muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 25-27 октябрь кунлари Туркия Республикаси пойтахти Анқара шаҳрида Турк дунёси парламентлари жамғармаси томонидан Халқаро Имом Мотуридий семинари ўтказилади. Бу ҳақда Protoday нашри хабар берди.

Туркиянинг собиқ Илм-фан, саноат ва технология вазири Ниҳат Эргун Имом Мотуридийнинг Ислом тамаддунига қўшган ҳиссаси тўғрисида жумладан шундай деди:

“Энг муҳим ҳиссаларидан бири шуки, Мотуридий ўзидан аввалги олимлардан фарқли равишда китобини билим назарияси билан бошлаган. Мазкур семинарда Имом Мотуридий билим назарияси билан бизга қолдирган мерос воситасида мусулмонлар сифатида маълумот манбаларимиз ва уларга асосланган тутумларимизни қайтадан кўриб чиқамиз”.

Шунингдек, Эргун Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти Туркия билан алоқаларни ривожлантираётганини таъкидлади:

“Маданият вазирлиги Самарқанд билан Туркия орасидаги муносабатларни кучайтириш орқали Матуридийни англашни қайтадан кўриб чиқиш, янада тўғри англаш ва ҳаётга татбиқ этишда муҳим рол ўйнаши мумкин. Семинар натижасида келиб чиқадиган баъзи фикрлар, албатта, ҳукуматга етказилади. Мутасаддилар улардан фойдаланади”.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар қилган эдик.
Бугун 18 октябрь, пайшанба куни Маккаи мукаррама шаҳрида Уюшма Олий кенгашининг 43-сессияси ўз ишини бошлади.
Анъанага мувофиқ, сессия Қуръони карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг Саудия Арабистони бош муфтийси Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли Шайх анжуман иштирокчиларини қутлаб, Уюшманинг навбатдаги 43-сессияси ишига муваффақият тилади.

 

Ушбу анжуманда дунёдаги нуфузли уламолар, кенгаш аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этмоқдалар. Бугун анжуман ишида Сурия, Ироқ, Филиппин давлатларида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга оид масалалар кўриб чиқилади. Шунингдек, Уюшма Олий кенгашининг бир йиллик ҳисоботи ҳам тақдим этилади.
Анжуманда муҳокама қилинаётган масалалар ҳақида сайтимизда батафсил ёритиб борамиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Лондондаги Британия музейида “The Islamic world” – “Ислом дунёси” деб номланувчи иккита янги кўргазма зали ташкил этилди. Бу ҳақда Turon24 нашри маълум қилди.

“Ал-Бухорий галереяси” деб номланган кўргазмадан эрамиздан олдинги VII аср ва ҳозирги даврга қадар бўлган Шарқ тасвирий санъатига доир тарихий асарлар ва турли қадимги экспонатлар жой олган. Улар орасида ғарбий Африка ва жануби-шарқий Осиё ҳудудларига тегишли санъат асарлари, Усмонийлар империяси тарихий ашёлари ҳам бор.

”Ал-Бухорий галереяси"даги экспонатлар Ислом маданияти ҳақидаги нотўғри тасаввурларга барҳам беради. Галереяда қадимда “дин томонидан тақиқланган” тирик жонзотлар, инсонлар портретлари ҳам бор. Асарлардаги астролябия унсурлари ҳатто 1240 йилларда ҳам Шарқ санъатида математик аниқлик сақланганини исботлайди”, – дея фикр билдирган англиялик санъатшунос Жонатан Жонс мазкур кўргазмага доир мақоласида.

Британия музейидаги “Ал Бухорий” бўлимининг яна бир ўзига хос жиҳати – барча санъат асарлари энг замонавий технологиялар асосида, ёруғликни геометрик аниқлик даражасида йўналтирган ҳолда ўрнатилган.

Кўргазма 18 октябрдан очилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорга кўра, Ўзбекистонда санитар авиация ташкил этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК билан биргаликда тез тиббий ёрдам хизматини 2020 йилдан бошлаб авиация техникаси билан жиҳозлаш ва (ёки) авиация хизматларини харид қилиш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида харид қилиш бўйича таклифларни 2019 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.

Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Қарор билан 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ, тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторлари тасдиқланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 18 Октябрь 2018 00:00

Ислом – тинчлик дини

Тинчлик ва хотиржамлик.

Уларнинг қанчалар буюк неъмат эканини  ҳис қилиш учун ушбу неъматларни бой бериб қўйган халқларнинг аҳволига ибрат кўзи билан биргина қараб қўйишнинг ўзи кифоя.      

Муқаддаси динимиз ана шундай улуғ неъмат бўлмиш тинчлик ва хотиржамликка тарғиб қилиш баробарида зулм қилиш, озор бериш, бировнинг ҳаққини ейиш, жосуслик, ғийбат, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш, чақимчилик, иғво-фитна чиқариш, беҳуда қон тўкиш каби ёмон иллатларни қоралайди.  

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Исломга (тинчликка) тўлиғича кирингиз ва Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Исломнинг маъноларидан бири – тинчлик. Исломда тинчлик инсон қалбидан бошланади. Сўнг қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оиладаги тинчлик қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар орасига кўчади. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса жамият тинч бўлгандагина эришилади. Низом шундай. Тинчлик ҳукм сурмоқдами, демак, барча нарса ўз ўрнида амалга оширилади. Барча бахтли ҳаёт кечиради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалар: “Мукаммал инсон ким?”, деб сўрашганда, у зот  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тили ва қўли билан бошқаларга озор бермаган киши”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа ҳадисларида ҳатто ҳидидан ҳам бошқалар озор топмаслигига буюрганлар.

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун нафақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан ҳам узоқ бўлмоғи лозим.

Диндан дунёвий мақсад учун фойдаланиш, дин ниқоби остида динга ёт бўлган ишларни амалга ошириш аслида динда бўлмаганларнинг ишидир. Бу ишлари орқали улар одамларни диндан бездириб, бошқаларнинг мусулмонларга салбий назар билан қарашига сабаб бўладилар.

Бугунги кунда баъзи бир мутассиб оқим вакиллари динни ўзларича талқин қилиб, фирқаларга бўлиниб, мусулмонлар орасида қанчдан-қанча кўнгилсизликлар келтириб чиқарганликлари барчага маълум.

Ислом динининг мусаффолиги унда барча инсоний фазилатларнинг мужассамлиги, инсонларни гўзал ахлоқу одобга тарғиб қилишдадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси, гўзал ахлоқларни такомилига етказишдан иборатдир (Имом Молик ривояти), деганларида Ислом динининг асл мазмун-моҳияти ифодалаб берганлар.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом динининг ҳар бир жамиятга ва ҳар бир замонга муносиб келишининг асосий сабабларидан бири – у инсон табиатини тўла  қамраб олганидадир.

Буюк Аллоҳ таоло ер юзига тинчликни барқарор айласин!

 

А.ИСАҚОВ,  

«Мирёқуббой Мирҳакимбой» жоме масжид имом-хатиби

Top