muslim.uz
Симферополда азон айтиш бўйича мусобақа ғолиблари аниқланди
Қримнинг Симферопол шаҳридаги «Сеит-Сеттар» мусулмонлар мажмуасида энг яхши муаззинни аниқлаш мақсадида «Эзан седаси» (“Азон садоси”) мусобақаси ташкил этилди. Бу ҳақда Islam.ru нашрига таяниб Azon интернет нашри хабар берди.
Танловнинг финал босқичида саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган, Қримнинг турли туманларидан келган 30 нафар муаззин иштирок этган.
Ғолиб ва совриндорларга турли совғалар ва пул мукофотлари топширилди. Тақдирлаш маросимида Қрим муфтийси Эмирали Аблаев иштирок этгани айтиб ўтилди.
“Дин – бизнинг энг катта бойлигимиз. Биз янги авлоднинг динга муҳаббатли бўлишини таъминлашга масъулмиз. Бу тадбирни ўтказишдан асосий мақсадимиз шу”, – деди Қрим муфтийси.
ЎМИ Матбуот хизмати
"Чеченистон юраги" масжиди ўзининг 10 йиллигини нишонлайди
2008 йилнинг 17 октябрида қуриб битказилган Грозний шаҳридаги "Чеченистон юраги" масжиди 2018 йилда ўзининг ўн йиллик юбилейини нишонлайди. Ушбу масжид Россиянинг энг чиройли ва маҳобатли масжидларидан бири ҳисобланади.
Масжид икки ярим йилда Грозний шаҳрининг қоқ марказида қуриб битказилган. Масжид Чеченистон Респуликаси мусулмонлари идораси ва Кунт ҳожи номидаги Россия Ислом университети билан биргаликда Исломий мажмуанинг таркибий қисми ҳисобланади.
Маълумот учун, масжид усмонийлар услубида қурилган бўлиб, унинг баландлиги 63 метр бўлган тўртта минораси бор. Ички ва ташқи деворлари мармардан ишланган. Масжид майдони 5 минг квадрат метр бўлиб, сиғими 10 минг кишилик.
ЎМИ Матбуот хизмати
Имом-хатиблар учун махсус ўқув семинар
Бугунги кун имом-хатиби диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган, фикри теран, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор, халқни эзгулик ва бирдамликка чақирувчи, бир сўз билан айтганда, чинакам маърифат пешвоси бўлмоғи лозим. Ана шу улуғвор ғоядан келиб чиққан ҳолда, Самарқанд вилояти имом-хатиблари учун махсус ўқув семинар ташкил этилди. Машғулотларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида ҳудудларда барча шарт-шароитлар ҳозирланди, жамоат тартибини сақлаш инспекторлари ва шифокорлар жалб этилди.
Ушбу ўқув семинарлар Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳри, Пастдарғом, Пайариқ ҳамда Ургут туманларида бўлиб ўтди. Семинар машғулотлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчилари, вилоятдаги олий таълим муассасалари илмий ходимлари ва профессор ўқитувчилари орасидан танлаб олинган мутахассис маърузачилар томонидан юқори савияда олиб борилди.
Ташкил этилган ўқув семинарлари имом-хатиблар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлиб, албатта, уларнинг келгусидаги фаолиятларида ўзининг ижобий самарасини беради. Зеро, мазкур семинарларни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 октябрь куни, икки кун давом этган ўқув семинар ўз ниҳоясига етди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати
“Ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик яхши”
Аллоҳ таоло инсонларга чексиз неъматларни инъом қилган. Бу неъматларнинг ичида энг буюги, афзали, нодир бўлган неъматлардан бири бу – тил яъни сўзлаш ва нутқ неъматидир. Берилган ушбу неъматни қандай ишлатиш керак, уни нималар билан машғул қилмоқ керак бу борада ҳам кўп тавсиялар ва кўрсатмалар берилган. Демак, мусулмон одоби рукнининг бугунги мавзуси сўзлашув ва мулоқот одоблари ҳақида.
Сўз орқали фойдага эришади ёки аксинча беҳуда гаплар билан машғул бўлади, шунингдек мақтов ёки танқид эшитиши ҳам мумкин. Унутманг! Сўзлашув ва одамлар билан мулоқот, ўзгаларда биз ҳақимизда қандай фикр шаклланишига ҳам хизмат қилади. Ота боблармиз бежизга «тилингни эҳтиёт қил, дилингдагини ошкор этади» дейишмаган. Сўз қалбнинг таржимони ва калити ҳисобланади. У инсон билимининг ҳосиласи, у орқали банда ё савобга, ё гуноҳга нозил бўлади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: «Жим турмоқдан суҳбатлашиш яхши, ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик яхши».
Хўш сўзлаётганимизда нималарга эътибор қаратишимиз лозим?
Ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатлагувчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди», деб марҳамат қилганлар. Имом Термизий ривоят қилган.
Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.) “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир. У билан уришиш куфрдир”, деб марҳамат қилганлар. Икки шайх ва Имом Термизий ривоят қилганлар.
Анас (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фаҳш нарса борки, у шармандалик келтиради. Ҳаё нарса борки, у зийнат келтиради”, дедилар. Имом термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар. Яна ул зоти бо барокат: Одамларга қаттиққўллик қилиб беҳаё сўзламанглар –дея такидлаганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Инсоннинг бошига келадиган балоси, унинг тилидан келади” деганлар.
Яна бир хадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Гумондан сақланинг! Чунки гумон гапларнинг ёлғонроғидир – дедилар”. Шунингдек, пайғамбар алайҳиссалом: “Кишининг ёмон эканлигигага унинг мусулмон диндош биродарини камситиши етарлидир” – дедилар.
Демак юқоридаги ҳадислардан шундай хулоса қиламиз: гапираётганингизда сўкинманг, сўкинишни одат ҳам қилманг, лаънатламанг, фахш сўзларни ишлатманг, ҳеч кимни камситманг, ёлғон сўзламанг, овозингизни баланд қилманг, одамларнинг шахсиятига тегманг, жахл ва қўполлик қилманг, мақтанманг, суҳбатдошингизни гапини бўлманг, суҳбатлашаётганларнинг гапига таклиф этмагунча қўшилманг.
Яна бир фоёдали маслаҳат, агар жамиятда яхши номга эга бўлмоқчи бўлсангиз: олимлар, фозиллар, тақводорлар, ростгўйлар, ширинсуҳанлар ва яхши инсонлар суҳбатида кўпроқ бўлинг!
Аллоҳ таоло ўз каломида: "Бандаларимга айтинг, (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур" (Исро, 53), деб огоҳлантирган. Чунки, инсонлар орасидаги нохушликлар кўпинча қўпол сўз оқибатида содир бўлади. Аксича, кўпгина муваффақиятларнинг омили эса ширин сўздир.
Муҳаммад (алайҳиссалом): “Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, дея марҳамат қиладилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Банданинг имони тўғри бўлмайди, токи унинг қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек, қалби тўғри бўлмайди, токи унинг тили тўғри бўлмагунча”.
Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади, саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, нега бизнинг фикримиз сизникидек фасоҳатли эмас?” дедилар. Набий (алайҳиссалом): “Аллоҳ таоло мени қўпол гапирувчи қилиб яратмади. Менга сўзларнинг яхшисини ихтиёр этди: у эса Ўзининг Қуръон китобидир”, дедилар (Шерозий ва Дайламий ривояти).
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг (яхшилашни) кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: Сўзда сеҳр бор, шеърда эса ҳикмат. Яна ул зот (с.а.в.) Кишининг гўзаллиги - унинг тилидан билинур. Сизларнинг яхшиларингиз - хушхулқ, ширин суҳбатлиларингиздир. Ёмонларингиз эса оғзини тўлдириб, эзмалик ила кўп гапирувчиларингиздир. Одамлар билан хушмуомала бўлинглар – дедилар
Луқмон Ҳаким ўғлига шундай васият қилганлар: “Эй ўғилгинам, ким ёмонлик эгасининг суҳбатида бўлса, омон бўлмайди, ким ёмонлик кирадиган жойга кирса, туҳматланади ва ким тилига эгалик қилмаса, пушаймон бўлади”.
Ҳасан Басрий айтадилар: “Донишманднинг тили юрагигинг орқасида бўлади. Агар гапирмоқчи бўлса, юрагига қарайди, мабодо унда яхшилик бўлса, гапиради. Агар бировнинг зарарига бўлса, гапирмасдан сукут сақлайди. Жоҳилнинг юраги тилининг атрофида бўлади. У юрагига қарамайди. Тилига нима келса гапираверади” деганлар.
Демак, гапирганда фақат ўйлаб, тафаккур, тадаббур қилиб, ундан кейин манфаати бўлса гапирмоқлик лозим. Агар манфаати бўлмаса, сукут сақлашингиз яхшироқдир.
Оғир-босиқлик билан шошмасдан, дона-дона қилиб, эшитаётганларни зериктириб қўймасдан, имкон қадар чиройли сўзлар билан гаплашинг. Мақсадингизни аниқ ва равшан қисқа ва лўнда баён этинг, кам гапиринг. Зеро, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди”, деганлар.
Ўрни келганда сукут сақлашлик сиз учун улкан фойда ва зийнатдир. Уламоларсукутда ҳам 7 та фойда бор дейди:
- Жим туришлик чарчоғи йўқ ибодатдир;
- Безаксиз зийнатдир;
- Давлатсиз ҳайбатдир;
- Деворсиз қўрғондир;
- Бировларга узр айтишдан беҳожатдир;
- Яхшилик ва ёмонлик амалларни ёзувчи фаришталарга роҳатдир;
- Айблари учун беркитувчидир.
Ҳакимлар жим туришлик олим учун зийнат, жоҳил учун сатр (парда)дир, деб марҳамат қилганлар. Луқмон Ҳаким фарзандига: “Эй ўғилчам, одамлар ўзларини кўп гапиришлари билан фахрлансалар, сиз эса кам гапиришингиз билан фахр қилинг” деган эканлар.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 216 оятида шундай марҳамат қилади: “...Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз билмассиз”. Албатта биз қачон гапиришимиз биз учун фойдаю қачонгиси зарар эканлигини билмаймиз. Аллоҳ ва расули, саҳобалар ва уламолар тавсиясига таяниб, тафаккур ила иш юритган ва сўзлаган инсонгина яхшилик устида бўлади. Хулоса ўзингиздан!
Саидаброр УМАРОВ
ЎМИ матбуот хизмати