muslim.uz

muslim.uz

Самарқанд вилояти марказидан қарийб 150, Қўшработ тумани марказидан 45 километр узоқликдаги Юқори Жўш маҳалласида олти асрлик тарихга эга “Жўш ота” жоме масжиди жойлашган. Анчайин эскириб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган жоме масжид ва унинг ёнидаги “Бобожўш” мақбарасида шу йилнинг март ойида “Обод қишлоқ” дастури асосида қайта реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган эди.

 

 

Асли хоразмлик Маҳмудхўжа ўғли Бобохўжа ҳазратлари “Бобожўш” номи билан машҳур бўлиб, Х асрларда шу қишлоқда яшаб ўтганлари тарихий манбаларда келтирилган. У кишининг қабри ёнида ХV – ХVI асрларда масжид бунёд бўлганлиги мақбара битиктошларидаги ёзувлардан маълум.

Масжидни реконструкция қилишда унинг асл қиёфасини сақлаб қолишга алоҳида аҳамият қаратилди. Гумбаз қисми ғиштдан барпо этилди. Хонақоҳ ички қисмига ҳам ортиқча безак берилмади. Шунингдек, қўшимча бинолар, кутубхона, эркаклар ва аёллар учун алоҳида таҳоратхона барпо этилди. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракатлари, ҳашари эвазига амалга оширилди”, дейди ммасжид имом-хатиби Нарзуллоҳ Қубоев.

 

 

Яқинда бу жойдаги ободонлаштириш ишларининг бориши, қолаверса масжид жамоаси, намозхонлар билан учрашиш мақсадида вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Ёқубжон Мансуров ташриф буюриб, жума намозини ўқиб берди. Ёқубжон қуйидагиларни айтиб ўтди:

 

 

Қисқа муддатда, айниқса, қишнинг совуқ кунларида ҳам тин олмай бу ерда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, бугун деярли битказилиб тургани, масжид яна ўзининг шинам ва мунаввар қиёфасининг тиклаганини кўриб таажублландим. Сизнинг ихлосу-муҳаббатингиз, меҳнатингиз эвазига ушбу масжид қайта бунёд бўлди ва насиб этса яна кўп авлодларга тарихий мерос бўлиб қолади”, дея қишлоқ аҳлини муборакбод этди. 

 

 

Қурилиш, таъмирлаш ишлари ўз ниҳоясига етишига яқин турибди. Қисқа муддатларда ободонлаштириш ишлари тугалланиб, масжид-зиёратгоҳ намозхон ва зиёратчилар ихтиёрига тўлиқ топширилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими  

Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Жиззах вилояти бўйлаб сафарлари давомида жоме масжидларда меҳнат қилаётган имом-хатиблар билан мулоқот ўтказдилар. Ушбу учрашувда вилоятда меҳнат қилаётган 200 нафардан зиёд имом-хатиб ва имом ноиблар иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари томонларидан имом-хатиблар бугунги кун билан ҳамнафас бўлиши, Ислом дини таълимотларини кенг тараннум этиши, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини тўла таъминлаши, юртимизда ва жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиши ҳамда доимо ҳушёр бўлиб яшаши тўғрисида сўзладилар.
Сўзга чиққан нотиқлар томонидан тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ўртага ташланди ва ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашувда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан имом-домлаларга Қуръони карим китоблари туҳфа этилди.
Жиззах сафари жараёнларини сайтимизда кузатиб боринг.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Жиззах вилоятига сафарлари бошланди.
Муфтий ҳазратлари юртимизнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, муҳтарам Президентимиз ташрифлари чоғида берилган соҳага доир бир қатор топшириқлар ижроси, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишмоқдалар. Сафарлар мобайнида аҳоли вакиллари билан учрашувлар, турли хайрия ва саховат тадбирлари ҳам ташкил этилмоқда. Бу галги сафарда ҳам мана шундай ишларга катта урғу бериш режалаштирилган.
Улуғ алломалар юрти бўлган Жиззах замини қадимдан шарқ ва ғарбни боғловчи Буюк ипак йўлининг муҳим қўналғаларидан бири бўлиб келган. Сўнгги йилларида ҳудуднинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти янада ортди.
Президентимиз жойларда ўтказаётган учрашувларда кўп ва қайта-қайта таъкидлаб келаётган одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш масаласи ҳам вилоятда амалга оширлаётган бунёдкорликларнинг марказида турибди. Шу мақсадда “Обод қишлоқ” дастури асосида Дўстлик туманидаги Манас қишлоғи намунали қишлоққа айлантирилиб, одамларга муносиб турмуш шароити яратилди.
Якунига етаётган йилда Жиззах вилоятида 2 та масжид тубдан қайта қурилди, 5 та таҳоратхона капитал таъмирдан чиқарилди. Айни кунларда яна 5 та жоме масжидни қайтадан қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Шунингдек, 40 дан зиёд масжид ва 50 та таҳоратхонада жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жиззах сафари жараёнларини сайтимизда кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибатида 6 нафар юртдошларимиз қурбон бўлган эдилар.

Уларнинг икки нафари Самарқанд вилоятидан бўлиб, улар Оқдарёлик Ихтиёр Раҳматов ва Пастдарғомлик Зариф Каримовлардир. Ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва вилоятдаги бир гуруҳ уламолар  мазкур хонадонларда бўлиб, марҳумларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Қуръон тиловати қилиниб, Яратган Парвардигордан ҳалок бўлганларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўралди. Марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканликларини билдирган ҳолда уларга сабру жамил тилаб, ўтганларнинг ҳақларига доимо дуода бўлишларини билдирдилар.

 

 

ЎМИ - Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Вторник, 24 Декабрь 2019 00:00

“Асрни ўқидингми?”

(эр-хотин ўртасидаги суҳбат) 

- Асрни ўқидингми?

- Йўқ.

- Шомничи?

- Ўқимадим.

- Нима учун?

- Ишдан чарчаб келгандим. Шунга бироз ётиб, дам олдим.

- Тушунарли. Хуфтонга азон айтилмасидан туриб тезда аср ва шомни ўқиб ол.

Эртаси куни эр хизмат сафарига жўнади. Одатда манзилига етиб боргач, аёлига қўнғироқ қилиб қўярди. Аммо бугун қўнғироқ қилмади ёки “Етиб келдим” деб смс ёзмади. Аёл ўзи эрига қўнғироқ қилди. Эри эса телефонни кўтармади. Қайта-қайта қўнғироқ қилдию барибир тушолмади. Безовта бўла бошлади. Эрининг бундай одати йўқ эди. Бу сафар эса ўзи қўнғироқ қилмагани етмагандек, аёлининг қўнғироғига ҳам жавоб бермаяпти. Орадан бир неча соат ўтгач, эри телефон қилди. Аёл шошганча телефонни кўтариб, гапира кетди:

- Эсон-омон етиб бордингизми?

- Ҳа, етиб келдим. Алҳамдулиллаҳ.

- Қачон етиб бордингиз?

- Тўрт соатча бўлди.

Аёл ғазабланди, овози ўзгарган оҳангда деди:

- Тўрт соат бўлди? Нега хабар бермадингиз?

- Йўлдан чарчаб келгандим, ётиб бироз дам олдим.

- Мен билан бир неча дақиқа гаплашсангиз нима бўларди? Телефон овозини эшитмадингизми?

- Эшитдим.

- Эшитдингиз-у, аммо жавоб бермадингиз. Нега? Мени ўйламадингизми?

- Ўйладим. Лекин сен ҳам кеча намозга азон айтилганида Аллоҳнинг ибодатига шошилишни ўйламадинг. Бир неча дақиқада намозингни ўқиб олсанг нима бўларди?

Аёл бироз сукутдан сўнг “Ҳа, тўғри. Сиз ҳақсиз. Мен хато қилдим. Бу ишимдан пушаймонман” деб хўнграб йиғлаб юборди.

Эри аёлининг ўзидан узр сўрагандек бўлганини сезиб, бундай деди:

- Сен кечиримни мендан эмас, Аллоҳ таолодан сўра! Бошқа ҳеч қачон намозингни қазо қилма! Биласанми, менинг энг катта орзуларимдан бири – сен билан жаннатда ҳам бирга бўлишдир.

Эрининг бу насиҳатидан сўнг аёл намозларига янада эътиборлироқ бўлиб, уларни ўз вақтида адо этадиган бўлди.

Ҳа, азизлар, сизни чин қалбдан севадиган киши сизни Аллоҳ таолонинг розилиги сари ундовчи, гуноҳга қўл уришингиздан тўсувчи кишидир.

Зеро, оламлар Робби Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا لَا نَسْأَلُكَ رِزْقاً نَّحْنُ نَرْزُقُكَ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَى

“Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир” (Тоҳа сураси, 132-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни намозини ўз вақтида адо этадиган бандаларидан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Top