www.muslimuz

www.muslimuz

Среда, 31 Июль 2019 00:00

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сабри

Мўътазилийлар ҳижрий иккинчи – милодий саккизинчи асрда ҳукуматни бошқараётган даврда “Қуръонни махлуқ дедириш” сиёсати авж олди. Халифа Маъмун олиму уламоларни саройига чақиртириб, уларга мажбуран “Қуръон махлуқ” деган гапни айттиришга уринди. Баъзи олимлар таъриз – сўз ўйини билан вазиятдан қутулиб қолдилар. Аммо уламолар орасида Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдек ҳақда собит туриб, у гапни умуман тилга олмаганлар ҳам бўлди.

Халифанинг ёнидаги баъзилар “Аҳмад ибн Ҳанбални ҳамма яхши кўради ва унга эргашади. Шунинг учун “Қуръон махлуқ” деган гапни аввал унга айттириш керак” дея маслаҳат беришди. Халифа бу маслаҳатга амал қилиб, буюк олимни саройига олиб келтирди ва мазкур гапни айттиришга уринди. Улуғ имом бу гапни айтмадилар. Ғазаб отига минган халифа буюк олимни зиндонга ташлади ва дарра уришга амр қилди.

Кунларнинг бирида дарра уриш учун имомни ташқарига олиб чиқиб кетилаётганда бир воқеа бўлади-ки, бу ҳодиса Имом Аҳмаднинг хотираларидан ҳеч қачон кетмади. Воқеани имомнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ҳикоя қилади:

“Мен отамнинг мана бу гапларини кўп эшитганман: “Аллоҳ Абул Ҳайсамни раҳматига олсин! Аллоҳ Абул Ҳайсамни афв этсин! Дарра уриш учун мени ташқарига олиб чиқиб кетишаётганда, бир киши ортимдан кийимимни тортди ва менга қараб: “Мени танийсизми?” деб сўради. Мен “Йўқ” дедим. “Мен Абул Ҳайсам Айёрман. Ўғри, киссовурман. Амирул мўъмининнинг девонхонасида менга алоҳида-алоҳида тарзда ўн саккиз минг марта дарра урилгани ёзиб қўйилган. Мен шайтонга эргашиб, дунёга эришиш илинжида бу оғриқларга сабр қилдим. Сиз эса Раҳмоннинг тоати йўлида, Дин учун оғриқларга сабр қилинг!” деди. Менга ўн саккиз минг марта ўрнига ўн саккиз марта дарра урилди. Кейин ходим чиқиб, “Амирул муъминийн сизни афв этди” деди”.

“Маноқибу Имом Аҳмад”, “Сифатус софва” китоблари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Ислом дини инсонни ер юзида фисқу фасод қилиш, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш, қолаверса, ўз жонига зулм, ўзини ҳатто қурбон қилиш гуноҳи кабира эканини билдириб, ер юзини обод қилиб, эзгу амаллар билан шуғулланиш, унинг манфаати учун ато қилинган неъматлардан фойдаланиш солиҳ амал, савоб ишлар қаторига кириши ҳақида таълим беради.

Қуръони Каримда инсоннинг ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиши ман этилиб:

«Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз!»

ва яна:

«Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир», деб уқтирилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан:

«Кимки тоғ тепасидан ташланиб, ўз-ўзини ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши темир парча қорнига суқулган ҳолатда жаҳаннам ўтида абадий қолур», деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ривоятда эса:

«Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар билан баробардир», деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки :

Бандам ўз-ўзини ўлдириб, менинг унга берган умримга шукур қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».

 

Дарҳақиқат, ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим. Акс ҳолда, энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда яшаш учун курашиш ҳисси, сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукурлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бу мудҳиш ҳолатлар нафақат ислом таълимотига, балки Аллоҳ таолонинг қазою қадарига ҳам туғён қилишдан иборатдир. Айниқса, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб исломий жамоалар орасида кенг тарқалиб, ҳатто жасорат даражасига ҳам чиқариб қўйилди. Яқин Шарқда бўлаётган воқеаларни, қорниларига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган ёшларни тез-тез телевидение  ва радио ахборотлари орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Ўшандай жоҳилона ҳатти-ҳаракатларни «шаҳидлик мақоми» деб баҳолаётган кимсалар аслида ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир.

Қолаверса, ўзларини портлатиб юбораётган ёшлар ҳеч қандай шаҳид ҳам бўлмайдилар, чунки улар билан бирга ҳалок бўлаётганлар орасида бегуноҳ кишилар ҳам борлар. Уларнинг ичида сайёҳлар, бошқа дин ва миллат вакиллари ҳам бор. Бегуноҳ кишиларни ўлдирганликлари учун қотиллар дўзахий бўлиб қоладилар. Бу номаъқул ишга тақлид қилувчилар ҳам дунё, ҳам охиратда аламли азобларга гирифтор бўладилар.

 

 

            Арипов Саъдулла,

“Мустаҳкам” масжиди имом хатиби

Вторник, 30 Июль 2019 00:00

Ота-она хизмати

Кимнинг ота-онаси тирик экан, у инсон дунёда энг бахтли инсонлардан эрур. Айниқса, бу табаррук зотлар билан бир хонадонда бўлишлик ва уларнинг хизматини чин дилдан адо қилишлик дунёнинг барча неъматларидан ҳам аълороқ. Аммо ҳаёт шундай эканки, бир неча фарзанд бўлса уларнинг ҳаммаси ҳам бирдан бундай улуғ неъматдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўла олмас экан.

Кимки ота-онасини рози қилиб, уларнинг xайрли дуоларини олса, ўша киши учун жаннатдан икки эшик очилади. Ота-онаси рози бўлмаган киши учун эса жаҳаннамдан икки эшик очилади.

Аллоҳ таоло Ўзининг Қадим Каломида бир неча оятларда Ўзига ибодат қилишнинг орқасиданоқ ота-онага яхшиликка буюрганлигини бугунги кунда юртимиз мусулмонлари яхши биладилар. Дарҳақиқат, ота-она жаннатнинг ҳидлари экан, биз эса кўпинча бу ҳикматни унутиб қўйиб, қанча машаққату, сарф-харажатлар ила атрофдан жаннат излаб юрамиз. Ваҳолонки, жаннатимиз рўпарамизда турибди-ку! Ана ўшаларнинг хизматини қилиш энг тўғри йўл ва шарафли ибодат эмасми?

وعن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عـليه و سلم قال: رغم أنفه،  رغم أنفه، قيل من يا رسول الله؟ من  أدرك أحد أبويه عند الكبر  أحدهما أو كلاهما فلم يدخل الجنة . رواه مسلم و الترمذي .  

  Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бурни ишқалансин! Бурни ишқалансин! ‒ дедилар. “Кимнинг, эй Аллоҳнинг Расули?” ‒ дейилди. “Кимки ота-онасинининг бирини ёки иккаласини ҳам қариган чоғида топибдию, жаннатга кириб олмабди”, ‒ дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ва Термизий ривояти)

Ҳа, биз излаб юрган жаннат жуда яқин, ёнгинамизда экан.

Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқувчи киши ота-онасини ранжитмайди, қандай қилиб бўлса ҳам — иложини топиб, уларнинг кўнглини, розилигини ва дуоларини олади.

Ҳатто xафа қилсалар ҳам, фарзанд уларга қарши бош кўтармайди, уларнинг истакларига, кўнгилларига қарайди. Агар улар янглиш, xато ва ҳаром ишни таклиф этсалар, уларга буни жуда мулойим тарзда билдириши, ишонтириши ва огоҳлантириши лозим бўлади.

Ота-она кекса бўлса, уларга ёрдам бериш ва ёлғиз қолдирмаслик керак. Бошқаларнинг улар билан енгил-елпи муомалаларига йўл қўймаслик, xизматларини тўла адо этиш учун қўлдан не келса бажармоқ лозим.
Фарзанд кичик пайтида ота-она унга қўл-қанот бўлдилар. Емадилар, едирдилар. Киймадилар, кийдирдилар. Кенглик-танглик, бор-йўқ, иссиқ-совуқ демадилар. Xизматдан қочмадилар.

Ота-онаси рози бўлган фарзанддан Аллоҳ ҳам рози бўлади. Ота-она кечирмаган фарзандни Аллоҳ ғазабига олади.

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида шундай дедилар:

«Жаннат — оналар оёғи остидадир».

Бу ҳадиснинг мажозий маъноси. Пайғамбаримиз маънони умматга рамзли, қисқа, бадиий ва гўзал бир тарзда етказмоқдаларки, ақли бор одам буни англайди. Оёқдан мурод — онанинг розилиги, жаннатдан мурод — Аллоҳнинг розилигидир

Жаннатга киришга лойиқ бўлиш учун ота-она розилигини олиш зарур. Аллоҳ таоло Мусога (алайҳис салом) марҳамат қилди:

«Эй, Мусо! Ота-онасига яxши муомалада бўлиб, уларнинг розилигини олгани ҳолда Менга осий бўлган қулимни Мен яxши қулларим қаторида ёзаман. Аксинча, Менга қуллик xизматида қусури бўлмаса ҳам, ота-онасига яxшиликлар қилмай, яxши муомалада бўлмай, ота-она розилигини олмаган қулимни эса осийлар қаторида ёзаман!» 

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар:

«Ота-онасига яxшиликлар қилиб, яxши муомалада бўлиб, уларни мамнун этган кишининг умри баракали, узун бўлади. Аксинча, уларни ранжитиб, xафа қилган кимсанинг умри қисқа бўлади».

Қиёмат кун энг оғир жазоланувчилар ота-онасини ранжитганлар бўлади. Ўша даҳшатли кунда Аллоҳ раҳматидан уларни узоқ қилади.

(Фойдаланилган манба: Эй, фарзанд. Абу Ҳомид Ғаззолий. зиёуз.сом кутубxонаси)

 

 

Муҳаммадийхон Ҳожиев,

Асака туманидаги Мирзахолиқ ота жоме масжиди имом хатиби

Вторник, 30 Июль 2019 00:00

УЧ ЎРНАК

1-ўрнак:
Она фарзандига деди:
- Таомингни еб тугатсанг, сени айлантириб келаман.
Еб тугатгач онасига деди:
- Ойи, еб бўлдим. Энди борамизми айлангани?
Она:
- Кеч бўлиб қолди. Кўчада қўрқинчли одамлар болаларни еб қўяётган экан. Ҳозир чиқа олмаймиз.
Кўчадаги болаларнинг овозини эшитиб, маҳзун бўлганича термулиб қолди. Болалар эса ўйнашяпти ва уларни ҳеч ким еб қўймаяпти.


2-ўрнак:
Болакай улғайгач, мактабга борди.
Устоз:
- "Ким ўзини яхши тутса, дарсда жим ўтирса ҳафта сўнггида уни ўзим билан экскурсияга олиб бораман" деди.
Экскурсияга бориш учун биринчилардан бўлишга интилган болакай, ҳафта охирида устозидан сўрайди:
- Устоз, қачон экскурсияга борамиз?
Устоз жавоб берди:
- Қандай экскурсия ҳақида гапиряпсан?


3-ўрнак:
Уйда ота дарс қилиб ўтирган фарзандига деди:
- Агар имтиҳонларни яхши баҳоларга топширсанг, сенга ўзим зўр велосипед олиб бераман.
Ўқув йили ҳам тугади. Имтиҳонларни аъло баҳоларга топширган болакай отасидан:
- "Дада, қани менинг велосипедим?" деб беғубор кўзлари билан қараб сўради.
Ота деди:
- Қўй шу велосипедни, ҳалокатга учрагинг келаяптими?
Ҳикоя давом этади..
Шу алфозда болакай ёлғончи бўлиб вояга етди. Яқинлари унинг тинмай ёлғон гапириши ва ҳатти- ҳаракатларига қараб маломат қиладиган бўлди:
- Бундай ёлғончиликни кимдан ўрганди экан?

Сўнгги сўз: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар. (Бухорий ривояти)

Унутманг! Фарзандларингизнинг фақатгина қорнини тўйғизиб, устини бутлаб "тарбиялаябман" десангиз қаттиқ адашасиз! Уларнинг руҳлари ҳам оч...
Болалар билан сухбатлашаётганда ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Саидаброр Умаров

Вторник, 30 Июль 2019 00:00

ОИЛА ТИНЧЛИГИ

بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العامين* و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين* لا حول و لا قوة إلا بالله*

 

Оила башарият насл-насабининг бирламчи асоси, жамиятнинг биринчи бўғини, жамоат ҳаётининг остонаси. Қайси жамиятда оилага эътибор юқори бўлса барча соҳаларда, хусусан маънавиятда юксалиш бўлади. Кишиларнинг турмушлари осуда ўтади. Ҳаёт фаровон бўлади.

Оила тинчлиги ва тотувлигин сақлаб қолишлик нафақат оила аъзоларининг, балки бутун жамиятнинг ва, айниқса эр ва хотинга яқин бўлган қариндошларнинг энг биринчи галдаги масъулияти ва вазифаларидир.

Маълумки ҳаёт доим ҳам бир текисда бўлавермайди. Шунинг учун бир ёстиққа бош қўйган икки жинс вакилинниг ўртасида келишмовчиликлар содир бўлиб қолса, тинчлик йўли билан ҳал қилиш керак ва муроса қилиш лозим.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Нисо” сурасининг 19-оятида эркакларга хитоб қилади:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ خَيْراً كَثِيراً

Яъни: “Улар билан яхши муъошаратда бўлинглар. Агар сизлар уларни ёмон кўрсаларингиз, шоядки бир нарсани ёмон кўрсангиз  ҳам Аллоҳ ўша нарсада кўпгина яхшиликларни қилиб қўйса”.

Яна ўша сурада марҳамат қилинади:

وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُواْ حَكَماً مِّنْ أَهْلِهِ وَحَكَماً مِّنْ أَهْلِهَا إِن يُرِيدَا إِصْلاَحاً يُوَفِّقِ اللّهُ بَيْنَهُمَا إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيماً خَبِيراً

яъни: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир”.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Сизларга хотинлар ҳақида васият қиламан. Хотин киши қобирғадан яралгандир. Қобирғанинг қийшиқроғ жойи юқорисидур. Уни тўғрилайман деб уринсанг синдириб қўясан. Агар тек қўйиб қўйсанг қийшиқликдан қолмайди. Хотинларга яхшиликни васият қиламан”, − деганлар. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари)      

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Мўмин мўминани ёмон кўрмасин. Агар у хотиннинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа(хулқи)дан рози бўлиши мумкин”. (Муслим, Байҳақий ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоятлари)

Доимо муроса бўлган оилада фарзанд тарбияси ҳам чиройли бўлғуси, иншооллоҳ. Уруш-жанжалли хонадонда эса, ота ва онанинг ўзида тарбия бўлмаса, фарзандлар қаердан тарбия топсинлар...

 

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Top