muslim.uz
Мусҳафларни ёзиш ва нашр қилиш тарихига бир назар
Қуръони каримни жамланиш тарихида китобат – ёзиб қолдириш ўзига хос ўрин тутган. Оятларни ёзиб олиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлариданоқ бошланган, котиб саҳобалар ҳар бир оятни нозил бўилиши билан кечиктирмай ёзиб олишга катта эътибор беришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръонга бандалар сўзи аралашиб қолмаслиги учун Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олмасликни буюрганлар.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида эса тарқоқ саҳифалардаги оятлар бир бутун ҳолга – Мусҳаф шаклида ёзиб қолдирилган. Бу жамлашда бош котиблик вазифасида бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу фақат оғзаки тиловат билан кифоянмадилар, балки, эшитган ҳар бир оятларни мавжуд битикларга солиштириб, оғзаки тиловат ёзувдаги билан мос келиб, тасдиғини топса, Мусҳафга қўшардилар. Бу ҳолат ҳам Мусҳаф тарихида ёзишни нечоғли юқори аҳамият касб этишини кўрсатади.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзиб, катта шаҳарлара тарқатилган Мусҳафлар эса, кейинги авлод хаттотлари учун Мусҳафлар кўчириб тарқатишларига асосий манбаа бўлиб хизмат қилди. Ўша замонларда Мусҳафлар қўл меҳнати билан кўчирилган
Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳунинг набиралари Алий Зайнулобидин айтадилар: “Мусҳафлар варағи кетма-кет (бир-бирига боғланган, уланган) бўлмас эди, кимда Мусҳаф бўлса масжид минбарини олдига келиб, “Ким хоҳласа мендан кўчириб олсин” дер эди. Хоҳловчилар келиб ундан бир саҳифа, бир саҳифа қилиб Мусҳафни охиригача кўчириб олишар эди”[1].
Абу Ҳакима ал-Абидий айтадилар: “Мен Куфа шаҳрида хаттотлар билан биргаликда Мусҳафни кўчирар эдим. Кунлардан бирида Алий розияллоҳу анҳу биз кўчирган нусхалардан бирини кўрдилар ва бизнинг ёзгани хатимиз у зотни жуда ажаблантирди, шунда “Аллоҳ нурлантирган нарсани (Мусҳафни) мана шундай нурлатаверинглар”, бошқа бир ривоятда “Аллоҳ таоло бунга (Мусҳафга) нур бергани каби сизлар ҳам нурлантиринглар” дедилар[2]”.
Исломнинг дастлабки асрларидаги ҳолат шундай бўлган. Ўша замонларда нашр қилиш имконияти бўлмагани учун кимга Мусҳаф керак бўлса, хат саводи борлар ўзи кўчириб оларди, хат саводи бўлмаганлар хаттотларга илтимос қилиб, баъзан ҳақ тўлаш эвазига кўчиртириб олар эди. Хаттотлар имон-эътиқодининг мустаҳкамлиги, Қуръони каримга бўлган ҳурмат-эҳтироми ва асосийси, Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулиятини ҳис қилиб, омонатдорлик билан ўз касбига ёндашуви натижасида Мусҳафлар бехато кўчирилар, камдан-кам ҳолларда йўл қуйилган камчиликлар Қуръонни ёд олган ҳофизлар тарафидан ўз вақтида тўғриланарди ҳам. Айрим моҳир хаттотлар умри давомида юзлаб нусхалар кўчириб, эхтиёжига ярашасини сотар, қолганларини илм давраларига, масжид ва толиби илмларга вақф қилиб тарқатар эди.
Нашр қилиш дастгоҳи ихтиро қилингач, китоб нашр қилиш жабҳасида мисли кўрилмаган ютукққа эришилди. Дастлаб нашр дастгоҳлари Германияда 1431 мелодий санада ишлаб чиқилди. Йиллар давомида бу ускунларнинг салоҳияти ва имкониятлари кенгайди, дастлаб Италия, сўнгра Франция давлатларида ишлатиладиган бўлди. Кейинчалик дунёнинг бошқа илғор мусулмон мамлакатларига ҳам тарқалди. Жумладан, Ҳалаб шаҳрида 1698 йилда, Ливанда 1733 йилда сурён тилида, кейинчалик араб тилига ихтисослашган, Байрутда 1753 йилда “Қудайс” номли нашриёт фаолияти жорий қилинди. Мисрга Франциялик ҳарбий қўмондон Бонапарт 1798 йилда ўзи билан нашр дастгоҳини олиб кириши натижасида Қоҳирадаги “Аҳлийя” матбаасига асос солинган. Кейинчалик бу матбаа “Булоқ” номида фаолият олиб бориб, Ислом оламига жуда машҳур бўлган. Туркияга Султон Аҳмад III даврида кириб келган. Бироқ бу дастоҳларда диний адабиётларни нашр қилиш ўша замон Турк уламолари тарафидан рухсат берилмаган. 1141 йилдан кейин аста-секин араб адабиёти, тарихи ва луғатига оид китоблар нашр қилинган.
Нашр этиш дастгоҳида чоп этилиши билан тарихда қолган Мусҳаф 1694 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида Абрахам Хинкельман (Abrahmi Hinckelmanni) исмли шарқшунос олимнинг саъй-ҳаракати билан 560 саҳифада нашр қилинган[3]. Ҳар бир саҳифа 16 сатрдан иборат бўлиб, оятлар бошланиши тартиб рақм билан белгиланган.
Бундан аввал Италиядаги “Бундуқия” нашриётида ҳам 1530 йилда нашр қилинган, бироқ, ўша замон ҳукмрон бошқарув табақа вакиллари томонидан нашр ўрнида йўқотиб ташланган[4].
Шунга кўра ҳозиргача сақланиб қолган Мусҳафлар орасида энг қадимийси Германиянинг Гамбург шаҳрида чоп қилингани ҳисобланади. Мусҳафнинг мазкур нусхаси бизгача сақланиб қолганлари орасида илк нашр қилингани билан аҳамиятли бўлсада, кўплаб хато ва камчиликлардан холи эмас эди. Унда учрайдиган хатолар асосан араб тили қоидаларига мос келмаслиги ҳамда нашр дастгоҳидаги техник камчиликларга бориб тақаларди. Масалан, ёнма-ён калималарни ўрин алмашиб қолиши, нуқталарнинг оз ёки кўпайиб қолиши, ораси ажратиб ёзилиши керак бўлган икки калиманинг ораси боғланиб қолиш каби камчиликларни келтириш мумкин.
Ана шундан кейин Мусҳафлар кетма-кет нашр қилина бошланди.
Дастлабки нашр қилинган Мусҳафлар сифатида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 1787 йилда Мавло Усмон бошчилигида нашр этилган Мусҳафни, Эронда нашр қилинган иккита тошбосма нусха: бири 1828 йили Теҳронда, иккинчиси 1833 йили Табризда нашр қилинган нусхани, Қозон шаҳрида 1877 йилда босилган Мусҳафни, ҳудди шу йили Туркияда хаттот Ҳофиз Усмон қаламига мансуб нашр қилинган Мусҳафларни келтириш мумкин. Қозон шаҳрида босилган нусха аввалги Гамбург шаҳрида нашр қилинган Мусҳафга деярли ўхшаб кетсада, унда йўл қуйилган камчиликлар олди олинган, калима ва ҳарфларда учраган техник хатолар тузатилан эди. Бироқ ҳарфлар устига қўйиладиган ҳаракатларда камчиликлар бор бўлиб, Мусҳаф сўнгидаги махсус жадвалда йўл қўйилган хатолар кўрсатиб ўтилган[5]. Кейинчалик, Мусҳафнинг кўплаб нашриётларда чоп қилиш оммалашиб кетди. Мисрда 1890 йилда Ризвон ибн Муҳаммад Мухаллалотий бошчилигида, 1923 йилда хаттот Муҳаммад Алий Ҳусайний бошчилигида нашр қилинган.
Санаб ўтилган Мусҳафларнинг барчасида ҳарфлар Усмоний Мусҳаф асосида, ҳаракатлар эса Халил ибн Аҳмад ва имом Сибавайҳлар асос солган йўналишда бўлган.
Кейинги пайтларда тижорий нашриётларнинг кўпайиши, унда иш олиб борадиган ходимларнинг масъулиятсизлиги, беэътиборлик билан нашр қилинган бир қанча Мусҳафларда техник хатолар кўпайиб кетиш оқибатида, айрим нашриётлар Мусҳафни кўпайтириб, тарқатиш эмас, балки турли нашрларда учрайдиган хато ва камчиликлардан тозалашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ҳозирда бундай эзгу мақсад сари фаолият олиб бораётган нашриётлар орасида энг кўзга курингани бу – Мадинаи мунавварадаги “Малик Фаҳд” нашриётидир. 1404 ҳижрий сана 20 рабиуссоний ойида Саудия Арабистони подшоҳлиги муассислигида Мусҳаф ва унга алоқадор илм аҳллари, мутахассислардан иборат ўн беш кишилик қўмита ташкил қилинган. Қўмита ҳайъат аъзолари Қуръони каримни ҳар бир калима, ҳарф ва ҳатто ҳаракатлари, тўхташ белги ва кўрсатмалари устида бош қотириб, чуқур тадқиқ қилишган, йиллар давомида Мусҳафга кириб қолган қушимчалар олиб ташланиб, хатолар тузатилган, камчилиги тўлдирилган, бундай машаққатли вазифани уддалаш мақасадида ҳайъат азолари Мусҳафни икки юз мартадан ошиқроқ ўқиб чишларига тўғри келган.[6] Нашр учун тайёр ҳолига келган Мусҳафнинг кўриниши, ҳажми ва хат тури борасида ҳам муаммолар бор эди. Ислом оламига машҳур хаттотларнинг Мусҳаф устида олиб борган изланиш ва маҳоратлари илмий ўрганиб чиқилди ва бер неча қўлёзма Мусҳафлар орасидан Дамашқлик хаттот Усмон Тоҳонинг ёзув услуби танлаб олинди. Усмон Тоҳо чиройли ёзиш ва ёзув қоидаларига риоя қилиш билан бир қаторда, танзим яъни тартибга, табвиб яъни жузларга ажратишни ҳам йўлга қўйган эди. Қуръони каримни 30 жузга бўлиб, ҳар бир жузга 20 саҳифа ажратган, Фотиҳа ва Бақара сурасининг биринчи саҳифасига чиройли шакл бериш учун икки бет, охирги жузда “Бисмиллоҳ” билан сураларнинг ажратилиши кўп бўлгани учун яна икки бет қўшилиб, жами 604 саҳифага жойлаган эди. Бундан ташқари, ҳар бир саҳифани оят билан бошлаб, оят билан якунлашга эриша олгани энг катта афзаллиги бўлган[7]. Санаб ўтилган жиҳатлари билан бошқа қўлёзма нусхалардан тубдан ажралиб турган Мусҳафни янги нашр қилинмоқчи бўлган “Мадина Мусҳафи” нусхасига асос қилиб олинди ва ҳозирда дунёга тарқалган Мусҳафлар орасида энг мукаммал шаклга эга бўлди.
Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳомийлигида 1405-1425-ҳижрий йиллар оралиғида “Мадина Мусҳафи” 193 миллион тиражда босиб чиқишга эришилди[8] ва бу дунёдаги энг кўп тираж қилинган босма деб баҳоланмоқда.
Ҳозирда йилига 30 милион тиражда ҳар хил ҳажм ва кўринишда нашр қилиб, тарқатиб келинмоқда.
Кейинги йиллирда юртимизда ҳам ҳар соҳада бўлгани каби диний соҳани ривожлантириш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар Мусҳафи шарифни нашр қилиш ва аҳолимиз мўъмин-мусулмонларининг Қуръони каримга бўлган эхтиёжини қоплаш жиҳатини ҳам қамраб олди.
Аллоҳ таолонинг муборак каломи — Мусхафи шариф Ўзбекистонда нашрдан чиқиши қалбларни сурурга тўлдирган шарафли воқеалардан бири бўлди. Юртимизнинг кўзга куринган нашриётларидан бири «Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти томонидан чоп этилган Мусҳафи шариф китобхонлар оммасига тақдим этилди.
Нашриётнинг кўп йиллик самарали фаолияти давомида Қуръони Каримни қадимий анъаналарга, ўзига хос тартиб-қоидалари ва одобларига риоя қилган ҳолда, илғор технологиялар ёрдамида сифатли ва гўзал шаклда чоп этиш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.
«Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти Мусҳафи шарифни нашр қилиш лойиҳаси бўйича дунёда Мусҳаф нашри бўйича етакчи матбаалардан ҳисобланган — Миср Араб Республикасидаги «Дорус-салом» нашриёти билан ҳамкорлик шартномаси тузди. Тузилган шартномага кўра, «Дорус-салом» нашриёти «Ҳилол-нашр»га Мусҳафни чоп этиш учун махсус ижозат берди ва Қуръони Карим нусхаси андозасини тақдим қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида ушбу табаррук лойиҳани бажаришга киришилди.
Нашриёт имкониятидан келиб чиқиб биринчи босқичда мазкур Мусҳафнинг адади 50 000 дона деб белгиланди, дастлаб шу ададдан 10 000 нусха савдога чиқарилди ва 31000 сўмдан сотилди. Бундан буён ҳар икки-уч ойда ана шундай ададда Мусҳафи шарифларни халқимизга тақдим қилиб бориш кўзда тутилмоқда. Зеро, Қуръони Карим кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти ёғилиб туради. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг каломи — Қуръони Каримнинг кўп минг нусхада босмадан чиқарилиши ва унинг самараси ўлароқ, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг хонадонида мусҳафлар кўз қорачиғидек сақланиши жонажон Ватанимиз учун мислсиз хайр-баракадир. Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ, ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади.
Қалби Қуръонга ошно халқимиз ҳам янги нашр этилган Мусҳафи шарифни шод-хуррамлик, хурсандчилик ва севинч кўз ёшлари билан кутиб олди. Бу ёрқин ҳодиса мамлакатнинг деярли барча оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Манбалар асосида нашрга тайёрловчи “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдулбоқи Турсунов
[1] . Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 182 саҳифа.
[2] . Канзул уммол 10/536 саҳифа.
[3] . Тарихул Қуръон: Ҳафаний Носиф 112 саҳифа, Тарихул Қуръон: Муҳаммад Тоҳир Курдий 16, 186-саҳфалар. Ҳозирда Мисрнинг “Дорул кутуб ал-Мисрия” кутубхонасида (176 рақам остида) ва “Қоҳира” унверситети кутубхонасида бир нусха сақланади.
[4] . Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа.
[5] . Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 339 саҳифа, Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа.
[6] . Диросот фий улумил Қуръон. 505-саҳифа.
[7] . Ҳошимов Нуриддин “Қуръони карим ёзувчиси – Хаттот Усмон Тоҳо” мақоласидан қисқартириб олинди.
[8] . Диросот фий улумил Қуръон. 506-саҳифа.
Қозоғистоннинг "Закот" фонди 50 та оилага совғалар улашди
Жорий йилнинг 7 март куни Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида "Закот" фондининг ҳудудий бўлинмаси томонидан Остона шаҳрида яшовчи 50 та кўпболали оилаларга совғалар улашилди.
Тадбирда ҚМИ раиси ўринбосари Бауиржан Есмахан, "Закот" фонди директори Талгат Омаровлар иштирок этган.
Муфтий ўринбосари Бауиржан Есмахан кўпболали оилаларга кўмак кўрсатиш, уларни ижтимоий жиҳатда ҳимоя қилиш муҳим хайрия иши ҳисобланишини таъкидлаб ўтди.
Маълумот учун, "Закот" фонди томонидан Талдиқўрғонда олти фарзандли оилага кўпхонали уй совға қилинган эди.
Фон директорининг айтишича, Фонд томонидан 12-квартира яқиндагина Актобе вилоятида кам таъминланган оилага тортиқ қилинган. 2018 йил давомида Фонд томонидан хайрия ишлари учун 160 миллион тенге миқдоридаги маблағ сарфланган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Гуноҳ нима?
Аллоҳнинг буюрганини тарк қилиш маъсият.
Аллоҳ таоло бизга намозни фарз қилган. Агар уни тарк қилсанг, бу гуноҳ.
Аллоҳ таоло бандаларига авратларини беркитишни фарз қилган. Агар уни тарк этсанг, гуноҳдир.
Аллоҳнинг қайтарганидан қайтмаслик маъсият.
Аллоҳ таоло маст қилувчи нарсаларнинг истеъмолидан қайтарди. Уларни истеъмол қилиш гуноҳдир.
Одамларга зарар етказиш маъсият.
Ёшидан қатъи назар инсонларнинг жонига, молига, обрўсига тил, қўл ёки бирор нарса билан азият етказиш, гуноҳдир.
Одамлардан яхшиликни тўсиш гуноҳдир.
Инсонларга фойдаси бор ишларнинг йўлини тўсиб, уларга яхшилик етмаслигига уриниш гуноҳдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Яхшилик йўқ бўлиб кетмайди. Гуноҳ унутилмайди. Дайён (Ҳукм қилувчи, ажрим қилувчи Аллоҳ) ўлмайди. Истаган нарсангни қил. Қандай амал қилган бўлсанг, шунга яраша мукофот ёки жазо оласан”. Имом Байҳақий ривояти.
Ушбу ҳадисга эътибор берайлик!
“Яхшилик йўқ бўлиб кетмайди”.
Фанда маълумки, борлиқдаги барча ҳаракатлар йўқолмайди, сўнмайди. Масалан, сиз қўлингизни юқоридан пастга туширдингиз. Сиз қўл ҳаракатини тўхтатдингиз. Аммо қўлингиз остидаги ҳавода мавжуд бўлган барча атомлар қўлингиз босими таъсирида пастга қараб сиқилади. Кейин аста юқорига кўтарилади. Шу каби атомларнинг сиқилиши ва кенгайиб, юқорига қараб ҳаракатланиши коинотда тўхтамайди. Ҳатто олимлар аввал бирор босим таъсирида ҳаракатланган атомларни ортга қайтариб кўришга неча йиллардан бери уринмоқдалар. Аллоҳ таоло сизнинг қилган яхшилигингизни ҳеч қачон йўқотиб юбормайди. Ҳаммасини охиратда эслатиб, китобингиздан кўрсатиб, унга мукофот беради.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
إِنَّا نَحْنُ نُحْيِي الْمَوْتَى وَنَكْتُبُ مَا قَدَّمُوا وَآثَارَهُمْ وَكُلَّ شَيْءٍ أحْصَيْنَاهُ فِي إِمَامٍ مُبِينٍ
“Албатта, Биз, Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз. Ҳар бир нарсанинг ҳисобини очиқ-ойдин имомда олиб қўйганмиз” (Ёсин сураси, 12-оят).
Шундай экан, қилаётган ҳар бир яхши амалингизни изсиз йўқолиб кетади деб ўйламанг!
“Гуноҳ унутилмайди”.
Ҳа, гуноҳ унутилмайди, балки ёзиб қўйилади. Номаҳрам аёл билан учрашувларингиз, қилган суҳбатларингиз, кўришиб ёки телефон орқали гаплашганингиз, ёзишганингиз, ёлғиз ҳолда ёки одамлар орасида кўришганингиз, ота-онангизга гапирган хато, қўпол гапларингиз ва ҳоказо гуноҳларингиз ёзиб қўйилади. Ёзилган китоб қўлингизга берилади. Ўзингиз уни ўқийсиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَكُلَّ إِنسَانٍ أَلْزَمْنَاهُ طَآئِرَهُ فِي عُنُقِهِ وَنُخْرِجُ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كِتَاباً يَلْقَاهُ مَنشُوراً اقْرَأْ كَتَابَكَ كَفَى بِنَفْسِكَ الْيَوْمَ عَلَيْكَ حَسِيباً
“Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, унга очилган ҳолда рўбарў бўлур. Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)”. (Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.) (Исро сураси, 13-14-оятлар).
Қиёмат куни кўриладиган энг хунук нарса – қўлида қора саҳифа ушлаб олган оқ соқолли кимсадир. Жуда ҳунук манзара!
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Уч тоифа одамга Қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди, уларга (раҳм назари билан) қарамайди ва уларга аламли азоблар бўлади. Улар: зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағалдир” (Муслим, Насаий ривояти).
Агар Аллоҳ таоло тинмай гуноҳ қилсангиз ҳам сизга неъматларини кетма-кет бериб турган бўлса, эҳтиёт бўлинг! Бу истидрож бўлади.
Истидрож – гуноҳ қилишга барча шароитларни қилиб бериб, кейин қаттиқ азоб билан ушлашдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
سَنَسْتَدْرِجُهُم مِّنْ حَيْثُ لَا يَعْلَمُونَ وَأُمْلِي لَهُمْ إِنَّ كَيْدِي مَتِينٌ
“Биз уларни ўзлари билмаган тарафдан аста-секин оламиз. Ва уларга муҳлат бераман, албатта, Менинг ҳийлам метиндир” (Қалам сураси, 44-45-оятлар).
Муфассирлар бу оятнинг тафсирида шундай дейишган: “Бу оятни шундай тушунишимиз керак: “Улар ҳар сафар янгидан янги маъсият қилганларида, биз уларга янги-янги неъматлар берамиз”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида бир кимса ўғрилик қилди. Мўминларнинг амири уни ушлаб, жазоламоқчи бўлганларида, у: “Мени кечиринг. Биринчи марта ўғрилик қилдим” деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Ёлғон айтдинг. Сен қирқинчи марта ўғрилик қиляпсан” дедилар. Бу гапни эшитган ўғрининг бадани музлаб кетди ва “Эй мўминларнинг амири, тўғри, қирқинчи марта эди. Сиз буни қаердан билдингиз?” деб сўради. Буюк саҳобий: “Чунки Аллоҳ таоло биринчи мартадаёқ бандасининг хатосини фош қилмайди” дедилар.
Аллоҳ таоло бандасига муҳлат беради. Тавба қилмай, неъматларга алданиб, гуноҳда бардавом юраверса, аҳволи оғирлашиб, унга бериладиган азоб катталашиб бораверади. Шунинг учун банда гуноҳларни тўхтовсиз қилавермай, дарҳол тўхтаб, тавба ва истиғфорга юзланиши керак.
Сўзимиз охирида буюк саҳобийнинг насиҳатларини келтирсак:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: “Албатта, солиҳ амал сабабли юзда зиё, қалбда нур, ризқда кенглик, танада қувват ва одамларнинг қалбларида (солиҳ амал қилувчига нисбатан) муҳаббат пайдо бўлади. Албатта, гуноҳ сабабли юзда қаролик, қалбда зулмат, танада чарчоқ ва заифлик, ризқда етишмовчилик ва одамларнинг қалбларида (гуноҳ иш қилувчига нисбатан) нафрат пайдо бўлади”.
Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳлардан узоқ юрадиган ва ихлос билан тавба-истиғфорда бардавом бўладиган бандаларидан қилсин!
Шайх Муҳаммад Хайр Шаъъолнинг мавъизасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Нишонга урилган гаплар: “Бировнинг устидан ғалаба қозонган кучлидир. Ўз нафсининг устидан ғалаба қозонган эса кучлироқдир”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
*****
Кексалар кунлик озуқа топаман деб хор бўлаётган бўлсалар, билгинки, улар шарманда юртда яшар эканлар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бир куни Жалолиддин Румийдан “Сизнинг кўп ўқиб, ёзганингизни кўрамиз. Бунинг натижасида нимани билдингиз?” деб сўрашди. Шунда у киши: “Ҳаддимни билдим” деб жавоб бердилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Садоқат ва манфаат худди ёғ билан сувга ўхшаб, ҳеч қачон бир-бирига аралашмайди.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Одамларнинг энг жоҳили – қўлидаги дунёни деб охиратини сотиб юборган кимсадир. Ундан ҳам ёмонроғи бировнинг қўлидаги дунёни деб охиратини сотган кимсадир.
“Ҳикматлар”
*****
Агар бир киши сенга бир марта хиёнат қилса, бу гуноҳ уникидир. Агар у сенга икки марта хиёнат қилса, бу гуноҳ сеникидир.
“Ҳикматлар”
*****
Бировнинг устидан ғалаба қозонган кучлидир. Ўз нафсининг устидан ғалаба қозонган эса кучлироқдир.
“Ҳикматлар”
*****
Дўстлик ҳам саломатликка ўхшайди. Чин дўстингни йўқотганингдан сўнг унинг қадрини ҳис қиласан.
“Ҳикматлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
“Сиз бизга кераксиз” тадбири Қорақалпоғистон ва Хоразмда ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари туғрисида”ги Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 9-10 март кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда "Вақф" хайрия жамоат фонди ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” ва Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл” жоме масжидлари, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги марказий – “Охун бобо” масжидида эшитиш ва сўзлаш билан боғлиқ ногиронлиги бўлган инсонлар иштирокида диний-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари Зоҳиджон Тўраев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова ва ЎМИнинг ҳудудлардаги вакиллари, диний соҳада фаолият олиб бораётган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари ва етакчи отинойилар иштирок этди.
Ушбу тадбирларда жами 320 нафардан ортиқ эшитиш ва гапириш қобилиятида нуқсони бўлган шахсларга Ислом дини ҳақида ҳадис ва оятлардан мисоллар келтириб, тушунчалар берилди.
Иштирокчилар ногиронлиги бўлган кишилар учун диний-маърифий тадбирларни ташкил қилиб, қалбларига ҳидоят нурини етказгани учун барча мутасадди ташкилотларга ўзларинининг самимий миннадорчиликларини билдирдилар.
Нукус ва Тўрткўлда ўткан тадбирларда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тадбир иштирокчиларига 8,5 миллион сўмлик совғалар ҳамда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан “Намаз китабы” ва “Ибадати исламия” китоблари бепул тарқатилди.
Хоразмда ўткан тадбирда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Зоҳиджон Тўраев сўзга чиқиб, Фонд томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган хайрия ишлари, саховат тадбирлари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова ушбу йўналишда Диний идора ташаббуси билан бутун республика миқёсида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил гапириб берди.
Ҳар жума куни Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжидида жума маърузалари Сурдо таржимаси асосида олиб борилиши маълум қилинди.
Тадбир сўнгида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан хоразмлик эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахсларга совғалар топширилди. Тадбирдан кейин бемор, имконияти чекланган ногирон кишиларнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати