muslim.uz

muslim.uz

Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича 2019 йилнинг 4 март куни Малайзия Ислом илмий университети (USIM) раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан Ўзбекистон делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

Ушбу таълим муассасасига 1998 йилда асос солинган бўлиб, Малайзия Ислом илмий университетида 32 йўналишда таълим берилади. Бугунги кунда бу даргоҳда 15 минг талаба таҳсил олади.

Учрашув чоғида USIM ва мамлакатимиз таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда бу каби ҳамкорликнинг самарадорлиги алоҳида таъкидланди. Сўнгги ярим йил ичида USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш соҳасида, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, талабаларни алмашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шерикчилик битимлари имзоланди. Шунингдек, Малайзия университети Ўзбекистон миллий университети ва Бухоро давлат университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Натижада жорий йилнинг январь ойидан Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Урганч давлат университетида Ислом илмий университети етакчи профессорларининг Ислом ҳуқуқи ва банкинг, туризм, менежмент, АКТ ва бошқа йўналишлар бўйича лекциялари ташкил этилди.

Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва “visiting professors” шаклидаги амалиётни давом эттириш мақсадида университетнинг инженерия ва қурилиш факультети деканини Тошкент архитектура-қурилиш институтида мустаҳкам архитектура мавзусида лекциялар курсини ўтказиши учун 2019 йил 27 мартдан 11 апрелгача Ўзбекистонга юбориш тўғрисида келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Кўплаб либослар сенинг наздингда эскирган бўлиши мумкин. Аммо уни ўзингдан бошқага ҳадя қилсанг, у одам мазкур либосни “Ҳайит куни киядиган либос” деб қабул қилади.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Эй мусулмон ёшлар! Ислом ахлоқи билан хулқланиб, уни одамлар орасида ёйинглар ҳамда оламни шу хулқлар воситасида қутқаринглар!

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Эй қиз боқаётганлар! Агар қизингизга солиҳ йигитдан совчи келса, уни турли талаб ва шартлар билан қийин аҳволга солманглар!

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Агар она қизини солиҳа этиб тарбия қилмоқчи бўлса, аввало ўзи солиҳа бўлсин!

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Эй бу дунёдан кейин охират борлигини, бу ҳаётдан кейин ўлим борлигини биладиганлар! Охиратда ҳисоб, сирот устидан юриш бордир! Шунинг учун ҳозирдан тавба қилишни бошланглар! Тавбани асло эртанги кунга қолдирманглар!

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Ислом одобини ўзлаштиринглар! Чунки, яхшилик, адолат, ҳақиқат, ёрдам ва улуғлик Исломдадир.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Сидқнинг хушбўй ифори бор. Уни бурунлар билан эмас, қалблар билан ҳис қилинади.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Уламоларни “Дин кишилари” деб, уларнинг зиммаларига диннинг барча вожиботларини юклаб қўйманглар! Дин кишилари барча мусулмонлардир.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Ҳар бир нарса Аллоҳнинг қадари билан бўлади. Аллоҳ таоло бандаси учун бахтини, бахтсизлигини, ризқини, умрини тақсимлаб қўйгандир. “Сен учун” деб ёзилган нарса заиф бўлишингга қарамай сенга етиб келади. “Бошқа учун” деб ёзилган нарсага куч-қувватинг билан ҳам етолмайсан.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Аёл ва шоирнинг қалбидан ёшлик ҳеч ажрамайди.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

 *****

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Вторник, 05 Март 2019 00:00

Дўмбоқликнинг давоси

Асрлар давомида кишилардаги ортиқча вазн – бадавлатлик белгиси саналиб келган. Чунки, ўзига тўқ одамларгина доимо тўйиб овқатланиш имкониятига эга бўлишган. Лекин, икки аср муқаддам дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноат миқёсида йўлга қўйила бошлагандан сўнг, ортиқча вазн муаммоси пайдо бўлди.

Бугунга келиб ҳаддан ташқари семириб кетганлар сони, дунёдаги очлар сонидан ортиқ: 800 млн. одам очлик азобини бошидан кечираётган бўлса, ортиқча вазндан қутила олмай қийналаётганлар сони 1,3 млрд. нафарни ташкил этади.

Бирлашган араб амирликларининг Дубай шаҳрида “Сенинг вазнинг – олтинга тенг” номли тадбир ўтказилди. Иштирокчиларнинг ҳар бир йўқотган килограмми учун бир граммдан олтин ваъда қилинган эди. “Олтин эвазига озиш” тадбирида фаол қатнашган 2,6 мингдан зиёд иштирокчиларга ваъдага мувофиқ, жами 17 килограмм олтин улашилди (нархи 548 минг доларга тенг).

Дубай ҳукумати вакили Муҳаммад ан-Нурининг айтишича, 575 нафар қатнашувчи 2 килограмм, 1795 нафари 2-5 килограммгача, етти нафар иштирокчи эса 20 килограмм ортиқча вазндан халос бўлишган.

Озиш мусобақасининг шарти – ортиқча вазнни йўқотиш фақат табиий йўл билан: нафсни тийиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш ва жисмоний тарбия билан шуғулланган ҳолда амалга ошириш керак. 

Афсуски сўнги пайтларда юқоридаги каби мусобақа ва тадбирлар ҳам самарасиз кетмоқда. Негаки инсоният дунёдаги энг очкўз махлуққа айланиб улгурган. Ёввойи ҳайвонлар қорни очсагина ов қилади, инсон эса қорни тўқ бўлса ҳам нафсини тия олмайди. Натижада гигант “қозон қорин”лар кун сайин кўпайиб кетмоқда.

Семизлик ҳақида ҳар куни ҳар жойда тинимсиз гапирилмоқда. Келинг яхшиси биз унинг асоратлари, олдини олиш ва даволаш йўллари ҳақида олимларнинг фикрига эъиборимизни қаратайлик.

Тадқиқотлар натижасида семизликнинг бирламчи омили кўп ва тартибсиз овқатланиш эканлиги айтилмоқда. Иккинчиси эса генетик омил. Олимларнинг таъкидлашича семизлик орқали қуйидаги касалликлар келиб чиқиши кучаяди: 

Метаболик синдром — юрак-қон томир касалликларини ривожланиши учун хавф омиллари бўлган метаболик, гормонал ва клиник бузилишлар мажмуаси. Метаболик синдром тўқималарнинг инсулинга сезувчанлигининг йўқолишига асосланган.

Гастроезофагеал рефлюкс касаллиги — ошқозон-ичак тизимининг энг кенг тарқалган касалликларидан бири ва учраш тезлиги бўйича ошқозон яраси ва ўт-тош касаллиги билан солиштириш мумкин. Нордон ошқозон таркибининг қизилўнгачнинг пастки қисмига отилишидир.

Қандли диабет — меъда ости бези ҳужайралари инсулин секреция қилиши бузилиши ва инсулинга резистентлик (қаршилик) мавжудлиги.

Юрак ишемик касаллиги (ЙИК) — стенокардия, миокард инфаркти ва атеросклеротик кардиосклерозни бирлаштирадиган касаллик. ЙИК юрак тож артерияларнинг бўшлиғи торайиши натижасида етарли қон билан таъминланмаганлиги туфайли ривожланади.

Миокард инфаркти — юракнинг маълум соҳасидаги ўткир қон айланишининг бузилиши оқибатида юрак мушакларининг нобуд бўлиши.

Инсулт — мия қон айланишининг ўткир бузилиши.

Артериел гипертензия — қон айланиш тизимининг энг кенг тарқалган касаллиги, юқори қон босими билан ифодаланади.

Сурункали веноз етишмовчилиги — веноз қоннинг қайта оқиши бузилиши билан тавсифланадиган синдром, соҳавий микроциркуляция тизимининг дезорганизатисясига олиб келади.

Холесистит — бу ўт пуфагининг яллиғланиши.

Ўт-тош касаллиги — ўт пуфагида ёки сафро йўлларида тошлар шаклланиши.

Артрит — аутоиммун касаллик, бўғимларнинг сурункали яллиғланишига сабаб бўлади, бундан ташқари, бўғим атрофи ва бошқа тўқималар, аъзолар ва организм тизимлари ҳам шикастланади, шунинг учун бу касаллик тизимли касалликлар синфига киради.

Деформация қилувчи остеоартроз — бўғимларнинг сурункали яллиғланишсиз касаллигидир.

Умуртқалараро дисклар чурраси — умуртқа танасини диск томонидан қоплаб турувчи ингичка тоғай пластинкада ёриқ пайдо бўлади, натижада диск моддасига қон қуйилади ва тезда унинг чурраси ривожланишига ҳисса қўшади.

Поликистоз тухумдонлар синдроми — эндокрин касаллик, бунда тухумдонлар катталашган ва унда суюқлик биан тўлган майда пуфакчалар бўлади.

Онкологик касалликлар — организмнинг аъзолари ва тўқималарида эпителия ҳужайраларидан келиб чиққан хавфли ўсмалар. Эпителиал ҳужайралар тезлик билан бўлиниш ва кўпайиш қобилиятига эга. Онкологик касалликлар одатий ҳужайраларнинг ўсимта ҳужайраларига айланишида ривожланади.

Панкреатит — меъда ости безининг яллиғланиши.

Жигарнинг ёғли дистрофияси — жигар ҳужайраларида ёғ тўпланиши.

Алвеоляр гиповентиляцияли семизликнинг сўнгги даражаси — ўта семизлик оқибатида одамлар алвеоляр гиповентилясциядан азият чекиши ҳолати (бунда киши чуқур ва етарли нафас ололмайди), натижада қонда кам кислород ва юқори карбонат ангидрид бўлиши қайд қилинади.

Эректил дисфункция — эркакларда эрекцияга эришиш ва уни сақлаб қолиш қобилиятининг йўқотилиши. Бу семизлик туфайли ривожланадиган гормонал касалликлар ва тестостерон даражасининг пасайиши туфайли юзага келади, бу эса андроген етишмовчилигига олиб келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра, юрак-томир касалликлари дунёда ўлимнинг асосий сабабларидан бири саналади. Фақатгина 2012-йилда ЙТК дан 17 миллиондан ортиқ киши ҳалок бўлган. Юрак касалликларининг асосий сабаблари ортиқча оғирлик, шу жумладан висцерал ёғ миқдорининг ошишидир.

Семизлик даражаларга (ёғ тўқималарининг миқдори) ва турларга (унинг ривожига олиб келган сабабларгас кўра) бўлинади. ЖССТ таснифига кўра, бел ҳажмининг эркакларда 94 см ва аёлларда 80 см дан зиёдлиги семизлик билан боғлиқ касалликлар хавфини оширади.

2013-йилда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти семизлик ҳақида ҳисобот эълон қилди. Ҳисоботни тузиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2008-йил маълумотларидан фойдаланилган. Қуйида БМТ ҳисоботининг натижаларига кўра семиришдан энг кўп азият чекадиган мамлакатлар жадвали кўрсатилган:

Мексика   32,8

АҚШ   31,8

 Венесуела, Ливия   30,8

 Тринидад ва Тобаго  30,0

 Вантау  29,8

Аргентина   29,4

 Туркия    29,3

 Чили    29,1

 Чехия   28,7

 Ливан    28,2

 Янги Зеландия, Словения   28,0

 Салвадор    27,9

 Малта   27,6

 Панама, Антигуа   26,8

 Исроил   26,5

 Австралия   26,1

 Доминикана  26,0

 Буюк Британия 24,9

 Россия   24,9

 Венгрия  24,8

Ўзбекистон   15,1

2016-йилда «The Lancet» журнали 2025 йилга келиб жаҳон аҳолисининг деярли 20 фоизини семизликдан азият чекишини кўрсатадиган тадқиқот чоп этди.

Уламолар семизлик ва кўп овқат ейишнинг зарарларини қуйидагича келтиришган:

– Кўп ейиш кишини тошбағир қилиб қўяди, қалбнинг нурини сўндиради. Инсон вужудида, қалбнинг остидаги ошқозон қайнаб турган қозонга ўхшайди. Унинг буғИ қалбга кўтарилади. Кўп ейиш шу буғни кўпайтиради ва қалбнинг қорайишига, кирланишига сабаб бўлади.

– Ортиқча ейиш тана аъзоларининг ортиқча ишлашига ва оқибатда фаолиятининг бузилишига сабаб бўлади.

– Кўп ейдиган кишининг билим ва тушунчаси оз бўлади.

– Кўп эйдиган кишининг ибодати озаяди. Чунки бадани оғирлашади, уйқу босади, сезги аъзолари бўшашиб, ибодат қила олмай ухлаб қолади.

– Кўп ейиш ибодатдан завқ олишга монеълик қилади. Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) шундай дейдилар: “Аллоҳга бўлган иштиёқдан айрилмаслик учун мусулмон бўлганимдан кейин тўйиб овқат емадим, қониб сув ичмадим”.

– Кўп ейишга одатланишда ҳаромга кириб қолиш таҳликаси бор.

  • Кўп ейдиган кишиларда ўлим қийин кечади.

Хўш Аллоҳ таолонинг Каломи саналмиш Қуръони каримда семириш ва унинг олидини олишга оид бирор чора кўрсатилганми? Албатта!  

 “Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”. (Аъроф сураси, 31)

Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсирлар ҳам бор. Ҳорун ар-Рашиднинг бир насроний ҳозиқ табиби бор эди. У бир куни уламолардан Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Қуръон китобларингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми”, деганида, у жавобига: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жойлаб қўйган”, – деб, мазкур оятни ўқиб берганида табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусда ҳеч нима демаган”, – дебди. Шунда олим: “Аксинча. Ошқозон дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қил!” – деган ҳадисни ўқиб берибди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобатдан ҳеч нарса қолдирмабди”, – деган экан.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ташвиш ила шундай марҳамат қилганлар: “Мен умматимнинг семириб, қорин солишидан хавфдаман”.

Дарҳақиқат Набий алайҳиссалом ташвишланган кунга ҳам етиб келдик. Бугун мусулмонлар ҳам семизликка мубтало бўлишди...

Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантириб: “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, деб айтганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши битта ошқозон билан ейди, кофир эса етти ошқозон билан ейди”, деганлар”. (Муслим ривояти).

Улуғ ҳаким Арастудан: “Сен нега сира касал бўлмайсан, бошқалардан фарқинг нимада?” деб сўрашганида у: “Бошқалар ейиш учун яшашади, мен эса яшаш учун ейман”, деб жавоб берган экан.

Хулоса. Агар инсоният Аллоҳ таоло буюрганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек ҳаёт кечирса, умрини ҳақиқий мўминдек ўтказса албатта соғлом, бахтли, бой ва улуғ бўлади. Энг қувонарлиси, фақатгина бу дунё яхшиликларига эришибгина қолмай, у дунёда ҳам жаннат боғларининг соҳибига айланади. Бунинг учун эса биргина нафсимизни енгсак бас!

Аллоҳ таоло барчамизни нафсимиз устидан ғолиб бўлишда мададкор бўлсин!

 

Интернет манбаалари асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади  

Вторник, 05 Март 2019 00:00

Гўзал хотима

Шайх, имом, зоҳид Абул Вақт Абдулаввал ибн Абу Абдуллоҳ ас-Сижзий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 458 йилда Ҳиротда таваллуд топганлар. У кишидан Ибн Асокир, Самъоний, Ибн Жавзий, Юсуф ибн Аҳмад Шерозий, Маҳмуд ибн Восиқ Байҳақий каби алломалар ҳадис ривоят қилишган.  

Юсуф ибн Аҳмад Шерозий айтади: “Шайхимиз Абул Вақтнинг зиёратларига бордим. Салом бериб кирдим ва олдиларида ўтирдим. У киши мендан: “Бу шаҳарга нима иш билан келдинг?” деб сўрадилар. Мен: “Сизнинг зиёратингизга келдим. Сиздан етиб келган ҳадисларни қаламим билан ёзардим. Энди ўзингиздан манфаат олиш учун олдингизга қадамим билан келдим” дедим.

У зот: “Аллоҳ сени ҳам, бизни ҳам Ўз ризосига эриштирсин! Агар мени яхши таниганингда, менга салом бермаган ва олдимда ўтирмаган бўлардинг” деб йиғлаб юбордилар. Атрофдагилар ҳам йиғлашди.

Кейин: “Эй болам, мен отам билан Ҳиротнинг бу тарафидан нариги тарафидаги шаҳарга “Саҳиҳ” (Саҳиҳул Бухорий)ни эшитгани пиёда борардик. У пайтларда ўн ёшга ҳам тўлмагандим. Отам қўлимга иккита тош бериб қўярди. Отамдан қўрқиб тошларни кўтариб олардим. Йўлда кетар эканмиз, у киши мени кузатиб борарди. Чарчаганимни кўрса тошнинг биттасини ташлашимни буюрарди. Мен тошни ташлаб юборардим. Фақат битта тошни кўтариб, чарчагунимча юрардим. Кейин отам мендан: “Чарчадингми?” деб сўрарди. Мен ундан қўрқиб, “Йўқ” дердим. “Нега унда секин юряпсан?” дерди отам. Отамга етишиб-етишиб яна бир соат тез юрардим-да, кейин чарчаб қолардим. Шунда отам қўлимдаги тошни олиб, отиб юборарди. Шу ҳолда чарчагунимча юрардим. Кейин мени кўтариб оларди. Йўлда деҳқонларга йўлиқиб қолардик. Улар бизга “Эй Шайх Исо, сизларни манзилингизга элтиб қўйяликми?” деб сўрашарди. Отам “Маркабга минишимиздан Аллоҳ асрасин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш учун пиёда юриб борамиз. Агар ўғлим юришдан чарчаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳурматидан ва савоб умидида уни бошимга чиқариб оламан” дерди. Отамнинг бу гўзал иши ва яхши нияти сабабли мен ушбу “Саҳиҳ” китобидан ва бошқа кўп китоблардан фойдалар олдим” дедилар”.

Шогирдларидан бири айтади: “Устознинг жонлари узилиши яқинлашганда, бошларини кўксимга суяб олдим. Зикр билан машғул эдилар. Олдиларига Муҳаммад ибн Қосим кирди ва “Эй устоз, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг охирги сўзи ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ” бўлса, жаннатга киради” деганлар деди. Устоз унга нигоҳларини қаратдилар ва:

 

يَا لَيْتَ قَوْمِي يَعْلَمُونَ بِمَا غَفَرَ لِي رَبِّي وَجَعَلَنِي مِنَ الْمُكْرَمِينَ

«Кошки қавмим билсалар эди. Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди. (Иймони ва ихлоси туфайли Аллоҳ таоло ўз фазли ва карами ила у бандани жаннатга ҳукм қилди. У банда жаннатга кириб, нозу неъматларни ва иззат-икромни кўриши билан қавмини эслади. «Кошки қавмим билсалар эди. Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди».) (Ёсин, 26-27) оятидан бошлаб суранинг охиригача ўқидилар. Атрофдагилар ҳайратдан донг қотиб қолдилар. Кейин АЛЛОҲ АЛЛОҲ АЛЛОҲ деб, жойнамоз устида ўтирган ҳолларида вафот этидилар”.

У зот ҳижрий 553 йилда Бағдодда вафот этганлар. Аллоҳ раҳматига олсин!

 

“Сияру аъламин нубало” китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим 

Тарихан қисқа давр ичида, мустақиллик йилларида ўз кучимиз ва салоҳиятимизга таянган ҳолда муқаддас қадриятларимизни, тилимиз ва динимизни қайта тиклаб, бугунги кунда ҳар соҳада мустақил тараққиёт йўлидан ривожланиб бораётган эркин, демократик давлатга айландик.

Аллоҳнинг фазли билан халқимизнинг маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Бугунги кунга назар ташласак, пойтахтимиз, барча вилоят ҳамда шаҳарларда, қишлоқларимиз, ҳатто юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам катта ўзгаришлар рўй бераётганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги барча тарихий обидаларимиз, масжидлар ва мадрасалар қайта таъмирланмоқда.

Жумладан, диний ва дунёвий илмларнинг асослари яратилган ва сайқал берилган замин Бухоро вилоятининг “Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юрти кириш қисми, дарвозахонаси ва пештоқи XVII аср ҳолатига қайтарилди.

Билим юрти дарвозахонаси безаксиз ҳолатда эди. Ҳозирда кириш қисми пештоқининг безаклари баҳор гуллари рангидай кошин билан парчинкорий қилинди.  

Машҳур ганчкор уста Бахтиёр Ҳамроев ўзининг шогирдлари бўлмиш уста Амин билан биргаликда ислимий ва геометрик нақшлар асосида гулдасталар, оқ, кўк, зангори рангли сиркор безаклар билан моҳирона ижод қилишди. Нақшларнинг янада мукаммал, жозибадор бўлишига ўзларининг бебаҳо ҳиссаларини қўшишди.

Билим юрти жамоаси XVI - XVII асрларда мадрасанинг меъморий безаклари, рангтасвири, жозибали меъморчилик санъати қандай юксак эътиборга эга эканлиги ҳақида умумий тасаввур ва тушунча ҳосил қилдилар.

Ота-боболаримиз қурдириб, бизга мерос қолдирган обидаларни таъмирлаб асраш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Роҳат Муҳаммадшоева,

Жўйбори Калон ўрта махсус Ислом билим юрти

маънавият ва маърифат ишлари мудир ўринбосари

Top