muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

“Қиш келгани сари ҳар бир кунни ҳадик билан ўтказяпман”. Ушбу жумла билан бошланган "Kun.uz" сайтида эълон қилинган мақолада муслима аёлнинг матонати, унинг сабри, синовларга бардоши акс эттирилган. Мақолада бошпанаси таъмирталаб аёл бошида турмуш ўртоғи, ногирон ва бемор фарзанди билан қай эшикларни қоқмагани баён этилган.

Матонатли ўзбек аёлларини бугун ҳам учратмоқдамиз, шундай аёллардан бирининг хонадонига ташриф буюрган нашр ижодий гуруҳи ҳолатни имкон қадар ёритди.

"Kun.uz" нашри ташкил этган хайрия акциялари орқали Дилноза Полвонова моддий кўмак берилди. Аёл учун бошпана қилишга, 4 фарзандининг камолга етиши учун шароит яратишга ёрдам беришларини сўраб халққа мурожаат натижасида йиғилган маълум миқдордаги маблағдан сўнг, оила уйининг дастлабки қурилишларини бажарди. Лекин олдинда қилинадиган ишлар жуда кўплиги маълум бўлган.

Уйнинг тўлиқ қурилиши, фарзандларининг даволанишига энг зарур дори-дармонлар учун аёлга маблағ зарурлиги боис аёл "Вақф" хайрия жамоат фондига мурожаат қилди.

"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ушбу оилага савоб умидида кўмак кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Шу мақсадда Фонд томонидан "Малҳам" номли махсус акция давом эттирилмоқда. Самарқанд вилояти Нарпай туманида истиқомат қилувчи Полвонова Дилноза Холмуродовнанинг вояга етмаган 4 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи жигар церрози билан ишлашга лаёқатсиз, тўнғич фарзанди 2013 йилда пахта титиш цехи дастгоҳида қўлидан елкасигача ажралган ва бола ўсиш ёшида бўлгани сабабли 40 миллион сўм турадиган протезга муҳтож. Боланинг қўл суяги яна ўсиб чиқиб танани ёриб чиқса онкологик дардга салиниши мумкин, шу сабабли синглимизга кўмак берайлик.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Жорий йилда "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан "Малҳам" акцияси доирасида турли касалликларга дучор бўлган ва даволаниш учун катта миқдордаги маблағ талаб этилган ҳамюртларимизга кўмак кўрсатиш режалаштирилган эди.

"Малҳам" акцияси доирасида Толипов Диёрбек учун маблағлар тўплаш бўйича тадбир ташкил этилди. Мурувватпеша фуқаролар томонидан "Малҳам" лойиҳасига акция эълон қилинганидан буён бугунги кунга қадар 1 012 002 сўм маблағ тўпланди.

Толипов Диёрбек танглайида II-Б даража туғма кемтиги, нафас олиш, чайнаш, ютиш фаолиятининг бузилиши ташҳиси қўйилган ҳамда тезкор жарроҳлик амалиётини ўташи лозимлиги кўрсатилган эди.

Бугун, 20 ноябрь куни Диёрбекнинг оналари шахсан Фондга келиб йиғилган маблағни олдилар, бироқ бу пулларнинг жарроҳлик амалиётига етмаслиги сабаб, имкон даражада қўшимча кўмак кўрсатилишини сўраб мурожаат қилдилар. Фуқаро аризасига мувофиқ Фонд бошқаруви буйруғи билан жами 5 000 000 сўм миқдорида ёрдам берилди.

Диёрбекка Аллоҳдан шифосини тилаб қоламиз!

"Вақф" хайрия жамоат фонди барча мўмин-мусулмонларни "Малҳам" акциясида иштирок этишга, бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлганларга фаол кўмак кўрсатишга чақиради.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Куни кеча, 19 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида жойлашган Қорақалпоғистон шаҳарчасига ташриф буюрдилар. Сафар давомида муфтий ҳазратлари мактабгача таълим муассасалари, ўқув юртлари, оилавий поликлиникалар ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Қўнғирот туманида “Обод қишлоқ” дастури доирасида жуда кўп бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганига гувоҳ бўлинди. Айниқса, “Орзулар ороли” номли мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида бу жиҳатга яна бир бор амин бўлинди. Муфтий ҳазратлари давлатимиз Раҳбарининг мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида Қорақалпоғистонда ҳам замонавий болалар боғчалари бунёд этилаётганини алоҳида қайд этдилар.

Мазкур тумандаги “Орзулар ороли” номли мактабгача таълим муассасаси замонавий шаклда барпо этилган. Болаларни қизиқтирадиган, дунёқарашларини бойитадиган ўқув предметлари ва ўйинчоқлар билан жиҳозланган. Болаларнинг яхши таълим-тарбия олиши, тўғри овқатланиши, жисмоний машғулотлар билан шуғулланиши, мароқли дам олиши учун барча шароитлар яратилгани барчанинг ҳавасини келтирди.

Муборак динимизда ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида аҳамият қаратилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир” ва “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, деган ҳадисларида ҳам жуда кўп ҳикматлар мужассамдир.

Ташриф давомида муфтий ҳазратлари ушбу шаҳарчада истиқомат қилувчи Есенбай ота Наврўзов, Ажибаев Жоламан, Мамутов Муҳаммадали каби фуқароларнинг хоноданларига ташриф буюриб, улар билан самимий суҳбат қилиб, дуои хайрлар қилдилар.

Шаҳарчадаги “Маданият саройи”да муфтий ҳазратлари маҳаллий аҳоли ва нуронийлар билан учрашди. Муфтий ҳазратлари халқимиз тинчлиги бебаҳо неъмат экани, динимиз софлигини асраш ҳамда турли бидъат ва хурофатларни бартараф этиш ҳақида сўзладилар. Фуқаролар ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти қозиси Шамсуддин Бауатдинов ва жойлардаги мутасадди кишилар сафар давомида муфтий ҳазратларига ҳамроҳлик қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасига сафар давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вторник, 20 Ноябрь 2018 00:00

Қаноат қўрғондир

Зулқарнайн  ярим кеча ўз қўшини билан бир ғордан ўтиб борар экан, “Оёғингиз остида учраган нарсалардан олиб кетинг” дея амр қилди. Қўшиндагилардан бир гуруҳи: “Кўп юрдик, жуда чарчаганмиз, энди кечаси билан оёғимиздаги нарсаларни ҳам йиғамизми?” – деб ҳеч нима олмадилар. Иккинчи бир гуруҳ: “Қўмондонимиз айтган экан, бир оз тўплай қолайлик, буйруққа қарши чиқмайлик. Зеро, қўмондонга бўйсуниш керак”, – деб озгина нарса оладилар. Учинчи гуруҳ эса: “Қўмондон бежизга бундай демади, бунда қандайдир ҳикмат бўлиши керак”, – дея тўрваларини тўлгунча қўлга илинган нарсалар билан тўлдирдилар.
Кун ёришганда қарасаларки, олтин конининг ёнидан ўтишибди. Ва оёқларига теккан нарсалар олтин экан. Буни билганларида эса, ҳеч нарса олмаган биринчи гуруҳ: “Эҳ, нега олмадик а! Нега қўмондонимизнинг гапига кирмадик, қанийди олганимизда... Битта бўлса ҳам олсайдик”, – деб пушаймон бўлдилар. Озгина олган иккинчи гуруҳдагилар: “Эҳ, яна озгина олсак эди. Чўнтакларимизни, халталаримизни тўлдирсак бўлар экан...” – деб қолишди. Кўп олган учинчи гуруҳ эса: “Кошки кераксиз нарсаларимизни ташлаб юборсайдик, кўпроқ олсайдик. Ҳамма нарсаларимизни тўлдирсайдик. Бундан ҳам кўпроқ олиб қолсайдик...” – дея кўп олганларига қарамай барибир хафа эдилар.
Ҳикмат
Қаноат қўрғондир. – У ерга кирсанг нафс ёмонлигидан қутиласан. Тоғликдир – у ерга чиқсанг душман ва дўстга қарамликдан халос бўлурсан.
(Алишер Навоий)


Саидаброр УМАРОВ таёрлади

Top