muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 14 сентябрь куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бошланади. Етук уламолардан ташкил топган делегация ташриф буюриб, олис туманлардаги масжид, маҳаллаларга ташриф буюриб, масжид қавми, мўйсафид отахонлар, муҳтарам аҳоли вакиллари ва ёшлар билан учрашувлар ўтказмоқдалар.

Ана шундай файзли учрашувларнинг бири Хужайли тумани "Пирим Эшон бобо" масжидида бўлиб ўтди. Ушбу жомега Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси, “Ҳазрати Али” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов ташриф буюрдилар. Пешин намозини намозхонлар билан биргаликда адо этиб бўлгач, муҳтарам Салоҳиддин домла "Исломда биродарлик, ака-укалик ришталари" мавзусида маъруза килдилар.

Аллоҳ таолонинг Каломи – Қуръони каримдаги "Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар" оятининг мазмун-моҳиятини тафсир қилиб бердилар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Аллоҳнинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам", деган ҳадисларини шарҳлаб бердилар.

Шу тариқа маърифий суҳбатлар савол-жавобларга уланиб, намозхонларда катта таассурот қолдирди.

Аллоҳ таоло муҳтарам уламоларимизнинг сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қорақалпоғистон сафари давомида “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси, Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби Яҳё домла Абдураҳмонов Хўжайли туманидаги “Муҳаммад Карим” жоме масжидида пешин намозини жамоат билан адо этди. Сўнг масжид қавмига юртимизда диний-маърифий соҳадаги хайрли ишлар ҳақида сўзлади. Маъруза давомида “Ҳалол касбнинг баракаси” мавзусида сермазмун маъруза қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, Ислом дини ҳалол меҳнат қилиш, касб-кор қилишни улуғлади ва унга ажр-савоблар ваъда қилди.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жумъа сураси 10-оят).

Рофеъ ибн Хадиж разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан энг яхши касб қайси, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан касб қилиши ва ҳар бир яхши савдо”, – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Соғлом, меҳнатга лаёқатли кишининг ўзи ва аҳли аёли учун касб-кор қилиб мол топиши – асосий фарзлардан кейинги фарздир. Лекин касбу кор ҳам фарз экан деб, асосий ибодатларни четга суриб қўйилмайди.

Мусулмон киши зиммасидаги оила аҳлини таъминотсиз қолдириб, касб-кор қилишни ташлаши ёки тиланчилик йўлига ўтиши мумкин эмас, балки ҳалол меҳнат қилиши керак. Кишининг касби одамларнинг кўзига ҳар қанча ҳақир кўринмасин, Аллоҳ таолонинг наздида мақбул ва севимлидир.

Мўмин киши ҳалол касб танлаб, пок йўллар билан мол топиши даркор. Ҳаром ва шубҳали моллардан қочиши керак. Зеро Қиёматда киши қаердан топиб, қаерга сарфлаганини ҳисобини бермагунча, оёқлари ўрнидан жилмайди.

Маърифий суҳбат давомида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Охирда хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Хабар берганимиздек, бугун юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сафар давомида илк ташрифни Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидидан бошлади.
Дастлаб жамоат пешин намозини адо этди. Шундан сўнг устоз масжид қавмига маърифий маъруза қилди.

Ҳомиджон домла маъруза давомида йиғилганларга диний соҳа раҳбарлари ва Диний идора жамоасининг салом ва дуоларини етказди. Кейин масжид аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, айниқса, диний-маърифий соҳадаги янгиликлар ҳақида хабардор қилди. Сўнгра динимизда шукроналик масаласига алоҳида тўхталиб, таъсирли мавъиза қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилувчи бандалардан қилсин!

Маърифий суҳбат савол-жавобларга уланиб кетди. Якунда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бошланди. Муҳтарам устозларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Эркин Дурдиев, Қорақалпоғистон қозиёти қозиси Шамсуддин Бауатдинов ва бошқа мутасадди вакиллар кутиб олишди.

Ташриф доирасида республикадаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, улар билан дилдан суҳбатлашиш, муаммоларини ўрнида ҳал қилиш, жоме масжидларда жамоат билан диний-марифий ва долзарб мавзуларда суҳбатлар ўтказилиши ҳамда олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар қилиш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Top