Рамазон-2018

Рўзани тутиш ман қилинган кунлар

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ниҳоят ойларнинг султони, Қуръон ойи бўлмиш муборак Рамазони шариф ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан ташриф буюрди.

Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан афзал қилди. Уни кўплаб фазилат ва имтиёзлар билан хослади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир”, –дедилар». (Имом Табароний ривояти).

Бу ойда олам шодликка тўлади, фаришталар ер юзига тушади, хайр-барака, фазилат ва баракалар ёғилади. Мўминларнинг қалбида сурур, кўзида қувонч балқийди. Ҳамма бир-бири билан ширинсўз бўлиб, меҳр-муҳаббат ошади, савоб тўплаш илинжи ортади, ибодатга бўлган иштиёқ кучаяди.

Фазилатда тенги йўқ бу муборак ойда жаннат эшиклари, раҳмат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади.

Рўза тутиши фарз бўлган барча мусулмонлар унга доир билимларга эга бўлишлари лозимдир. Рўзанинг бир неча тури бўлиб, улар орасида тутилиши ҳаром бўлган рўза ҳам мавжуд. Бу турдаги рўзани ҳанафий мазҳабида “макруҳи таҳримий” ҳам дейилади. Булар қўйидагилардан иборат.

  1. Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши.
  2. Шак куни рўза тутиш яъни Шаъбоннинг охирги куни.
  3. Рўза ҳайити куни, Қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч куннинг рўзасини тутиш.
  4. Ҳайзли ва нифосли аёлнинг рўза тутиши.
  5. Рўза тутса ҳалок бўлишини билиб туриб рўза тутган одамнинг рўзаси.

Бунга далил,  Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки куннинг – Азҳо ва Фитр кунининг рўзасидан қайтардилар.”

 Шунингдек, Имом Аҳмад ва Имом Муслимдан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ташриқ кунлари еб-ичиш ва Аллоҳнинг зикри кунларидир” дедилар.

Бундан маълум бўладики мазкур ҳолат ва кунларда рўза рутиш муқаддас динимизда қайтарилган иш бўлиб, бу ҳақда маълумотга эга бўлиш манфаъатдан холи эмас.

Парвардигори олам бу йилги Рамазонда  кўплаб хайр-баракаларни ёғдирсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти мударрисаси

Шаҳло Сайидова

57121 марта ўқилди
Top