muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 12 Апрель 2021 00:00

УСТИМГА СУВ САЧРАСА РЎЗАМ ОЧИЛМАЙДИМИ?

Рўза тутгандим. Мен автомобилларни ювиш шахобчасида ишлайман, ишим сув билан боғлиқ, иш пайтида устимга сув сачрайди ва ҳакозо. Шунда рўзам очилиб кетмайди-ми?

 

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сувнинг сачраши билан рўза очилмайди. Рўза таом ёки ичимликни ичга истеъмол қилиш билан очилади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Қадимдан юртимиздан етишиб чиққан уламо ва қориларга хориж ўлкаларида катта ҳурмат билан қаралган. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда юртимиздан минглаб қорилар етишиб чиқмоқда.

Бу йили муборак Рамазон ойида икки минг уч юзга яқин ҳофизи Қуръонлар юртимиз масжидларида хатми Қуръон қилиб берадилар. Шунингдек, ҳар йили хорижий давлатлар диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида таровеҳ намозларини адо этиб бериши анъанага айланди.

Жорий йилда ҳам ушбу анъана давом этади. Бу йил Рамазон ойида Украина мусулмонлари идорасининг таклифига кўра Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Фаррух қори Худойбердиев таровеҳ намозларида жамоат билан Қуръони каримни хатм қилиш, диний-маърифий тадбирларни ўтказиш учун Киев шаҳрига етиб борди. Фаррух қори мутасаддилар томонидан кутиб олинди, ҳозирда таровеҳ намозларида хатми Қуръонларга тайёргарлик кўрилмоқда.

Шу кунгача ўзбекистонлик қорилар АҚШ, Россия, Украина, Малайзия каби давлатларда намунали тарзда хатми Қуръонлар ўтказиб, диний маросимларда иштирок этиб келмоқдалар.

Аллоҳ таолодан қориларимизга ўзга юрт меҳробларида нусрат тилаб, юзлари ёруғ, ҳифзлари мустаҳкам бўлишини, буюк алломаларимиз каби Ватанимиз довруғини баланд кўтарсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари матбуот хизмати

Понедельник, 12 Апрель 2021 00:00

Рамазон ойи дастури

Қуръони каримни хатм қилишда ҳар ким ўз даражаси, вақти каби имкониятларини ҳисобга олиб, қуйидагиларга тақсимлаш мумкин.

1) 30 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни 1 порадан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 4 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 4 саҳифа
Асрдан кейин: 4 саҳифа
Шомдан кейин: 4 саҳифа
Хуфтондан кейин: 4 саҳифа

2) 15 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни икки порадан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 8 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 8 саҳифа
Асрдан кейин: 8 саҳифа
Шомдан кейин: 8 саҳифа
Хуфтондан кейин: 8 саҳифа

3) 12 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни икки ярим пора (25 вароқ) дан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 10 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 10 саҳифа
Асрдан кейин: 10 саҳифа
Шомдан кейин: 10 саҳифа
Хуфтондан кейин: 10 саҳифа

4) 10 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни уч порадан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 12 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 12 саҳифа
Асрдан кейин: 12 саҳифа
Шомдан кейин: 12 саҳифа
Хуфтондан кейин: 12 саҳифа

5) Олий ҳимматлилар режаси — 6 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни беш порадан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 20 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 20 саҳифа
Асрдан кейин: 20 саҳифа
Шомдан кейин: 20 саҳифа
Хуфтондан кейин: 20 саҳифа

6) Аксар саҳобалар хатм услуби:

Ҳафтада бир хатм қилиш. Сураларга кўра тақсимланади.

1-кун: Фотиҳадан Нисогача
2-кун: Моидадан Тавбагача
3-кун: Юнусдан Наҳлгача
4-кун: Исродан Фурқонгача
5-кун: Шуъародан Ясингача
6-кун: Соффатдан Ҳужуротгача
7-кун: Қофдан Насгача

Хатмга ёрдамчи ишлар:

1. Қуръон фазилатлари ҳақида китоб ўқиш, маърузалар эшитиш;
2. Қуръон ўқишдан олдин ўша оятлар тафсирини ўқиб қўйиш;
3. Чиройли тиловатлар эшитиш;
4. Мусобақа қилиш (дўст ёки оила билан);
5. Кўпроқ дуо қилиш;

Рамазон ойи хатм қилиш катта фазилат ва унга ўрганиш учун энг қулай имкониятдир.

Понедельник, 12 Апрель 2021 00:00

Рамазон ойи муборак!

Мана яқин кунларда ҳижрий йил ҳисоби бўйича 1442 йилнинг Рамазон ойи кириб келади. Рамазон ойи мўмин-мусулмонлар муштоқлик билан кутадиган ойдир.

Авваламбор, Рамазон ойи мўмин-мусулмонларга рўза тутиш фарз қилинган ойдир. Бу ҳақда Алоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ким  бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан.  Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчилик хоҳламас. Саноғини мукаммал  қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз ” ( Бақара сураси, 185-оят).

Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да шундай дейилади: “ Рамазон ойи барча самовий китоблар, шу жумладан Қуръони карим нозил қилинган шарафли ойдир. Ким бу ойга етса, рўза тутишига монеъ сабаблари бўлмаган муқим киши рўза тутсин, чунки у Ислом рукнларидан биридир”.     

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Рамазон ой кириши арафасида шундай марҳамат қилганлар: “ Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда бир фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда,  ўшанча ажр бўлади ( Имом Байҳақий, Ибн Ҳузайма ривояти).

Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар рўза тутиб Аллоҳнинг розилигини топадилар. Аллоҳнинг мағфирати, раҳматига сазавор бўладилар.

Рамазон ҳидоят, тақво, ихлос, сабр, ибодат, мағфират, раҳмат, дўзахдан нажот топиш, хайру-саховат, қаноат  ойидир.

Умуман айтганда Рамазон ойи Аллоҳнинг биз мўмин-мусулмонларга берган катта неъматидир. Аллоҳнинг бизга берган неъматини ғанимат билиб қадрлашимиз ва унга шукр қилишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга кириб келаётган Рамазон ойини муборак қилсин!

 

Р. Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими

Понедельник, 12 Апрель 2021 00:00

Сиз ўзи кимга эргашасиз?

Сохта салафийлар "Саҳобалар ақидаси" дейишади, ҳолбуки саҳобалардан битта ҳарф нақл қилишмайди. Балки Ибн Таймия ва Ибн Абдулваҳҳобдан нақл қилишади.

Қизиғи шуки:
Мен ҳижрий 194 йилда туғилиб 256 йилда вафот этган Имом Бухорийнинг "Аллоҳ таоло кулди..." деган ҳадисни (Имом Байҳақий "Асмо ва сифот"да нақл қилганидек) "Кулишнинг маъноси — меҳрибонликдир" дея таъвил қилганлигини зикр қилган эдим.

Битта "салафий" келиб:
"Бу саҳобалар ва салафларнинг мазҳабимас, балки салафларнинг мазҳаби зоҳирига кўра қабул қилишдир, Ибн Таймийя айтади: ..." деб ёзибди.

Яхшилар! Салаф ким? Иккинчи ҳижрий асрда таваллуд топган Имом Бухорийми ё еттинчи асрда туғилиб саккизинчи асрда вафот топган Ибн Таймиями?

Шайх Сайф Ал-Асрий ҳафизаҳуллоҳ

 Муҳаммад Аюб Фахриддин таржимаси

Top