бўладиган амалларни қилиб яшамоғи лозим бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай  марҳамат қилади:

كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ وَإِنَّمَا تُوَفَّوْنَ أُجُورَكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَمَنْ زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ

(سورة آل عمران/185) 

яъни: “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир(Оли Имрон сураси, 185-оят).

Динимизда қабристонни зиёрат қилишга тарғиб қилинган. Зеро бунда зиёрат қилувчи инсонлар учун кўплаб манфаатлар мавжуд. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деб марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي اللَّهُ عنهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " زُورُوا الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُذَكِّرُكُمُ الْآخِرَةَ

(رواه الامام ابن ماجة)

яъни: “Қабрларни  зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, динимизда қабрларни зиёрат қилишга тарғиб этилишидан кўзланган мақсад, дўнёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлигини эслатиш, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан ўз жойини олиши ва қилмишларига яраша муносабат кўришини эслатишдир.

Қабристонга имкон қадар таҳоратли, пок ҳолда кирган афзал, дабдаба билан, ясан-тусан қилиб кириш макруҳ, чунки бу жой охиратни эслаш, хоксорлик изҳор этиш ўрнидир. Киришда ушбу ҳадисда келган дуо ўқилади:

عن بُرَيْدَةَ رضي اللَّهُ عنه، قال: كَانَ النَّبِيُّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم يُعَلِّمُهُمْ إِذا خَرَجُوا إِلى المَقابِرِ أَنْ يَقُولَ قَائِلُهُم: "السَّلامُ عَلَيكُمْ أَهْلَ الدِّيارِ مِنَ المُؤْمِنِينَ والمُسْلِمِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ بِكُمْ لاَحِقُونَ، نَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمُ العَافِيَةَ"

(رواه الامام مسلم)

яъни: Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар: Саҳобаи киромлар қабристонга чиқаётган пайтларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуони ўргатар эдилар: Ассалому алайкум ушбу диёрдаги мўмин мусулмонлар аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларнинг ортингиздан боргучимиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз” (Имом Муслим ривояти).

Зиёратчи қабр тепасига келганда унга юзланиб, қиблага орқа ўгирган ҳолда қабр эгасига салом беради ва тиловат қилади.

Ҳадисларда Ихлос сурасини 11 марта ўқиш ҳам тавсия этилган. Имконияти бўлса, Фотиҳа, Оятул Курсий ва Бақара сурасини аввали ва охиридан ўқиса ҳам бўлади.

Зиёрат асносида қабрларни устини босмасдан, белгиланган йўлакларда юриши лозим, чунки қабрни устини босиб юриш гуноҳ ҳисобланиб, ҳадисда қайтарилгандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عن عُقبةَ بنِ عامرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَأَنْ أَمْشِيَ عَلَى جَمْرَةٍ أَوْ سَيْفٍ أَوْ أخْصِفَ نَعْلِيْ بِرِجْلِيْ أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَمْشِيَ عَلَى قَبْرٍ

(رواه الامام ابن ماجة)

яъни: “Бирор чўғ ёки қилич устида юришим ёҳуд ковушимни кийиб турган ҳолатимда ямашим мен учун бир мусулмоннинг қабри устида юрганимдан яхшироқдир” (Имом Ибн Можа ривояти).

Қабристонларга мевали, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликларни экиш жоиз эмас. Зеро бу пулни беҳуда исроф қилиш саналади. Қолаверса, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликлар инсонлар дам олиб хордиқ чиқарадиган оромгоҳ ва ҳиёбонларга ярашади. Қабристонларни оромгоҳ ва сайлгоҳлардек ҳолатга келтириб қўйиш жоиз эмас. Акс ҳолда, зиёратга келган инсонларни кўзланган мақсаддан чалғитиб қўяди. Шу билан бирга қабр устига қимматбаҳо тош ва мармарлар ўрнатиш, уларга марҳумнинг сурати ва ҳар хил битикларни ёзиш мумкин эмас. Хусусан, Қуръони карим оятларини ёзиш мутлақо жоиз эмас. Зеро, бу Аллоҳнинг оятини таҳқирлаш саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишлардан қайтарганлар:

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُجَصِّصَ الْقَبْرَ، وَأَنْ يَقْعُدَ عَلَيْهِ، وَأَنْ يَبْنِىَ عَلَيْهِ

(رواه الامام مسلم)

яъни: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг гипс билан сувалишидан, уларнинг устига ўтиришдан ва бино қуришдан қайтарганлар” (Имом Муслим ривояти).

Қабр устидаги кўкариб турган ўсимлик, дов дарахт ва майсаларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан маййитга манфаат бор. Қуриганларини йиғиштириш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида айтилишича, ўсимликларнинг шарофатидан қабрдаги кишиларга енгиллик етиб туради.

Фиқҳий китобларимизда қабр ердан бир қарич миқдорида кўтарилиб бир текисда бўлиши айтилган. Чунки, бу текислик қабрда шоҳ ҳам, гадо ҳам бирдек эканлигига ишорадир.  Қабр устини вақти-вақти билан сомон аралаштирилган лой билан суваб туришнинг зарари йўқ. Қабрни аниқлаш мақсадида ҳозирги кунда жорий қилинган дафнни рўйхатдан ўтказиш рақами ёзилган махсус бетон устунчани ўрнатишнинг ўзи кифоя қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмикдош биродарлари Усмон ибн Мазъуннинг бош томонига бир тош қўйиб:

عَنِ الْمُطَّلِبِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَضَعَ صَخْرَةً عِنْدَ رَأْسِ عُثْمَانَ بْنِ مَظْعُونٍ وَقَالَ: أَتَعَلَّمُ بِهَا قَبْرَ أَخِي وَأَدْفِنُ إِلَيْهِ مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِي

(رواه الامام أبو داود)

яъни: “Бу билан акамнинг қабрини белгилайман ва вафот этган яқинларимни унинг ёнига дафн қиламан”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Қабристон ва зиёратгоҳлар масъул мутасаддилар томонидан муҳофаза қилиниши лозим. Яъни, қабристон ҳудудини панжара ёки девор билан ўраш, унга кириш учун алоҳида йўлак очиш ва дарвоза ўрнатиш, чорва ёки ёввойи ҳайвонларни киришидан сақлаш, зиёратга келганлар қабрларни босмай ўтишлари учун қулай йўлаклар ўтказиш, тиловат ва дуо қилиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатиш, зиёратга келган кишиларга зиёрат одобларини эслатиб, ножоиз, ҳурофий амалларни қилишларидан қайтариб туриш ва ҳоказолар қабристон масъулларининг вазифаси саналади. Демак, қабристонларнинг масъуллари қабристон зиёратига оид бўлган динимиз таълимотларидан ҳам етарли даражада маълумотга эга бўлишлари лозим.

Қабр зиёратининг  баъзи одоблари қуйидагилардан иборат:

  • Қабристонга салом бериб кириш;
  • Қабристонда вазминлик ва сокинлик билан юриш;
  • Қабрларни босмаслик, уларнинг устига ўтирмаслик;
  • Марҳумларнинг яхши сифатларини эсга олиш;
  • Ўзини сарҳисоб қилиш, ўлимга қанчалар тайёр эканини ўйлаш;
  • Зиёратдан қайтишда оҳисталик, охиратни тафаккури билан қайтиш.

Қабристонда қуйидаги ишларни қилиш динимизга зиддир:

  • Қабрга чироқ, шам ва олов ёқиш;
  • Бола кокилини аташ;
  • Қабр тоши ва темирларини ўпиш;
  • Латта боғлаш;
  • Қабрни айланиб тавоф қилиш;
  • Қабрга атаб жонлиқ сўйиш;
  • Қабр ёнида суратга тушиш;
  • Баланд овозда гаплашиш;
  • Қабр бошида таом қолдириб кетиш;
  • Овоз чиқариб, уввос солиб йиғлаш;
  • Қабристонда кулиш.

Аллоҳ таоло барчамизга ғанимат умримизнинг қадрига етиб, Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшамоқлик бахтини насиб  этсин! Омин!

5679 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top