muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Президенти сайлов жараёнини ёритиш учун юртимизга келган Франциянинг «Musulmans en France» онлайн-нашри бош муҳаррири Жан-Мишель Брун Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, мажмуда амалга оширилаётган ишлар билан танишди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Меҳмонларга марказ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида қад ростлаётгани ҳақида сўзлаб берилди. Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш тарихи, бўлимлари, ташкилий тузилмаси, асосий мақсад ва вазифалари, аждодларнинг бой илмий меъросини сақлаш ва ёшларга етказиш борасидаги ишлар ҳақида батафсил тақдимот ўказилди.
Жан-Мишель Брун қабул ва тақдимот учун миннатдорлик билдириб, бу муҳташам марказни, унинг олдига қўйилаётган улкан ва эзгу ғояларни бутун дунёда, жумладан Францияда ҳам кенг ёйиш заруриятини айтиб ўтди. Франциялик меҳмон, шунингдек, марказнинг ички қурилиши, Беруний глобуси, Улуғбек обсерваторияси, Донишмандлар уйи каби экспонатлар билан танишди.
Мулоқот давомида Францияда Ўзбекистон зиёрат туризмини кенг тарғиб қилиш, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида туркум мақолалар, фоторепортажлар тайёрлаш ва эълон қилиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Покистон Бош вазири Имрон Хон ва унинг ҳамроҳлигидаги делегация Муҳаммад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларини зиёрат қилиш учун Мадинага келди. Шаҳзода Муҳаммад бин Абдулазиз халқаро аэропортига келгач, уни Мадина ҳудуди ҳокими муовини Шаҳзода Сауд бин Холид Ал-Файсал; Генерал-майор Фаҳд бин Сауд Ал-Жуҳаний ва бошқа юқори мартабали амалдорлар қабул қилди.


Имрон Хон ва унинг аёли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳурмат белгиси сифатида Мадина шаҳри аэропортида самолётдан пойабзалсиз тушишди.


Islam.ru хабарига кўра, бу аллақачон Покистон делегацияси учун гўзал анъанага айланди. Аввалроқ, 2021 йилнинг май ойида Имрон Хон нурли Мадинага келгач, Расулуллоҳга ҳурматини билдириш учун ялангоёқ самолётдан тушди. Бош вазир билан сурат вирусли бўлиб, бутун дунё мусулмонларининг эътиборини тортди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Маълумки, Рабиул аввал ойи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топган ой сифатида машҳур. Бу ойда яна бир муҳим воқеа содир бўлган.

Буни қарангки, Набий алайҳиссаломнинг таваллудлари шу ойга тўғри келганидек, у зотнинг фоний дунёдан боқий дунёга кўчишлари ҳам, айнан Рабиул аввал ойида юз берган.

Қуйида Сарвари оламнинг сўнгги дамларидан баъзи бирлари келтирилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар йили Рамазон ойида ўн кун эътикоф ўтириш одатлари бўлгани ҳолда, умрларининг охирги Рамазонида йигирма кун эътикоф ўтирдилар.

Ҳар йили Рамазонда Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломга бир бор ўқиб ўтказиб олардилар, бу йил эса икки марта ўтказдилар.

Ҳажжатул Вадоъда: “Билмайман, эҳтимол, бу йилдан кейин сизлар билан бу ерда бошқа кўришолмасам керак”, дедилар.

Минодаги Жамратул Ақаба (тош отиладиган жой)да: “Ҳажнинг барча қонун-қоидаларини мендан (ўрганиб) олинглар, эҳтимол, мен бу йилдан кейин ҳаж қилолмасам керак”, дедилар.

Ташриқ кунларининг ўртасида нозил бўлган Наср сурасининг видолашув сураси ва ўзлари учун ўлим даракчиси эканини билдирдилар.

Ҳижрий 11-йил, Сафар ойи бошларида (мил. 632 йил май ойининг боши) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳудга бориб, шаҳидларга худди тириклару ўликлар билан видолашгандек жаноза ўқидилар. Кейин масжидга келиб, минбарга кўтарилдилар ва: “Мен сизлардан олдин бориб, ҳозирлик кўриб турувчиман ва мен сизларга гувоҳман. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир Ҳовузимни кўриб турибман. Менга ер хазиналарининг калитлари берилди. Қасамки, сизларнинг мендан кейин мушрик бўлиб кетишингиздан қўрқмайман, балки ўша (дунё) учун талашиб-тортишишингиздан қўрқаман”, дедилар.

Бир куни ярим тунда Бақиъ қабристонига чиқиб, у ерда ётган маййитлар ҳақига истиғфор айтдилар, сўнг: “Ассалому алайкум, эй қабр эгалари! Сизларнинг ҳозирги жойингиз тириклар яшаётган ҳаётдан яхшироқ экани муборак бўлсин! Фитналар қоронғи тун парчалари каби бирин-кетин келмоқда, кейингиси олдингисидан ёмонроқдир” дедилар-да, ортидан: “Албатта, биз ҳам сизнинг ортингиздан борамиз”, деб уларга хушхабар бердилар.

Ойша розийаллоҳу анҳо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғирлашиб қолдилар ва: “Одамлар намоз ўқишдими?” деб сўрадилар. “Йўқ, сизни кутишяпти”, дедик. “Менга тоғорада сув келтиринглар”, дедилар. Шундай қилдик. У зот ғусл қилдилар ва туришга ҳаракат қилган эдилар, ҳушларидан кетиб қолдилар. Ўзларига келиб: “Одамлар намоз ўқишдими?”

деб сўрадилар. “Йўқ, сизни кутишяпти, эй Аллоҳнинг Расули”, дедик. “Менга тоғорада сув келтиринглар”, дедилар. Кейин ўгирилиб, ғусл қилдилар ва туришга ҳаракат қилган эдилар, яна ҳушларидан кетдилар.

Сўнгра ўзларига келиб: “Одамлар намоз ўқишдими?” деб сўрадилар. “Йўқ, сизни кутишяпти, эй Аллоҳнинг Расули”, дедик. “Менга тоғорада сув келтиринглар”, дедилар. Кейин ўтириб, ғусл қилдилар ва туришга ҳаракат қилган эдилар, яна ҳушларидан кетдилар. Сўнг ҳушларига келиб: “Одамлар намоз ўқишдими?” деб сўрадилар. “Йўқ, сизни кутишяпти, эй Аллоҳнинг Расули”, дедик.

Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хуфтон намозига чиқишларини кутиб, масжидда ўтиришарди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга намоз ўқиб берсин, дея Абу Бакрга одам юбордилар. Хабарчи келиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга намоз ўқиб беришингизни буюряптилар”, деди. Абу Бакр кўнгли юмшоқ одам эди: “Эй Умар, одамларга намоз ўқиб беринг”, деди. Умар: “Бунга сиз ҳақлироқсиз”, деди. Ўша кунлари Абу Бакр намозга имомлик қилди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Ойша, Хайбарда еган заҳарли таом аламини ҳануз тортаман. Ҳозир ўша заҳар таъсиридан шоҳтомирим узилганини ҳис қилдим”, дедилар.

Шундай қилиб, ҳижрий 11-йил 12-Рабиул аввал, душанба / мил. 632 йил 6 июнь чошгоҳ маҳали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жон омонатини топширдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қамарий ҳисобда тўлиқ 63 йил, шамсий ҳисобда эса 61 йилу бир ярим ой умр кўрганлар.

Абдул Азим ЗИЁУДДИНнинг

“Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” китобидан

Бугун, 2 ноябр куни Наманган вилояти Наманган шаҳрида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва ноиблардан бир гуриҳи "Абу Муъин ан-Насафий" мужмуасига ташриф буюрди.
Зиёрат давомида Абу Муъин ан-Насафий ҳазратлари ва у зотнинг яқинлари ва барча ўтган мўмин-мусулмонлар ҳақларига Қуръон ўқилиб, ўтганлар руҳига бағишланди. Шунингдек, мажмуада Абу Муъин ан-Насафий ҳазратларининг қаламига мансуб нодир китоблар, қўлёзмалар ва асарлар, кутубхона, музей, масжид билан танишилиб, мазкур асарлар юзасидан маърузалар тингланди.

Манба: Yasinuz_uz

Top