muslim.uz

muslim.uz

Мисрлик машҳур ёзувчи, Ўрта Осиё ишлари бўйича Қоҳира университети тадқиқотчиси Саййид Аҳмад Абдуҳ Тарабекнинг “Ўзбекистон ва ислом цивилизацияси ўчоқлари” номли китоби нашрдан чиқди. 

Ёзувчи 2014 йилдан бери Ўзбекистонга Парламент ва Президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюриб, Ўзбекистон диёридан чиққан алломалар, тарихий шахслар ва бугунги ислоҳотлар ҳақида мақолалар ёзиб туради. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 

Ёзувчининг ушбу китоби Мовароуннаҳр ҳудудидан етишиб чиққан ва тафсир, ҳадис, фиқҳ, тилшунослик, математика, тиббиёт, фалсафа, астрономия ва бошқа илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларга бағишланган. Китобда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Замахшарий, Абу Али Ибн Сино, Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Қаффол Шоший каби йигирмадан ортиқ боболаримиз айнан ҳозирги кундаги Ўзбекистон ҳудудидан эканлигини барчага таништиришни мақсад қилган. Бундан ташқари, китобда Амир Темур ва темурийлар, ғазнавийлар ва хоразмшоҳлар ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штати ва Деҳли шаҳрида совуқ ҳаво оқими сабабли 187 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Уттар-Прадеш штатида 143 киши қиш мавсумида вафот этган бўлса, 11 январь куни 40 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда “KUNA” агентлигига асослани “MINA” хабар берди. 

Штатдаги Канпур, Фотиҳпур, Каннауж, Пилибит, МУродобод, Самбал, Амроҳа, Рампур, Ҳамирпур, Азамгар, Газипур ва Баллиа туманларида асосий ўлим ҳолатлари кузатилган. 

Ҳиндистон пойтаҳтида эса совуқ 44 кишининг ҳаётига зомин бўлган. 

Жамму ва Кашмир штати аҳолиси ҳам кучли совуқлардан огоҳлантирилган. “Чиллайи калон” деб номланган 40 кунлик муддатда кўп миқдорда қор ёғиши ва ҳароратнинг тушиб кетиши кузатилади. 

Бу сингари совуқ ҳарорат Ҳиндистон учун ноодатий бўлиб, совуқ ҳаво оқими бошпанасиз инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Шу кунларда Владикавказ шаҳридаги масжидда қорилар мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақада муфтийлик вакиллари, жумладан, Шимолий Осетия муфтийси Хажимурат Гацалов иштирок этгани ҳақида хабар берилди. 

Мусобақада 20 киши иштирок этган. Иштирокчилар Шимолий Осетиянинг турли ҳудудларидан келишган. Қорилар икки гуруҳга ажратилган бўлиб, биринчи гуруҳда мадраса ва ўқув муассасаларида таъълим олганлар ўзаро курашган бўлса, иккинчи гуруҳда ўқишни масжид имоми ёрдамига ўрганганлар беллашган. 

Биринчи гуруҳда ардонлик Муҳаммад Гуляев ғолиб бўлган бўлса, иккинчи гуруҳда кизряллик Алихан Абреков энг яхши деб топилди. Бошқа номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқдангани айтиб ўтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мамлакатимизда оилавий ажримларнинг олдини олиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлими берган маълумотига кўра, 2016 йилда пойтахтимизда уч мингга яқин оилавий ажримлар қайд этилган. Бу кўрсаткич 2017 йилга келиб мингтага камайган, деб хабар беради ЎзА.

Тошкент шаҳридаги 505 маҳалла фуқаролар йигини ҳузурида ташкил этилган яраштириш комиссияларининг саъй-ҳаракати билан ўтган йилда 907 та оилавий ажримлар олди олинди. 

Оилавий ажримлар таҳлил этилганда, етишмовчилик, оилани боқа олмаслик эмас! Уларнинг аксарияти ўзига тўқ, бойлиги ўзига етарли хонадонларда юз бераётгани аён бўлмоқда. Уларнинг баъзиларида ўта арзимас, айтишга, баҳона қилишга тилинг бормайдиган важлар эканлиги ғоят ачинарли ҳолат. Мисол учун, “келиннинг сепи муносиб келмаганмиш”, “келиннинг отаси куёвга яхши ёрдам бермасмиш...”, “куёвига машина совға қилмоқчи бўлган қайнота ўз ваъдасида турмабди”, қайноналарнинг ўта талабчанлиги, қайнона-келин можароси аксарият ажримларда эса Тошкент шаҳрида доимий рўйхат ўтиш масалалари, ёшларнинг ортиқча хойу ҳавасга ҳирс қўйиши ёки улар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббат ва ҳурматнинг йўқолгани каби қатор омиллар сабаб бўлаётгани аниқланди. 

Шуни унутмаслик керакки, битта ажрим – жамиятда битта кемтик юзага келди, дегани. Бегуноҳ норасидалар ота ё онасиз вояга етади, дегани. Қолаверса, ота ёки онасиз ўсган фарзанднинг ҳар жиҳатдан баркамол улғайишига ҳам кафолат йўқки, бунинг салбий оқибатларини, кўплаб ҳуқуқбузар ва жиноятчилар одатда ажрашган оилалардан етишиб чиққанини кундалик ҳаётда кўриб, кузатиб турибмиз.

Халқимиз орасида жаҳл чиққанда, ақл қочади, деган нақл юради. Ана ўша жаҳлни ақлга бўйсундира олган инсон, чинакам бахтлидир. Нима бўлганда ҳам бир дастурхон атрофида, ота-она, фарзандлар тафтини ҳис этиб, бир бутун оила бўлиб яшашга нима етсин.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Доктор Юсуф бин Аҳмад ал-Усаймин 2018 йилнинг 11 январь куни Ташкилот қароргоҳида Гамбиянинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили Умар Жибрил Сабоҳни қабул қилди.

Учрашувда Умар Жибрил Салоҳ Гамбия ташқи ишлари вазирининг 2019 йилнинг бошида Гамбия пойтахти Бангал шаҳрида ўтказилиши кутилаётган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг олий даражадаги конференциясига ҳозирлик кўришга тааллуқли бўлган мактубини Доктор Юсуф ал-Усайминга топширди.

Шунингдек, учрашув чоғида томонлар келгусида Гамбияда бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги халқаро олий конференциясига тайёргарлик кўриш тартиботлари, унда ислом олами давлатлари учун долзарб бўлган масалалар, жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан Гамбия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга доир мавзулар муҳокама қилинди.

 

Илёс АҲМЕДОВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Top