www.muslimuz

www.muslimuz

Среда, 21 Август 2019 00:00

Одамларга нима бўляпти ўзи?!

“Доллар нархи ошдими?” сарлавҳали мақолани ўқиган айримлар «Латифа» деб кулишди. Оятлар ва ҳадислар асосида ёзилган мақола латифа бўлдими? Одамларга нима бўляпти ўзи? Наҳотки руҳий тарбиямиз шу аҳволга келиб қолган, муаммоларни барча гуноҳларимизга боғлаш қоидасидан узоқлашиб кетган бўлсак?!

Ахир Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда шундай деган-ку:

وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ وَمَا أَنْتُمْ بِمُعْجِزِينَ فِي الْأَرْضِ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ

“(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди.) Сизлар ерда (ҳеч кимни) ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор (ҳақиқий) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир” (Шўро сураси, 30-31-оятлар).

Доллар ошгани муаммоми ўзи? Ҳа, муаммо дейишяпти. Чунки, олиб-сотадиган маҳсулотлари долларга боғлиқ бўлган, иқтисодий муносабатларини доллар асосида олиб борадиган кишилар учун доллар нархининг ошиши каттагина муаммодир. Демак, халқ бошига ўша муаммо нима сабабдан келади? Ўша халқнинг гуноҳлари сабабидан. Ким айта олади «Гуноҳлар сабабидан эмас» деб?!! Халқ ўзини ислоҳ қилиб ўзгартирса, улардаги муаммо ҳам бартараф бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنْفُسِهِمْ

“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (Раъд сураси, 11-оят).

Мен ўзимни тузатсам, сиз ўзингизни тузатсангиз, у ўзини тузатса, муаммолар барҳам топиб боради.

Муаммо ва ташвишга сабаб бўлаётган ўша гуноҳлар нима ўзи?

Монополия, коррупция, иқтисоддаги алдовлар, рибога асосланган муносабатлар, охиратда нима деб жавоб бераман деган туйғунинг камайиб бораётгани, айримларнинг «пул топсам бўлди» дея қандай йўл билан топишга эътибор қилмаётгани, силаи раҳмга жудаям суст қаралаётгани, мана булар биз назарда тутган гуноҳлардир.

Шулар муаммоларга сабаб эмасми?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Инсонга, хоҳ жонига, хоҳ молига, хоҳ бошқа нарсасига бирор мусибат етса, албатта, ўзи қилган гуноҳи сабабли етади. Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди».

Порахўрлик, судхўрлик, ҳийла-найранг, адлов, макр, нафсга қул бўлиш, одамларнинг ҳаққидан қўрқмаслик ва бошқа шу каби гуноҳлар комплекси доллар ошиши ва бунинг натижасида долларга алоқадор маҳсулотларнинг нарх-навоси кўтарилиб кетишига ва ҳоказо муаммоларга сабаб бўлмаяптими?!!

Аллоҳ таоло барчамизнинг тилларимизни истиғфорга машғул қилиб қўйсин ва гуноҳларимизни кечирсин! Халқимизнинг турмушини фаровон, ризқини баракотли қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Агар сийрат китобларини ёш болаларга ўқиб берсангиз Расуллуллоҳ ҳақларида уларда қандай тасаввур ҳосил бўлади? Гўёки ул зотнинг ҳаётлари фақат уруш, ғазотлардан иборатдай туюлади. Бадр, Уҳуд, Худайбия, Макка фатҳи ва шу кабилар ул зотнинг харбий юришларидаги кечирган вақтлари холос. Сийрат китобларида бу ғазотлар орасидаги оддий ҳаётларига кам эътибор берилгандай кўринади. Аслида мана шу оралиқда Мадинада ислом давлатини қуриш билан бир қаторда оддий ҳаёт ҳам ўз йўлида давом этган. Аллоҳнинг расули аёллари, фарзандлари, дўстлари билан доимо бирга мулоқотда бўлганлар.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада истиқомат қилган вақтларида 50, 60 ёш бўлишларига қарамасдан, кўринишлари жуда чиройли бўлиб, улар болалар учун қари бир мўйсафид кўринишида эмасдилар. Уларнинг олдиларига ёш бола қўрқмасдан бора оладиган суратда эдилар. Яъни улар билан бирга ўйнаса бўладиган, ҳазил қилса кўтарадиган, шу билан бирга уларга нисбатан ҳурмат қилинадиган салобатлари бўлган. Худди бола отасини яхши кўриб, унга эркалик қила олганидек, бир вақтни ўзида унинг ҳайбат, салобатидан ўзининг ҳаддини билиб турган каби эди. Чунки ёш болага пайғамбар ким эканлиги, уларга осмон эшиклари очиқлиги, хоҳлаган вақтда уларга ваҳий келиши мумкинлигини тушунтириб бўлмайди. Бу ҳолатларни бола фақат катта бўлгандагина тушуна олиши мумкин. Шунга қарамасдан ёш болалар уларни ким деб тасаввур қилганликлари муҳим. Одатда, хоҳ ёш бола бўлсин, ёки катта инсон бўлсин биринчи кўрган инсон ҳақидаги тасаввур нотаниш инсоннинг кўзига қараб пайдо бўлади. Ул зотнинг кўзлари ҳар доим тиниқ, қон томирчалари ҳеч қачон қизариб бўртиб турмаган, кўзларининг оқ қисми тим оппоқ бўлиб, ёқимли табассум ва ёруғ юз билан мужассам бўлганида бу ҳолатни ифодалаб беришга сўз ожизлик қилади.                                                                                                                  

Уларнинг юзлари жуда ёқимли эди.  Бу гўзал юзнинг ўзи ҳаммани ўзига жалб қилар, уни кўрган инсонлар уларни ҳали ислом динига даъват қилмасларидан олдин ўз хоҳишлари билан исломни қабул қилишга тайёр бўлиб қолар эдилар. Нима учун? Чунки бу гўзал юз, меҳрга тўла кўзлар билан боқилган нигоҳнинг ўзи ҳар бир инсонда ул зотни дунёдаги энг яхши инсон эканлигини, улардан ҳеч ҳам ёмонлик чиқмаслигини, зинҳор ёлғон гапирмасликларини аниқ, тиниқ намоён қиларди. Биргина яҳудий олими бўлган Абдуллоҳ ибн Саломни эсланг: “Мен уларнинг юзларига қараб бу ёлғончи инсон эмас, балки ҳақиқий ростгўй инсоннинг сиймоси эканини бир кўришдаёқ билдим. Асло ёлғончи ё безори инсон эмас, балки унга чин дилдан ишонса бўладиган, хоҳласа ҳам алдай олмайдиган самимий бир инсон эди. Мен унга ишондим ва шу сабаб иймон келтирдим”, деган экан. Демак ул зотнинг муборак юзларига қарашнинг ўзи бошқа дин вакилларида ҳам гўзал бир таассурот қолдирган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг у зотнинг муборак юзлари ҳақидаги таасурротлари қандай бўлган?

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлаб беринг», деб сўраганларида у киши шундай деган: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ (тиниқ) рангли, гўзал юзли эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойдек чақнаб кетар ва гўёки у зотнинг юзларида тўлин ой кўриниб тургандек бўлар эди». (Имом Муслим ривояти.)

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Ул зотнинг юзлари қуёш билан ойга ўхшарди». (Имом Муслим ривояти.)

Яна бу ҳақда уларнинг асҳобларидан бири: “Биз Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни доимо юзларида табассум балқиган ҳолатдагина кўрганмиз. Бирон марта уларни бақирган, жаҳл қилган ҳолатда кўрмаганмиз”, дея таъкидлаганлар. Демак бундай ҳолат уларнинг оддий, кунлик кўринишлари бўлган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида, ғазотларда иштирок этганларида, ваҳий келган вақтларидагина жиддийлашганлар холос. Бу албатта табиий эди. Гувоҳи бўлганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таърифларини келтирган саҳобалар бир овоздан муборак юзларининг нурли, ёрқин ҳамда порлаб турганини ва ўзгача тиниқлик касб этганини таъкидламокдалар.

Тасаввур қилинг, Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга табассум қилмоқдалар... Яна қўлингиздан тутиб, сизнинг кўзингизга майин нигоҳларини йўналтирдилар... Сизга ёқимли сўзлар билан мурожаат қилмоқдалар... Шу билан бирга яна сизга раҳм-шафқатлидирлар... Сизни бирон нарсада айбламайдилар, сизга бақирмайдилар, тана қилмайдилар, асло сизга қўл кўтармайдилар ёки саҳобаларга “бориб, уни уриб келинг” демайдилар... У зотнинг шахсий қўриқловчилари бўлмаган, у зотнинг нигоҳларида таҳдидни кўрмайсиз, у зот ўзларини миршабдек тутмаганлар, у зотни кўриш биланоқ ҳамма ўзини бехавотир, хотиржам тутган. Уларнинг ҳузурларида катта инсон ўзини бехавотир тутган бўлса, энди у зотнинг ёқимли, тўлин ойга ўхшаган  меҳр, мурувват таралиб турган юзларини кўрган ёш болани тасаввур қилинг...

Саодат асрининг болаларига Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига боқишнинг ўзи уларда ҳис-ҳаяжон туғдирарди.

Абдуллоҳ ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Қачон мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратсам ҳар доим уларнинг юзлари табассумли бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган инсонни кўрмадим”, дея таъкидлаганлар. (Термизий ривояти.)

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ул зотнинг ҳузурларида ўн йил хизмат қилган бахтли бола эди. Сахобалардан энг охирги 103 ёшга кириб вафот этган бу саҳоба ул зотни эслаб шундай деган эди: “Умримнинг охиригача тушимда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган бирон тун йўқ эди. Ҳар сафар тушимда ул зотнинг юзларини кўрганимда, йиғламаган бирон тун йўқ эди.”

Ҳа, азизлар, бу Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзлари васфларидан бир шингил холос... Иншааллоҳ, охиратда ул зотнинг муборак юзларига тўйиб-тўйиб боқиш бахти ҳаммамизга насиб этсин!

Хадичаи Кубро аёл- қизлар билим юрти мударрисаси Г.Қурбонова

- Ислом номидан ҳаракат қилиб, фитна ва бузғунчиликка тарғиб қилаётган гуруҳлар бугунга келиб барҳам топди, енгилди, деб айтиш хато бўлади, деб айтиб ўтди Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳир домла Рўзиев Кармана тумани ҳокимлигида ўтказилган "Маърифий ислом ақидапарастликни қоралайди” мавзусидаги йиғилишда.

- Яқинда Афғонистонда ИШИД жангарилари томонидан тўй маросимига йиғилган мусулмонлар портлатиб юборилди. Натижада 63 киши ҳалок бўлди. Баъзи манбаларда Ироқ ва Суриянинг айрим туманларида жойлашиб олган ИШИД жангарилари ҳамон кучга эга эканлиги айтилмоқда.

Қолаверса, интернет орқали турли оқим вакилларининг тарғиботлари, аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид мазмундаги “таъсирчан” мавъизалар оммалашиб бормоқда” дея таъкидлаб, халқимизни, айниқса ёшларни огоҳ бўлишга чақирди.

“Ислом пайдо бўлибдики, унинг номи билан боғлиқ фитналар ёнма-ён давом этиб келган. Уммат бирдамлигига раҳна солишга, жамоатни бўлишга, турли мақсадларга эришишга афсуски ислом омилидан фойдаланилган. Лекин қодир Аллоҳ таоло бу каби фирқаларнинг аянчли тақдирини бу дунёнинг ўзида кўрсатиб қўймоқда. Соф Ислом фақат илм, яхшилик, юксак хулқ ва одобга таянади.

Ал Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб ҳазратлари: “Бу фирқалар Қуръони карим ва Суннатни бир чеккага суриб ваҳшийликни ўзларига дастур, мазҳаб ва эътиқод қилиб олдилар”, деб айтган гаплари ўринлидир”, дея сўзларини якунлади имом-хатиб.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Аксирганда қўли ё кийимини оғзига қўйиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ сллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.

 

  1. Аксирганда овозини пасайтириш.

Аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.

Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ташмит” айтиш. Мусулмон кишининг ҳақларидан бири аксирганда унга ташмит айтиш ҳисоланади. Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтишдир.Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бойлик – одамлар қалбидан энг кўп жой олган, инсонлар томонидан энг кўп севилган дунё зийнатидир.  

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Охиратни деб дунёсини, дунёни деб охиратини тарк қилган банда яхшиларингиз эмас. Чунки иккисида ҳам жамғариши лозим бўлган жиҳати бор. Одамларга боқиманда бўлиб қолманглар – зинҳор  ўзгаларга оғирлигингиз тушмасин”.

         Мазкур ҳадис мўмин-мусулмонларни у дунёни унутмаган ҳолда, ўзгаларга юк бўлмасдан, меҳнат қилиб, ҳалол йўл билан бу дунё эҳтиёжларига етарли мулк, маблағ топишга ундайди. Аммо, мўмай даромад орттираман, осон бой бўламан деб, ҳаромга қўл уриш камбағал бўлишдан кўра оғирроқ мусибат ва азобларнинг сабабчисидир.                   

Сўнгги пайтларда, интернет саҳифалари, айниқса ижтимоий тармоқларда “уйдан чиқмасдан бой бўлишни хоҳлайсизми”, “Кўп пул топиш учун ажойиб имконият” ёки “Бир кунда 1 миллион топишни истайсизми?” каби жимжимадор рекламалар орқали турли каналлар ва гуруҳларга аъзо бўлишни таклиф қилаётган “bet”лар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Ўзига оҳанрабодек жалб этаётган бундай сўзлар домига тушаётганлар сони эса кундан кунга ортиб бормоқда. Тўғрида, осонгина, ҳеч қандай меҳнатсиз ва ҳаракатсиз пул топиш, бойиб кетиш кимга ҳам ёқмайди?! Бироқ озгина ақл юритсангиз уларнинг фирибгар ва ёлғончи, камига очиқчасига ҚИМОРБОЗ эканлигини ва сизни ҳам қиморга тортаётганининг гувоҳи бўласиз. Қимор эса ҲАРОМ.   

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қиморни қаттиқ қоралаб шундай марҳамат қилади:  
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (“Моида” сурасида, 90-оят).

“Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!” (“Моида” сурасида, 91-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “...Ким бир биродарига: “Кел, қимор ўйнаймиз” деса, дарҳол садақа қилсин”, деганлар (Бухорий ривояти).

Қимор шу даражада оғир гуноҳки, уни ўйнаймиз, деган гапнинг ўзиёқ каффоротни тақозо қилади. Бунда, қимор ўйнамоқчи бўлган пулни садақа қилиш кўзда тутилган. Зинҳор қимордан ютиб олган пулни эмас. Қимордан ютилган пул ҳаромдир. Ҳаромни садақа қилиб бўлмайди.         

Хўш, айни дамларда одамларни пул топишга қизиқтираётган интернет тармоғидаги гуруҳлар ва каналларни бошқараётганлар, ўзларининг қилмишлари қимор, яъни ўта оғир гуноҳлигини ҳамда шу орқали топган пуллари ҳаром эканлигини билишармикан?!         Келинг,  бу “шоввоз”ларнинг пул топиш услублари билан яқиндан танишамиз.

Аввало, улар рекламаларда ўзларини гўёки қайсидир спорт ўйинидаги маълум бир жамоага пул тикиб, бойиб кетган (бу қимор!) ва шу бойликларини сизлар билан бўлишмоқчидек кўрсатади. Баъзилари эса каналга аъзо бўлганингиздан сўнг “фалон мусобақадаги унисига, бунисига пул тикинг” деган таклифни киритади. Бироқ, каналга ёки сайтга киришингиз билан олдиндан ҳисобни тўлириш кераклигини айтишади. Мана шу ерда сиз ҳам қимор ўйинига аралашасиз (қиморбоз бўласиз) ҳамда фирибгарнинг тузоғига тушасиз. Чунки, ҳали бу ҳаром ва жирканч қимор ўйинларида ютиб, пулини олган бирор кимсани танимайсиз. Демак, улар фирибгар.

Фирибгарлар...

Келинг, Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган бир оятга назар соламиз: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз.”(Бақара сураси, 188-оят).

Юқорида сизни бой қиламан деган «свайпчилар»нинг фирибгар эканлигини таъкидладик. Аллоҳ таоло Ўз Каломида ботил йўл билан ўзгалар молини ейишни ман қилган. Ўзганинг молини ноҳақ ейиш эса ҲАРОМдир.

Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади” – дея таъкидлаганлар (Имом Бухорий ривояти).

 

Яна бир ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас. Макр ва алдов дўзахдадир” – дея бизларни ўзгани алдаш ва макр-ҳийла йўли билан одамлар молини ейишдан қайтарганлар (Имом Табароний ривояти).

Осон пул топиш ва тезда бойиб кетиш ниятида юрган ватандошларимиз, айниқса ёшларимизга хитобимиз шу:

  • Аллоҳ таолога дуо қилиб, ризқингизга барака беришини сўранг;
  • Меҳнат қилишни ўрганинг;
  • Ҳалол йўл билан бойлик орттиринг;
  • Пулингизни ҳалол ва пок ишларга сарфланг;
  • Қимордан ҳазар қилинг. Қиморбознинг жойи жаҳаннамдадир;
  • Фирибгарларга алданманг, ақлингиз ва иймонингизга қулоқ солинг;
  • Фирибгарларнинг юқоридаги каби турли ҳийлаларини интернет ва мессенжерларда тарқатманг;
  • Аллоҳ таолонинг ҳисоби ва АЗОБИДАН қўрқинг!

Ҳурматли, ижтимоий тармоқлардаги, хусусан телеграм мессенжерида фаолият олиб борувчи “админ”лар! Ўз каналингиз орқали қимор, фаҳш, гуноҳ, фирибгарлик ва бошқа, инсонларни йўлдан оздирувчи, иймонига салбий таъсир этувчи рекламалрни тарқатишни БАС ҚИЛИНГ!

 Қонуний, ҳалол ва адолатли бизнес режалар, таклифлар ва ҳамкорликларни тарғиб этинг!

Кимларнингдир гуноҳ амалларига шерик бўлиб қолманг! 

Азизлар, Сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деганлар  (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).   

Чунки, ҳаром луқма еган кишининг дуолари ҳам, ибодату илтижолари ҳам қабул бўлмайди!

ҲАРОМДАН УЗОҚРОҚ ЮРИНГ!

Саидаброр Умаров

ЎМИ матбуот хизмати

Top