muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 02 Март 2019 00:00

Қуръон ҳурмати

Бир куни Усмон Ғозий қишлоқда яшовчи бир одамникида меҳмон бўлди. Оқшом пайти овқатни еб бўлиб, бироз суҳбат қуришганидан кейин ётишга ҳозирланишди. Мезбон Усмон Ғозийга ўрин тўшаб берар экан:
- Аллоҳ тинч қилсин, яхши тушлар кўриб ётинг, - деб хонадан чиқди.
Усмон Ғозий энди ўринга ётмоқчи бўлган эди, қаршисидаги деворда халтачага солиб, осиб қўйилган Мусҳафни кўриб қолди. Усмон Ғозий чўкка тушиб ўтирди ва тонггача ўрнидан жилмади, ҳолатини ўзгартирмади.
Эрталаб хонадон эгаси келиб қараса, ўрин бузилмабди: кечқурун қандай тўшалган бўлса, шундайлигича турибди.
Мезбон Усмон Ғозийдан сўради:
- Нега ётиб ухламадингиз, ўрин бузилмабди ҳам. Ё бирор нохушлик бўлдими, бирор нарса тинчингизни буздими?
Шунда Усмон Ғозий шундай жавоб берди:
- Йўқ, ҳеч бир нохушлик бўлмади. Деворда эҳтиётлаб осиб қўйилган Мусҳафни кўрдим. Қуръон олдида оёқ узатиб ётиш бизларга мумкин эмас. Унга ҳурматсизлик кўрсатиш мусулмон одамга тўғри келмайди...

 

"Кўҳна дунё ва ривоятлари" китобидан

Қирғизистон Республикасида миллий бош кийим ҳисобланган - Оқ қалпоқни ҳақорат қилганлар жаримага тортилиши ҳақида маълум қилинди. Бу ҳақда Қирғиз парламенти депутатлари ушбу миллий кийимга Республиканинг миллий рамзи статусини бериш борасида таклиф киритдилар.

islam-today.ru нашрининг хабар беришича, ушбу таклиф бугунги кунда муҳокамага киритилган. "Оқ қалпоқ миллий бош кийимига миллий рамз статусини бериш тўғрисида"ги қонун лойиҳасига парламент сессиясининг биринчи ўқувида қабул қилинган.

Яқин кунларда қонун қабул қилиниши кутилмоқда. Қонун билан Оқ қалпоқни миллий белги сифатида ҳурмат қилишга чақириш, миллий белгини ҳимоя қилиш кўзда тутилган.

Миллий рамзни ҳақоратлаган, унга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатганлар учун жарима қўллаш кўзда тутилмоқда. Маълумот учун, жисмоний шахслар учун 1000 сом (15 АҚШ доллари) ва юридик шахслар учун 5000 сом (72 АҚШ доллари) миқдорида жарима кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Суббота, 02 Март 2019 00:00

Шуларни бир ўқиб кўринг!

Агар намозингда шошилсанг, ёдингда тут, сен етишга интилаётганинг ва йўқотишдан қўрқаётганинг барча нарса – сен ҳузурида турган Зотнинг қўлидадир.

*****

Бир киши олимнинг ёнига келиб: “Фалончи сизни сўкди” деди. Шунда олим: “Ўша одамнинг менга отган ўқи тегмаган экан. Нега сен ўша ўқни олиб келиб, қалбимга санчяпсан?!” деди. Душманинг фақат сен ҳақингда гапирган кимса эмас, балки ўша гапни сенга олиб келган кимса ҳамдир.

*****

Ҳаёт супермаркетга ўхшайди. Ичига кириб, айланиб, ўзингга ёққан турли нарсаларни сотиб оласан. Амма унутма! Олдинда касса бор. Олган ҳамма нарсангнинг ҳаққини у ерда тўлайсан.

*****

Садоқат китобга ўхшайди. Ёзиш учун бир неча йил вақт кетади. Ёқиш учун эса бир неча сониялар.

*****

Чироқ қанча баландга кўтарилса, унинг ёритадиган майдони шунча катта бўлади. Сен ҳам Динга амал қилишинг, ахлоқинг, фикрлашинг, имкониятларинг билан юксал. Токи одамларга берадиган нарсаларинг ва ҳаётдаги ижобий таъсир доиранг кенгайсин.

*****

Безовталик тебранма стулга ўхшайди. Сени доим ҳаракатлантириб туради, аммо ҳеч қаерга олиб бормайди.

*****

Кўзойнагинг қайсидир фирманики.

Соатинг ҳам таниқли фирманинг маҳсулоти.

Поябзалинг ҳам довруғи кетган фирмага тегишли.

Шахсиятинг ҳам қайсидир спротчи, қўшиқчи ёки актёрга тақлиддан иборат.

*****

Ўрни келганда хатоларини ўчириб, унинг ўрнига яхши ёзув ёзиши учун инсон бу ҳаётда қаламдек бўлиши керак. Ана шунда қалам тугаса, яъни вафот этасангиз, ортингизда Аллоҳ рози бўладиган гўзал ёзувлар (солиҳ амаллар) қолади.

*****

 

Фейсбукдаги “Ҳаётнинг нариги юзи” саҳифасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

24-25 апрель кунлари Қозон шаҳрида ҳар йиллик RUSSIA HALAL EXPO халқаро ҳалол индустрия кўргазмаси ўтказилади.

Кўргазмада Россиядан ташқари ўз маҳсулотларини Ўзбекистон, БАА, Саудия Арабистони, Эрон, Туркия, Индонезия, Баҳрайн, Малайзия, Ўмон, Миср, Жанубий Корея, Канада, Буюк Британия, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Белоруссиянинг ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчи компаниялари иштирок этишади.

Бу йил кўргазма майдони ўтган йилгига қараганда 3,5 баробар ошиб, 5 минг кв.м.ни ташкил этади.

Кўргазмага 5 мингдан ортиқ одамлар ташриф буюриши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Суббота, 02 Март 2019 00:00

Қадр-қиммат

Ўн йилнинг қадрини яқинда ажрашган эр-хотиндан сўранг.

Тўрт йилнинг қадрини университетни яқинда битирган йигитдан сўранг.

Бир йилнинг қадрини якуний имтиҳонда йиқилган талабадан сўранг.

Бир ойнинг қадрини боласини муддатидан бир ой олдин дунёга келтирган онадан сўранг.

Бир ҳафтанинг қадрини ҳафталик газета муҳарриридан сўранг.

Бир дақиқа қадрини вокзал ёки аэропортга бир дақиқа кеч келиб, поезд, автобус ёки самолётга улгура олмаган йўловчидан сўранг.

Бир сониянинг қадрини фалокатдан қутулиб қолган кишидан сўранг.

Сониянинг бир бўлаги қадрини олимпиада ўйинларида кумуш медал соҳиби бўлган кишидан сўранг. (Кўпинча олтин медал олган билан кумуш медал олган спортчининг маррага етиб келишида сониянинг бир неча улушларида фарқ бўлади)

Опа-сингилнинг қадрини опа-синглиси йўқ кишидан сўранг.

Ҳаёт, яшаш қадрини ўлим тўшагида ётган кишидан сўранг.

Аллоҳни зикр қилишнинг қийматини, қадрини билмоқчи бўлсангиз, ўлинг ва умрингизнинг қанча қисмини ғафлатда ўтказиб юборганингизга қаранг. 

 

Фейсбукдаги “Ҳаётнинг нариги юзи” саҳифасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Top