muslim.uz

muslim.uz

Афсуски, бугунги кунда баъзи ижтимоий тармоқларда айрим кишилар спорт ўйинлари, масалан, футболда қайсидир жамоага пул тикиб, кимнинг жамоаси ютса, ўша одам нариги жамоага тикилган пулларни олиши билан боғлиқ ўйинлар тобора авж олмоқда. Бу каби нарсалар қимор ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйин қимор бўлиб, динимизда бу амал қаттиқ қораланади ва бундан қайтарилади.

Аллоҳ таоло мўминларга қарата бундай хитоб қилади: “Эй иймон келтирганлар, хамр (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган нопок ишдир. Бас, ундан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар! Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!”(Моида сураси, 90-91 оятлар).

Аллоҳ таоло бу оятларда хамр, қимор, бут-санамларга ибодат қилиш ва фолбинлик билан шуғулланишни жамлаб зикр қилмоқда. Зеро, улар зарар жиҳатидан бир-бирига яқиндир. Яъни, хамр ва қимор, бут-санамларга топиниш ва фолбинлик, ҳам ҳаромлик жиҳатидан, ҳам гуноҳ жиҳатидан бир-бирига тенгдир. Буларнинг барчаси жоҳилият даври ишларидандир.

Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бут-санамларга ибодат қилган, Аллоҳга ширк келтирган, хамр ичган ва қимор ўйнаганлар орасида ҳеч қандай фарқ йўқдир!”.

“Эй иймон келтирганлар...” Бу ердаги нидо барча мўминларга тегишлидир. Ояти каримада ҳаммага эмас, балки фақат иймон келтирганларга хитоб қилинаяпти, чунки Аллоҳга иймони бўлмаган одам У Зотнинг амр ва қайтариқларига ҳам қулоқ солмайди.

Яъни: Аллоҳ таолога ҳақиқий ва йақийн иймон келтирган эй мўминлар, албатта ақлни тўсиб, кишини тўғри фикр юритишдан тўсувчи хамрни истеъмол қилиш ва у билан боғлиқ бошқа ҳолатлар, тасодифга асосланган қимор ўйини ва у орқали пул топиш, қурбонлик ва ибодат қилиш учун тиклаб қўйилган бутларга сиғиниш ҳамда киши келажагини билишга қаратилган фол чўплари билан фол кўриш “шайтон амалидан бўлган нопок ишдир”. Бу юқорида санаб ўтилган тўрт нарсанинг сифатидир.

Яъни: мана шу нарсалар, уларни истеъмол қилиш ва шуғулланиш нопок ва ҳаром ишлардандир. Уларни тўғри фикр ва соғлом алқ эгалари қабул қилмайди, балки инкор этади. Зеро, бу ишларни инсонга шайтон зийнатлаб, чиройли қилиб кўрсатади. Зеро, шайтоннинг ўзи нопокдир, нопок эса фақат нопокликка чақиради. Айни пайтда шайтон инсоннинг ашаддий душмани бўлиб, у одам боласига ёмонликдан бошқа нарсани раво кўрмайди.

Бу ишлар шайтонга нисбат берилишидан уларнинг ўта қабиҳ ва манфур ишлардан эканини билиб оламиз.

“Бас, ундан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар!” Бу ердаги “ундан” олмоши “нопок иш”га, нопок ишлар сирасига кирувчи тўрт иллат – хамр, қимор, тиклаб қўйилган бутлар ва фолбинлик қилиш чўпларига тегишлирдир. Оятда “ундан” деб бирлик шаклда айтилишига сабаб шуки, хамр, қимор, бут-санамларга сиғиниш ва фолбинлик қилиш – буларнинг ҳаммаси “нопок иш” деб жамланмоқда ва сўнгра ўша нопок ишдан узоқ бўлишга чақирилмоқда.

Яъни: ваҳоланки, мана шу тўрт нарса соғлом ақл тасдиқламайдиган нопок ва нажас нарсалар сирасига кирар экан, бас, эй мўминлар, дунё ва Охиратда нажот топишингиз учун уларни тарк қилинг, яқинига ҳам йўламанг! Мен сизларни бу разил ишларни нафақат тарк этишга, балки ундан узоқ юришингизга амр қиламан!

Шундан сўнг Аллоҳ таоло хамр ва қиморнинг дунёвий ва ухровий зарарларини баён қилади: “Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!”

Яъни: шайтон мана шу мункар ишларни сизларга зийнатлаб кўрсатиш билан ўрталарингизда бўлиб турган муносабатларга раҳна солиш, ораларингизга ҳасад, нафрат ва адоват уруғларини сочишни хоҳлайди.

Буларнинг барчаси хамр ва қимор сабабидан юзага келади. Агар ароқхўрлар маст бўлиб олсалар, ақл-хушни йўқотиб, ҳидоятдан маҳрум бўладилар, яхшини ёмондан, ёмонни яхшидан ажрата олмай қоладилар, душманни дўст тутиб, ҳатто ўзларининг яқин дўстларини ҳам душман санай бошлайдилар, бир-бирлари билан жанжаллашиб, жиққа-мушт бўладилар. Мана шу нарсалар одамлар орасида нафрат ва адоват оловини ёқади ва натижада кишилар ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқади. Буни Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Қимор ҳам худди шундай. Қиморда фақат бир томон ютади, иккинчи томон бор бутидан, мол-мулкидан ажрайди. Ютқазган одам бунга бепарво қараб турмайди, энди у ютган одамга бор кучи билан адоват қила бошлайди. Чунки инсон табиатан мол-дунёга ҳарисманд бўлиб, кўз ўнгида бир зумда мол-мулкидан маҳрум бўлган одам уни қайтаришга, жуда бўлмаганда ўша рақибига бирон зулм қилишга, азият етказишга ҳаракат қилади. У, аввало, қалбида унга бўлган кучли адоват ва қасос олиш режасини тугиб қўяди, куни келиб уни амалга оширади. Натижада талон-тарожлик, қотиллик, ўғрилик каби жиноятлар содир этилади.

Шундай қилиб, хамр ва қимор одамлар орасидаги муносабатларга раҳна солиб, ўзаро алоқаларнинг узилишига сабаб бўлади. Бу хамр ва қиморнинг дунёвий зарарлари эди. Ояти карима давомида у иккисининг ухровий зарарлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилади: “... ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!”.

Яъни: шайтон сизлар хамр ичиш ва қимор ўйнаш билан шуғулланишингиз туфайли Аллоҳнинг зикридан, У Зотга ибодат қилиб, қурбат ҳосил қилиш ҳамда Диннинг энг асосий устунларидан бўлган намозни бекаму-кўст адо этишдан тўсади, машғул қилиб қўяди.

Ароқхўр маст бўлиши билан ақлини йўқотади. Ақл кетганидан кейин эса банда Аллоҳга итоат этиш, У Зот буюрган амалларни, хусусан намозни бажаришга қодир бўлмайди. Бу ҳақиқат ҳали хамр буткул ҳаром қилинмасидан аввал ўз тасдиғини топган. Абдураҳмон ибн Авф исмли саҳобийнинг уйига саҳобалар йиғилишиб, у ерда таом истеъмол қиладилар ва хамр ичадилар. Шом намози вақти кирганида, улардан бири имомликка ўтиб, қироатида хатоликка йўл қўяди. Мана шунинг ўзи хамр бандани намоздан тўсишига яққол мисолдир!

Қимор ўйнайдиган одам шу йўл билан пул топиш ҳалол деб билади. Бундай кишида соф иймон ҳаловати ва соғлом ақл бўлмайди. Натижада у Аллоҳ буюрган ибодатларни бажариш у ёқда турсин, улар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Алусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шайтоннинг хамр туфайли бандани Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсишига сабаб шуки, ароқхўрда мастлик ва “қувонч” пайдо бўлади, у жисмоний лаззатларга ғарқ бўлади. Бундай ҳолда у ўз-ўзидан ибодатдан четда бўлади. Қимор ўйнайдиган одам агар ютса, қалби қувончга тўлиб, ғалаба ва мол-дунёга бўлган муҳаббати уни ибодатдан тўсади. Агар мағлуб бўлса, умидсизликка учраб, ғам-ташвиш ичида қолади ва у энди фақат ва фақат ўз душмани устидан ютиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бундай ҳолатда унинг хаёлига ибодат қилиш келармиди?!”

“Энди тўхтарсизлар!” Бу хамр, қимор ва шу каби ҳаром ишларнинг дунёвий ва ухровий зарарлари баён қилингач ҳам уларни истеъмол қилишда давом этадиганлар учун қаттиқ маломат ва тергов маъносида айтилмоқда.

Яъни: бу ҳаром ишлардан тезда тўхтанглар! Зеро, Мен сизларга уларнинг зарарларини баён қилдим. Сизлар хамр ичишдан тўхтайсизларми, йўқми?!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Дубай шаҳрида “EXPO 2020 DUBAI” Бутунжаҳон кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Миллий павильонида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, мулоқот чоғида БАА томони Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда эришаётган муваффақиятларга алоҳида урғу берди.

БАА Бош вазири Ўзбекистоннинг “EXPO 2020 DUBAI” кўргазмасидаги миллий павильон билан иштирокига юқори баҳо берар экан, ушбу тадбирни халқаро майдонда мамлакатимиз имиджини мустаҳкамлашдаги муҳим қадам сифатида қайд этди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда ишга солинмаган салмоқли салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Томонлар сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик кун тартибини бойитиш учун бор имкониятларини ишга солишга тайёр эканликларини билдирди.

Энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда лойиҳалар амалга оширилишини жадаллаштириш, қўшма инвестиция портфелини кенгайтириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга келишилди.

Икки томонлама ҳамкорлик кун тартибида томонлар БАА ҳукумат ишлари вазирлиги кўмагида давлат бошқарувини такомиллаштириш дастурининг муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидладилар.

“Ёш лидерлар дастури”нинг ишга туширилиши ушбу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги янги қадам сифатида юқори баҳоланди.

Икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли шерикликни янада изчил мустаҳкамлашга содиқлиги билдирилди ва биргаликда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, БАА томони учун Ўзбекистон экспозицияси бўйлаб тур ташкил этилди, унда мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий мероси мультимедиа шаклида тақдим қилинди, унинг Буюк Ипак Йўлининг ривожланишидаги ҳамда Ислом цивилизациясининг шаклланишидаги роли очиб берилди, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестициявий, саноат ва савдо салоҳияти, мамлакатимизнинг келгуси ўн йилликдаги тараққиёти ҳақидаги тасаввурлар намойиш этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Кўпчилик тўйдан бир кун олдин хатм маросимини ўтказишади, унда қўй сўйилиб, қариндошлар, маҳалла-кўйга ош дамланади. Баъзиларнинг бунга қурби етмайди, бунга ҳам сарф-харажат қилинади. Хатм қилиш деганда нима тушунилади ва бу маросим шариатимизда бор-ми?

— Шариатимизда тўйдан бир кун олдин хатм қилсин, дейилмаган. Бу одат кейин пайдо бўлган. Қуръонни хатм қилишда қўй сўйиш шарт қилинмаган. Мусулмон одам фақат тўйдан олдин эмас, доим Қуръонни ўқиб, хатм қилишга одатланиши керак. Албатта, тўй каби муборак ишда Қуръон ўқилиши, хатм қилинишида яхшилик ва баракотлар бор.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Понедельник, 13 Декабрь 2021 00:00

Мазҳаблар – Қуръон ва суннат маҳсулидир

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини у зотнинг ўзлари баён қилар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин одамлар билмаган нарсаларини асосан саҳобалардан сўрар эдилар. Гохида учраб турадиган қийин масалаларни ечиш учун энг билимдон сахобалар йиғилиб маслахат қилишар ва фатво беришарди. Кейинчалик сахобалар яшаш учун турли юртларга кўчиб кетдилар. Одамлар ўзлари сухбатига етишган олим сахобаларнинг фатволарига амал қилишарди. Ўша даврнинг марказий шахарлари – Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анхумларнинг фатволарига амал қилинвади. Айнан мана шу даврларда сахобалар мазхаби шаклланганини кўриш мумкин. Шундан кейин бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашадилар ва уларнинг мазхабларини қўллаб-қувватлайдилар. Замонлар ўтиши билан йигирмага яқин мазхаблар ичидан фақат буюк тўрттаси қолди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, хозирда кўп такрорланаётган “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволарга мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Сахобалар даврида ҳам мужтахид саҳобалар мазхаби бор эди. Сахобалар мазҳаби асосида хозирга қадар етиб келган тўртта фиқхий мазхаблар сақланиб қолди. Мазҳабга эргашиш – қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан қуръон ва суннатга эргашиш саналади. 

Чунки Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай мархамат қилади: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Нахл сураси 43-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр ахли хисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйсиниб, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери муайяан бир мазҳабга тақлид қилиб келишмоқда. Аслида бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларининг воқеъликдаги кўриниши эди.

Чунки ҳадиси шарифда У зот: “Бу илмни хар бир авлодлардан ишончли кишилар ташийдилар. Улар илмни жохилларнинг ботил талқинлари, йўлдан озганларнинг даъволари ва ғулувга кетганларнинг хатоларидан сақлайдилар”, деганлар.(Имом Байхақий, Мадхалда ривоят қилган).

Фиқҳий мазҳаблар хозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Мухаддис олимлардан бири Абдулхақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтахид имомлар йўли хақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” деганлар. Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу хаволари билан изохлаб, салафи солихларимиз йўлида оғишмоқда. Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр ахлидан сўрашга буюрган,” дея одамларни алдашга уринмоқда. Хўш, Мазҳаббошилари зикр ахли бўлмаса, унда ким экан? Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак? Муайян мазҳабга тақлид қилган мусулмонлар хозирда хам, ҳозирги кунга қадар хам умматнинг мутлақ кўпчиллигини ташкил қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчиллик томонини лозим тутинг”, деганлар.( Имом ибн Можа ривоятларида).

Демак, мазҳабга эргашишлик катта жамоага эргашиш хисобланади. Ҳулоса қилиб айтганда, мазхабга эргашиш – шариат кўрсатмаларига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун ислом уламоларига қарши чиқиш хисобланади. Аллоҳ таоло ўзининг хақ динидан адаштирмасин, мусулмонларнинг бирдамлигини таъминласин. Барчаларимизни уммат ичида ихтилоф чиқарувчи бўлишликдан ўзи асрасин.

 Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида

Буюк Британиянинг етакчи «The Telegraph» газетаси сайтида журналист Эмма Физерстоуннинг “2022 йилда шаҳар таътили учун энг арзон шаҳарлар” сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада муаллиф Британиянинг Economist Intelligence Unit таҳлилий ресурсининг дунёнинг энг қиммат ва арзон шаҳарлари ҳақидаги тадқиқотига таяниб, 2022 йилда минимал харажат эвазига муқобил дам олиш масканлари ҳақида ўз фикрини келтирган.

Муаллифнинг рўйхатида биринчи ўринда Тошкент шаҳри жойлашган. Эмма Физерстоун саёҳатчиларни “Ўзбекистонда об-ҳаво энг қулай бўлган баҳор ёки кузда икки минг йиллик тарихга эга Марказий Осиё марказига” саёҳат қилишга ундайди.

Журналист Буюк британиялик саёҳатчилар учун мавжуд қулайликлар, жумладан, Лондон ва Тошкент ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар, шунингдек, Британия фуқаролари учун 30 кунгача визасиз саёҳат қилиш “сайёҳларни ўзбек маданий бойликларини кўриш учун” сафарга чорлаши мумкинлигига эътибор қаратган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top