muslim.uz
Нима учун “Иншаа Аллоҳ” деймиз?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“Зинҳор бир нарсани: “Буни эртага албатта қилгувчиман”, дема. Магар: “Аллоҳ хоҳласа”, дегин. Қачонки (бу сўзни айтишни) унутсанг, (ёдингга келиши билан) Роббингни эсла (яъни, Аллоҳ хоҳласа, дегин)...” (Каҳф сураси 23–24-оятлари).
Бу оятлар бизга шаръий одоблардан бирининг таълимини бермоқда. Бу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло тарафидан Унга нисбатан одобли бўлишга иршодни кўрамиз. Биз ҳам “иншаа Аллоҳ” демай туриб, бирор нарса ҳақида “эртага қиламан” демаслигимиз керак. Чунки биз бандаларнинг барча ишларини Аллоҳ таоло яратишига эътиқод қилганмиз. Инсон бирор иш қилишни қасд қилса, ўзини ҳам яратган, у бажарадиган ишларни ҳам яратган, ғайб илмидан хабардор бўлган, келажакда нима вужудга келади-ю, нима вужудга келмаслигини яхши биладиган зот Аллоҳ таолонинг хоҳишига ҳавола қилиб “иншаа Аллоҳ қиламан” ёки “иншаа Аллоҳ бўлади” деб гапирмоғи лозим. Агар “иншаа Аллоҳ” дейишни унутган бўлса, кейин бўлса-да айтиб қўйсин.
Лекин биз бугун “иншаа Аллоҳ” ёки “Худо хоҳласа”ни қандай қўллаяпмиз. Бу сўзлар алдаш учун, ортга суриш учун ёки бировни умид қилдириш учун ишлатиладими?
Бугунги кунда кўпинча мазкур сўзларни нотўғри маънода қўллайдиган бўлиб қолдик. Аслида ўйлаб кўрадиган бўлсак, бу сўзлар иймон тақозосида ишлатиладиган сўзлардир. Лекин бугун амалий татбиқда салбий маънода яъни, бировни алдаш ёки ишни ортга суриш ё шу ишни умуман қилиш нияти бўлмаса ҳам “иншаа Аллоҳ қиламан”, “иншаа Аллоҳ бўлади”, “Худо хоҳласа...”, “насиб...” деб қўлланилмоқда.
Бу сўзларнинг бундай салбий маънода кенг тарқалиши Қуръони каримнинг маъносига хилофдир. Худди шу “иншаа Аллоҳ” каби салбий маънода “тақдир экан”, деб иймон тақозосидаги сўзни нотўғри қўллаш кўпайиб бормоқда. Агар: «Нима учун қилмадингиз?», деб сўралса, ўзи шу ишни қилишга ҳаракат қилмаган бўлса ҳам “Аллоҳ хоҳламаган экан-да”, ёки “Тақдир экан-да”, деб жавоб бериладиган бўлиб қолди.
Қуйида бугунги кунда мазкур сўзларнинг нотўғри қўлланаётганига баъзи мисолларни келтириб ўтамиз:
Масалан, баъзида хотин эридан бирор нарса олиб келишини сўраса, ўйламай ёки олиб келиш нияти бўлмаса ҳам вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида “иншаа Аллоҳ” ёки “Худо хоҳласа” деб жавоб беради. Лекин шу нарса олиб келинмайди. Агар сабаби сўралса, “иншаа Аллоҳ, дегандим, Худо хоҳламабди-да», дейди.
Ёки ўғил отасига велосипед олиб беринг деса, ота олиб бермаслигини билиб туриб, “Худо хоҳласа олиб бераман ўғлим” деб ваъда қилаверади, лекин ваъдасининг устидан чиқиб велосипед олиб бериш хаёлига ҳам келмайди. Бу нарса эса фарзандларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.
Ёки бир киши дўстига “худо хоҳласа, эртага эрталаб соат тўққизда кўришамиз” деса, кечки тўққиз ҳам бўлади, лекин ҳалиги дўстидан дарак йўқ. Гўё “иншаа Аллоҳ” деса ваъдасини бажармаса ҳам бўлаверади, деб ўйлайди.
Агар баъзи бир кишиларга “намоз ўқинг” дейилса, “иншаа Аллоҳ, худо хоҳласа ўқийман” дейди. Лекин ўзининг ўқишга истаги йўқ. Натижа ҳам шунга кўра бўлади. Ушбу ўринларда “худо хоҳласа” лафзи ўз маъносида қўлланилмаяпти. Қолган ишларни ҳам шунга қиёс қилаверинг.
Бугун ҳаётимиздаги барча муваффақиятсизликларни “иншаа Аллоҳ”га боғлаб қўйдик. Гўёки Аллоҳ таоло бизга муваффақиятсизликни ирода қилган.
Нима учун “иншаа Аллоҳ” деганимиздан кейин ўзимиз ҳаракат қилиб, уриниб кўрмаймиз? Унинг ўрнига эриниб, Аллоҳ шуни ирода қилган экан-да, деб қўя қоламиз.
Ҳатто шундай ҳолатга тушиб боряпмизки, биров биздан ёрдам сўраб келганда: “Худо хоҳласа бўлади” деб жавоб берсак, гапимизга ишонмай, ишим битмас экан-да деб, умидни узиб, бошқа ердан ёрдам излайдиган бўлиб қолишди. Наҳотки сўзимизнинг шунчалик қадри йўқолиб кетаётган бўлса?
Шунинг учун бўлса керак, бозорда бирор нарса ёқиб қолса, сотувчига сотмай туринг, буни мен олдим, ҳалироқ пулини бериб олиб кетаман десак, сотувчи бизнинг лафзимизга ишонмай, лафзидан қайтиб қолмасин деб: “закалад” беринг, дейди. Биз ҳам “закалад” берган бўлсак, пулимиз куяётгани учун мажбуран оладиган, агар “закалад” бермаган бўлсак, лафзимизга ёки ваъда берганимизга эътибор қилмай олмай ҳам қўяверадиган бўлиб қолдик. Лафзимизнинг қадри қаерда қолди?
Ривоят қилинишича лафзига ўта мустаҳкам бир киши бўлган экан. Бир куни уйини сотадиган бўлиб қолибди. Уйининг нархи ўттиз минг экан. Харидор билан савдо қилаётган пайтда янглишиб уч минг деб юборибди ва шунга ақд боғлабди. Ёнидагилар у кишига: «Сиз адашиб уч минг дедингиз, сўзингиздан қайтинг, ақдни бошқадан ўттиз мингга боғланг», дейишибди. У киши эса: «Йўқ, менинг лафзим ўттиз мингдан қиммат туради», деган экан.
Аслида инсон бирор ишга “иншаа Аллоҳ” дейишдан олдин ўша ишни қилишга ўзи қатъий ишонган ва қасд қилган бўлиши лозим. Лекин уни қилишдан инсоннинг ихтиёридан ташқари бўлган бирор бир сабаб тўсиб қолиши мумкинлигини ҳис қилиб, “Иншаа Аллоҳ” дейиши керак.
Демак, ҳаётимизни барча нарсани яратган зотнинг хоҳишига кўра интизомга солишимиз бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу билан кучли ирода ила қувватланган бўламиз. Модомики биз “иншаа Аллоҳ” дегандан сўнг Аллоҳ таолонинг қонуни бўлган сабабларни тутсак, ўзимиз ҳам ҳаракат қилсак, натижалар биз қилган ҳаракатнинг тескариси бўлиб чиқмайди. Бунинг учун афсус-надомат ҳам чекмаймиз ва, албатта ўйлаганимиз амалга ошади.
Хулоса шуки, мусулмон киши бирор ишни бажаришга ваъда қилса аввало “иншаа Аллоҳ” ёки “Худо хоҳласа” деб ваъда қилсин ва шунга биноан ўзи ҳам ҳаракат қилсин. “Худо хоҳласа” дегандан сўнг агар ўзи шу ишни бажаришга ҳаракат қилмаса, у ваъдасига хилоф қилувчи ва ёлғончи бўлади. Энг ёмони сўзининг қадри қолмайди, унинг рост сўзига ҳам биров ишонмай қўяди. Натижада Аллоҳ таолонинг ва халқнинг назаридан қолади.
Манба: http://www.islom.uz
Саҳобалар ҳаёти – Фотима бинти Асад (розияллоҳу анҳо)
Фоторепортаж: Аллоҳ яратган гўзаллик
Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик!
Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида “Февраль ойи – Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фан ойлиги муносабати билан 2019 йил 28 феврал куни “Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик!” шиори остида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фани бўйича мусобақа мусобақаси ўтказилди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият бўлими мудири М.Ҳомидов ҳамда мутасадди раҳбарлар ва устоз-мураббийлар ташриф буюришди. Тиловати Қуръон ва дуо-и хайрдан сўнг институтнинг ўқув ва илмий ишлар бўйича
проректор У.Ходжаев нутқ сўзлаб, тадбирни очиб бердилар.Мусобақада иккинчи курслар орасидан 3 та жамоа иштирок этди. Мусобақа тўрт шартдан иборат бўлиб, уч жамоадан ҳар бирининг шартлар бўйича берган жавоблари ҳакамлар томонидан холисона баҳолаб борилди.
Мусобақа бошидан охиригача қизғин тус олди. Гуруҳ иштирокчиларининг мусобақага яхши тайёргарлик кўрганлари томошабинларга ҳам яққол намоён бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, “Бухорий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 190 баллдан тўплаб, биринчи ўринга; “Термизий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 177 балл тўплаб, иккинчи ўринга ва Доримий авлодлари гуруҳ иштирокчилари 168 балл тўплаб, учинчи ўринга сазовор бўлишди.
Ғолиб гуруҳ ва мусобақада фаол иштирок этган гуруҳларга институт ҳамда ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, тадбир сўнггида фан ойлиги муносабати билан ўтказилган савол-жавоб ва мақолалар танлови ғолиблари ҳам тақдирландилар. Тадбир институтнинг “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Абдурасул Ташпўлатовнинг нутқи ва хайрли дуолари ила якунланди.
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ю.Абдураҳимов
Бу бизнинг бурнимиз...
Бурун ажойиб тарзда яратилган аъзо бўлиб, ичида устма-уст жойлашган мугуз пластинкалар бор. Ҳаво ўша пластинкалар орасидан узоқ масофани босиб ўтади. Нега?
Маълумки, инсоннинг тана ҳарорати 37 даража бўлиб, қиш кунларида ҳарорати 0° бўлган ҳаводан нафас олади. Ушбу совуқ ҳаво бурун ичидаги пластинкалардан айланиб ўтиб, ўпкага илиқ ҳаво тарзида етиб боради.
Инсоннинг саломатлигида бурундаги ушбу мугуз пластинкаларнинг катта ўрни мавжуд. Чунки уларда мушакларга бириккан қон томирлари бор. Бу мушаклар кенгайса, ундаги қоннинг миқдори ортади. Инсоннинг бурни совуқ кунларда қизил рангда кўринади. Бу ранг қаердан келди? Бу ўша буруннинг ичидаги қон томирлари кенгайганидан далолат. Илиқ қон бу томирларга келгач, пластинкаларни илитади. Пластинкалар илигач, уларнинг орасидан ўтаётган совуқ ҳаво ҳам илийди.
Агар инсон оғзи орқали нафас олса, жуда кўп касалликларга чалинади. Бурундан нафас олганда эса, совуқ ҳаво илиши натижасида касалликлардан қутулади. Шунингдек, мазкур пластинкалар шилимшиқ ва ёпишқоқ модда билан қопланган. Бу модда бурунга ҳаво орқали кирадиган чанг ва бошқа зарарли микробларни тутиб қолади. Гоҳида инсон чангли ҳавода нафас олганда, бурнидаги шилимлиқ моддага ўша чанглар ёпишади. Бурнини ювганда ўша чангларни қорамтир рангда кўради. Бу ердаги улкан ҳикматни қаранг!
Агар чанг ҳавода нафас олганимизда, баъзи чанг заррачалари ёпишқоқ моддадан қутулиб қолди. Энди уларни нима тутиб қолади? Энди уларни бурун ичидаги туклар тўсиб қолади!
Пластинкалар ҳам шилимшиқ модда билан, ҳам тук билан қопланган.
Шундай қилиб бурун орқали ўтаётган совуқ ҳаво илийди. Чанглар ёпишқоқ моддага ёпишиб қолади. Улардан ўтгани тукларга илинади. Хуллас, зарарли модда ичкарига, ўпкага ўтмаслиги учун бурун мукаммал аъзо қилиб яртилган.
Соғлом ақлли инсон бу ишлар ўз-ўзидан бўлган деб ўйламайди! Бу ерда улкан ҳикмат, буюк раҳмат борлигини бутун вужуди билан ҳис қилади!
Инсон шу бурни билан турли ифорларни ҳидлайди. Унда нечта ҳид билувчи асаб толалари бор? 20 миллионта!
Ҳар бир ҳид билувчи асаб толасининг учи еттита попук билан тугайди. Бу попуклар ҳам шилимшиқ моддалар билан ўралган. Попуклар ва шилимшиқ модда ташқаридан кирган ҳид билан реакцияга киришади ва попуклар геометрик шаклга киради. Бу геометрик шакл ўша ҳиднинг белгиси ҳисобланади. Кейин ушбу шакл мияга юборилади ва миядаги ҳид билиш бўлимига қайд этилади. Кейинчалик сиз истеъмол қилаётган таомингизга ялпиз солинганини ёки фалон модда қўшилганини сезиб қоласиз. Қандай сезасиз? Гап шундаки, ялпиз ҳиди бурнингиздаги ҳид билиш рецепторларида муайян шаклни ҳосил қилади. Кейин ўша шакл миядаги ҳидлар марказига юборилади. Олимларнинг айтишича, миядаги ҳид билиш марказида ўнг минглаб пунктлар бор экан. Ҳиднинг белгиси бўлган шакл шу пунктларга бирма-бир кўрсатиб чиқилар экан. Кейин мия ўша марказда қайд этилган ҳидлар орасидан ялпиз ҳидини топади. Ана шунда сиз овқатингизга қўшилган нарсанинг ялпиз эканини сезасиз.
Ҳа, азизлар, инсондаги ҳар бир аъзо ана шундай бетакрор ва ажойиб қилиб яратилган. Инсон учун энг яқин нарсалар унинг тана аъзоларидир. Улар ҳақида тафаккур қилиш, тузилишини, ишлаш жараёнини ўрганиш Аллоҳ таоло ҳақида маърифат ҳосил қилишнинг энг қисқа йўлидир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَفِي الْأَرْضِ آيَاتٌ لِّلْمُوقِنِينَ وَفِي أَنفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ
“Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!” (Зарият сураси, 20-21-оятлар).
Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси