muslim.uz
Депрессиянинг шифоси Қуръонда?
Америкалик психолог олим Жейкоб Либерман: “Йигирма биринчи аср – ривожланган технология ва руҳий-асаб касалликлари даври” дея таъкидлаганда кўпчилик унга шубҳа билан қарашган. Бугун эса олимнинг нақадар ҳақлигини барчамиз кузатиб турибмиз...
Хўш, Депрессия ўзи нима? Тиббиётда депрессия кайфиятнинг кескин пасайиши, фикрлар карахтлиги ва ҳар қандай ҳаракатга бўлган интилишнинг йўқолиши билан кечувчи касаллик дея таъриф берилади.
Кенг тарқалган касалликми?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра ер шарида депрессия билан рўйхатга олинганлар сони 200.000.000 га яқин. Бироқ, аксарият мутахассислар фикрича, депрессия билан касалланган ҳар 3 бемордан иккитаси врач назоратида турмайди. Бошқа бир мутахассислар фикрича, депрессия билан касалланганлар сонини аниқлаш мушкул. Чунки депрессия турли хил клиник кўринишда намоён бўлмоқда ва ҳамма вақт ҳам ташхис тўғри бўлиб чиқавермайди. Бунинг устига депрессия билан оғриган беморларнинг ҳаммаси ҳам мутахассисларга мурожаат қилавермайди.
Келиб чиқиш сабаблари?
Депрессиянинг асосий келиб чиқиш сабаблари – булар ўткир ва сурункали руҳий сиқилишлар, кетма-кетма келувчи муваффақиясизликлар ва узоқ давом этувчи оғир касалликлардир. Ташқи салбий омиллар сабабли ривожланган депрессияга “экзоген” депрессия деб айтилади. Ҳеч қандай сабабсиз ривожланадиган депрессияга “эндоген” депрессия дейилади. Эндоген депрессиялар ривожланишида наслий омилнинг ўрни катта.
Ниқобланган депрессия нима?
Соматик симптомлар, яъни ички аъзолар функсиялари бузилиши билан кечувчи депрессияга ниқобланган депрессия деб айтилади. Нима учун ниқобланган депрессия дейилади? Чунки бемор депрессия билан касалланган бўлса-да, унинг шикоятлари худди бошқа касалликларни эслатади, яъни “Мигрен”, “Юрак оғриқлари”, “Бўғим оғриқлари”, “Ошқозон-ичак касалликлари”, “Тери-таносил касалликлари” ва ҳ.к. Беморни текшираётган врач беморнинг кайфияти оғриқлар сабабли тушган деб ўйлайди. Аслида беморда ниқобланган депрессия ривожланган бўлади. Бундай беморга албатта психолог ёки психиатр керак.
Касаллик белгилари?
Депрессияда кўп кузатиладиган асосий руҳий-ҳиссий бузилишлар – булар кайфиятнинг тушиб кетиши, умидсизлик, ғам-ғусса, доимий хавотир, ёмон воқеаларни кутиб яшаш, айбдорлик ҳисси ёки ўзини ҳадеб айблайвериш, қайсарлик, ўжарлик, ўз билганидан қолмаслик, ўз ҳаётидан қониқмаслик ва ўзини камситиш, атрофдаги воқеалар ва яқинларига қизиқишнинг йўқолишидир. Депрессияга чалинган одамларнинг кайфияти кун бўйи ўзгариб туриши мумкин. Масалан, эрталаб кайфияти жуда яхши бўлса, кечга яқин унинг кайфияти умуман тушиб кетади. Баъзи одамларда бунинг тескариси кузатилади.
Депрессияда бош оғриқ, бош айланиши, энса ва бўйин соҳасида оғриқлар, юрак соҳасида оғриқлар, нафас етишмаслиги, иштаҳа пасайиши, қабзият, жинсий заифлик, ҳайз кўришнинг бузилиши, турли умумий холсизлик каби белгилар кўп кузатилади. Бош оғриқ – депрессиянинг энг кўп учрайдиган белгисидир. Демак, доимий тарзда боши оғрийдиган беморда депрессия бор-йўқлигини текшириб кўриш керак. Тўғри, аслида юқоридаги белгилар бошқа хасталик сабаблари бўлиши ҳам мумкин аммо, барибир мутахассисга учраган маъқул.
Ҳулқ-атворга таъсири?
Депрессияда ҳулқ-атвор бузилишлари жуда кўп учрайди. Булар – ўз жонига қасд қилишга интилиш, бирор-бир фаолиятга қизиқмаслик, камҳаракатчанлик, уйдан чиқмай ётавериш, ёлғизликка интилиш, бировлар билан мулоқотдан қочиш, ичкиликка ёки турли фармакологик дориларга ружу қўйиш.
Хотирага таъсири?
Депрессияда хотира ва фикрлаш жараёни бузилишлари кўп учрайди. Паришонхотирлик, хотира пасайиши, айниқса эслаб қолишнинг бузилиши жуда кўп кузатилади. Фикрлар карахтлиги – депрессиянинг асосий белгиларидан биридир.
Кимларда кўпроқ кузатилади?
Депрессия одатда кучли, мақсадга интилувчан, бироқ ҳиссиётга берилувчан одамларда кўп учрайди. Уларнинг депрессияга тушишдан олдинги ҳаёти ўрганилганда, қуйидаги хусусиятлар аниқланган: депрессияга учраган шахсларнинг ўзига хос дунёқараши бўлади, улар атрофдаги воқеаларни ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қиладиган ва ҳиссиётга берилувчан шахслардир. Улар кўпинча, ҳаётдан қониқмай яшашади, эришган ютуқлари уларни қониқтирмайди, ўз фаолиятига танқидий муносабатда бўлишади. Бу одамлар фақат маррани эгаллаш учун яшайдилар. Шу билан бирга бошқалар, масалан, ҳамкасбларининг хатоларини топиш ва маслаҳат бериб юришни хуш кўришади. Агар унинг хатосини кўрсатишса, бундан қаттиқ азият чекади ва шу одамни ёқтирмай қолади.
Депрессиянинг давоси борми?
Бугунги кунда замонавий тиббиёт ва психология депрессияни асосан икки услубда даволайди. Биринчиси антидепрессант дори-дармонлар билан даволаш бўлса, иккинчисида психотерапевтик суҳбатлар қўлланилади. Аммо, бу касалликни муолажа қилишнинг яна бир услуби бор. Бу – ислом тиббиёти муолажаси. Гарчи бази бир мутахассислар томонидан инкор этилсада, мазкур услуб сўнги йиллардаги тадқиқотлдар натижасида кўплаб олимлар томонидан тан олинмоқда.
Асримиз бошида бир гуруҳ АҚШлик олимлар турли товушларнинг инсон миясига таъсири бўйича изланишлар олиб боради. Тадқиқотлар жараёнида барча садолар бош миянинг ҳужайраларига салбий ёки ийжобий таъсир етказиши аниқланган. Яъни ҳар қандай товуш қабул қилишда бош миянинг ҳар бир ҳужайраси ўзига хос тартиб билан тебранади ва ўз атрофидаги ҳужайраларга ҳам таъсир ўтказади. Маълумотни етказишда бу ҳужайраларнинг фаъолияти, тебраниш ва асаб толаларининг ишлаб чиқарилиш шаклида бўлади. Тадқиқот жараёнида депрессияга чалинган бир гуруҳ беморларга турли хил товушлар ва мусиқа оҳанглари эшиттирилиб уларнинг мия хужайралари фаолияти ўрганилади. Сокин мусиқа ва майин товуш инсон миясига ижобий таъсир кўрсатар экан. Аммо, олимлар бундан қониқишмайди ва иштирокчиларга Қуръон оятларидан қўйиб беради. Натижада... Натижа шу даражада хайратланарли бўладики, олимлар бу ҳолатдан таажубга тушади. Яъни, Қуръони карим тинглаган беморларнинг марказий асаб тизими ва нерв толаларида қайта дастурлашга ўхшаш жараён юзага келади. Бу дегани, хатто хотираси йўқолиш арафасидаги одамнинг хотираси қайта тикланади. Худди чақалоқникидек...
Аллоҳ таоло Ўз Каломида шундай марҳамат қилади:
“Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас”. (Дарҳақиқат, Қуръони Карим шифодир, Қуръони Карим раҳматдир. Қуръони Карим куфр, ширк ва мунофиқлик каби энг зарарли ақидавий хасталикларни даволайди.) (Исро сураси, 82)
Биз мусулмонлар Қуръони карим нажот ва шифо эканлигига заррача шубҳа қилмаймиз. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзи бу ҳақда таъкидлаган. Қувонарлиси шундаки, бу ҳақиқатни бугунга келиб дунё олимлари ҳам ўз тадқиқотлари натижасида эътироф этмоқдалар ва албатта бундан кейин ҳам Қуръонда келтирилган мўжизалар ўзининг илмий исботини топаверади. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримни бутун инсониятга раҳмат, ҳидоят ва шифо ўлароқ нозил қилган. Бу ҳақда ҳам Қуръони каримда шундай оят нозил этилган:
“Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди”. (Эй одамлар! Қуръонни ёлғон деманг! Қуръонни фалончи тўқиган, деманг! Унинг тўғрисида шубҳа қилманг. У қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди. Ким Қуръонга иймон келтириб, мусулмон бўлса, у ўша одамни ҳидоятга бошлайди, Аллоҳнинг раҳматига эриштиради.) (Юнус сураси, 57)
Мазкур мақолани мавзуга оид ҳадиси шариф билан якунлашни лозим деб топдик:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизлар ўзингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар!” (Байҳақий ва Ҳоким ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизнинг қалбларимизни Ўз Каломи ила нурафшон этиб, жисмимизга саломатлик ва шижоат ато этсин!
Мақолани интернет ва тиббиётга оид манбалар асосида
Саидаброр Умаров тайёрлади
Тарихий масканнинг замонавий қиёфаси
“Нега бу одам “Малибу”да юрадию, мен ҳалиям “Жигули”да юрибман?!”
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Дунёвий неъматлар борасида ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қаранглар, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқманглар. Зеро, бу Аллоҳнинг сизларга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга сабаб бўлади”. Имом Муслим ривояти.
Демак, молу дунёда ўзидан юқорироқ кишига қараган одамнинг қалбида ўша инсонга ўхшашга интилиш, молу давлатни кўпайтиришга мойиллик пайдо бўлади. У ўзидан пулдорроқ кимсани кўрганда, “Нега бу одам “Малибу”да юрадию, мен ҳалиям “Жигули”да юрибман?!” деб ўйлаб, машинасини “Малибу” қилишга, ҳеч бўлмаса, “Нексия”га ўзгартиришга уриниб қолади. Бундай кайфиятда бўлиш эса ўзидаги “Жигули” машинаси неъматига шукр қилмаслигига сабаб бўлади.
Шунинг учун молу давлат масаласида ўзидан қуйироққа қараш лозим. Агар шундай қилса, “Кўпчилик одамларда ҳатто велосипед ҳам йўқ. Аллоҳ таоло менга “Жигули”дек машинани насиб этган. Бунинг шукрини адо этишим керак. Неъматга шукр қилсам, Аллоҳ таоло яна зиёда қилиб беради” дейдиган бўлади.
Дин, ибодат масаласида эса ўзидан юқори даражадаги инсонларга қаралади. Ана шунда “Бу одам ҳар куни нафл намоз ўқийди, ҳар куни рўза тутади, садақа қилади, жанозада қатнашади, беморларни кўргани боради, ҳар куни ота-онасини зиёрат қилади. Нега мен шундай эмасман? Нега бу одамдан ибрат олмайман?” деб, яхши инсонлардан ибрат оладиган, улардек бўлишга интиладиган бўлади.
Дин, тоат-ибодат масаласида ўзидан қуйи даражадаги кимсаларга қаралмайди. Акс ҳолда “Мен ҳар куни масжидда беш вақт намоз ўқияпман. Фалончи эса ҳатто уйида бўлса ҳам намозларини адо этмаяпти. Демак, мен ундан анча кўп амал қилаётган эканман” деб ўйлаб қолиниши мумкин. Агар шундай деб ўйланса, амалларга риё (хўжакўрсинлик), сумъа (биров эшитсин дейиш) ва ужб (ўз амали ила ғурурланиш) аралашади-да, уларнинг савобини йўққа чиқаради. Қолаверса, ўз ибодатини кўп санаб, янада кўпроқ ибодат қилишдан тўхтаб қолади.
Шу сабабли дунё ишида ўзидан паст даражадаги одамга, дин ишида ўзидан юқори даражадаги инсонга назар солинади.
Ҳадиси шарифдан шундай хулосалар олишимиз мумкин.:
- Банда молу дунёси кўпларга қараб, қалбига дунё муҳаббати кириб, унга муккасидан кетиб, ҳаётининг мазмун-моҳияти шу бўлиб қолмасин. Дунёга нега келганини, нима учун яшаётганини унутиб қўймасин.
- Банда фақирлардан ибрат олиб, ўзидаги неъматларга шукр қилишни ўргансин. Қаноат буюк фазилат ва катта бойлик эканини унутиб қўймасин.
- Банда бошқалардан солиҳлардан ибрат олиб, ўзидаги амалларни кўпайтиришга уринсин.
- Банда ўз амалларига катта баҳо бериб, салбий иллатларга мубтало бўлмасин.
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Остона шаҳрида IV халқаро илмий-диний анжуман ўтказилади
2019 йилнинг 11 апрель куни Қозоғистон ва Россия мусулмонлар диний идоралари ҳамкорлигида Остона шаҳрида IV “Маънавий ипак йўли. Ислом ва ёшлар: замонавий чақириқлар йўлида” номли халқаро илмий-диний анжумани ўтказилади.
muftyat.kz хабарига кўра, Остона шаҳрида Қозоғистон ва Россия мусулмонлар диний идоралари вакиллари ушбу анжуманга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилишган.
Ушбу анжуманда Евроосиё мамлакатлари муфтийлари, мусулмон мамлакатларининг диний етакчилари, ислом ташкилотларининг раҳбарлари, диншунослар ва диний арбоблар иштирок этиши кутилмоқда. Анжуманда ёшларни замонавий чақириқлар, салбий тенденциялар, диний экстремизм қутқуларидан ҳимоя қилиш, уларни илмга, ўрганишга ва инсонпарварликка чақириш масалалари муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Шаҳобиддин Маржоний татар ва ўзбек халқини бирлаштиради
21 февраль куни Бухородаги давра суҳбати татар халқи тарихи асосчиси, файласуф, илоҳиётчи ва маърифатпарвар олим Шаҳобиддин Маржонийга бағишланди. Тадбирда Татаристон бош вазири ўринбосари, Татарлар бутундунё конгресси Миллий Кенгаши раиси Василь Шайхразиев ва Бухоро ҳокими Карим Камоловлар иштирок этишди.
tatar-congress.org хабарига кўра, Галимжон Иброҳимов номли тил, адабиёт ва маданият институти марказ мудири Илҳом Гумеров Ш.Маржонийнинг илмий ишлари ва мактублари, шунингдек ҳозирги кунгача сақланиб қолган кутубхонасидаги китоблари ҳақида сўзлаб берди.
«Бухоро мероси» илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Роберт Альмеев Ш.Маржонийнинг Ўзбекистон билан боғлиқ ҳаётига тўхталди. У 1845-1849 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Кейинчалик Самарқанддаги Шердор мадрасасида ҳам таълим олиб, илму ижод билан шуғулланган, бир қатор илмий ишларини ёзган.
Роберт Альмеев Ш.Маржонийни татар тарихининг отаси деб атади.
Галимжон Иброҳимов номли тил, адабиёт ва маданият институти марказининг етакчи ходими Озод Охуновнинг айтишича, Маржоний 30дан ортиқ диний ва илмий асарларнинг муаллифи ҳисобланади.
“Ш.Маржоний — татар тарихини ўрганишнинг асосчисига айланди. Унинг асарларининг 99% араб тилида битилган ва ҳамон охиригача ўрганилмаган. Биз бунинг устида ишламоқдамиз. Бу фактлар ўзбек халқи учун ҳам қизиқиш уйғотиш мумкин. Унинг мероси жуда катта аҳамиятга эга”, - дейди Озод Охунов.
Бухоро давлат университети манбашунослик кафедраси мудири Бобур Номозов Маржоний ғоялари Марказий Осиё маърифатпарварларига таъсири ҳақида гапириб берди.
Татаристон муфтийси биринчи ўринбосари Рустем ҳазрат Валиуллин Маржонийнинг кўпқиррали олим эканлиги, у билан боғлиқ жойларни ҳар йили зиёрат қилиш лозимлигини таъкидлади.
Василь Шайхразиев фикрига кўра, Ш.Маржоний татар ва ўзбек халқини бирлаштиради.
“У бизнинг тарихимиз, бизнинг фахримиз. Унинг мисолида биз келгуси авлодларни тарбиялашимиз керак. Бу из мунтазамлик касб этиши лозим. Биз Маржоний номини улуғлашимиз, унинг асарларини бошқаларга етказишимиз керак. Бу бизнинг вазифамиз”, - деди Василь Шайхразиев ва Бухоро ҳокимияти вакилларига ушбу давра суҳбатини ташкиллаштиришдаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати