muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 25 Апрель 2019 00:00

Эҳсон манзили ўзгарди

Яқинда Марғилон шаҳар «Ширмонпазлик» жоме масжиди имом ноиби вазифасида фаолият юритувчи  Азизхон Юнусовнинг олдига саҳоватпеша кишилардан бири келиб, масжидга эҳсон қилиш нияти борлиги, бу борада қандай ёрдами тегиши мумкинлиги ҳақида сўради. Азизхон Юнусов у кишига миннатдорчилик изҳор қилиб, ҳозирча масжидда ҳамма нарса етарли эканлиги, агар эҳсон қилиш ниятида бўлса етимлар учун қилинадиган эҳсоннинг ажри улуғ бўлишлиги ҳақида сўзлаб берди. Таклифдан рози бўлган суҳбатдоши Меҳрибонлик уйи болалари холидан хабар олишни дилига тугди. Муборак Рамазон ойи арафасида, 22 апрел куни имом ноиби билан биргаликда шаҳардаги “1-сонли Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига хайрия дастурхони ёзиб бердилар.

Дунёда бола чеҳрасидек нурафшон чеҳра, бола туйғусидек беғубор туйғу бўлмайди. Гуноҳдан маъсум, соф қалб эгалари шубҳасиз Аллоҳ таолонинг энг ширин неъматларидандир. Уларда улғайиб, тарбия топишлари учун шароитлар бор, бироқ, ширин калом меҳр, эътиборга мушфиқдирлар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан” деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар (Имом Абу Дардо ривояти).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Яратганга беҳисоб шукроналар бўлсинки, ҳар йили Рамазони шариф кириб келиши билан юртимиз масжидлари хатми Қуръон садоларига бурканади. Йилдан-йилга хатми Қуръонлар масжидларимизда тартиб ва ўзгача тароватда ўтиб келмоқда. Қориларимиз сафи ортиб, қироатлари ҳам кўнгилларни мунаввар қилмоқда.

Муборак Рамазон ойи ташрифи яқинлашмоқда. Шу муносабат билан 23 апрель куни Фарғона вилоятида Рамазон ойида масжидларда хатми Қуръон ўтказиб берувчи қорилар ҳамда масжид ходимлари билан учрашув ўтказилди.

Фарғона вилоятида бу йили 189 та масжидда хатми Қуръон ўтказилиши режалаштирилган. Уларда 377 нафар ҳофизи Қуръон қорилар иштирок этадилар. Бу эса қорилар сони бўйича Андижон вилояти (415 та) дан сўнг энг яхши кўрсаткичдир.

Вилоят бош имом-хатиби жойларда таровиҳ намозларига тайёргарлик ҳамда қориларга тааллуқли ташкилий масалалар ҳақида сўзлади.  Учрашувда йилдан-йилга қорилар сонининг ортиб бориши халқимизга берилган улуғ неъмат эканлиги эътроф этилиб, юртимиздаги ободлик бардавом бўлишини тилаб дуо қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 24 апрель куни Тошкент шаҳридаги Шайх Зайниддин жоме масждида йирик хайрия тадбири ташкил этилди. Ушбу тадбирда Фонд бошқарув раиси Искандар Халилов масжид имом-хатиби ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. 

Тадбирда "Вақф" фондига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган 108 нафар фуқароларга моддий кўмак кўрсатилгани ҳақида сертификатлар топширилди. Ҳар бир фуқарога саломатлигини тиклаш ва дори-дармонлар харид қилиш учун бир миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек тадбир давомида эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган ва ногиронлиги бор бўлган шахсларга ҳам фонд томонидан кийим кечаклар ва 2 дона ногиронлар аравачаси хайрия қилинди.   

"Вақф" хайрия жамоат фонди барча юртдошларимизни ижтимоий ёрдамга мухтож, ночор ва бемор ватандошларимизни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб қувватлашга чорлаб қолади. Фонд хайрияларингизни ҳақдорларга етказишдаги шаффофлик ва очиқликни кафолатлайди. Муқаддас Рамазон ойида хайру-эҳсонларни кўпайтириш орқали Аллоҳ таолонинг ризолигига эришишга муваффақ бўлинг!

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Среда, 24 Апрель 2019 00:00

Аёлнинг либоси

Агар аёл киши ва балоғатга етган қиз кўчаларда, жамоат жойларида, номаҳрамлар олдида авратларини очиб юриши (калта, тор ва юпқа либос кийиши)...

  • Уни Аллоҳнинг ғазабига дучор қилишини;
  • Унинг қадрини ерга уришини;
  • Унинг аёллик тароватини кетказишини;
  • Унинг файзини ва нурини сўндиришини;
  • Шу “кийим”и орқали улкан гуноҳга ботиши билан бирга, қанчадан-қанча эркакларнинг гуноҳкор ва бемор (жинсий заиф, импотент, простатит) бўлишига сабабчи бўлишини;
  • Унга кўзи тушган илм талабидагиларнинг хотираси сусайиб, илмдаги шижоатига зиён етишини;
  • Муслималик номига доғ тушириб, диндошларига нисбатан ҳурматсизлик қилаётганини;
  • Қалбини қорайтиришини ва қотиришини;
  • Ризқидан, уйидан барака кетишини;
  • Фарзандларининг тарбияси ва келажагига салбий таъсир кўрсатишини;
  • Аждодлари у каби кийинмаганини;
  • Охиратдаги оғир ҳисоб-китобни;
  • 13. Шу қилган гуноҳи учун дўзах оловида куйишини, у олов эса нон ёпиладиган тандирдаги оловдан даҳшатлироқ эканини;
  • Агар бу дунёда Аллоҳ ва Расули буюрганидек авратларини беркитиши охират диёрида унга роҳат-фароғат келтиришини билганида эди,

ЎША АЁЛ АЛЛОҲ БУЮРГАНИДЕК, МИЛЛАТИМИЗГА МОС РАВИШДА КИЙИНГАН БЎЛАРДИ!

Эй муслима опа-сингилларим! Мендан ранжиманг! Бу гапларни мен ичимдан тўқиб ёзаётганим йўқ, балки сизу бизни яратган Аллоҳ таолонинг мўминаларга қарата қилган хитобини эслатмоқдаман. Агар авратингизни қандай ёпишни билмасангиз, Аллоҳ таолонинг сизлар учун таъкидланган мана бу буйруғига қулоқ осинглар:

“Сен мўминаларга айт: “Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар...” (Нур сураси, 31-оят).

«Зоҳир бўлган зийнатлар» деганда намозда юз, икки қадам ва икки кафт англанади. Намоздан ташқарида икки қадам ҳам авратдир.

«Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар» деганда бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўкслари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин деган маъно тушунилади.

Унутманг! Сизнинг Аллоҳ таоло буюрганидек либосда юришингиз нафақат сиз учун, балки отангиз, ака-укаларингиз, энг асосийси, турмуш ўртоғингиз ва биз мусулмонлар учун шараф ва фахрдир!

 

Нозимжон Иминжонов

Среда, 24 Апрель 2019 00:00

«Баркамол авлод – 2019»

Спорт – соғлик гарови: 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида мусобақа бўлиб ўтди

 Citius, Altius, Fortius!»

Ушбу сўзларни кўпчилик ўқиган, ҳеч қурса, кўрган ёки эшитган чиқар. Мен ҳам ёшлигимда ойнаи жаҳон орқали ушбу сўзларни ўқиб, уларнинг маъноларига қизиқардим. Анча йил олдин ушбу атамалар Олимпиада ўйинларининг шиори, мазмуни – “Тезроқ, Баландроқ, Кучлироқ” эканини билиб, хаёлимга ярқ этиб Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг Шом аҳлига ёзган мактуби келди. Унда бундай дейилган эди: “Фарзандларингизга сузишни, камон отишни ва от минишни ўргатинглар” (“Канзул уммол”).

Спортчи сузишда “тезроқ”, камон отишда “баландроқ” ва от минишда “кучлироқ” бўлмаса, ғалабага эришолмайди. Демак, бугун ҳам Олимпияада ўйинлари таркибида мавжуд бўлган сузиш, камон отиш ва от миниш бор. Демак, Олимпиада ўйинлари шиорини ишлаб чиқишнинг илҳом манбаи муқаддас Ислом дини экан.

Аслида Олимпиада ўйинлари шиорига айланган мазкур сўзларни илк бор француз ёзувчиси Анри Дидон қўллагани айтилса-да, бироқ бу сўзлар, ҳеч шубҳасиз, мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга тегишли.

Хўш, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу сўзларни қаердан олган, демоқчимисиз? Унда ушбу ҳадисга қулоқ тутинг: «Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга тўқишни ўргатинглар» (Имом Байҳақий ривояти).

Спорт нафақат инсонни чиниқтириб, соғлом ва бақувват қилади, айни пайтда, иродали, қатъиятли бўлишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида спортга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 19 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурди.

Ушбу ташаббусларнинг иккинчиси, яъни ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Баркамол авлод – 2019» спорт мусобақаларининг республика босқичи ўтказилди.

Ушбу спорт мусобақасини, таъбири жоиз эса, Кичик Олимпиадага ўхшатиш мумкин.

Спорт мусобақаларида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Муҳаммад ал-Беруний номидаги (Қорақалпоғистон Республикаси), Имом Фахриддин Розий (Хоразм), Мир Араб (Бухоро), Саййид Муҳйиддин махдум (Андижон), “Ҳидоя” (Наманган), “Кўкалдош” (Тошкент шаҳри), Жўйбори Калон (Бухоро), Хадичаи Кубро (Тошкент шаҳри) ўрта махсус ислом билим юртларининг талабалари иштирок этди.

“Жар” спорт соғломлаштириш мажмуасида ўтказилган тадбир, одатдагидек, мамлакатимиз мадҳияси билан бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Баркамол авлод – 2019» мусобақалари спортнинг миллий кураш, тош кўтариш, стол тенниси ва шахмат йўналишлари бўйича ўтказилди.

Табиийки, иродали ва кучлилар ҳамиша ғолиб бўлганлар.

 

Мусобақа ғолиблари билан ҳам яқин орада таништирамиз.

Сайтимизни кузатиб боринг.

Толибжон НИЗОМ

Top