muslim.uz
Ўзбекистон илк бор Arabian Travel Market 2019 кўргазмасида иштирок этди
Яқин Шарқдаги энг йирик Arabian Travel Market халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ва туроператорлар миллий стенд билан иштирок этишди. Кўргазма доирасида ўзбекистонлик ватандошлар ва хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказилди.
Ўзбекистоннинг БААдаги бош консуллиги билан ҳамкорликда араб давлатида турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимиз билан учрашув бўлиб ўтиб, у ерда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга доир келишувларга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида намойиш қилинган тақдимот ватандошларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Қизиқарли ва савол-жавобларга бой ўтган учрашувда туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, диаспора вакиллари ва БАА фуқароларини Ўзбекистонга жалб қилиш масалалари ҳамда келгусида ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар муҳокама қилинди. БААдаги ватандошларимиз ҳар қандай тарғибот ишларини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон равнақига ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидлашди.
Ярмарка доирасида, шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳасига инвестиция киритишни истаган, жойлашув воситаларини қуриш истагида бўлган бир неча сармоядорлар билан музокаралар олиб борилди. Осиё давлатларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш учун қатор блогерлар ва телешоулар тайёрловчи хусусий корхоналар вакиллари билан ҳам келишувларга эришилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати билдиришича, Arabian Travel Market 2019 кўргазмасида иштирок этувчилар асосан меҳмонхона бизнеси вакиллари, туроператорлар, транспорт компаниялари, меҳмондорчилик саноати мутахассислари, ўқув муассасалари ва ихтисослашган оммавий ахборот воситалари бўлиб, бундай нуфузли кўргазмада иштирок этиш янги бозорларга чиқиш, янги мижозлар орттириш ҳамда мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш, янги маҳсулотларни йўлга қўйиш имконини берди.
B2B форматидаги учрашувлар натижасида, бутун дунё сайёҳлари ва туроператорлари учун 2800 дан ортиқ туристик маҳсулот ва йўналишлар намойиш қилинди. Кўргазма 28 апрелдан 1 майга қадар ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Агар ҳақни айтолмасанг, ҳеч бўлмаса, ботилга қарсак чалма!”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Аллоҳ таоло бизни ҳам берадиган, инфоқ қиладиган бандаларидан қилсин!
*****
Агар ҳақни айтолмасанг, ҳеч бўлмаса, ботилга қарсак чалма!
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ
*****
Бомдод вақти киришидан бир-икки соат олдин кўпроқ истиғфор айтишга уринайлик! Шояд «Саҳарларда истиғфор айтувчилар» сафида бўлсак!
*****
Баъзи пайтларда турган жойингдан кетишинг барчани сақлаб қолади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бошқаларнинг бизга нисбатан қилган хатоларини ёзиб, ҳисоблаб юришга ҳаёт қисқалик қилади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бир киши Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳдан: “Соатни ўнг қўлимга тақайми ёки чапигами?” деб сўради. Шунда Шайх: “Соатни ўзинг ишлаб чиқаргин-да, оёғингга тақиб ол!” дедилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Шахсий манфаат омманинг манфаатидан устун бўлган пайтда Ватан таназзулга юз тутади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамларнинг ичидаги нарсани билмоқчимисан? Унда уларнинг ҳазил-мутойиба қилаётган пайтларида бироз эътиборли бўлиб турсанг, эшитасан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Фарзандларингизни оталарингиз сизларни тарбия қилганларидек тарбия қилманглар. Чунки улар сизларнинг замонингиздан бошқа замон учун яратилганлар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу
*****
Бир солиҳ кишига: “Сизни ҳеч бировни айблаганингизни кўрмаймиз” дейилди. Шунда у киши: “Ўзимдан рози эмасман-у, одамларни ёмонлашга қандай қўл ураман?!” деб жавоб бердилар.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Бола отасига: “Уйимиз олдига ахлатчи келди” деди. Шунда ота: “Эй ўғилчам, ахлатчи бизмиз. У эса уйимизни ахлатлардан тозаловчидир. Бизга ёрдам бергани келган” деб тушунтирди.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Инсонлар ҳурматли бўлишлари учун покиза кўчаларга муҳтож эмаслар. Балки кўчалар покиза бўлиши учун ҳурматли инсонларга муҳтождир.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Ҳаётда ўйинчи каби бўл, ҳакам каби бўлма. Ўйинчи нишонни қидиради. Ҳакам эса хатони.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Сув томчилари қувватли бўлгани учун эмас, балки давомий тушиб тургани учун харсангтошни ўйиб юборади. Ёқимли сўз, гўзал амаллар давомли бўлиши билан қалбларга йўл топади, бағритош инсонларнинг дилини юмшатади.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Малида қадимий масжид ҳашар йўли билан таъмирланмоқда
VII-VIII асрларда бунёд этилган ушбу масжид Малининг қадимий Женна шаҳрида жойлашган.
Масжид оддий лой ва қамишдан кўтарилган бўлиб, кўплаб меъморларнинг диққатини ўзига жалб этиб келмоқда. Меъморлар бу масжидни Судандаги қамишли иншоотларнинг энг катта меъморий намунаси, деб биладилар.
Масжидни қайта таъмирлашда сув, қум, қамиш, маҳаллий дарахтдан олинадиган ёғ ва сомондан фойдаланилмоқда. Қалин қилиб ётқизилган қумшувоқлар масжидни муссон ёмғирларидан ҳимоя қилади. Аллоҳ байтининг қайта таъмирланиши мамлакат аҳолиси учун ўзгача байрам кайфиятини юзага келтирмоқда. Мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган маҳаллий аҳоли масжиднинг шамол ва ёмғирдан зарар кўрган жойларини ҳашар йўли билан таъмирлаб чиқмоқдалар. Бу ишларни барча кексаю ёш ўзгача хурсандчилик ва самимият билан бажармоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, 1988 йилда қадимий Женни шаҳри ва қамишли масжид ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.
Islom.uz портали таҳририяти
Манба: https://islom.uz
Аллоҳга энг маҳбуб амал
Буюк тобеинлардан Ато ибн Ясор раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига бир киши келиб: «Бир аёлга совчи қўйдим. Менга турмушга чиқишдан бош тортди. Бошқа одам совчи қўйса, унга турмушга чиқишни истаб, (совчига рози бўлибди). Аёлнинг қилган ишидан ғазабланиб, уни ўлдирдим. Энди менинг тавба қилишимга имкон борми?» деб сўради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ундан: «Онанг ҳаётми?» дея сўрадилар. У «Йўқ» деб жавоб берди. Шунда у киши: «Аллоҳга тавба қил! Имконинг борича солиҳ амалларни адо этиб У Зотга қурбат ҳосил қилишга урин!» дедилар.
Мен Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: «Нима учун у одамдан онаси тириклигини сўрадингиз?» деб сўрасам, у киши: «Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбуброқ, У Зотга яқинлаштирадиганроқ амални билмайман» дея жавоб бердилар».
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-Бирру вас сила» номли китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси