muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимизда кейинги йилларда фуқароларнинг диний эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик, маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Яқин йиллар ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистоннинг бой диний-маънавий тарихга даъвогарлиги амалий ҳаракатларда намоён бўлмоқда.

2020 йил Бухоро шаҳри – “Ислом маданияти пойтахти”, Хива шаҳри – “Туркий дунё маданияти пойтахти”, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан жорий йил давомида мамлакатимизда бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилади. Туркиялик муҳтарам олиму уламоларимиз ушбу маданий-маърифий тадбирларнинг азиз меҳмонлари бўладилар, деб ишонаман”.

Бундан ташқари юртимиз вилоятларида калом, фикҳ, ақида ва тасаввуф илмий мактаблари очилгани, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншунослик”, “Фикҳ”, “Қуръон”, “Ҳадис” каби янги диний мутахассисликлар бўйича ўқув режаси жорий этилиб, диний таълим соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик”, “Ислом тарихи ва манбашунослик”, “Ақида” каби кафедралар очилгани, юртимизда диний соҳани ривожлантириш учун қанчалик эътибор берилаётганини кўришимиз мумкин.

Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлим ташкил этилди.
− Диний-экстремизм фаолиятига адашиб жалб қилинган шахслардан 16 мингдан зиёди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари «қора рўйхати»дан чиқарилди.

− Ва яна эътироф этмай иложимиз йўқ, қайд этилишича, бугунги кунгача ўтказилган «Меҳр-1, 2, 3, 4» операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди.

 Ва яна бошқа ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган «Меҳр-5» операцияси натижасида Сурия ҳудудидаги уруш кетаётган «қайноқ нуқталарга» бориб қолиб, «Ал-Ҳол» лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди.

Шунингдек, Ўзбекистонга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим бола бор. Тан олиш керакки бу ғамхўрлик, Юртбошимизнинг ўзини халқига меҳр- муруввати, халқимиз дардига бефарқ эмас эканига ёрқин далил ҳисобланади.

Мустақиллигимиз юртимиз узра сочган зиё шарофати ўлароқ Республикамизнинг ўзида икки мингдан ортиқ масжид фаолият олиб бормоқда. Йилдан-йилга масжидлар сони ҳам ортиб боришлиги ҳам юртимизда диний ислоҳатларга эътибор юксаклигини ифодасидир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки: Шундай имкониятлар яратилаётган вақтда бизнинг вазифамиз улардан унумли фойдаланиш ва диний-маърифий, шу билан бирга, илмий соҳа ривожига ўз ҳиссамизни қўшишдан иборатдир.

Муҳаммад Аюб Фахриддинов,
 Тўрақўрғон тумани “Абдулваҳҳоб қори” жоме
масжиди имом хатиби

Австрия Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэль Линхарт Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида пойтахтимизда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси марказида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Австрия ташқи ишлар вазири марказга ташриф чоғида Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан учрашув ўтказди.

Марказ раҳбари меҳмонларни қутлаб, Австрия-Ўзбекистон ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши икки мамлакат учун бирдек манфаатли эканини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар, хусусан диний-маърифий йўналишдаги ўзгаришлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш билан боғлиқ вазифалар тўғрисида сўзлаб берилди.

Ўзбекистонда «Маърифатли ислом» ғоясини ёйиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотирудий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси сингари муассасалар фаолият олиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Михаэль Линхарт қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг кўпмиллатли мамлакат сифатида диний ва динлараро тотувликни таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганиш Австрия учун муҳим эканини таъкидлади.

Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг давлат диний таълим муассасаларида хорижий талабаларни ўқитиш имконияти, австриялик имомларнинг малака оширишида Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси томонидан Буюк британиялик таниқли профессор ва ўқитувчиларни мамлакатимиз олий таълим тизимига жалб қилиш бўйича фаолият доирасида Самарқанд давлат университети илмий ходимлари учун Оксфорд университети тадқиқотчиси, тарих фанидан маърузачи Томас Вельсфорднинг “Британия университетларида Ўзбекистон тарихини ўрганиш муаммолари ва истиқболлари” мавзусида онлайн-маърузаси ташкил этилди, деб хабар беради “Дунё” АА.

Тадбирда Самарқанд давлат университети раҳбарияти, профессор ва ўқитувчилари, тарих фанидан тадқиқотчилар, Самарқанддаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи вакиллари қатнашди.

Самарқанд давлат университети проректори Мухтор Носиров тадбирни очиб бериб, британиялик тадқиқотчига ўзбек университетлари билан доимий ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Т.Вельсфорд ўз маърузасини ўзбек тилида олиб борди. Беҳбудийнинг ҳозирги кунда ҳам долзарб бўлган “Икки тил эмас, тўрт тил керак” деган ҳикматли сўзларидан иқтибос келтирди. 2021 йил 18 ноябрь куни давлат мустақиллигини асосий тимсолларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун нишонланиши ҳамда ушбу санага 30 йил тўлиши муносабати билан британиялик олим бутун Ўзбекистон халқини ушбу қутлуғ сана билан табриклади.

Британиялик эксперт ўз маърузасида 20 йилдан буён Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихи, жумладан 10 йилдан ортиқ муддат мобайнида Самарқанд тарихини ўрганаётганини маълум қилди. Унинг фикрига кўра, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган бўлишига қарамасдан Марказий Осиё халқари тарихи Буюк Британия университетларида жуда кам ўрганилган ва ҳозирги вақтда ҳам кам сонли олимлар, асосан Окфсорд, Стаффордшир, Ливерпуль университетлари олимлари томонидан тақдиқотлар олиб борилмоқда.

Унинг таъкидлашича, кўп йиллар давомида Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги архив ҳужжатлари Ғарб давлатлари тадқиқотчилари учун ёпиқ бўлгани сабабли уларда акс эттирилган тарихий фактларни Европа давлатларидаги манбалар билан илмий жиҳатдан таққослаб, танқидий таҳлил қилиш имкони бўлмаган. Яқин йиллардан бошлаб, дунё тадқиқотчилари учун Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида сақланаётган архив ҳужжатларини ўрганиш учун имконият берилди. Ҳамкорликда олиб борилган илмий изланишлар самараси ўлароқ, Марказий Осиё халқларига оид янги фактлар жаҳон илмий ҳамжамияти эътиборига тақдим этилмоқда.

Т.Вельсфорд Ўзбекистонлик тарихчи олимлар билан Самарқанд тарихи, жадидчилик ҳаракати ва унинг ёрқин намояндаларидан бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида ҳали ўрганилмаган, Ўзбекистон фондларида сақланаётган ўзбек, араб, форс, рус тилларидаги архив ҳужжатлари асосида ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришга қизиқиш билдирди.

Ҳамкорликнинг кейинги босқичи сифатида томонлар 16 ноябрь куни Самарқанд давлат университети тарихчилари иштирокида “Беҳбудий - Ўзбекистон давлатчилиги тарихида энг илғор ислоҳатчилардан бири: танқидий таҳлил” мавзусида илмий семинар ўтказишга келишиб олди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ёшим 30 дан ошди, бироқ ҳали турмушга чиқмадим. Қаерга борсам, ким билан суҳбатлашсам, сизни одамларингиз бор, йўлингизни тўсиб турибди, дейишади. Бундай ҳолларда динимизда қандай йўл тутилади?

— Одамлари бор, йўли тўсилган деган гаплар бидъат, хурофот бўлиб, шариатда асоси йўқдир. Бир кишининг оила қуриши ортга сурилиши Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан бўлади. Инсон доим Аллоҳга дуо қилиб, яхши турмуш ўртоқни рўпара қилишини сўраб, ибодатларда бардавом бўлса ҳам истиғфорни кўп айтса, Аллоҳнинг изни билан иши ўнгидан келади. Зеро, ҳадиси шарифлардан бирида Аллоҳ таоло истиғфорни кўп айтган кишининг муаммоларини аритиб, мушкулларини осон қилиб, унга ўзи ўйламаган томондан ризқ бериши айтилган.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Top