muslim.uz

muslim.uz

1-савол: Аёллар руку ва саждани қандай қилишади? 

Жавоб: Аёллар саждада қоринларини сонларига, болдирлари ва билакларини ерга теккизиб, билакларини қўлтиқларига ёпиштириб сажда қилади. Аёллар саждада қадамларини тикка қилмай, уларни жуфтлаб ўнг тарафларидан чиқариб, оёқ бармоқларини иложи борича қиблага қаратишади (“Ҳидоя”). 

Аёллар руку учун салгина энгашади. Рукуда қўл бармоқларини жуфтлаштириб, тиззаларига қўйишади. Аёллар қаъдада думбалари билан ерга ўтирадилар. Оёқлари эса ўнг тарафдан чиқиб, бармоқлари қиблага қаратилади (“Раддул Муҳтор”, “Баҳрур роиқ”).  

2-савол: Аёл киши умра қилаётган вақтида ҳайз кўриб қолса, нима қилади?

Жавоб: Аёл киши умра қилаётиб ҳайз кўриб қолса, шу ерда умрасини якунлайди ва сочини қисқартириб, эҳромдан чиқади. Ҳарамдалик вақтида ҳайзи тўхтаса, умранинг қазосини адо қилади. 

3-савол: Эри ўлган аёлнинг ҳаж қилиши дуруст эмас деб эшитдим, шу тўғрими? 

Жавоб: Тўғри. Эри қазо қилган аёл тўрт ой-у ўн кун идда ўтириши лозимдир. Эри ўлгани учун иддадаги ё талоқ иддасидаги аёл ҳажга бормайди ва бошқага турмушга чиқмайди. Иддаси тугаб бўлгач, унинг ихтиёри ўзида бўлади. Хоҳласа, маҳрамларидан бири, яъни отаси, ака ё укаси, тоға ё амакиси, бобоси ёки ўғилларидан бири ҳамроҳлигида ҳаж ибодатини адо этиши мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).

4-савол: Баъзилар аёл киши қабристонга бориб, Қуръон тиловат қилса, қабул бўлмайди, дейишади. Шу тўғрими?

Жавоб: Аёл киши қабристонга бориб, Қуръон тиловат қилса, қабул бўлмайди, дейиш хатодир. Аммо ўтганларнинг руҳларига Қуръон тиловат қилиш учун фақат қабристонга бориш керак, дейиш нотўғри. Уйда, ҳар бир намоздан кейин тиловат қилиб, савоби марҳумга бағишланса, етиб туради.

5-савол: Фарзандим туғилмай турмуш ўртоғим вафот этди. Уч ойлик ҳомилам билан қолдим. Идда ўтиришим керак экан. Идда нима эканини тушунтириб беринг?

Жавоб: Идда эри ўлган ёки эридан ажрашган хотинлар бошқа эрга чиқиши учун ўтиши шарт бўлган муддатдир. Бундай аёлларга идда ўтмагунича эрга чиқиш тақиқланади. Эри ўлган аёл учун идда 4 ой-у 10 кун, эридан ажрашган аёл учун 3 ҳайз муддатидир. Ушбу муддат Қуръони каримда баён қилинган. Аёлнинг ажралган ёки вафот этган эридан ҳомиласи бор ёки йўқлиги мазкур муддатда аниқ бўлади ва аёлнинг раҳми покланади. Эридан талоқ ила ажрашган аёл, иддани эри билан яшаган уйда ўтказиши лозим. Ҳомиладор аёлнинг эри вафот этса ёки талоқ қилинган бўлса, туғиши билан иддадан чиққан ҳисобланади.

6-савол: Аёлларнинг тирноқ бўяши мумкинми?

Жавоб: Агар суртилган лак таҳорат олганида асл тирноққа сув етишига тўсқинлик қиладиган бўлса, ювилиши лозим бўлган маълум аъзонинг бир қисмига сув етмай қолади. Натижада, таҳорат тўлиқ бўлмайди. Қолаверса, тирноққа сурилган лак ёки бўёқ ғуслга ҳам монелик қилади. Шунинг учун уламолар аёллар ғусл қилаётганларида тирноқ ва лабларидаги бўёқларни кетказишлари зарурлигини таъкидлашган.

7-савол: Нима учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг аёллари мўминларнинг оналари дейилади?

Жавоб: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Пайғамбар мўминларга уларнинг ўзларидан меҳрибондир, унинг хотинлари уларнинг оналаридир” (Аҳзоб, 6).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг аёллари, ҳурмат қилиш ва уйланиш ҳаромлиги борасида она ҳукмидадирлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин уларга бирор кишининг уйланиши мумкин эмас.

Қуръони каримда: “Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва ундан кейин аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмасдир. Чунки бу Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир”, дейилган (Аҳзоб, 53).

Уларга қараш, улар билан ёлғиз қолиш, уларга мерос бериб, мерос олиш ва уларнинг қизларига уйланиш каби ҳукмларда бегона аёллар кабидирлар. Бегона эркаклар уларга қараши ва улар билан ёлғиз қолиши мумкин эмас.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмонларга динда ота каби ҳисобланадилар. Мужоҳид бундай деган: “Ҳар бир пайғамбар умматининг отасидир. Шунинг учун мўминлар ака-укалардир”. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен сизлар учун ота кабидирман”, деганлар.

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 30 Март 2018 00:00

Президент Жиззах вилоятида

Foto: Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев 30 март куни Жиззаж вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари дастлаб Зарбдор туманидаги “Зарбдор текстил” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бу корхонани бунёд этиш бўйича Президентимизнинг ўтган йили вилоятга ташрифи чоғида топшириқ берилган эди. Шавкат Мирзиёев яқинда Самарқанд вилоятида бўлганида ҳар бир туманда камида иккитадан текстил корхоналари қуриш зарурлигини таъкидлаган эди.

Янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилаётган “Зарбдор текстил” ана шундай замонавий корхоналардан. Бу ерда жами 1 минг 60 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланади. Маҳсулотлар ички бозорни тўлдириб, экспортга ҳам йўналтирилади.

Менинг энг катта мақсадим одамларни иш билан, даромад билан таъминлаш, деди Шавкат Мирзиёев. Энди бир килограмм пахтамизниям четга сотмаймиз, юртимизда қайта ишлаймиз, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз.

Шу ерда Жиззах вилоятида тўқимачилик, кимё, фармацевтика соҳаларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этишга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Foto: Prezident matbuot xizmati

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 30 Март 2018 00:00

Сўраган эдингиз (27.03.2018)

ЎМИ Матбуот хизмати

Савол: Телевизорга қараб Байтул Ҳарамда ўқилаётган намозларга, жумладан, таровеҳ намозига иқтидо қилса бўладими?

Жавоб: Йўқ. Чунки у ҳолда жамоат шартлари мавжуд эмас.

ЎМИ Матбуот хизмати

Шанхайдаги “Кордис” меҳмонхонаси вокзал ва аэропортга яқинлиги, ажойиб сув ҳавзасига эгалиги билан мақтана олади. Бироқ унинг қолган меҳмонхоналардан устун жиҳати бор: меҳмонхонада икки марта фильтрланган ҳаво таклиф қилинади. Бундан ташқари, ҳаво сифати меҳмонхона таклиф қилувчи асосий хизматлардан бири ҳисобланади. Меҳмонхонадаги 396 та хонадан ҳар бирида ҳаво ифлосланиши датчиклари мавжуд. Бу ҳақда kun.uz нашри хорижий ОАВга таяниб хабар берди.

Тоза ҳаво билан нафас олиш Шанхай, Пекин ва Деҳли каби ҳавоси ифлосланган шаҳарларда мавқе ва бойларнинг ночор кишилардан ажралиб туришининг янги аломатига айланиб бормоқда.

2014 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти заҳарли ҳаво кўрсатадиган таъсирни ҳисоблаб чиққан. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай ҳаво йилига 7 млн та барвақт ўлим ва турли касалликларга сабаб бўлган.

Албатта, яқин вақтларгача ҳеч ким тоза ҳаво сотилади деб ўйламаган, бироқ тижорат сектори бу вазиятдан ҳам фойда кўриш имконини “маҳкам ушлади”. Ҳозирда Деҳлида бойлар учун тоза ҳавога эга хусусий мактаблар ва меҳмонхоналар очилмоқда.

“Мен меҳмонхоналар интернет учун ҳақ олган кунларни эсламоқдаман. Энди интернет кўпроқ иссиқ сувга ўхшайди. Агар сизда юқори тезликдаги бепул интернет бўлмаса, унда сиз рақобатни бой берган бўласиз. Меҳмонхонада тоза ҳаво ҳам шундай хизмат бўлади – агар сиз ўз биноингизда рақобатчиларингиз каби тоза ҳавони таъминлай олмасангиз, унда муваффақиятсизликка учрайсиз. Ҳаво шундай муҳим аҳамият касб этмоқда”, деб айтган “Кордис” меҳмонхонаси бошқарувчи директори Жон О'Ши.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top