muslim.uz
Росулуллоҳ (са.в) нинг кўзлари намланган ҳолатлар
“Аёлим ишламайди” (Эр ва психолог ўртасида суҳбат)
— Муаммоингиз нима?
— Чарчоқ ва оғир иш.
— Нима иш қиласиз?
— Банкда ҳисобчи.
— Аёлингиз нима иш қилади?
— Ишламайди. Фақатгина уй бекаси.
— Ким эрталаб сизни ва фарзандларингизни уйғотиб, барчангизга нонушта тайёрлайди?
— Аёлим. Чунки, у ишламайди-да.
— Аёлингиз қачон уйғонади ва сиз қачон уйғонасиз?
— Аёлим эрталаб бешда, мен еттида уйғонаман. Чунки, у болаларни мактабга тайёрлаб, бизга нонушта пиширади.
— Болаларни мактабга ким олиб боради?
— Аёлим. Чунки, у ишга бормайди.
— Аёлингиз болаларни мактабга олиб боргандан кейин нима иш қилади-ю, сиз нима иш қиласиз?
— Уйга қайтиб, тушлик тайёрлайди, кийимларни ювади, уйни супуради, фарзандларнинг қайтишини кутади. Ишламайди-да, шунинг учун бу юмушларни у қилади. Мен эса, пешиндан кейинги соат бешгача ишхонада бўламан.
— Кечқурун ишдан қайтганингизда, нима қиласиз? Аёлингиз нима қилади?
— Машаққатли иш кунидан сўнг овқатланиб, бироз дам оламан. Аёлим болаларимнинг уй вазифаларини қилишга қарашиб юборади. Кейин чой дамлаб келиб, бирга чой ичиш учун мени уйғотади.
— Шундан кейин кечқурун сиз нима қиласиз? Аёлингизчи?
— Газета ўқийман, телевизор кўраман, янгиликлар билан танишаман, аёлим идишларни ювади, уйни тозалайди ва болаларимни уйқуга ҳозирлайди.
— Энди айтингчи, психолог маслаҳатига ким келиши керак?! Сизми ёки аёлингизми?! Кўпроқ ким дам олиши керак?! Сизми ёки аёлингизми?! Эрта тонгдан то кечгача тинмай меҳнат қиладиган ожиза инсонни «Ишламайди!», «Ишсиз!» дейишга уялмайсизми?! Иш соатисиз, маошсиз, техника хавфсизлигисиз, қўлқопсиз, мукофот пулисиз, ташаккурсиз ишлайдиган ва бу ишларни қилиб малолланмайдиган, шикоят қилмайдиган, ташлаб, кетиб қолмайдиган инсонни «Ишламайди!», «Ишсиз!» дейишга уялмайсизми?! Оналар, опалар, сингиллар, хотинлар, қизлар кун бўйи тиним билишмайди. Айрим опа-сингилларимиз эса бу юмушлардан ташқари жамият ривожи, халқ фаровонлигига ҳам муносиб ҳисса қўшишга улгуришади. Яна уларни кўплаб эркаклар «бекорчи» дейишади.
Интернет материалларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Нишонга урилган гаплар: “Агар қалбларимиз пок бўлганда, Роббимизнинг Каломига тўймаган бўлардик”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
— Роббинг ким?
— Аллоҳ.
— Пайғамбаринг ким?
— Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.
— Дининг нима?
— Ислом дини.
Эй Аллоҳ! Бизни савол-жавоб пайтида собит қилгин!
*****
Ўнг томонга қараб ётиш тўла ором олишга, юрак фаолияти яхшиланишига, тушда бузилиш бўлмаслигига, бомдодга осон туришга сабаб бўлар экан. Энг асосийси — Суннатга амал қилингани учун савоб олинади. Набавий кўрсатмалар бахт-саодат омилидир.
*****
Сабр - ҳаётнинг “қулоғи”га: “Модомики, Аллоҳ мен билан бирга экан, ҳаргиз енгилмайман” деб шивирлашингдир.
Ховатир роқия журнали”
*****
Эҳтимол, золим зулм билан кўп нарсага эга бўлар. Лекин мазлумнинг дуоси билан ҳамма нарсасидан ажралади.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Агар ёлғиз турганимда насиҳат қилсангиз, чиндан насиҳат қилган бўласиз. Агар кўпчиликнинг ичида насиҳат қилсангиз, шарманда қилган бўласиз.
*****
Одам боласига ажабланаман:
Молнинг барчасини тўплайди. Кейин барчасини дунёда қолдириб кетади. Кейин охиратда барчаси учун ҳисобга тортилади.
*****
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Тавозеъ олийжаноб инсонларнинг хулқларидандир. Такаббурлик пасткашларнинг иллатларидандир. Тавозеъ муҳаббатнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Қаноат роҳатнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади».
*****
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қуллари билан бирга овқатланарди. Танимаган одам у кишини қуллари орасидан ажрата олмасди.
*****
Оқила аёл эрига айтадиган ҳар бир гапига шакар қўшиб гапиради.
Оқила аёл эрига айтадиган ҳар бир гапидан тузни олиб ташлаб гапиради.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Агар бир инсоннинг хулқини билмоқчи бўлсанг, раҳбарлари билан қандай муомала қилишига эмас, балки, ўзидан қуйироқдагилар билан қандай муомала қилишига қара!
*****
Ким яхши кўрганидан хабар олмоқчи бўлса, унинг учун масофаларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Уч нарса ҳаётга бўлган қарашингизнинг ўзгаришига сабаб бўлади:
- Беморлик.
- Мусофирлик.
- Азиз кишини йўқотиш.
*****
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу дедилар: “Агар қалбларимиз пок бўлганда, Роббимизнинг Каломига тўймаган бўлардик”.
*****
Одамлар ҳақида ҳукм қилишга шошилма! Агар шошилиб ҳукм қилсанг, азиз кишига зулм қилиб, арзон кимсанинг қадрини кўтариб қўясан.
*****
Инсонларнинг барчасини рози қилиш етиб бўлмас орзудир. Шундай экан, бор ғаминг Роббингни рози қилиш бўлсин!
*****
Биласизми...
Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрида табарруотлар (хайр-садақалар) билан тўла кўча бор. Ҳар қандай муҳтож киши қийналмасдан олиши учун одамлар кийимларини ва поябзалларини йўл четига осиб қўйишади.
“Ховатир роқия журнали”
*****
— Дада, анавилар ахлатчиларми?
— Йўқ, болам. Ахлатчилар бизмиз. Улар эса кўчаларни биз ташлаган ахлатлардан тозаловчилардир.
*****
«Ие, манавининг бурни пучуқ экан», «Бўйни қара, найнов эканми», «Мана бу одам пакана экан»...
Кимнинг устидан куляпсиз?! Махлуқнинг устиданми ёки Холиқнинг устиданми?!
*****
Биласизми...
Агар сиз бургутнинг кўзидек кўзга эга бўлганингизда, ўн қаватли бинонинг баландлигидаги томдан туриб ердаги чумолини кўришга қодир бўлар эдингиз.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Тананинг касаллиги оғриқлар биландир. Қалбларнинг касаллиги гуноҳлар биландир. Тана касал бўлган пайтда таомнинг мазасини сезмаганидек, гуноҳлардан қорайган қалб ибодат ҳаловатини сезмайди.
*****
«Каҳф» сурасидан олинган ибрат
- Агар кемани тешиб қўйилмаганда, тортиб олинган бўларди.
- Агар бола ўлдирилмаганда, ота-онасининг бадбахт бўлишига сабаб бўларди.
- Агар девор таъмирлаб, тиклаб қўйилмаганда, икки етимнинг ҳаққи зое бўларди.
Бас, яхшилик, хайрият Аллоҳ таоло ихтиёр қилган нарсададир!
*****
— Барча томонлари берк тўрт девор орасида бўлганимда, ризқим қаердан киради?
— Ўлим фариштаси кирадиган жойдан!
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Салоҳиддин домла Шарипов – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал хулқ соҳиб (Видео)
Наманганда нуроний маслаҳатчилар учун ўқув семинари ташкил этилди
“Нуроний” жамғармаси Наманган вилоят бўлими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги билан ҳамкорликда қўшма режа тузилиб, фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар учун ўқув семинари ташкил этилмоқда.
Унда ёшлар тарбияси, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тўй ва маросимларни тартибга солиш, ноқонуний никоҳ ва ажримларни олдини олиш мавзуларида маърузалар қилинмоқда.
Ҳудди шундай ўқув семинари Тўрақўрғон тумани ҳокимлигида тумандаги маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари учун ҳам ўтказилди.
Ўқув семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулхай Турсунов иштирок этиб, “Тўй, маросим ва маъракалардаги исрофгарчиликлар ва оилавий ажримларни олдини олиш” мавзусида маъруза қилди.
Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам юқоридаги каби ўқув семинари ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати