muslim.uz

muslim.uz

Исломободдаги юртимиз элчиси Фурқат Сиддиқовнинг Ўзбекистонга «Зиёрат туризм»ни оммалаштиришдаги ҳиссаси қайд этилди ва унга «Global Ambassador’s Award – 2019» мукофоти берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, мукофот элчининг Покистон-Ўзбекистон муносабатларини сезиларли равишда фаоллаштиргани, биринчи навбатда икки томонлама савдони 170%га оширгани учун тақдим этилди. Шунингдек, Покистон учун янги туристик йўналиш – Ўзбекистонга «Зиёрат туризм»нинг оммалаштирилиши алоҳида қайд этилди.

Тадбир «Diplomatic Insight Group» нашри, «Покистон тинчлик ва дипломати институти» ва «Покистон-ШҲТ дўстлик форуми» томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«National geographic» (Photogrhy life) таниқли америка телеканали вакиллари Насим Мансуров, Вильям Махер ва Патрик Келли Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси таклифига кўра юртимизга ташриф буюришди, хабар бермоқда "Народное слово" нашри.

Бир ой давомида ижодий гуруҳ Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, давлатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ҳақида фотоальбом тайёрлашади. Ўз ташрифларини ижодкорлар Бобур юрти бўлган Андижондан бошлашди.

— Менинг ўзим асли Марғилон шаҳриданман, — дейди ижодий гуруҳ раҳбари Насим Мансуров. – Мен 20 йил аввал АҚШга Колорадо штати университетига ўқишга кетган эдим. Ўқишдан кейин мени «National geographic» телеканалига таклиф қилишди. Кўп юртларда бўлиш ва уларни суратга туширишга тўғри келди. Аммо юрагимда буюк олимлар, маърифатпарварлар, шоирлар яшаб ижод қилган қадрдон Ўзбекистонимни дунёга намоён қилиш орзуим бор эди. Энди орзуим ушаладиган бўлди. Ўзимнинг «Photogrhylife.сom» сайтим бор, унга ҳар ойи интернетдан беш миллионга яқин фойдаланувчилар киришади улар бизнинг ёрдамизда юртимиз ҳақида янада кўпроқ нарсаларни билиб олишади.

Меҳмонлар ўз ишларини Андижондаги «Жоме» меъморий ансамблидан бошлашди. Фотожурналистлар вилоятда уч кун бўлгач, бошқа вилоятларда ўз ишларини давом эттиришади.

Ўзбекистон мусумлмонлари идораси Матбуот хизмати

Абдулҳай ибн Абдулҳалим ибн Амийнуллоҳ ибн Муҳаммад Акбар Сиҳалавий Ансорий Лакнавий ҳижрий 1264-йилда Ҳиндистоннинг Лакна шаҳрида илм ва тақво билан танилган оилада дунёга келган.

Ҳиндистоннинг Лакна шаҳрига нисбатан Лакнавий нисбалари бўлса, Лакна шаҳридаги Сиҳала қишлоғига нисбатан Сиҳалавий нисбаларини олган. Насаблари машҳур саҳобий Абу Аййуб Ансорийга етиб борганлиги боис ансорий нисбаси ҳам берилган. Уламолар Абдулҳай Лакнавийнинг насаби қирқ уч табақа билан Абу Аййуб Ансорий розияллоҳу анҳуга уланишини баён қилганлар. 

Абдулҳай Лакнавийнинг куняси Абулбаракот бўлган. Ушбу куня ҳақида у зот қуйидагиларни айтган: “Вояга етганимда отам мени ушбу куня билан номладилар”.

Абдулҳай Лакнавийнинг отаси Шайх Абулҳалим Лакнавий ҳинд диёридаги катта уламолардан бири бўлиб, у зотнинг фиқҳ, ҳадис ва мантиқ илмлари бўйича кўплаб рисолалари бўлган. Уламолар бу зотнинг деярли барча аждодлари ўз даврининг  етук олимларидан бўлганликларини баён қилганлар. 

Абдулҳай Лакнавий илм ва тақво устига қурилган оилада, тақводор мураббия оналари қўлида тарбия олиб улғайганлар. Улуғ олимларнинг ҳаётлари ўрганилганда деярлари барчаларини одатда ёшликларидан илм ўрганганларига гувоҳ бўламиз. Абдулҳай Лакнавийда ҳам шу ҳолат бўлган.

Абдулҳай Лакнавий ўзининг дастлабки таълим олиши ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Беш ёшга етганимда Ҳофиз Қосим Али Лакнавийнинг ҳузурида Қуръон ёдлашга киришганман. Кўп ўтмасдан ҳали “Амма” порасини ҳам ёдлаб улгурмаган эдим, биз Жунфур шаҳрига кўчиб кетдик. Кейин мен бу ерда Ҳофиз Иброҳим ҳузурида Қуръон ёдлашни давом эттирдим. Отамнинг ўзлари ҳам, то Қуръонни ёдлаб бўлгунимча менга Қуръондан дарс бериб турар эдилар. Ўн ёшимда Қуръонни тўлиқ ёд олдим. Бу пайтга келиб, айрим форсий китобларни ҳам бақадри ҳол ўқиб чиққан эдим. Уларнинг барчасини Қуръон ёдлаш асносида отамдан таълим олган эдим. Мен илк бор таровеҳда имом бўлиб намоз ўқиб берганимда ўн ёшда эдим.

Ўн бир ёшга етганимда илм таҳсилига астойдил киришганман ва сарф, наҳв, маъоний, баён, мантиқ, ҳикмат, тиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, калом илми, ҳадис ва тафсир каби дарслик сифатида ўтиладиган расмий фанларни ўн етти ёшимда тўлиқ ўқиб тамомлаганман. Мен ўн етти ёшимда дарслик қилиб ўқитиладиган ақлий ва нақлий китобларни барчасини отамнинг қўлларида ўқиб чиққанман. Аммо риёзиётга тегишли айрим китоблар ўқилгани йўқ эди. Уларни отамнинг  тоғаси ва устози бўлган Мавлоно Муҳаммад Неъматуллоҳнинг ҳузурида тўлиқ ўқиб чиқдим”.

Абдулҳай Лакнавий ўспиринлик чоғидаёқ мазкур фанларни  тўлиқ ўзлаштириши сабаби ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Мен қайси бир китобни ўқиб чиқсам, дарҳол ўша китобдан дарс беришга киришар эдим. Бунинг натижасида Ҳаййул Қаййум бўлган Зотнинг мадади билан менда барча илмларга иқтидор ҳосил бўлган ва қайси илмга тегишли бўлса ҳам, менга бирор китобнинг қийинчилиги қолмаган эди”.

Дарҳақиқат ушбу услуб, таълимдаги энг манфаатли усуллардан ҳисобланади. Абдулҳай Лакнавийнинг отаси Шайх Абдулҳалим Лакнавий Ҳайдарободда қози ва “Низомия” мадрасасида мударрис бўлиб ишлаган. Ана шу вақтда бу зот отасидан унумли таълим олади ва ўрганган илмларини толиби илмларга дарс бериб борган.

Имом Лакнавий икки марта ҳаж ижобатини адо этган. Биринчи марта ўн беш ёшлигида ҳижрий 1279-йилда отаси билан бирга, иккинчи марта эса ҳижрий 1292-йилда ҳаж ибодатини адо этиб келган.  

Абдулҳай Лакнавийнинг отаси Ҳайдарободда вафот этади. Отаси вафотидан сўнг у зотга отаси ўрнига қозилик лавозимига таклиф қилишади. Аммо қаттиқ илтимосларга қарамасдан Абдулҳай Лакнавий узр айтиб буни қабул қилмайди ва туғилиб ўсган юрти Лакнага қайтади. Лакнада китоблар таълиф этиш ва таълим бериш билан машғул бўлади.

 Устозлари:

Абдулҳай Лакнавийга устозлик қилган зотларнинг айримлари қуйидаги олимлардир:

  1. Аллома Муҳаммад Абдулҳалим Лакнавий. Абдулҳай Лакнавийнинг отаси ва биринчи устози;
  2. Шайх Муфтий Неъматуллоҳ ибн Муфтий Нуруллоҳ Ансорий Лакнавий;
  3. Мавлавий Ходим Ҳусайн;
  4. Шайх Абул Аббос Аҳмад ибн Зайний Шофеъий Маккий;
  5. Шайх Али Ҳаририй;
  6. Шайх Абдул Ғаний ибн Абу Саид Деҳлавий.

Абдулҳай Лакнавий ушбу зотлар сингари уламолар қўлларида ўқиб, улардан ижозалар олган.

Шогирдлари:

Абдулҳай Лакнавий таълимга жиддий эътибор берганликлари сабаб, санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўплаб шогирдлар етиштирган. Имом Лакнавий дарс ўтишдан лаззат оладиган зот бўлган. Дарсга шу даражада берилганидан ўтиладиган дарсликларини ёддан билар эди.  Қуйидаги уламолар Абдулҳай Лакнавийнинг энг машҳур шогирдлари ҳисобланадилар:

  1. Идрис ибн Абдул Алий ҳанафий;
  2. Ифҳамуллоҳ ибн Инъомуллоҳ ибн Валиюллоҳ Ансорий Лакнавий;
  3. Анваруллоҳ ибн Шужоуддин ибн Қози Сирожиддин Ҳанафий;
  4. Абдулғафур Рамзонфурий;
  5. Усмон ибн Ашраф Али ҳанафий.

Абдулҳай Лакнавий бу уламолардан бошқа яна кўплаб шогирдлар чиқарган бўлиб, уларнинг аксари турли илмлар бўйича қимматли асарлар ёзиб қолдирганлар.

Асарлари:

   Имом Абдулҳай Лакнавий таълим бериш билан бир пайтда, китоблар таълиф қилишга ҳам катта урғу берган. Бу зот турли илмларга оид ниҳоятда манфаатли асарлар ёзиб қолдирган. Бу ҳақида ҳамаср уламолардан Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзган: “Шайх Абдулҳайнинг асарларини кўрган киши бу асарларнинг аниқ илмий таҳқиқлар асосида ёзилганини, нодир нақлларни қамраб олганини ва бирор масалани ёритишда худди бутун умрини фақат шу масала мутахасислигига сарфлагандек даражада ёритганини эътироф этишдан бошқа чораси йўқдир”.

Аллома Саййид Сулаймон Надавий китобларни таҳқиқ қилиш ва уларни изоҳлаб шарҳлашда Абдулҳай Лакнавийнинг Ҳинд диёрида янги услубга асос солганини айтганлар. Бу зот китобларни таҳқиқ қилишда иккита нарсага эътибор қаратганлар:

  1. Китоб аввалида унга муқаддима ёзганлар ва бу муқаддима ичида матн ва шарҳ соҳибларининг таржимаи ҳолларини ҳамда ушбу мавзуда ёзилган китоблар ҳақидаги маълумотларни келтирганлар;
  2. Бирор китобни таҳқиқ қилиш ва унга шарҳ ёзишда мазкур китобнинг турли нусхаларидан фойдаланганлар. Нусхаларни синчковлик билан солиштириб чиққанлар. Натижада таҳқиқ қилинган ва тўғирланган ягона нусха ҳосил бўлган.

   Имом Абдулҳай Лакнавий китоб ёзишга жуда қаттиқ эътибор қаратган. Ҳатто баъзи китобларини сафарда юрган вақтларида ёзган.

Абдулҳай Лакнавийнинг аниқ қанча китоб ёзгани ҳақида уламолар турли ададларни айтганлар:

 Шайх Абул Ҳасан Али Ҳасаний Надавий: “Ҳинд Алломаси мутаххирлар фахри Шайх Абдулҳай Лакнавийнинг асарлари бир юз ўнтадир. Шулардан саксон олтитаси араб тилида ёзилган”, деган.

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Имом Лакнавий бир юз ўн беш атрофида китоб ёзганлар”, деган.

Булардан бошқа турли хил ададлар айтилган бўлса ҳам, ҳамма бир овоздан бу зотни кўп китоб ёзган уламолардан ҳисобланишини эътироф этган. Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳнинг ёзган асарлари рўйхати ва  уларнинг қайси фанга тегишли эканини доктор Валиюддин Надавий қуйидагича баён қилган:  

Ақоид илми бўйича –  4 та китоб;

Ҳадис ва улумул ҳадис илми бўйича –  8 та китоб;

Усулул фиқҳ илми бўйича –  1 та китоб;

Фиқҳ илми бўйича –  50 та китоб;

Фароиз илми бўйича –  1 та китоб;

Зуҳд ва рақоиқ (охират ғами билан қалбнинг юмшашига сабаб бўлувчи воситалар) илми бўйича –  1 та китоб;

Тарих ва таржимаи ҳоллар илми бўйича –  16 та китоб;

Сийрат ва айрим таржимаи ҳоллар илми бўйича –  2 та китоб;

Туғилишлар ва вафотлар илми бўйича –  3 та китоб;

Мантиқ ва ҳикмат илми бўйича –  25 та китоб;

Мунозара илми бўйича –  2 та китоб;

Наҳв илми илми бўйича –  2 та китоб;

Сарф илми бўйича –  4 та китоб.

Ҳа, чиндан ҳам ушбу 120 га яқин китоб 39 ёшида вафот этган олимнинг ёзган асарларидир. Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ “Қийматуз заман индал улама” (Уламолар наздида вақтнинг қадри) китобида қуйидагиларни ёзган: “Имом Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий юз йилча олдин ҳижрий 1304-йилда 39 ёшида вафот этган. Ёзган китоблари эса кўп жилдли катта китоблар ва бир неча саҳифалардан иборат рисолаларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 110 та дан ортиқ эди. Барча китоблари фойдали баҳслар ва мушкул масалаларга бағишланган”.

Олимлар билан илмий мунозаралари:

Абдулҳай Лакнавий замондош уламолар билан дўстона яқин муносабатда бўлганлар. Бир қанча уламолар билан илмий баҳслар бўлиб ўтган бўлса ҳам, бу тортишувларнинг барчаси илм устига қурилган мунозаралар бўлиб, асло бир-бирларига нисбатан адоватга сабаб бўлмаган. Бунга қуйидаги мисол яққол далилдир.

Ўша даврнинг машҳур муҳаддис олимлардан Шайх Муҳаммад Башириддин ибн Садриддин Саҳсавоний[1] ҳижрий 1288-йилда ҳажга боради. Бу зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш диний вожиб амаллардан эмас, балки бу иш мандуб, яъни қилса савоб бўладиган аммо қилмаса гуноҳ бўлмайдиган амаллардан деб ҳисоблар эди. Шунинг учун ушбу сафар асносида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қабрларини зиёрат қилмай қайтади. Бу ишлари учун у зотни баъзи уламолар ва авом инсонлар танқид қилишади. Шунда Аллома Саҳсавоний ушбу мавзуга бағишлаб “Қавлул муҳаққақул муҳкам фи зияроти қобри ҳабибил акром” (Энг муҳтарам, энг севикли зотнинг қабрини зиёрат қилиш тўғрисида исботланган қатъий ҳукм) номли рисола ёзади. Ушбу рисолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш мустаҳаб иш эканини ва у вожиб эмаслигини баён қилиб, бунга жумҳур ҳанафий уламолар иттифоқ қилганларини айтади.

Бу рисолани ўқиган Абдулҳай Лакнавий унга раддия қилиб, “Каламул мубрам фи нақзи қавлул муҳаққақул муҳкам” (исботланган қатъий дейилган ҳукмни бекор қилиш тўғрисида айтилган аниқ гаплар) рисоласини ёзади. Бу рисолада Имом Лакнавий кучли далиллар асосида Шайх Саҳсавонийга илмий раддия қилади.    

Имом Лакнавийнинг ушбу раддияларини ўқиган Аллома Саҳсавоний орадан кўп ўтмай бу раддияларга жавоб қилиб, “Қавлул мансур фи зияроти саййидил қубур” (Қабрлар саййиди зиёрати тўғрисидаги ғолиб ҳукм) рисоласини ёзади. Бу рисолада фуқаҳоларнинг мазкур ишнинг мустаҳаб эканига ижмо қилганларини ва унинг вожиблигига далолат қилувчи ҳадисларнинг заиф ҳисобланишини баён қилади.

Бу рисола билан танишган Имом Лакнавий унга раддия қилиб, “Каламул мабрур фи роддил қавлул мансур” (ғолиб дейилган ҳукмни рад қилиш тўғрисидаги мурувватли гаплар) рисоласини ёзади.

Орадан анча вақт ўтгач Шайх Саҳсавоний ушбу мавзуга бағишлаб “Мазҳабул маъсур фи зияроти саййидил қубур” (Қабрлар саййиди зиёрати тўғрисидаги нақл қилинган мазҳаб) номли учинчи рисоласини ёзади ва бу рисолани “Итмамул ҳужжа ала ман авжаба зиярота мислал ҳужжа” (Зиёрат қилишни худди ҳужжати бор ҳукм сингари вожиб санаган кишиларга қарши далилларни якунлаш) деб атайди. Бу рисолада Саҳсавоний янги далиллар келтириб, Лакнавийга раддия қилади.

Аллома Саҳсавонийнинг келтирган бу далилларига Имом Лакнавий таслим бўлмайди, балки бу рисолага раддия қилиб “Саъйул машкур фи родди мазҳабул маъсур” (Нақл қилинган мазҳаб дейилган ҳукмни рад қилиш тўғрисидаги мақтовли меҳнат) номли рисола ёзади ва уни “Возиҳул ҳужжа фи ибтоли итмамил ҳужжа” (Далилларни якунлашни бекорга чиқариш тўғрисидаги ёрқин ҳужжат” деб атайди. Бу рисолада Аллома Саҳсавоний келтирган далилларга жавоб ёзади.

Икки аллома ўртадаги бу баҳслар уларнинг дўстона муносабатларига асло таъсир ўтказмаган, балки иккалалари ҳам бир-бирларини қаттиқ ҳурмат қилишган. Аллома Саҳсавоний Лакнага келганларида Имом Лакнавийникига меҳмон бўлиб келадилар. Имом Лакнавий у зотни қучоқ очиб кутиб оладилар ва қўймасдан бир неча кунлар меҳмон қилиб олиб қоладилар. Аллома Саҳсавоний ҳам Имом Лакнавийнинг дарс халқаларига қатнашадилар ҳамда у зотнинг дарслари ва ваъзларини одоб билан тинглаб ўтирадилар. Аллома Саҳсавоний қачон Лакнага келса, албатта Абдулҳай Лакнавийникида меҳмон бўлиб кетар экан.

Оилалари

  Имом Абдулҳай Лакнавий ўн тўққиз ёшларида уйланганлар. У зотнинг бир қанча фарзандлари бўлган. Аммо битта қизларидан бошқа барчалари у зотнинг ҳаётлик даврларида оламдан ўтганлар. Фозила, олима бўлган ушбу қизини тоғаларининг ўғли Муҳаммад Юсуфга турмушга берганлар. Мазкур қизининг Муҳаммад Аййуб исмли ўғли олим бўлиб етишади ва бобосининг китобларини нашр қилиш билан машғул бўлади.   Абдулҳай Лакнавийнинг аёли у зот вафотларидан тўрт йил ўтгандан сўнг Маккаи мукаррамада вафот этган.

Уламоларнинг бу зот ҳақидаги эътирофлари

Имом Абдулҳай Лакнавий ҳақида уламолар жуда кўплаб мақтовли гапларни айтганлар:

Шайх Муҳаммад Зоҳир Кавсарий: “Шайх Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий ҳамасрлари орасида ҳукмлар ҳақидаги ҳадисларни энг билувчироғи эдилар”;  

Шайх Абул Ҳасан Надавий: “У зот ҳинд алломаси ва мутааххир уламолар фахри эдилар”.

Ташқи кўринишлари:

Тарихчи Абдулҳай Ҳасанийнинг таърифлашига кўра Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ юзлари кўркам, кўзлари қора, қарашлари ўткир, юзларида туклари кам бўлган, сочлари осилиб турадиган киши бўлган.

Хулқлари:

Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ ниҳоятда гўзал хулқли киши бўлган. У зот ўзлари билан тортишган кишиларнинг бирортасига ҳам ёмон гап гапирмаган. Ҳузурларига келган киши гарчи у зотга қарши гапирувчи кишилардан бўлса ҳам, у зотнинг хулқларидан рози бўлиб кетган.               

Вафотлари:

Имом Лакнавий ҳаётлари давомида уч марта қаттиқ касал бўлади. Илк бор 1292-йилда ҳаждан ватанларига қайтганидан кейин қорин оғриғи касалига чалинадилар. Ошқозон ҳазми бузилганидан ҳаётдан умид узиш даражасида касалликлари зўрайиб кетади. Моҳир табиблар ҳам, бу касалга ташхис қўйиш ва даволашдан ожиз қоладилар. Охири бу касалдан Ҳаким Муҳаммад Боқир Шийъий қўлларида шифо топади.

Иккинчи марта ҳижрий 1202-йилда Ҳайдарободга яқинларидан бирининг тўйига борганларида қаттиқ касал бўлиб қоладилар.

Учинчи марта қаттиқ касал бўлганларида шу касаллик сабабли вафот этганлар. Ушбу касаллиги ва вафот этиши тафсилоти ҳақида у зотнинг шогирди Абулфазл Муҳаммад Абдулҳафиз Пандавий қуйидагиларни ёзган: “Устознинг касалликлари ҳижрий 1303-йилнинг аввалида бошланган эди. Касаллик дастлаб дармонсизлик ва йўталдан иборат эди. Кейинчалик қисқа муддатли ҳушдан кетиш ҳам қўшилди. Сўнгра ҳушдан кетишлар кўпайди ва ҳолатлари тобора оғирлашиб борди. Ҳатто у зот ётиб қолдилар. Энг моҳир табиблар муолажа қилишга уриндилар, лекин наф бўлмади. Анча кунлар у зот камдармон ҳолатда бўлдилар. Ҳижрий 1404-йилнинг Робиул аввал ойи охирлари эди. Якшанба куни устознинг аҳли илм дўстлари бир йиғинга тўпланган эдилар. Устоз ҳам ушбу йиғинда эдилар. Йиғилганлар бир-бирлари билан беозор ҳазил-ҳузул қилишиб ўтирдилар. Устозимиз ушбу йиғилишда суҳбат асносида: “Суҳбат ғаниматдир, ушбу ўтиришимиздан кейин ким қолишини ҳеч ким билмайди” деб айтган эдилар. Шу кун ўтиб кеч кирганда устозимиз уйларида хуфтонни ўқишга киришдилар ва намоз ичида, ҳушдан кетиб йиқилдилар. Хизматларини қилувчилардан бири у зотни каравотга олиб бориб ётқизди. У зот ўзларига келиб тинчландилар сўнгра яна иккинчи ва учинча марта ҳушдан кетдилар. Юраклари жуда қаттиқ урар эди. Кеч соат учга етганда омонатларини топширдилар. Бу ҳижрий 1304-йил Робиул аввал ойининг ўттизинчиси душанба кунига тўғри келди. Устозимиз жанозаларини катта уламолардан уч киши жуда катта жамоат билан ўқидилар. Биринчи бўлиб, Мавлавий Муҳаммад Абдурраззоқ Ансорий Лакнавий ўқидилар. Иккинчи бўлиб, Мавлоно Абдулваҳҳоб ўқидилар. Учинчисида Мавлавий Абдулмажид ибн Абдулҳалим Ансорий ўқидилар.

Пандавий: “Устозимизнинг жанозаларига йигирма минг атрофида ёки ундан ҳам кўпроқ кишилар қатнашди”, деган. 

Абдулҳай Лакнавийнинг вафотларидан маҳзун бўлган у зотнинг дўстлари ва шогирдлари у зотга атаб араб,форс ва урду тилларида жуда кўплаб марсиялар ёзганлар.

Аллоҳ таоло Абдулҳай Лакнавийнини Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин!

 Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

[1] Шайх Муҳаммад Башириддин ибн Садриддин Саҳсавоний ҳижрий 1250-йиллар атрофида туғилган. Бу зот Шайх Муҳаммад Абдурраҳмон Саҳоранфурий ва Шайх Исо Аҳмад ибн Исо Шариқийлардан ҳадис илми бўйича ижоза олганлар. Усулул фиқҳ илмида ҳам моҳир бўлганлар. “Сиянатул инсан фи родди ала Шайх Аҳмад ибн Зийний Диҳлан”, “Қавлул муҳкам” ва “Саъюл машкур” каби кўплаб асарлари бор. Саҳсавоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1323-йилда Деҳлида вафот этган.     

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 30 Март 2019 00:00

Болангизга эътибор берасизми?

Аллоҳ таоло инсонга ато этган катта неъматлардан бири – фарзанд неъматидир. ҳар бир неъматнинг шукри вожиб бўлганидек, бу фарзанд неъматининг ҳам шукри вожибдир. Бу неъматнинг шукри – Аллоҳ таолога тил билан шукр қилиш ва ўша фарзандни солиҳ, баркамол инсон этиб тарбия қилишдир.

Ҳаммамиз эрта тонгдан ишга, ўқишга йўл оламиз. Кечқурун ишдан чарчаб келамиз. Овқатланамиз, дам оламиз. Кунимиз шу тарзда ўтади. Афсуски, фарзандимизнинг ўқиши, аҳволи билан қизиқмаймиз ёки қизиқишга вақтимиз етмайди. Баъзан бу нарса эсимизга ҳам келмайди. Аммо қиёмат куни ўзимиз учун ҳам, фарзандларимиз, қўл остидагиларимиз учун ҳам жавоб беришимизни унутмайлик!

 

  وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «كُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ: الإِمَامُ رَاعٍ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ فِي أَهْلِهِ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالْمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ فِي بَيْتِ زَوجِهَا وَمَسْؤُولَةًّ عَنْ رَعِيَّتِهَا، وَالخَادِمُ رَاعٍ فِي مَالِ سَيِّدِهِ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَكُلُّكُمْ رَاعٍ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ»

مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир. Имом мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Эркак ўз оиласида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ходим ўз хожасининг мол-мулкида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир», деяётганларини эшитдим». Муттафақун алайҳ.

Ушбу муборак ҳадисга кўра, ҳар бир инсон бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қўл остидагилари учун масъулдир.

Боламиз бугун мактабдан янги бир вазифа билан уйга келди. Роса уриняптию аммо ўша вазифани бажаришга қийналяпти. Охири бизнинг олдимизга келиб, “Дадажон, мана шу мисолнинг жавобини ечолмаяпман. Қарашиб юборинг, ўргатиб қўйинг” дейди.

Шунда биз нима деймиз?

“Бор, онангга айт, мен чарчаганман, бошимни қотирма” деймиз. Аммо телевизор кўришга, сериал ва киноларни томоша қилишга чарчамаймиз, бошимиз қотмайди. Аммо ўзимизнинг муҳим вазифамиз ва масъулиятимиз бўлган фарзандимизнинг тарбиясига, ўқишига бепарвомиз.

“Дадажон, бугун мактабда ота-оналар мажлиси бўлар экан. Илтимос, бориб келинг” деса, “Нималар деяпсан?! Қанақа мажлис?! Мажлис-пажлисга вақтим йўқ. Ана, онанг бориб келсин!” деймиз.

Шу каби мажлисларга бориб, боламизнинг ўқитувчилари, мураббийлари билан гаплашиб, улардан боламиз қандай ўқиётгани, нималарни ўзлаштираётгани, нималарда оқсаётгани, қандай ёрдам кераклиги ҳақида сўраш эсимизга ҳам келмайди. Ахир боламизнинг нима ўқиётгани, қандай ўзлаштираётгани биз учун қизиқмасми?! Шунчаки ҳамма қатори мактабга бориб келса бўлдими?! Келажакда қандай инсон бўлишининг бизга қизиғи йўқми?!

Баъзи оталар борки, ҳар куни фарзандларининг бугун нима дарс ўтганини, нималарни ўрганганини сўрайди. Уларни қийнаган масалада ёрдамлашади. Доим уларнинг тарбияси, ўқишини назорат қилиб боришади.

Ўғилларимиз кимлар билан дўст бўляпти, кимлар билан нималарни гаплашяпти, ёмон одатларга, ичиш, чекиш каби иллатларга ўрганмаяптими, телефонида нималарни сақлаб, қандай видеоролик ва фотоларни кўриб юрибди, мана буларни назорат қилиш, сўраб-суриштириш, доим шу нарсаларга қизиқиб, масъулиятни ҳис қилишимиз бизнинг энг муҳим вазифаларимиздандир.

Эртага ўғлимиз ёки қизимиз бирор ножўя иш қилса, “Нега ўғлим бундай қилди экан?”, “Нима учун қизим бундай бўлиб ўсди экан?” дея зорланамиз. Ваҳоланки, бир пайтлари ёмон ўртоқлари ва ахлоқсиз дугоналари билан юрганини билиб турсак ҳам индамадик ёки бу ҳақида суриштирмадик. Энди бошимизни чангаллаб ўтирибмиз.

Азизлар, фарзанд бизга берилган неъмат бўлиши билан бирга омонат ҳам эканини эсимиздан чиқармайлик! Фарзандининг тарбияси, ўқиши, юриш-туриши ҳақида қизиқмаган ота-она ушбу омонатга хиёнат қилган ҳисобланади. Хиёнат эса ҳадисларда мунофиқликнинг аломатларидан бири дейилган.

Аллоҳ таоло барчамизни фарзандларни тарбия қилишда масъулиятли ва жонкуяр ота-оналар бўлишимизни, улар бу дунёда бизга кўз қувончи бўлишини ва охиратда бошимизга иззат тожини, эгнимизга каромат сарпосини кийдиришини насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Top