muslim.uz.umi
Бақара сураси (12-19 оят) «Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид»
Эътибордан Масрур кўнгиллар «ибратли видеолавҳа»
Дунёда сиз ҳеч ким бўлмаслигингиз мумкин,
Лекин ким учундир – бутун дунёсиз
Гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган инсонлар, йигит-қизлар, отахон ва онахонлар. Улар дунёнинг энг оғир юкини елкасига, дард унвонини кўксига кўтариб юргандек гўё. Улар баъзан одамлардан ўзларини олиб қочиб, яшаш учун бошқаларга халақит бераётгандек, беун атрофдагилардан узр сўраётгандек туюладилар... Аслида, у ҳам она вужудида пайдо бўлган вақтдан бошлаб, ҳамма уни соғ-омон дунёга келсин, деб дуо қилган. У туғилгач, отаси ота, онаси она мақомига, юксак даража кўтарилган. Яратганнинг иродаси экан, у бошқаларга ўхшамайди, унда ўзига хос камчилик бор. Дард бор, алам бор, баъзан шундан изтироб чекади, яқинлари кўмагига, далдасига эҳтиёж сезади .
У гўдаклик пайтида самимий табассуми қалбларга шодлик ўрнига, ғам қайғу ҳадя этганини, у гўё дунёга таклиф қилиниб, қутилмаган меҳмон сингари унга қарашганини ҳам сезади... титраб турган лаблари, кўзмунчоқдай пирпираб турган маъюс кўзлари, яқинларининг кўнгил ойнасини чилчил синдирганини эслаб, баъзан маҳзун бўлади.
Вақт ўтди. У улғайди. Буларнинг бари Аллоҳнинг хоҳиш ва иродаси, ота-онасига эса Буюк Аллоҳнинг синови эканини англади. Ва бошқалар сингари яшашга, яхши инсон бўлишга, ўзидан кейин яхши из қолдиришга ошиқди.
Юрагида олам-жаҳон меҳр жо бўлган бу беғубор инсонларнинг кўзларига боқинг, улар сизу бизга қараб қанчалик талпинишмоқда. Сиз билан бирга эканликларидан нақадар мамнун бўлишмоқда. Уларда айрим жисмоний камчиликлар бўлса-да, аслида уларнинг кўнгил дунёси гўзал. Уларда оқибат, меҳр бор. Забонлари бўлсада, тил учида оқибат қиладиганлардан кўра, уларнинг оқибати хайрли. Чунки уларда забон йўқ, не десалар ҳам дилдан гапирадилар, ҳар сўзлари юракдан чиқади.
Эътибор беряпсизми, улар жуда ҳам бахтиёр, хурсандчиликларининг чеки йўқ. Чунки улар ён атрофларида уларни қўллайдиган, руҳий далда берадиган одамлар борлигини ҳис қилишяпти. Эртанги кунга умид, ишонч билан қарашяпти. Бу эътибор, одамгарчиликдан қувониб кўзларига ёш олишмоқда. Шу ўринда ҳазрат Наоийнинг қуйидаги мисралари беихтиёр эсга тушади:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Унутманг, бобомиз айтганларидек, ким кўнгли ўксик бир инсонни хурсанд қилса, йиқилган Каъбани қайтадан қурган, таъмирлаган каби савобга ноил бўлади.
ЎМИ Матбуот хизмати