muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 02 Март 2017 00:00

Қалб дардининг давоси

Энг кўп истеъфода этиладиган сўзлардан бири бўлган “тавба” сўзининг луғавий маъноси “қайтмоқ”, “бас қилмоқ”, “тийилмоқ”дир.

Истилоҳда эса, банданинг гуноҳ иши учун надомат чекиб, унга қайтмасликка аҳд қилиши, суннатда келган зикрларни айтиб юришидир.

Тавба қилиш инсонни Аллоҳ талога яқин қилади. Негаки, банда қачон хилватда ўтириб Аллоҳ таолони зикр қилиб, истиғфор айтиб тавба қилса, албатта, Аллоҳ таоло уни кечиради ва ўзига яқин тутади. Аллоҳ таолонинг бир исми Таввоб, яъни, ўта кечиримлидир.

У зот “Шуаро” сурасида: “Ва у шундай Худоки бандаларининг тавбаларини қабул қилади, гуноҳларини авф этади ва у нимани қилса ўзи билади”, деб бандаларига хушхабар берган.

Гуноҳ ва маъсиятлар бамисли хасталикдир. У инсоннинг энг нозик аъзосини – қалбини шикастлайди. Қалбнинг ҳолатига қараб бошқа аъзолар ҳам заифлашади. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ҳар бир дарднинг давоси бўлгани каби гуноҳ дардининг давоси тавбадир. Ҳар куни  Аллоҳга  юз марта истиғфор айтинг. Ҳар куни икки марта тавба қилмаган одам ўз нафсига зулм қилгандир”.

Мўминнинг ҳақиқатан тавба қилганини тўртта белгидан таниса  бўлади:

тилини бекорчи гаплардан, ғийбатдан, ёлғон  сўзлашдан тийган бўлади;

бировга ҳасад қилмайди ва кек сақламайди;

бадкирдорлардан узоқлашади ва улар билан ҳамсуҳбат бўлмайди;

гуноҳларини эслаб пушаймон бўлади. Аллоҳ таолонинг ибодати билан машғул бўлиб, одамларни яхшиликка ундайди.

Тавбанинг турлари кўп, энг олийси “нусуҳ” деб аталади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нусуҳ тавбаси ҳақида сўралганда, “ У тил билан тавба қилиб, дилдан пушаймон бўлмоқликдир. Агар тили билан тавба қилиб дилидан гуноҳ қилишга мойил бўлса, Аллоҳ таолога истеҳзо қилган бўлади”, деб жавоб бердилар. Демак, тавба қилувчи киши ўша гуноҳни қайта қилиш у ёқда турсин, ҳатто қалбидан ҳам суғуриб ташлаши, ўша гуноҳдан нафратланиши лозим. Агар бир гуноҳ қилиб, бир тавба қилиб юраверса, Аллоҳ таоло ҳузурида ўйин қилган бўлади. Бу эса улкан гуноҳдир.

Умр тез ўтиб кетади. Инсон паймонаси қачон тўлишини ҳеч қачон билмаган.  Танимиз соғ, фурсатимиз бор экан, тавбага шошайлик. Тавба махсус жой, вақт ёки ёш танламайди, уни ҳар дамда, ҳар қайси ёшда, ҳар қандай шароитда қилиш мумкин. Тавба қилмоқчи бўлган инсон ҳар куни юз марта “Астағфируллоҳал азийма ва атубу илайҳ”, деб юргани маъқул. Бу – истиғфорнинг афзали ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчамизга нусуҳ тавбасини насиб этсин, нафснинг васвасасидан асрасин.

Хайрулло МАРДОНОВ, 

Хожа Бухорий номли ислом ўрта-махсус билим юрти ўқитувчиси

Четверг, 02 Март 2017 00:00

Бадгумонлик гуноҳдир

У одам қўли гул уста эди. Хорижда ишлар, кеч кузда ватанга қайтиб хордиқ чиқарарди. Кунларнинг бирида ҳамқишлоқлари билан йиғилишиб қиттай-қиттай қилишди. Мастлик оқибатида ўртада жанжал чиқди. Бу – шайтоннинг имони заиф инсонлар кўнглига солган васвасаси эди. Аллоҳ таоло бандаларини шайтонга эргашмасин, унинг ҳийлаларидан огоҳ бўлсин дея: «Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақирур», деб огоҳлантирган эди.

Шайтоннинг Одам авлодига очиқ душман экани воқеанинг давомида яққол кўзга ташланади. Жанжал чиқишининг сабаби ширакайф бўлиб олган ҳамшишалардан бири устага: “Сен хориждалигингда хотининг енгилтак аёллар билан апоқ-чапоқ бўлиб юрди”, дейди. Бу гапдан ғазаби қайнаган йигит унинг бўғзига чанг солади. Улфатлар уларни зўрға ажратиб қўяди.

Бундай ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ деди-дедилар оқибатида туғилган шубҳа-гумонлардан келиб чиқади. Сершубҳаликдан сақланиш учун доимо бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бадгумонликни қаттиқ қоралаб «Ҳужурот» сурасининг 12-оятида: «Эй имон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир», деб таълим берган.

Бугунги кунда ўз жуфти ҳалолидан шубҳаланиш оқибатида қанчадан қанча оилалар пароканда бўлаётгани ачинарли ҳолдир. Бунга мобил алоқа воситаларидаги адашиб қилинган қўнғироқлар ва бошқа арзимаган нарсалар сабаб бўлмоқда. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар». (кимдан ким ривоят қилган?)

Аслида мусулмон одам ёмон гумондан сақланиши лозим. Кимда-ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўша одамнинг ичи бузуқ бўлади. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса айб қидиради. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса унинг тескарисини қилади.

Хуллас, орадан кунлар ўтиб, уста йигит қизининг туғилган кунини уйида  нишонлаб берадиган бўлади. Қизи олти ёшга тўлган эди. Дастурхонга тағин ароқ қўйилади. Зиёфат кечгача давом этади. Меҳмонлар тарқалгач, маст бўлиб қолган йигит улфатлари билан бўлиб ўтган ўша воқеани эслайди ва шайтон отига минади-да хотинини қидира бошлайди. Бу маҳалда уй бекаси ошхонада   куймаланиб юрган эди. Ғазаб отига минган йигит ошхонада хотини билан жанжаллаша кетади. Хотини бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон экани, унга туҳмат қилинганини кўзида ёш билан айтади. Аммо устанинг ҳуши ўзида эмасди. У стол устида турган пичоқни олиб, хотинининг кўксига санчади. Кейин уйга кириб аввал қизини, сўнгра ўғлини пичоқлаб ўлдиради. Шундан сўнг ўз жонига қасд қилади.

Бир маст одамнинг асоссиз, далилсиз, шунчаки валдираши норасида қиз билан ўғилнинг ва уларнинг онасининг ваҳшийларча ўлдирилишига, уста йигитнинг эса абадул-абад жаҳаннамга тушишига сабабчи бўлди. Чунки Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, дейилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини огоҳлантириб: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деб бежизга айтмаганлар.

Бунга ўхшаш аянчли воқеалар инсонни янада зийракроқ бўлишга, янада эътиборлироқ бўлишга ундайди. Бинобарин, бундай ҳодисалардан ибрат олиб бошқалар ҳақида гапиришдан аввал етти ўлчаб бир кесмоқ керак деган мақолга амал қилинса маъқул иш бўлади. Акс ҳолда бир оғиз сўз билан кимнингдир умрига завол бўлиб қолиш ёки оиласи бузилиб кетишига сабабчи бўлиш инсонийлик тамойилларига тўғри келмайди деган фикрдамиз.

 

Маҳмуджон АБДУСАИДОВ,

Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи

                                

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан: “Ё Расулуллоҳ, ўзимизни дўзахдан сақлаймиз, бу тушунарли. Аммо аҳли оила ва фарзандларимизни қандай сақлай оламиз?”, - деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ сизни қайтарган нарсалардан уларни ҳам қайтарасиз ва уларни ҳам Аллоҳ сизга буюрган ишларга ундайсиз. Шу йўл билан уларни дўзахдан сақлаган бўласиз”, - деб жавоб берганлар.

Кейинги вақтларда, кўплаб мунозараларга сабаб бўлаётган “Кўк кит”, “Китлар денгизи”, “Тинч уй”, “F57”, “WinX”, “югурасан ёки ўласан” (беги или умри)  ва бошқа ўйинлар ҳақида сўз юритишни лозим топдик.

Афсуски, манфур мақсадли кимсалар, турли ижтимоий тармоқлар орқали ёш болалар ва ўсмирларни шу турдаги ўйинларга жалб қилиб, сўз, видео, расм ва мусиқа, турли хилдаги карахт қилувчи овозлар орқали уларни тушкунлик ҳолатига тушириб қўйишмоқда. Натижада, болалар бу ўйиндаги “қўғирчоқлар”га айланиб, ҳаттоки, ўз жонларига қасд қилишгача боришмоқда.

Бу каби ўйинларни ўйнаш учун ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги айрим гуруҳларга қўшилиш лозим экан. Аъзо бўлиш ёши ҳам чекланган бўлиб, фақат мактаб ёшидаги ўспиринлар қўшила оларкан. Бу каби гуруҳларда, асосан, тушкунлик, ҳаётнинг оғирлиги, яшаш қийинлиги, адолатсизлик, яхши кўрган инсонидан ажралиб қолиш, етишмовчилик ва шу каби мавзуларда, асосан салбий суҳбатлар уюштирилиб борилар экан.

Табиийки, бу турдаги мавзулар атрофидаги суҳбатлар, ўйинлар, видеолар, сурат ва қўшиқлар одамни тушкунлик ҳолатига тушириб қўяди. Гуруҳ аъзоси бора-бора уларни кўриб яшагиси келмай қолади. Гуруҳга аъзо бўлганларга, улар бошқалардан фарқ қилиши, буни афсуски, атрофдагилар пайқамаслиги, “Китлар уйи” (“Дом китов”)да унга ўхшаганлар йиғилиши, у ер “Тинч уй” (“Тихий дом”) деб номланиши сингдириб борилади.

Аъзо бўлганларга турли топшириқлар берилади, бажарилишига қараб саралангач, кимдир ўйиндан чиқарилади, топшириқни бажарганлар эса кейинги босқичга ўтади. Шу тариқа 50 кун давомида турли хилдаги топшириқлар берилади: китни расмини чизиш, уни қўлига тиғ (лезвия) ёрдамида ўйиб чизиб расмга ёки видеога олиб суратини юбориш ва шу тариқа ўзини юқори қаватдан ташлаш, томирини кесиш ёки осиш каби топшириқлар кетма-кет берилади.

Агар ўйинчи ўзини ўлдиришдан бош торса, уни яқинлари ва ота-онасини ўлдириб кетиш билан таҳдид қилишади ва унинг манзилини аниқ ёзиб юборишади. Ўсмир эса, ҳақиқатан ҳам, уни кузатишаётганига, агар ўзини ўлдирмаса, яқинларига мусибат етишига ишонади, сўнг жонига қасд қилади...

Ўйин асосчиси Филипп Лис тахаллуси билан танилган 22 ёшли йигит бўлиб, у ҳаётидаги муаммолар, қийинчиликлар, тушкунлиги билан ўртоқлашиб ижтимоий тармоқда постлар қолдирган ва унга кўпчилик эътибор берган. Кейинчалик, алоҳида гуруҳ очади. Ҳозирда “Синий кит” номли гуруҳлар жуда кўп. Лекин дастлабки очилган гуруҳ ёпилиб, унинг асосчиси қўлга олинган. Филипп Лис билан суриштирув ишлари олиб борилганда, у бу ўйинни шунчаки унинг гуруҳига обуначиларнинг сони (300 000 киши бўлган) кўп бўлишини хоҳлагани учун очганини айтган. Шифокорлар томонидан руҳий касал деб ташхис қўйилгани сабабли, унга бор йўғи бир йиллик қамоқ жазоси тайин этилган.

Ҳозирда синий кит нафақат Россия, балки бошқа мамлакатларда, хоссатан, Марказий Осиё ҳудудида ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу ўйин январь ойидан бошлаб Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудида оммалашган.

Қирғизистон Ички ишлар ва Маориф вазирлиги жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб ОАВ орқали аҳолини ижтимоий тармоқлардаги “Кўк кит” ўйининг аянчли оқибатларидан огоҳлантирмоқда. Январ ойидан бошлаб оммалашган ушбу ўйин натижасида, 1 ой ичида 15 нафар ўсмир жонига қасд қилган.

Россия ОАВ берган хабарга кўра, бугунги кунга келиб, бу ўйинлар сабабли 230 нафар ўсмир ҳаётдан кўз юмган.

Бундан ташқари, ёш қизалоқлар ўртасида қизиқиш билан томоша қилинаётган “WinX клуби: сеҳргарлар мактаби” номли мультфильм  бунданда хатарлидир. Мультфильм қаҳрамонларига тақлид қилишни хоҳлаган қизчалар, кечаси ҳамма уйқуга кетгач, ўрнидан туриб, хонани 3 марта айланиб, парилардан уни олов париси бўлишига ёрдам сўраб, сўнг ошхонага кириб, газни ёқмасдан очиб қўйиб, сеҳрли газлар учиб кетмаслиги учун ойна эшикларни маҳкам ёпиши кераклиги айтилади. Ундан ташқари шу фаолиятни амалга ошираётганда уни ҳеч ким кўриши керак эмаслиги, агар кўргудек бўлса, сеҳр учиб кетиши айтилади. Айтилганларни бажаргач, ўрнига бориб ухлаши, уйғонгач у олов парисига айланишини ва уча олишини, бу учун париларга миннатдорчилик билдириши кераклиги таъкидланади. Бир ўйлаб кўринг-а, агар қизалоқ буларни бажарса, нафақат ўзи, балки уйдаги одамларнинг барчаси газдан заҳарланиб ўлади-ку. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: шу каби ўйинларни ўйлаб топиб, ёшлар онгига сингдираётган тубан инсонларнинг фарзандлари йўғмикан?!

Яна бир ўйин ҳақида ўқиб, эшитиб ҳайрон бўлиб қолдим. Номи ҳам антиқа “Югурасан ёки ўласан” (“Беги или умри”). Россияда бугунги кунда ҳайдовчилар ўртасида ваҳима билан репост даражасига етган постлардан биридир. Унда ўқувчи ёшлар қилаётган ишларини телефонга муҳрлаб олишар экан. Уни ё ўртоғи ёки ўзлари телефон камерасини ёққан ҳолатда амалга оширишар экан. Йўлда ҳаракатланаётган машина яқинлашганда ўқувчи йўлни кесиб югуриб ўтади, омади келиб қолса тирик қолади ёки...

Бу каби маълумотларни ўқир эканмиз, болаларимиз кўз олдимиздан ўтади. Алданган, шундай маккор ва гуноҳга бошловчи ўйинларга ишониб қолган, шу ўйинлар домига тушиб, муаммонинг ечимини фақат шу йўл билан топиш мумкин деб, ҳаётига зомин бўлган ёшларга ачинасан, киши.

Бу қандай ўйин бўлдики, инсон ҳаёти билан ўйнашади, улар ким бўлдики, дунёдаги шунча уруш-жанжал етмагандек, яна норасида болалар умрига зомин бўлади. Уларнинг мақсади нима ўзи?!. 

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Моҳира ЗУФАРОВА

 тайёрлади

Ҳар-бир ота-она фарзандлари вояга етгач,  қизи бўлса ақлли,  оилам дейдиган йигитга турмушга беришни, ўғли бўлса, ҳаёли иболи, оилам дейдиган қизни келин қилишни орзу қилади. Аммо кейинги вақтларда  совчилар келса таг-тугини суриштирадиган ёки совчиликка бориладиган бўлса, қизнинг отаси қаерда ишлаши-ю,  яқинларини олиб борганда уялтирмайдиган даражада данғиллама жойлари бўлишини дилига тугиб борадиганлар учраб туради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл тўрт (нарсаси)  учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Довуд, Имом Насоий).

Фарзандига жуфт танлашда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ йўлни  кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг келин танлашдаги талаблари кўпчиликка ибрат бўлса ажаб эмас.

Ҳазрати Умар кечалари Мадинани айланиб завқ олардилар. Чунки бу шаҳарнинг ҳар бир кўчасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ хотиралар бор эди. Ҳар замонда севимли Пайғамбар билан ўтказган кунларини эслаб, у зотни худди ёнларидек ҳис қилардилар. Зеро, севган севилган билан ёнма-ёндир.

Баъзан ой нури ҳам бўлмаган тунларда Умарни ёлғизлатмаган, ўзини унуттирмаган Зот борки, эртага Унинг олдида ҳисоб беради. Аллоҳ Умарнинг шу дамда қандай фикр ва ҳиссиётлар билан айланиб юрганини унинг ўзидан яхши билади. Қудрати чексиз, илми ва раҳмати барчани қамрайдиган Зот севимли Расулига юборган китобда шундай деган: ”Қаерда бўлсангизлар ҳам, У(Аллоҳ) сизлар билан биргадир” (Ҳадид сураси, 4-оят).

Қаерда бўлмасин Аллоҳ билан биргалигини ҳис қилиб турган одамлар орасида ҳазрат Умарнинг ўзига хос ўринлари бор. Чексиз қудрат соҳиби бўлган буюк Парвардигорга нисбатан бўлган бу тақво ҳеч ким йўқ жойларда Умарни кўп йиғлатган... .

Шундай ҳислар билан тунда шаҳар айланар эканлар, ҳазрат Умар бир аёлнинг овозини эшитиб қолдилар:

Сутга озгина сув қўшайлик, қизим.

Онажон, амирал мўъминин: “Сутга сув қўшманглар”, - деган.

Амирул мўминин бу ерда йўқ. У сенинг нима қилаётганингни ҳам билмайди.

Сиз ҳақсиз, онажон. Амирул мўминин нима қилаётганимни кўрмаяпти. Лекин Аллоҳ кўриб турибди-ку!

Ҳазрат Умарнинг этлари жимирлаб, кўзларига ёш келди.

Қиз Қуръон тарбиясини олган, Аллоҳдан қўрқув ва Унга муҳаббатни қалбига жо қилган эди. Бунақа қизни кундузи чироқ ёқиб қидириб топиш душвор. Бинобарин, бунақа қизлар учун бор-йўғингни сарфласанг, бу йўлда бир умр тер тўксанг ҳам кам эди. Инсоният ҳақиқий масъулиятини шундай фикрларга эга бўлибгина билиши мумкин.

Фарзанд онасидан одоб ўрганиши керак, лекин онасига одоб берган бу қиз ҳазрат Умарнинг тамойилларига роса мос келарди. Чунки одамлар ҳазрат Умарнинг: “Мен учун энг маҳбуб инсон адолатга зид иш таклиф қилинганида, манфаатли бўлишига қарамасдан, рад эта олган инсондир”, - деганларини эшитишган эди. Мана, ўша мафтун бўлган маҳбубни топиб турибдилар У киши ўзларида йўқ севиниб кетдилар. Дунёда шундай инсонлар борлигидан кўнгиллари кўтарилди.

Онасига танбеҳ берган қиз ташқарида воқеани кузатиб, ҳақига дуолар қилиб турган халифани сезмадиям.

Ҳазрат Умар шу кеча Қуръоннинг ” : ”Қаерда бўлсангизлар ҳам, У (Аллоҳ) сизлар билан биргадир”, - оятини ҳаётдаги тафсирини кўриб, буюк Парвардигорга ҳамду сано айтдилар. Ана шу биргаликни билиш қоронғу, амир кўрмайдиган жойлардагина билинади.

Ҳазрат Умар овоз соҳибасини кўрмадилар, унинг кимлигини ҳам билолмадилар. Аммо у қиз: “Мўминлар, шак-шубҳасиз, оға-инидирлар” (Ҳужурот сураси, 10-оят), оятига кўра ҳазрат Умарнинг қариндошидир.

Ўша тун ҳазрат Умар одмигина ётоқларига ётарканлар, тинимсиз шу оятни такрорлаб, Аллоҳ билан бирга эканини ҳис қилиш қувончини ҳис этдилар ва кўнгилларини кўтарган ўша овозни эшитгандек бўлдилар.

Эртасига бомдодни ўқиб бўлиб, биринчи қилган ишлари кечаги уйни топиш  бўлди. Уй соҳиби у кишини эҳтиром билан қарши олиб, иззат-икром кўрсатди. Ҳазрат Умар даставвал кечаги овоз соҳибаси турмуш қурганми, йўқми шуни сўрадилар.

У ҳали турмушга чиқмаган, мўминлар амири.

Жавобдан ҳазрат Умарнинг бошлари кўкка етди. Ҳеч бир тужжор савдо-сотиғидан қанча фойда олса ҳам, бу даражада хурсанд бўлмаса керак.

Унда қизингни ўғлим Осимга сўрамоқчиман.

Бош устига. Бу нарса оиламиз учун шарафдир, мўминлар амири (Абдуллоҳ ибн Абдул-ҳаким “Сийрати Умар ибн Абдулазиз”).

Ҳазрат Умар ўз фарзандларига муносиб кўрадиган келин Аллоҳдан қўрқадиган, ҳар бир ишда Унинг назоратини ҳис этадиган даражада оқила бўлиши керак эди. 

 

Манбалар асосида 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Среда, 01 Март 2017 00:00

ИШИД лидери видолашди

Жаҳон оммавий ахборот агентликлари хабар беради:
ИШИД ТЕРРОРЧИ ТЎДА лидери ўз тарафдорларига видолашув нутқи билан мурожаат қилди
“ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ўз нутқида кейинги кунларда бўлиб ўтган жанглар натижасида террористик гуруҳ мағлубиятини тан олди ва ўз тарафдорларини Ироқ ва Суриянинг тоғли ҳудудларида яширинишга чақирди”,- деб хабар берди Найнава муҳофазасидаги манбасига таяниб, Alsumaria телеканали.
Ал-Бағдодий ўз нутқини видолашув сўзлари деб атади, ИШИД тарғиботчилари орасида тарқатди ва гуруҳи билан содир бўлаётган воқеаларни шарҳлади.
“Тарғиботчилар Найнава ва Ироқнинг бошқа ҳудудларида бу тўда бошидан кечираётган мағлубиятлар ҳақида сўзлай бошлашди”, - деб хабар беради манба телеканалга.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ахборот хизмати

 

 

Top