muslim.uz
Татаристонда 1,5 мингга яқин масжидлар тикланди
90-йиллардан бошлаб Татаристон 1,5 мингга яқин масжидларни қуриш ва қайта тиклашнинг уддасидан чиқди. Sntat.ru нашри хабарига кўра, бу ҳақда KazanSummit 2019 доирасидаги анжуманда Татаристон давлат маслаҳатчиси Минтимер Шаймиев маълум қилган.
Татаристон биринчи президентининг айтишича, KazanSummit — бу турли хил мамлакатлар, динлар ва миллатлар вакиларининг учрашадиган, бир-бири билан янги алоқаларни ўрнатадиган, ҳамкорликни муҳокама қиладиган жой. Афсуски, авваллари бунинг имкони йўқ эди, негаки замонавий Россия ҳудудида атеистик давлатни қуриш режалаштирилаётган эди.
«Хусусан, 90-йилларнинг бошига келиб Татаристонда бор-йўғи 23та фаолият кўрсатаётган масжид қолган эди. Қисқа давр ичида Татаристонда 1,5 мингга яқин масжидлар қайта тикланди ва фаолият юритмоқда. Бу эътиқод абадий ва уни йўқотиб бўлмаслигининг ёрқин кўрсаткичи ҳисобланади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Татаристонда турли миллат ва диний конфессия вакиллари баҳамжиҳат ва тинч-тотув яшашнинг уддасидан чиқишмоқда.
«Бу мураккаб замонда бизга кўп нарса боғлиқ. Афсуски, кўпинча динлараро ва конфессиялараро низоларга дуч келиб турибмиз. Бизнинг вазифа - фаол равишда ушбу кучларга қаршилик кўрсатиш. Биз биргаликда – кучмиз», — таъкидлади Шаймиев.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкентда Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 2 май куни Тошкентдаги Wyndham меҳмонхонасида “МДҲ – Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум – 2019” ўтказилади. 3-4 май кунлари эса «Ислом банкчилиги, такафул ва ислом микромолияси» мавзусида семинар ҳам ташкил этилади.
Мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, бизнинг тадбиркорларни улар учун янги бўлган Ислом банкчилиги ва молияси соҳаси билан таништириш, уларни ушбу соҳа имкониятларидан хабардор қилиш, бошқа мамлакатлардан ташриф буюриши кутилаётган мутахассислар, амалиётчи-олимлар ва бошқа меҳмонлар билан ушбу соҳада юз бераётган янгиликлар билан бўлишишдан иборат.
Ушбу форум ва икки кунлик семинар ташкилотчилари Al Huda ислом банкчилиги ва иқтисодиёти маркази (БАА), «Sheikh Ahmed Bin Obeid Al Maktoum» (SABOAM) халқаро инвестицион компанияси (БАА), ҳамда Ислом тараққиёт банкининг ICD тармоғи ҳисобланади.
Тадбирда ҳамкор давлат идоралари қаторида Ўзбекистон Банклар ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Вазирлар Махкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита, Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Лизинг берувчилар Уюшмаси ва бошқа кўплаб ташкилотлар қатнашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нодир насиҳатлар
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бир мажлис ёнидан ўтдилар. Ўша мажлисда ўтирган бир йигит кулаётган эди. У зот йигитга қараб:
“Ҳой йигит, Сиротдан ўтдингми?” дедилар. У:
“Йўқ” деди.
“Жаннатга боришинг ҳақида билдингми?” деб сўрадилар буюк имом. Йигит яна:
“Йўқ” деб жавоб берди. Шунда Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ:
“Унда нега куляпсан?” дея танбеҳ бердилар.
Шу воқеадан кейин ҳеч ким у йигитни кулган ҳолда кўрмади.
*****
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ўлим қайтадиган жойи, қиёмат ваъда қилинган куни, Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш аниқ кўрадиган манзараси эканини билган кишининг маҳзунлиги доимий бўлиши керак” дер эдилар.
*****
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга “Эй имом, сиздан кейин кимдан фатво сўраймиз?” деб савол беришди. Имом “Абдулваҳҳоб Варроқдан сўранглар!” дедилар. Одамлар: “Эй Абу Абдуллоҳ, унинг илми оз-ку!” дейишди. Шунда имом: “Лекин тақвоси, парҳези кўп. Ана шу тақвоси уни Аллоҳнинг динида билмаган нарсасини гапиришдан тўсиб туради” дедилар.
Абдулваҳҳоб Варроқ ким?
У киши Абдулваҳҳоб ибн Абдулҳакам ибн Нофеъ бўлиб, буюк имом, ҳужжат, тақволи олим ва обид зот эдилар. Кунялари Абул Ҳасан, лақаблари Варроқ. Бағдодда таваллуд топганлар. 251 ҳижрий санада вафот этганлар.
*****
Гуноҳлари устига оғир юк бўлган, иймони заифлашиб қолган, ишончи озайиб қолган қанчадан қанча кишилар бор. Улар тун қоронғусида Аллоҳ таолонинг ҳузурида Унинг Каломини тиловат қилиб намоз ўқийдилар. Натижада намозни якунлаганларида гуноҳлари тўкилган, айблари беркитилган, даражалари кўтарилган, диллари очилиб равшан бўлган ва иймонлари комил бўлган ҳолда бўладилар.
Шайх Шинқитий ҳафизаҳуллоҳ
*****
Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ “Агар Қуръон аҳллари солиҳ бўлсалар, одамлар ҳам солиҳ бўлишади” деганлар.
Бу гапга Шайх Абдураззоқ ал-Бадр қуйидагича изоҳ билдирганлар: “Қуръон аҳли одамлар учун ўрнакдирлар. Агар улар солиҳ бўлсалар, одамлар яхшиликда уларга эргашадилар ва бўйсунадилар. Лекин мусибат шуки, агар Қуръон аҳли гуноҳ ишларни қилсалар, қалбида Қуръонни кўтариб юрган кишининг бузғунчилик қилиши одамларга ва ўзлари яшаётган жамиятга нисбатан улкан жиноят ҳисобланади. Шунинг учун Қуръон аҳлининг солиҳ бўлиши одамларнинг солиҳ бўлишига сабаб бўлади. Қуръон аҳлининг бузғунчилик қилиши эса одамларнинг бузилишига олиб келади. Чунки Қуръон аҳли ўша одамлар учун ибрат ўрнидирлар”.
*****
Салафи солиҳлардан бирлари шундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло мўминнинг қувватини унинг қалбига жойлаб қўйди, аъзоларига эмас. Кўрмайсизларми, кекса солиҳ киши жазирама кунларида рўза тутиб, кечаси ибодат билан бедор бўлади. Ваҳоланки, ёшлар бу ишни қилишдан ожиз бўладилар”.
“Ҳилятул авлиё”
*****
Имом Зуҳрий раҳимаҳуллоҳдан мана бу гап ривоят қилинган: “Рамазондаги битта тасбеҳ бошқа ойлардаги мингта тасбеҳдан афзалдир”.
“Ибн Абу Дунё энциклопедияси”
*****
“Қуръон мўъжизалари” саҳифаси маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
БАА хайрия фонди Рамазон ойида ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ёрдам кўрсатади
Шаржа хайрия фонди Рамазон ойида мамлакатда ва бутун дунёда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиш учун 41 миллион дирҳам ажратди.
Хайрия фонди бош котиби Абдулла Ал Духаннинг айтишича, фақат егулик учун 3 миллион дирҳам ажратилган бўлиб, улар 3000 оилага тарқатилади. islam.ru хабарига кўра, 147 та палаткаларда егулик бутун амирлик бўйича, 200 000 озиқ-овқат тўпламлари дунёнинг 56 мамлакатида тарқатилади.
Шунингдек 15 миллион дирҳам эҳтиёжманд фуқароларга эҳсон сифатида тарқатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати