muslim.uz
“Аксирган одам нима дейиши керак эди?”
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ Қуръон ва Суннатни яхши билувчи, обид, тақводор киши эдилар. У зотнинг илм мажлисларига кўп одамлар келишарди. Кунларнинг бирида йўлда бир киши билан кетаётган эдилар. У одам акса урди, лекин Алҳамдулиллаҳ демади. Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ акса урганда Аллоҳга ҳамд айтиш ҳар бир мусулмонга суннат эканини эслатиш учун у одамга маъноли қарадилар. Аммо у имомнинг нима мақсадда қараганларини англолмади. Шунда буюк олим ҳамроҳларига озор етказмасдан ўша суннатни бажаришни эслатиш учун: “Аксирган одам нима дейиши керак эди?” деб савол бердилар. У: “Алҳамдулиллаҳ” деди. Буни эшитган Ибн Муборак ҳазратлари: “Ярҳамукаллоҳ (Аллоҳ сенга раҳм қилсин!)” дедилар.
Ҳа, азизлар, улуғларимиз ана шундай фаросатли эдилар. Суннатга амал қилишга ҳам, инсонларнинг қалбларига озор етказмасликка ҳам ҳарис эдилар.
Бизчи? Дўстимиз бир хато қилса, қандай муомала қиламиз? Биз ҳам алломаларимизга ўхшаб мулойимлик ва фаросат билан дўстимизга камчиликка йўл қўйганини англатамизми ёки қўполлик қиламизми?
Азиз диндошим, бу саволнинг жавоби нима экани ўзингизга яхши маълум. Келинг, биз ҳам Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳга ўхшаган уламоларимиздан ўрнак олайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни воқеамиз қаҳрамони бўлган Ибн Муборак ҳазратлари каби Суннатни бажаришга ва инсонларнинг қалбларини эҳтиёт қилишга уринувчи инсонлардан қилсин, омин!
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Тут барги Аллоҳ таолонинг борлигига далилдир!
Бир куни бир неча даҳрийлар Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг олдиларига бориб, у кишидан Аллоҳ азза ва жалланинг борлигига далил сўрашди. Имом бироз ўйланиб турдилар-да, кейин: “Далил – тут баргидир!” дедилар. Улар ҳайрон бўлиб, “Тут барги қандай қилиб Аллоҳнинг борлигига далил бўлади?” деб сўрашди. Шунда Имом: “Тут баргининг таъми, мазаси бир хил. Лекин агар уни ипак қурти еса, пилла ишлаб чиқаради. Асалари еса, асал ишлаб чиқаради. Кийик еса, хушбўй ифорли мушк ишлаб чиқаради. Ким турли жонзотларга битта баргни ризқ қилиб бериб, улардан турли нарсаларни чиқаради? Бундай ишга фақат бутун коинотни яратган Аллоҳ таоло қодирдир” деб жавоб бердилар.
Интернет маълумотларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Тошкент шаҳрида имом-хатибларнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди
Имом-хатиб бугун ўзига юклатилган шарафли масъулиятни қанчалик тўлақонли адо этяпти? Қандай фазилатларга эга бўляптию, қайси жиҳатларда оқсамоқда? Айниқса, шиддат билан ўзгараётган даврда дин атрофидаги мунозараларга илмий ечим, асосли жавоб бера оляптими? Бугун, 8 феврал куни Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг навбатдаги йиғилишида ана шу масалалар муҳокама қилинди.
Чунки диний соха эгаси ўта ҳассос омонатни тутиб турган кишидир. Унинг зиммасида бугун икки карра масъулият бор. Кишиларни ҳидоят ва маърифатга чақириш, ундан сўнг эса бу йўлда адашиб кетмаслик. Аждодлар, улуғ устозлар йўлини тутишда мустаҳкам кўприк бўла олиш. Инчунин, адашиш бугун осон бўлиб қолди. Бўлинаётган барча фирқа, тоифа ўзини нажотга бошловчи, соф исломни таълим берувчи деб эълон қилади. Бундай пайтда имом-хатиб ўз билими, илмий салоҳияти ила ҳақ билан ботилни ажратиб беради, адашган тоифа эгасига асосли раддия бера олиши билан жамиятда бирдамлик, биродарликни таъминлай олади. Мана шундай талабга жавоб бера олганларгина бу вазифага муносиб бўладилар.
Йиғилишда билдирилган шу каби фикрлар юзасидан уламолар томонидан тегишли тавсиялар берилиб, имом-хатибларнинг мавзу бўйича таклифлари ўрганилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Навоий меросини ўрганамиз!
Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус Ислом билим юртида Алишер Навоий ҳазратларининг таваллуд айёмига 578 йил тўлганлиги муносабати билан “Навоий меросини ўрганамиз” шиори остида Навоийхонлик кечаси ташкил қилинди.
Тадбир талабалар томонидан тайёрланган хатми Қуръонни Навоий ҳазратларининг руҳи покларига бағишлаш билан бошланди. Тадбирни билим юрти мудири Д.Абдуқодиров очиб бериб, Навоий ҳазратларининг сермаҳсул ижоди, унинг аҳамияти ҳақида мисоллар билан гапириб берди.
Тадбирда 1-курс талабаларининг 3 та гуруҳи 5 та шарт бўйича Навоий ҳаёти ва ижоди бўйича беллашдилар.
Таништирув шартида 1-курс талабалари Навоий ҳазратларининг ҳаётлари ва ижодий фаолиятлари ҳақида 5 та тилда, яъни ўзбек, рус, тожик, араб, инглиз тилларида маълумотлар беришди ва Навоий ижодидан парчалар ўқиб беришди.
Эркин мавзуда саҳна кўриниши босқичида талабалар Навоий ҳазратларининг Ҳусайн Байқаро билан бўлган воқеалари асосида юқори савияда саҳна кўринишлари билан иштирок этишди. Бошқа шартлар бўйича ҳам талабалар юқори савияда Навоий ҳазратларининг ҳаёти ва ижоди бўйича мустаҳкам билимга эга эканликларини намойиш қилишди.
Тадбир давомида билим юрти мударрисларидан иборат ҳакамлар талабаларнинг чиқишларини баҳолаб борди ва ҳар бир шарт доирасида Навоий ижоди ва унинг аҳамияти ҳақида қисқача маълумотлар бериб боришди. Якуний натижага кўра, 118-“д” гуруҳ талабалари биринчи ўринни эгалашди. Тадбир иштирокчилари эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати